ҚАМОҚХОНАДА КЎРГАН-КЕЧИРГАНЛАРИМ… (13-қисм)

0

 

 

* * *

 

«Обшаг»га тегишли пуллар оз эмасди. Уларни ишдан қайтгач, Женянинг қўлидан санаб ишончли жойга беркитгунча тун яримлаб қолди.

Азбаройи чарчаганимдан каравотга ёнбошлабман-у, кўзим илинибди. Кимнингдир оҳиста шивирлашидан уйғониб кетдим ва пардани нари сурдим.

Тепамда Боря қимтинганча қараб турарди.

— Сенга нима керак? — сўрадим совуққонлик билан.

— Биласанми, Мурод… — тутилиб гап бошлади Боря. — Онам пенсиясини ўғирлатиб қўйибди. Ёнимда бир тийин ҳам пул йўқ эди. Шунга…

— Чайналмасдан тезроқ гапирсанг-чи! — дағдаға қилдим унга.

— Юз сўм қарз бериб турсанг девдим.

— Қаердан оламан шунча пулни? Биласан-ку, бу ерга яқинда келганман. Иложи йўқ.

— Ахир… «Обшаг»нинг пули сенда-ку!.. Эртагаёқ жойига қўяман.

— Нима?.. Ақлинг жойидами? Бу пуллар бировларникилигини билиб туриб сўраяпсанми?

— Аҳвол жиддий! — деди сал қурса йиғлагудек бўлиб Боря. — Бир умр унутмасдим яхшилигингни.

— Бўлмаган гапни гапирма! Беролмайман. Ана, бошқалардан сўра!..

— Улардаям йўқ экан-да!

— Унда билмадим. Бўлди, гап тамом! Ётиб ухла!..

Шундай дедим-у, пардани ёпиб девор томон ўгирилиб олдим.

 

***

 

Бугун Женя билан то кечгача гаплашмабмиз. У ўзи билан ўзи овора эди. Кун бўйи кимларгадир қўлма-қўл хат жўнатиш, тавсиянома йиғишдан бўшамади.

Фақат шом маҳали камерага кириб келганимиздан кейин ёнимга ўтириб елкамга қоққанча гап бошлади.

— Кечир, Мурод, тунда Борядан мен илтимос қилгандим қарз сўрашини.

— Сен?.. Нега? Тинчликми? Тушунмадим…

— Александр сени яна бир марта текшириб кўришимни айтганди.

— Шунақами? Хўш, текширувингдан ўтдимми ишқилиб?

— Ўтгандаям аъло даражада ўтдинг. Баракалла! Энди бемалол ёруғ юз билан эллигинчи камерага борсак бўлади.

— Бугунми? Мен… Нима қиламан у ерда?

— Александр икковлашиб боришимизни тайинлабди. Мана, хат олдим. Ярим соатлардан кейин борамиз.

— Борсак бораверамиз-да! — дедим хотиржам тортиб. — Охири бахайр бўлса бас!

— Зўр бўлади! Мана кўрасан! «Тож» кийиб олай, сен ҳам шоҳона ҳаёт кечирасан турмада.

— Айтганинг келсин!

 

* * *

 

Бу гал Александр бизни негадир совуқ қарши олди. Ҳар сафаргидек кириб борганимизда ўрнидан қўзғалиб ҳам қўймади. Қовоғини уйган ҳолда қўли билан ётган ерида курси томон ишора қилди холос.

— Хўш, Женя, ишлар қалай? — сўради ҳамроҳимга аламли боқиб.

— Т-тавсияномаларни тўплаб қўйдим. — Женя қўли кўксида жавоб берди.

— Тавсиянома дегин?.. — Александр истар-истамас ўрнидан туриб тепамизга келди. — Ўша тавсияномаларингни-чи, бир жойингга тиқиб ол!

Женя кутилмаган гапдан бир сесканиб Александрга қўрқув аралаш тикилиб қаради.

— Тушунмадим, Саша!.. — дея олди зўрға.

