«Ғаройиб ҳодисалар изидан»: «НАРИГИ ДУНЁДАН КЕЛГАН КАПАЛАКЛАР…» (кўнгли бўшлар ўқимасин)

0

 

Дунёда жумбоқлар кўп. Уларнинг айримлари ўз ечимига эга. Баъзилари эса жумбоқлигича қолиб кетади. Россияда яшовчи 17 ёшли Анастасия исмли қиз ажабтовур бир воқеани ҳикоя қилди. Унинг айтишича, укаси Ваня бола эканида капалакларни севаркан. Шу даражада севарканки, дунёдаги жами капалаклар турини олимлардан-да яхшироқ биларкан. Ванянинг муҳаббатига капалаклар ҳам лаббай деб жавоб беришаркан. У бир марта чақирса бас, ўша заҳоти турли-туман капалаклар келиб Ваняни қуршаб олишар, болакай эса гоҳ капалакларни эркалар, гоҳ улар билан ўйнар, кўпинча барчаларини боқаркан. Афсуски, умри қисқа экан. Ваня бола пайтида оламдан ўтди. Аммо у боқий дунёга равона бўлса-да, капалаклари ҳар куни йиғиладиган жойга ташриф буюришни ҳануз канда қилишмайди.

— Мен ҳар куни ҳовлига чиқиб укажоним раҳматлининг севимли капалакларини кўраман, — дейди Настя. — Улар мени ҳам таниб қолишганми, чиқишим билан атрофимни ўраб олишади. Бироқ бу капалаклар бизнинг ер юзида йўқ. Улар афсонавий ранглар, гўзалликка эга. Шу сабабли бир нарсага қаттиқ ишона бошладим. Ванянинг капалаклари у билан бирга боқий дунёга йўл олишган. Укажоним эса жаннатда бўла туриб мени соғинган лаҳзаларда, менинг ҳам уни соғинишимни ҳис эта бошлаганда, капалакларини юбормоқда. Улар севимли укажонимдан салом етказиш ниятида ерга ташриф буюришмоқда. Ҳа, дарвоқе, улар орасида биттагина капалак бор. Мен ишга йўл олсам, шериклари билан ҳовлини тарк этмайди. Чиқишимни кутиб туради-да, чиққаним ҳамоно елкамга қўниб олади. У шунчалар гўзал, нафиски, ҳайратдан лол бўламан. Хоҳ ишонинг, хоҳ ишонманг, то ишхонамга етгунча капалак елкамдан тушмайди. Фақат офис эшигини очиб ичкарига қадам қўя бошлаганимдагина елкамни тарк этади. Укажон, боқий дунёда худойим сени раҳматига олсин! Жойинг абадул абад жаннатда бўлсин! Капалаклар орқали менга салом йўллаётганинг учун сендан жуда-жуда миннатдорман! Қиёматда кўришгунча!

Олимжон ҲАЙИТ тайёрлади

 

ФИКР БИЛДИРИШ

Please enter your comment!
Please enter your name here