ҚАМОҚХОНАДА КЎРГАН-КЕЧИРГАНЛАРИМ… (12-қисм)

0

 

 

* * *

 

Ҳаммаси остин-устун бўлиб кетганди. Александр “учрашув”ни эртанги кунга қолдирди. Мени тушга яқин майор Самойлов ҳузурига олиб киришди.

Ҳойнаҳой, армани унинг томоғига шикаст етказганга ўхшарди. Дока билан бойлаб олибди.

— Сен ўтир, ўтир! — қаршисидан жой кўрсатди майор. — Чекасанми?

— Йўқ, раҳмат! — дедим қовоғимни уйиб.

— Унда сенга топшириқ бор. — гап бошлади майор кабинет эшигини ёпиб келиш асносида. — Буниси анча қалтис.

— Айтаверинг! — дедим хотиржамлик билан. — Мен учун ҳеч бир ишнинг қалтиси бўлмайди.

— Кўрдинг-а, анави кавказликнинг нима қилганини?!. Жуда ҳаддидан ошиб кетибди!

— Кўр эмасман.

— Ўшани…

Майор қулоғимга нималар қилишим лозимлигини уқтира бошлади. Уни охиригача тинглагач, секин ўрнимдан қўзғалдим.

— Эвазига бир илтимосим бор. — майорга тик боқдим. — Ўзингиз ваъда бергансиз…

— Сўрайвер! Нима истайсан?

— Уёқда ўтирганимда Елена исмли аёлни ёқтириб қолгандим. Ўша билан учрашув уюштириб берасиз.

— Елена?.. — майор бироз ўйланиб қолди. — Ким ўзи? Аристонми?

— Йўқ, у аёл турмада врач эди. Кейин ишдан бўшаб кетди. Хуллас… У билан учрашишни хоҳлардим.

— Яхши, хотиринг жам бўлсин. Буни ташкил қилса бўлади. Бироқ… Менинг топшириғим бугундан… Йўқ, ҳозирдан қолмасин!.. Ими-жимида ҳаракат қил!

— Буёғини менга қўйиб бераверинг! — айёрона кўз қисдим. — Айтганингиздан ҳам зиёда бўлади.

— Бўпти, бор, мен назоратчига тайинлайман!..

 

* * *

 

Кейинги кунларда назоратчи ҳам менга қўполлик қилишни йиғиштириб, юмшоқ муомалада бўла бошлаганди. Айниқса, ҳозир унинг муносабати буткул бошқача тус олди. Йўлак бўйлаб бориб, камералар томон бурилганимизда, назоратчи тўхташга буйруқ берди.

— Бор, тезроқ қимирла! — деди у йигирма қадамча нарида полга нималарнидир сепиш билан банд аристонларни кўрсатиб.

Пайқадим. Улар каламушга қарши дори сепишяпти. Демак, шу дорилардан бир ҳовучини чўнтакка жойлашим зарур. Шундан сўнг карцерга йўл оламан. Менга атиги ярим соат вақт белгиланган. Раҳбарлар хитланиб қолмасликлари учун шошилишим шарт.

Ўйлаб ўтирмай, югурганча бориб майда тошдай келадиган дориларнинг бир ҳовучини чўнтагимга урдим-у, ортга қайтдим.

— Энди қадамингни тезлат! — деди назоратчи эҳтиёт шарт уёқ-буёққа қараб олиб. — У ердаям узоқ қолиб кетма! Айтиб қўяй, ортиқча бақир-чақирлар бўлмасин! Нақ калламиз кетади.

— Хавотир олма, начайлик!

 

* * *

 

Карцернинг бетон супасида Арсен қунишганча ўтириб, сигарет тутатарди. Мени кўрди-ю, қўлидаги сигаретни ерга ташлаб, ўрнидан турди.

— Салом, дўстим! — совуқ кулимсираб унга яқин бордим. — Зерикиб қолмадингми?

— Нега келдинг? — тўнғиллади Арсен норози оҳангда.

— Сенга ҳамроҳ бўлишни буюришди. Мана, келдим!