— Нимани тушунмайсан?.. Қарзинг бор экан-ку қартадан!.. Нима, мени алдамоқчи бўлдингми? Братвалар қаршисида юзимни ерга қаратиб маза қилмоқчимидинг?..

— Қарз?.. Бўлиши мумкинмас!.. Ҳаммасини ҳал қилиб бўлганман!

— Ёлғон гапирма! Ана, ўттизинчи камерадаги Мишадан минг сўм қарзинг бор экан. Менга етказишди.

— Миша?.. Йўқ, ишонмайман… Мен ҳеч қачон қарзимни узмасдан кетмаганман.

— Буёғини энди ўзинг ҳал қил! Қачон орқангни ёпсанг, ўшанда киясан «тож»ни!.. Бор, сени кўрсам асабим бузиляпти!..

Икковимиз ҳам Александрнинг буйруғини эшитганимиз ҳамоно ўқ ургандек ташқарига отилдик.

 

* * *

 

Женя камерага кирибоқ назоратчидан Миша билан учраштиришини илтимос қилди. Албатта, илтимос қуруқдан қуруқ бўлмайди. Назоратчи битта ўнталикни қўлига олгач, кўз очиб юмгунча иккаламизни сайр майдончасига олиб чиқди.

Миша деганлари баланд бўйли, кўзи ғилайроқ, калбош, ёши қирқларга борган бир эркак эди. У Женяни кўриши билан ёнидаги шеригига кўз қисиб қўйди-да, деворга суяниб олди.

— Сендан қачон қарз бўлгандим қартада? — сўради Женя дағдағали оҳангда. — Нега Сашага ёлғон гапирдинг?

— Ким ёлғон гапирибди? Менми? — Миша лаби учиб Женяга яқин борди. — Вей, қария, эсингни йиғиб олгин-да энди! Икки йил олдин ертўлада қарта ташлаганимиз ёдингдан чиқдими? Ўшанда тўлашга ҳеч вақоинг қолмай, оёғимни ўпгудай ялингандинг!.. Хўш, эсладингми?

Женя бир муддат жим туриб қолди-да, бош чайқаб қўйди.

— Ҳа, Миша, узр! Ташвишларминан бўлиб бутунлай унутиб қўйган эканман… Айб ўзимда!

— Энди қачон узасан қарзни?.. Ё кутиб юраверайми?

— Йўқ, — деди Женя. — Қарзни бугуноқ узаман. Тунги бирларда қўлингга тегади ўша пуллар.

— Ана энди ўзингга келдинг. Хўп, кетдим унда!

 

* * *

 

Камерага қайтгандан сўнг Женя баттар безовталана бошлади. Чамаси, бунча пул ёнида йўқ эди. Ўзича нималарнидир хомчўт қилиб, ҳисоблаган бўлди. Сўнгра секин менинг тепамга келди.

— Мурод, — шивирлади бошқа аристонлар томон ўғринча кўз ташлаб. — Менга ёрдаминг керак.

— Нима ёрдам? — гарчи нималигини сезиб турсам-да, атайин сўрадим.

— Пул керак эртагача. «Обшаг» пулидан бериб турмасанг бўлмайди, оғайни.

— «Обшаг» пулига тегмайман. — бош чайқаб терс ўгирилдим. — Билиб туриб сўраганинг нимаси?

— Қўй, қийин ҳолатда турганимда сен ҳам эзма! — Женянинг овози бу гал титраб чиқди. — Агар шу кеча муаммони ҳал қилмасам тамом бўламан. Илтимос, эртага кечқурун жойига қўяман. Бериб турсанг-чи!

— Беҳуда овора бўляпсан. Барибир бу пул берилмайди. Ана, пул керак бўлса, қимор уюштир! Қиморда мендан ўтадигани йўқ дегандинг-ку!

— Шунақами? — қўлларини мушт қилди Женя. — Сен мени қаттиқ ранжитдинг, Мурод. Бор умидим сендан эди.

