КАШФИЁТ ВА ТИББИЁТ ХАБАРЛАРИ ҚИСҚА САТРЛАРДА…

0

 

 

Хитойнинг «Huawei» компанияси ўз операцион тизимини яратди…

 

Янги операцион тизимга «HarmonyOS» дея ном берилган. Компания мутахассисларининг айтишича, янги операцион тизим ҳар қандай смартфон ва планшет, телефонларда ишлай олади.

Бу тизимни яратиш фикри Америка ушбу компанияга нисбатан янги санкциялар эълон қилгандан кейин келган. Санкция эълон қилингандан кейин «Google» компанияси ҳам «Huawei» билан ҳамкорликларга нуқта қўйишини билдирди. Америка ҳукумати ҳам мамлакатдаги барча компанияларга «Huawei» билан ҳамкорлик қилишни тақиқлаб қўйди.

Компаниядагилар мижозларга ваъда беришдики, шу йил охирига қадар «HarmonyOS» операцион тизимида ишловчи «ақлли дисплей»га эга илк смартфонлар сотувга чиқади.

— Биз ҳануз «Google» билан муносабат, ҳамкорлигимиз тикланишидан умидвормиз, — дейди компания раҳбари Ричард Ю. — Шунинг учун Андроид тизимидан фойдаланишда давом этмоқдамиз. Лекин йил сўнгига қадар бу муносабатлар тикланмаса, янги операцион тизимга ўтишга мажбур бўламиз.

Компания мутахассислари ҳозирча янги операцион тизимнинг техник жиҳатлари ҳақидаги маълумотларни сир тутишмоқда.

 

«SAMSUNG» «GALAXY NOTE 10» ВА «NOTE 10+» СМАРТФОНЛАРИ ТАҚДИМОТИНИ ЎТКАЗДИ…

 

Маълумотларга кўра, «Galaxy Note 10» 6, 3-дюймли дисплейга эга. Фронтал камера экраннинг тепа қисмида жойлашган. У 10 МП қувватга эга. Тезкор хотираси 8, асосий хотираси эса 256 ГБ дан иборат.

Асосий камераси 16 МП қувват асосида ишлайди.

«Galaxy Note 10+» эса 6, 8 дюймли дисплейли. Асосий камераси қўшимча сенсорга эга. Бу фотосуратни 3Д принтердан чиқариш имконини беради. Тезкор хотираси 12 ГБ. ҳажмдан иборат. Асосий хотирасини эса флэшка ёрдамида 1 ТБ гача ўзгартириш мумкин.

 

ОРГАНИЗМНИ ЁШАРТИРМАНГ, САРАТОНГА УЧРАЙСИЗ!..

 

Америкалик олимлар организмни турли усуллар ёрдамида ёшартириш саратон хасталигини келтириб чиқариши ҳақида мақола эълон қилишди. Мақолада ёзишганки, организмни ёшартириш тўқималар кучдан қолиши ва кўпайиш имконидан маҳрум бўлишига олиб келади. Оқибатда организмда нуклеотидлар ишлаб чиқарилишига путур етади. Эслатиб ўтамиз, нуклеотидлар организмда ДНК ва РНК ҳосил бўлиши учун хизмат қилади.

Организмни сунъий тарзда ёшартириш асосан буйрак саратони, оққон, колоректал ва эндометриал саратонни келтириб чиқаради.

 

ОЛИМЛАР СУНЪИЙ ЖИГАР ЯРАТИШДИ

 

Питтсбург университети олимлари лаборатория шароитида сунъий жигар турини яратишди. Сунъий жигарни донорлик аъзоси сифатида беморларга ўрнатиш мумкин ва унинг ёрдамида янги дори воситаларини синовдан ўтказса бўлади.

Вашингтон университети олимлари эса қандли диабетга қарши курашувчи сунъий тўқималарни ихтиро қилишди. Ихтиро маҳсули қандли диабетга учратилган, иммунитети тушиб кетган сичқонларда синовдан ўтказилди. Бу тўқималар қондаги қанд миқдорини меъёрий ҳолатда ушлаб туриш билан бирга беморни бир неча ойга хасталик азобидан халос этаркан.

 

 

ФИКР БИЛДИРИШ

Please enter your comment!
Please enter your name here