— Ўлдирадиган бўлсанг, гапни айлантирмай айтавер! — деди Арсен аста-секин ортга тисланиб. — Сени ичи қора деб сира ўйламагандим.

У беихтиёр бақира бошлади:

— Келишиб кетардик, Мурод! Эшитдингми, келишиб кетардик!

— Кечириб қўясан! — шошилмасдан бориб Арсеннинг иягидан тутдим. — Худо кечиради. Мен бўлсам, Худо эмасман. Сенга ўхшаган оддий аристонман.

Қорни аралаш берилган иккита зарбадан сўнг Арсен букчайганча оёқларим остига ўтириб қолди. Фурсатни қўлдан бермаслик учун куч билан томоғидан чангаллаб олдим-да, бир қўлим билан чўнтагимдаги дорилардан олиб Арсеннинг оғзига тиқа бошладим.

У зўр бериб қаршилик қилишга уринар, фақат кучи етмасди.

Дориларни едириб бўлгач, чўнтагимдаги сочиқ билан оғзини маҳкам бойладим ва елкасидан босиб туравердим.

Арсен тинимсиз ўқчир, кўзлари чақчайиб, нуқул силкинарди.

Шу кўйи орадан икки дақиқача вақт ўтди. Арсен ўқчишни бас қилиб фақат силкиниш билан кифояланиб қолди. Нафас олиши ҳам борган сари секинлашиб, ранги кўкимтир тусга кира бошлади.

— Ҳозир ўласан, — умримда илк бор жон бераётган одамга алам аралаш тикилиб шивирлардим. — Узоқ вақт қийналишингга йўл қўймайман. Вақтим ҳам йўқ. Фақат мендан хафа бўлма. Шундай бўлиб қолди. Ҳаммасига ўзинг айбдорсан. Менинг кўнглимни қолдирмаслигинг лозим эди. Алвидо!..

Ҳаммасини кўнгилдагидек амалга оширган эдим. Арсен ортиқча товушларсиз жон берди. Танасида бармоқ изларим ҳам қолгани йўқ. Текширишса, ҳеч бир зўрлаш, қийнаш аломатларини топа олишмайди. Жуда борса, юрак хуружи деган ташҳис қўйишади.

Шуларни ўйлаб, ташқари эшикка йўналдим. Шу тобда негадир икки елкам оғирлашиб, билакларимда номаълум оғриқ турди.

 

* * *

 

Бу нима эди ўзи? Нега оғирлашдим? Адашмасам, Арсен бирор еримга зиён етадиган ҳаракат содир этмаганди. Ҳатто, билагимни чангаллаб ҳам кўкартира олмади. Кучи етмади. Унда нега елкам, билакларим оғриб боряпти? Нима сабабдан ўзимни кўксимнинг аллақаерида оғир юк кўтариб турган каби ҳис эта бошладим? Нима ўзи бу? Наҳотки, касалим қўзғай бошлаган бўлса? Йўқ, бу касал эмас. Қачонлардир Нина хола айтгувчи эди. Мурданинг юки бўларкан. Оламдан ўтган одамни кўтарганда, кўтаргувчини юк босиб ўзини лоҳас сезаркан. Мен-чи? Кўтармадим-ку! Аксинча, ўлдирдим. Ё армани жон бераётиб қарғадими мени? Билмадим… Шунча қотилликларга қўл уриб бунақасини кўрмагандим. Ҳаммаси хамирдан қил суғургандек битар, мен ишни битирибоқ тескари ўгирилганча кетаверардим. Бу гал-чи? Нимага ўйга толдим? Юрагим ғаш тортиб, танамда лоҳаслик аломатлари зоҳир бўлди? Қўрқоқ бир бандага айланиб қолдимми? Кўнглим юмшадими? Қалбимда шафқат ҳисси уйғондими? Йўқ, бундай бўлмайди! Ўзим кўрмаган шафқатни қандай қилиб бошқаларга улаша олардим?!. Бу чарчоқ шекилли. Руҳан чарчаса шундай ҳолатга тушади одам. Ҳа, ухлашга ҳаракат қиламан. Тиниқиб ухласам, енгил тортаман. ҳаммаси унут бўлади. Ухлашим керак… Ухлашиб шарт…

 

* * *

 

Кўзим илиндими, ё илинмадими, эслай олмайман. Тўрт томони темир панжаралар билан ўралган гулзорда пайдо бўлдим. Гулзор ўртасида қотиб турган кўйи бепоён адирга боққанча кимнидир кута бошладим.

