Қўқонга жаҳон ҳунармандлар шаҳри мақоми берилди (+фото)

0

Бу ҳақда Жаҳон ҳунармандлари Кенгашининг раҳбари Рози Гринлис хоним яқинда Қўқон шаҳрига ташриф буюрган ташкилотнинг Осиё-Тинч океани минтақаси бўйича президенти Гада Каддумига йўллаган хатида хабар берди.

“Жаҳон кенгашига берилган ариза эвазига, биз ҳунармандчилик Қўқон шаҳри маданияти ва саноатида катта роль ўйнаши ҳақидаги хулосага келдик. Қўқон ҳунармандлар шаҳарлари жаҳон ҳамжамиятида муносиб ўрин эгаллаши қувонарлидир. Қўқон рўйхатга киритилиши билан боғлиқ ўз мажбуриятларини бажариши ва бутун дунё ҳунармандлари учун умумий платформа яратиш мақсадида халқаро алмашувларни кенгайтириши, ҳунармандчилик шаҳарлари тармоғидаги бошқа шаҳарлар билан фаол ҳамкорлик қилишига умид қиламиз” деб айтган Жаҳон ҳунармандлар кенгашининг президенти Рози Гринлис.

Жаҳон ҳунармандлари шаҳри унвони 2014 йилда ташкил этилган бўлиб, шу кунгача унга жаҳоннинг турли мамлакатларидаги 30 та шаҳар сазовор бўлган. Қўқон шаҳри МДҲ давлатлари ичида биринчи бўлиб, мазкур рўйхатга киритилди.

Давлатимиз раҳбарининг 2018 йил 1 ноябрда қабул қилинган “Халқаро ҳунармандчилик фестивалини ўтказиш тўғрисида”ги қарори асосида амалга оширилаётган ишлар жараёнида Қўқонга шаҳрига мазкур мақомнинг берилиши муҳим воқеа бўлди. Жорий йилнинг 10-15 сентябрь кунлари бўлиб ўтадиган фестивалда 70 дан ортиқ хорижий давлатлардан маҳоратли ҳунармандлар, амалий санъат усталари, мутахассислар, соҳа олимлари ва фахрий меҳмонлар иштирок этиши кутилмоқда.

Мазкур ташкилотга аъзо бўлиш орқали нима эришилади? WCCга аъзо бўлиш ҳунармандларнинг халқаро ҳамкорликни ривожлантириш, шунингдек, уларнинг хориждаги кўргазмаларини ташкил этишда янги имконият яратади.

Мазкур ташкилот 1964 йилда Бельгияда нодавлат-нотижорат ташкилот сифатида ташкил этилган ва бой маданий меросни асраб-авайлаш ва ривожлантириш учун семинарлар, конференциялар ва кўргазмалар ўтказиш орқали бутун дунёда ҳунармандчилик ташкилотларини қўллаб-қувватлайди. Республика “Ҳунарманд” уюшмаси жорий йилнинг март ойидан бошлаб мазкур ташкилотга аъзо бўлди.

UzA.uz

ФИКР БИЛДИРИШ

Please enter your comment!
Please enter your name here