— Бу гапларни қўй, Женя! — дедим унга совуқ тикилиб. — Ўзинг ошни пиширдингми, ўзинг еявер! Мени шерик қилишнинг сира кераги йўқ.

— Яхшиликни билмас экансан!

Женя столга алам билан бир муштлади-да, оёғи остидаги курсини тепиб юбориб каравоти томон кетди.

 

* * *

 

Қанча ухладим, билмайман. Женянинг оҳиста турткисидан уйғониб кетдим.

— Юр, менга ҳамроҳ бўл ҳич қурса! — ялинганнамо сўз қотди у. — Қимор ўйини бўлади. Ёнимда турсанг бўлди.

— Қаерда? Ярим кечада-я?

— Нима бўпти? Назоратчининг оғзини ёпиб қўйдим. Ҳеч кимга чурқ этмайди.

— Кимминан ўйнамоқчисан?

Женя лабини асабий тишлаб бирпас жим қолди-да, жавоб қилди:

— Ментларминан.

— Нима? Эсингни еганмисан? Майор сезиб қолса…

— Буёғидан кўнглинг хотиржам бўлсин! Билиб қолгандаям сени сотиш йўқ.

— Нима, бир ўзинг қўрқяпсанми?

— Гап қўрқишдамас. Биласанми… Ментлардан ҳар балони кутса бўлади. Башарти ютсам-у, пулни беришмаса, расво бўламан. Сен ёнимда турсанг, бундай қила олишмайди. Ҳар ҳолда гувоҳдан чўчишади.

— Майли, чақир назоратчингни, кетдик!

Женя бу гапимдан сўнг енгил тортиб камера эшиги томон пилдиради.

 

* * *

 

Бу таклифга нега розилик билдирганимни ўзим ҳам билмасдим. Турманинг ним қоронғи йўлакларидан юриб бориб, ертўлага тушарканмиз, беихтиёр юрагим ғаш тортиб, вужудим увиша бошлаганини ҳис этдим.

Ахир, нима қиляпман ўзи? Ментлар билан қарта ўйнашни ким қўйибди бизларга? Уларда на меҳр, на шафқат бор. Ютиб олган тақдиримизда ҳам тан олишармиди улар? Кетимизга икки тепишади-ю, ҳайдаб солишади.

— Балки, фикрингдан қайтарсан-а? — ёнимда хотиржам кетиб бораётган Женяга юзланиб сўрадим. — Бу жуда қалтис иш. Ҳеч ким сезмаган тақдирдаям, барибир, қалтис.

— Намунча қуёнюрак бўлмасанг? — уришиб берди Женя. — Еб қўйишармиди бизларни? Ўзлари таклиф қилишди-ку! Ҳали қараб турасан, бу ярамасларни шундай боплаб ютайки…

— Ўзинг биласан! — қўл силтаганча олдинга ўтиб олдим. — Пушаймон бўлиб бошингни чангаллаганингда кеч бўлади.

— Тўхта! — деди чанг босиб ётган эшикка етганимизда назоратчи. — Мана шу хонага кирасанлар! Айтиб қўяй, жанжал-панжал қилиб юрмаларинг, нақ карцерда чиритаман-а!

Назоратчи ҳали узоқ кетиб улгурмай эшик очилиб, ичкаридан узун бўйли, озғин йигит чиқиб, бош ирғади.

— Киринглар, кутишяпти!

Озғин йигит ташқарида қолди, биз ичкарига кирдик. Хона тор эди. Икки ёнбошга каравот, ўртага кичик бир стол қўйилибди. Чапдаги каравотда икки сержант, ўнгда эса ўрта бўйли, мушаклари туртиб чиққан, чайир бир лейтенант ўтирарди.

Бизни кўришгач, улар бир-бирларига маъноли қараб олишди.

— Ҳа, қария, — сўради лейтенант ўтирган ерида. —  Кексайиб қўрқоқ бўлиб қолдингми, дум етаклаб келибсан? Бунақасини келишмагандик-ку!