Теварагимда турли сайроқи қушлар хониш қилар, бошқа товуш қулоғимга чалинмасди.

Бир маҳал қип-қизил кийимда таниш бир чеҳра соҳиби адир тарафдан менга қараб кела бошлади. У кимсанинг юзлари ҳам қон рангида эди. Ҳар қадам ташлаганда, теварак зириллаб кетарди.

— Бекор қилдинг шу ишни! — кутилмаганда ҳайқирди у кимса. — Бекор қилдинг! Бекор қилдинг!

Ҳайқириққа нималарнингдир тарақлагани, чийиллаган товушлар жўр бўлди.

Юрагим ҳаприқиб, нафасим бўғзимга тиқилди. Қочишга тутиндим. Бироқ оёқларим жойидан жилмас, ўзимга номаълум бир куч олдинга босишга қўймасди…

Шунда беихтиёр уйғониб кетдим-у, сакраб ўрнимдан турдим. Кеч тушиб, камерадагилар ишдан қайтишибди.

Қора терга ботган баданимни чойшабга арта-арта Женяга бақирдим:

— Ўлармидинг шовқинсиз кирсанг?..

Женя қовоғини уйганча индамасдан стол қаршисига ўтирди-да, папирос тутата бошлади.

— Оғзингга толқон солволганмисанлар? — қолганларга қичқирдим. — Ё салом беришни унутиб қўйдиларингми?..

Ҳеч кимдан садо чиқмади. Бу манзара мени тамоман гарангситиб қўйганди. “Алаҳсираётганга ўхшайман” деган хаёлда крандаги сувда юз-қўлларимни чайдим. Бироз ўзимга келган бўлсам-да, камерадаги манзара ўзгармаганди. Аристонлар тескари ўгирилиб, ўзаро пичир-пичир қилишар, гўё мен бу ерда йўқ эдим.

— Гапирмайсанларми, аблаҳлар! — жазавага тушиб янада баландроқ овозда бақирдим уларга тахтадан ясалган столни тепиб. — Ўлдираман ҳаммангни, ўлдираман!..

— Биламиз, сен зўрсан! — ниҳоят тилга кирди Женя. — Ўлдириш ҳам, дўппослаш ҳам қўлингдан келади. Аммо биз ҳам сенга ўхшаган аристонмиз. Бўйнимизда озми-кўпми жиноят излари тамға бўлиб турибди. Сал ҳурматласанг, иззатласанг ёмон бўлмасди. Масалан, менинг ёшим сендан анча улуғ. Мурод, сен мениям ер билан битта қилиб ташлаяпсан. Ҳамма нарсаниям чегараси бўлади. Унутмагинки, қурбақани боссанг вақиллайди. Бир кун келиб менинг ҳам сабр-косам тўлиши мумкин.

— Менга барибир, — дедим Женянинг гапларидан таъсирланган бўлсам-да, паст туша бошлаганимни сездирмасликка уриниб. — Ёшинг улуғми, кичикми, бу сенинг ишинг! Бу ер турма! Ҳурматни очиққа чиққанингдан кейин бошқалардан талаб қил! Ҳозирча бу ерда мен камерани назорат қилиб турибман. Обидийдангни кўтармайман…

Шундай дедим-у, қайтадан каравотга чўзилдим ва деворга ўгирилиб кўзларимни юмдим.

Чамаси бир соатдан ортиқроқ ухлабман. Кимнингдир оҳиста турткисидан уўғониб кетдим. Тепамда ўғирлик туфайли қамалган Сакенбой исмли қозоқ аристон турарди.

— Нима дейсан? — сўрадим пардани нари суриб.

— Сизга бир гапим бор. — шивирлади у каравотларга бир-бир кўз ташлаб. — Афсусланмайсиз.

— Айт, нима гап ўзи?

— Сиз майорнинг ўлими билан қизиқаётгандингиз. — деди Сакенбой.

— Сен қаердан биласан? — унинг ёқасидан олиб ўзимга тортдим. — Тез гапир, ким айтди сенга бу гапни?

— Э, ака, анави куни қулоғимга чалинганди-да!..

— Хўш, нима дейсан?

— Биласизми, — янада секинроқ шивирлади Сакенбой. — Женя сизни алдаган ўша куни. Аслида майорнинг ўлимида ўзининг қўли бор.

— Нима?.. — бу гапни эшитиб ўрнимдан туриб ўтирдим. — Давом эт!

— Агар ишонмасангиз, сиқувга олинг! Ортидан кузатинг. У турмадаги қандайдир ертўлага тез-тез қатнаб туради.

— Ертўла? Нима қилади у ерда?

— Мен бунисини билмадим. Суриштирсангиз, ҳаммасини аниқлайсиз.

— У ҳолда ўзинг кузатасан.

— М-мен?.. — Сакенбой ортга тисланди. — Йўқ, мен… Қўрқаман…

— Қўрқасанми?.. Билиб қўй, ўзингни ўзинг тутиб бердинг. Энди фақат сен кузатасан Женяни. Агар гапинг исботланмаса, ўлдим деявер!..

Пайқадим. Сакенбой фақат менга яхшилик қилмоқчи, шу йўл билан ишончимга киришни истаганди. Мен бўлсам, уни чўчита бошладим…

Нима бўляпти менга ўзи? Нега ҳеч кимга одамгарчилик қила олмайдиган бўлиб қолдим…

Шу ўйлар билан билинар-билинмас титраётган Сакенбойнинг елкасига қўл ташладим.

— Қўрқма, — дедим унга. — Кузатишни бошлайвер! Иш битса, ўзим сени хурсанд қиламан!..

 

***

 

Бугун Александр менга хат орқали хабар берди. Тунги соат ўндан сўнг махсус белгиланган учрашув хонасига киришим лозим экан. Демак, тағин қотиллик! Ожиза бир қизнинг ўлим ва ҳаёт орасидаги талпинишларига гувоҳ бўламан. Ким экан ўзи у? Э, нима қизиғи бор? Эркакни ментларга сотган аёл яхши бўлармиди?!. Устига устак суюқоёқ бўлса! Анави Тамара каби бетайин бир қиздир-да!..

Барибир Арсен воқеасидан кейин бошқачароқ бўлиб қолган эдим. Кимнидир ўлдираётганимни тасаввур этсам, ичимда билинар-билинмас титроқ уйғонар, юрагим ғаш торта бошларди. Афсуски… Орқага йўл йўқ! Нима бўлмасин, мен шафқатдан юз буришим, фақат мақсад сари интилишим лозим. Ўлса нима бўпти? Нафас олишдан тийилади ва тош қотади.

То назоратчи олиб кетгунча ўзимни навбатдаги қотилликка руҳан тайёрладим. Ўйлаганим, мулоҳаза қилганим сари қалбим нафратга тўлиб борди. Ниҳоят худди икки шиша ароқ ичиб маст бўлган одам каби ҳақиқий шерга айландим. Энди кўзларим ўлжадан бошқасини кўрмас, ўнг қўлим камерадан олинган “точилка” (қошиқнинг тутқичи пичоқ каби ўткирланган хили)ни маҳкам қисганча назоратчининг олдида дадил қадам ташлардим.

Мана, етиб ҳам келдик. Назоратчи мени яшил эшикдан ичкарига турткилаб киритиб юборди. Негадир хона чироғи ўчирилган эди. Ўнгдаги деворга ўрнатилган ёққич тугмачасини босдим ва тош қотдим…

Қандай бахт!.. Ахир… Бу фақат тушда бўлиши мумкин-ку!..

Мени кўриб қўрқувдан дағ-дағ титраётган Тамарани кўриб буткул бошқача аҳволга тушиб қолгандим. Ўзимни худди бир уринишда еттинчи осмонга чиқиб қолгандек ҳис этар, боягина нафрат-у хиёнат, қасос-у интиқомдан озиқ олган юрак нуқул потирларди.

 

* * *

 

Шу тобда эшик тақиллаб қолди. Тақиллатган кимса назоратчи эканини кўнглим сезгани боис асабийлашиб зарда билан эшикни очдим.

— Нима керак? — дағдағали оҳангда сўрадим ундан. — Вақт бўлдими?

— Йўқ, — деди назоратчи эҳтиёткорлик билан йўлакни кузатиб олиб. — Александр сўраяпти сени. Шошилинч гап чиқиб қолибди.

— Бу-чи? Ахир…

— Қиз ўтириб туради. Устидан қулфлаб қўяман.

— Яхши, кетдик!

Мен ҳануз титрашдан тўхтамаган Тамарага бир қараб қўйдим-да, ташқарига чиқдим.

Эллигинчи камерага кириб келганимда, Александрнинг кайфи анча таранг, камера сигарет тутунига тўлиб кетганди.

Александр мени кўрди-ю, даст ўрнидан туриб, яримлаб қолган коньякдан қадаҳларга қуйди.

— Қизни кўрдингми?— сўради у қадаҳни менга узатиш асносида. — Қалай экан?

— Сен менга катта яхшилик қилдинг, — дедим кулиб. — Айни ўзимнинг орзумдаги қиз чиқиб қолди.

— Нима? Сен уни танирмидинг?

— Таниганда қандоқ! Охирги гал унинг дастидан турмага тушганман. Буям камлик қилгандек, у ярамас анча-мунча пулларимни ўмариб қолди.

— Ў, дардимиз бир экан-ку! — Александр менга яқин келиб, икки елкамдан маҳкам қучиб олди. — Унда ишимиз енгил кечаркан. Баракалла сенга!

— Қандай гап бор эди? — мақсадга ўтдим негадир тоқатсизланиб. — Айбга йўймагин-у, аммо эндигина иш бошламоқчи бўлиб турганимда, белига тепдинг.

Александр кулиб юборди.

— Оббо сен-эй! — елкамга қоқди ўзини кулгидан тўхтата олмай. — Тушунаман, тушунаман! Турмада анча ёввойилашиб қолгансан. Бунақанги пайтда ким халал берса, еб қўйгиси келиб кетади одамнинг! Мениям бошимдан ўтган… Майли, асосий гапга ўтайлик…

Мен Александрга савол назари билан боқдим. У бирпас бош қашиб олгандан сўнг қайтадан курсига чўкди.

— Мурод, бу қизни тез ўлдириб қўйсанг, осон ажал топмасмикан? Нима дейсан?

— Билмадим, — елка қисиш билан чекландим. — Хоҳласанг, бир-икки соат жон бера олмай қийналадиган аҳволга солишим мумкин.

— Тушунмадинг, — деди Александр. — Ёлғиз ўзинг қийнасанг, барибир унга камлик қилиши мумкин.

— Унда нима маслаҳат берасан?

— Мундоқ қилсак… Сен кайфингни қиласан… Истаганингча қўйнингда олиб ётасан.

— Кейин-чи?

— Ана ундан кейин қизни бошқа камераларга тортиқ қиламиз. Братвалар ҳам баданлари қизиб, қаердан аёл топишни билмай ўтиришгандир?.. Хўш, гапир!

— Жуда ақлли фикр. Шундай қилсак, аввал дўзахга тушади-да, дўзахдан тўппа-тўғри уёққа равона бўлади.

— Жуда топиб гапирдинг. Баҳонада иккаламиз ҳам у манжалақидан боплаб қасд оламиз.

— Айтганча… Ўлиги-чи?.. Мурдасини…

— Буёғини менга қўйиб бер. — деди Александр совуққонлик билан. — Бу турма остида нечталарининг мурдалари ётганини билмайсан. Қизгаям жой топилади.

— Мен… Бораверайми?..

— Тез бор, жононинг зерикиб қолгандир… Боравер!

 

* * *

 

Учрашувлар хонасига яқинлашиб келарканман, қалбимни фахр туйғуси қамраб олганди. Ортимда шошилмасдан қадам ташлаётган назоратчига ўғринча қараб қўяр, ич-ичдан ғурурланардим.

Ҳа, мен қисқа вақт ичида Александрдек хавфли ва ўта шафқатсиз ўғрибошига яқинлаша олдим. Унинг ишончига кирдим. Менга квартира ҳам ваъда қилди. Балки турмадаги ҳаётим бундан-да яхшироқ, ёқимлироқ кечар…

Эшикни очиб ичкарига кирганимда Тамара каравотнинг бир четида йиғлаб ўтирарди. Мени кўрди-ю, даст ўрнидан туриб, хона бурчига ўтиб олди.

— Менга тегма! — титроқ аралаш ҳайқирди у қўлларини олдинга чўзиб. — Ҳақинг йўқ!.. Билиб қўй, яқин келсанг, мана шу тирноқларимминан сўйиб ташлайман!

— Сўйиб?.. — кулиб юбордим. — Тирноқ билан одам сўйиб бўларканми? Пичоқ яхши… Иш беради… Берайми пичоқ?

— Устимдан кулма!.. Пулларингни мен олмаганман!

— Қўйсанг-чи, жонидан! — дедим Тамарага яқин бориб. — Ҳозир бу гапларнинг мавриди эмас. Кел, яхшиси, кайф-сафо қиламиз! Берилган фурсатдан фойдаланиб қоламиз.

— Ўлдирмайсанми? — қўрқув аралаш сўради Тамара.

— Жинни бўлибманми сени ўлдириб? Сендай офатижонни ўлдиришга қўлим бормайди.

— Ростданми? Ростдан ўлдирмайсан-а?..

— Қасам ичайми?..

Шу гапимдан сўнг у бўшашиб елкамга бошини қўйди.

— Мардлигингни билардим. — шивирлади Тамара ўзини буткул ихтиёримга топшириб. — Баъзи ярамасларга ўхшамаслигингга шубҳа қилмасдим.

— Сени менга Худонинг ўзи юборди. — дея Тамарани ечинтира бошладим. — Қара, бундай келишган, жозибали қомат ҳеч кимда йўқ. Сийналаринг ҳар қандай эркакнинг жонини олишга қодир. Кел, бағримга кир!.. Эрит мени, эрит!..

 

***

 

Кейинги кунлари Тамаранинг тақдири билан умуман қизиқмадим. Асосийси, Александрнинг топшириғини аъло даражада адо этдим. Қолгани менинг муаммом эмасди.

Ҳайратга тушганим, ишда ҳам назоратчи, соқчиларнинг менга нисбатан муносабатлари ҳийла ўзгарганди. Энди улар башарти қаддимни ростлаб бир-икки сония нафас ростласам, дағдаға қилишмас, ўзларини худди кўрмагандек тутишарди.

“Қонундаги ўғрининг турмадаги обрўси бунчалик юқори деб ўйламагандим. — Хаёлимдан ўтказдим кечки йўқловдан қайтгач, каравотимга оҳиста чўкарканман. — Қизиқ, бойлиги қанча экан?.. Ҳойнаҳой, бозорларда “точка”лариям йўқ эмасдир…”

Шу пайт дарича остидаги каравотда ётган Боря деган озғин, қиррабурун аристон шошиб ўрнидан турди-да, узун ходага ёпишди. Бу хода орқали СИЗО да бўлганидек, турмадаги аристонлар бир-бирларига хат битишади. Кўпинча, Александрнинг кўрсатмаларини қабул қилиб олишади.

— Ў, “пахан”дан экан! — қўлида қоғоз билан пастга сакради аристон.

— Ўзинг ўқи! — буюрди Женя ётган ерида. — Кимга экан ўзи?..

Аристон хатга кўз ташлаб олгач, хатни менинг қўлимга тутқазди.

— Женя икковларингга шекилли. — деди у хижолат тортган кўйи икки қўлини дарров кўксига босиб. — Лекин… Ўқиганим йўқ, ишонинг!..

— Бўпти, бор жойингга! — қўл силтадим. — Буёғи сенинг ишинг эмас!

Хатни ўқидим. Александр негадир Женя иккаламизни ҳузурига чорлабди.

— Женя, боришимиз шарт экан. — дедим эгнимга турма кителини илиб. — Зудлик билан етиб бормасак бўлмас экан эллигинчи камерага.

Женя индамай кийинди-да, камера эшиги томон юрди.

 

* * *

 

Александр одатига кўра оромкурсига ястаниб олганча коньяк ичарди. Кириб келганимизни кўриб ҳурмат учун ўрнидан қўзғалиб қўйди. Тепасида туриб хизмат қилаётган калбош, паст бўйли аристон эса унинг ишораси билан дарҳол эшик рўпарасига бориб олди.

— Ўтиринглар! — Александр бизга жой кўрсатиб ўзи қадаҳларга конькдан қуйди. — Хўш, братвалар, камерада нима гаплар?..

Биринчи бўлиб Женя тилга кирди.

— Қиз масаласини ҳал қилдик.

— Ҳеч ким хитланмадими ишқилиб? — сўради Александр менга сирли назар ташлаб.

— Биласиз-ку! Мен бунақа ишларни қойиллатиб ташлайман.

— Яхши. Энди асосий масалага ўтайлик.

Александр лаб тишлаб пича ўй суриб турди-да, давом этди.

— Женя, сенга “тож” кийдирмасак бўлмайдиганга ўхшайди!

— Нима?.. — бу гапни эшитиб Женянинг чеҳраси очилди. — Ростданми?.. Уёқдагилар…

— Улар билан гаплашдим. — деди Александр. — Ҳаммалари рози. Фақат бир юмуш қолди.

— Тавсияномаларми? — ҳовлиқиб сўради Женя. — Боплаймиз!..

Мен ҳамон гап нимада эканини тушунмас, бир Женяга, бир Александрга ҳайрат аралаш тикилардим. Александр ҳолатимни пайқадими, саволга жавоб бериш ўрнига мен томон юзланди.

— Женянинг аввалги “унвон”ини қайтармоқчимиз, Мурод!.. Яқинда қайтадан “қонундаги ўғри” (вор в законе) га айланади аканг. Хўш, хурсандмисан?..

— Албатта… хурсандман… — сал тутилиброқ жавоб қилдим. — Аммо… Сен…

— Мен яқинда озодликка чиқаман. Ўрнимни Женя эгаллайди.

— Зўр иш бўпти. — мамнунлигимни яшира олмай кафтларимни бир-бирига ишқалай бошладим. — Женя арзийди…

— Айтганча, Женя, сенинг шу кунгача қилган ишларингни яна бир карра текшириб кўрамиз. Биласан-ку, қартада қарзинг қолмаган бўлиши керак. Акс ҳолда сени ўғрибошиликка тайинлай олмайман.

— Х-хўп… Хўп, — Женя икки қўлини кўксига қўйиб қуллуқ қилди. — Мен аниқ биламан. Орқамда қарз деган нарсанинг ўзи қолмаган.

— Энди гап мундай… Муродни сенинг ўрнингга ҳам камерабоши, ҳам турма ғазначилигига тайинлайман. Мурод, камерага борибоқ, ишни қабул қилиб ол! Ҳарқалай, ишончимни қозона олдинг. “Общаг” пулларини яхши сақлай оласан, камерангда тартиб ўрнатиш ҳам қўлингдан келади. Мабодо муаммо туғилса, тортинмай келавер! Лекин… “Доля” масаласини унутиб қўймаларинг!

— Ўзим ҳаммасини тушунтираман. — гапни илиб кетди Женя. — Мурод фаросатли йигит. Ҳеч нарсани унутиб қолдирмайди.

— Унда боринглар! Женя, тавсиянома йиғишни бошлайвер! “Тож” кийдириш вақтини ўзим айтаман.

— Хўп, Александр! Бу яхшилигингизни ўла ўлгунча унутмайман!.. Мурод, айтиб қўяй, “мусор”ларга хизмат қила кўрма!

Мен бош ирғаганча Женянинг ортидан эргашдим.

(давоми бор)

Олимжон ҲАЙИТ

 

 

ФИКР БИЛДИРИШ

Please enter your comment!
Please enter your name here