— Бу ишончли йигит, — деди шеригим ўтиришга шошилмай сержантларни бир-бир кузатаркан. — Ўзинг ҳам манавиларни нега ушлаб ўтирибсан?

— Булар манавимас, турма ходимлари, — таҳдидли оҳангда жавоб қилди лейтенант. — Тилинга кўпам эрк бераверма!

— Бу мени ишим, — деди Женя ҳам бўш келмай. — Мусорлар билан бир стол атрофида ўтиришга рози бўлганим учун хурсанд бўлсанг-чи!.. Бир умр братвалар билан қимор ўйнаганингни ҳаяжон билан эслаб юрасан.

— Бўпти, бас қил гап-сўзни! — тоқати тоқ бўлди чоғи лейтенант бизни ўтиришга чорлади. — Қани, ўтирларинг! Фақат билиб қўй, ютқазсанг, ўн мингдан зиёд пул ютқизсанг, менга қул бўласан!..

— Тушунарли, — Женя унинг гапига парво ҳам қилмай қарталарни қўлига олиб чийлай бошлади.

Умримда бунчалик ҳаяжонли ўйинни кўрмаганим учун бутун диққатимни жамлаб, унинг ҳаракатларини кузатдим.

Хуллас, қарталар сузилди. Лейтенант стол устига бир даста юзталик пулларни ташлаб, устини елим халта билан ёпиб қўйди. Демак, ютган одам шу пулларга эгалик қилади. Аммо Женя ютқазиб қўйса-чи?.. Унда нима бўлади? Наҳотки бир умр лейтенатга қул бўлиб қолса? Шуларни хаёлимдан кечирарканман бир четда ўйинни кузата бошладим.

Лейтенант ёш бўлишига қарамай қиморда анча тажрибага эга экан. Ярим соатча вақт ўтмай Женянинг бўйнига унча-мунча пул илиб қўйди. Аммо у бунга парво қилмас, афтидан омад фариштаси ўзи томонда бўлишига ишончи комил эди. Лейтенант бўлса (унинг исми Дмитрий экан), ютган сайин кайфияти кўтарилар, тинмай беҳаё латифалар айтиб сержантларни кулдирарди.

Ўйин шу тариқа икки соатча давом этди. Кейин эса Женянинг қўли баланд кела бошлади ва ҳаш-паш дегунча Димани анчага туширди.

— Бунақада эрталабгача ҳам ўйин тугамайдиганга ўхшайди, қария, — дея сўз бошлади бир маҳал лейтенант. — Кел, ундан кўра яхшиси бор пулни ўртага тикамиз, кимнинг омади чопса, пул ўшаники бўлади.

— Розиман, — деди Женя рақибига синчковлик билан тикиларкан. — Таклифни сен киритдинг, қарталарни ҳам ўзинг чийлаб, ўзинг тарқат.

Бу гапдан кейин сержантлар ҳам ҳушёр тортиб қолишди. Лейтенант шошилмасдан қартани чийлаб, аввал Женяга, кейин ўзига тарқатди. Женя олдидаги уч дона қартани кўксига босганча бир-бир қараб чиққач масхаралаган каби баланд овозда кулиб юборди.

— Ҳамма пулни ўртага қўямиз, дегандинг. Бунинг устига пули йўқ одам билан қарзга ўйнашга ҳам рози бўлдинг. Мен сенинг бу мардлигингни ҳурмат қиламан. Лекин бировдан, айниқса ментдан қарз бўлишни ёмон кўраман, ўртадан истаганингча пул ол, мен розиман, — деди у маза қилиб кулиб бўлгач.

— Мени понтга олмасдан аввал қарталарингни яна бир бор яхшилиб кўриб ол, қария, кейин сенда бундай имконият бўлмайди, — бўш келмади лейтенент ҳам.

— Шогирдларинг ҳам сувга тушган мушукдай шумшайиб қолишди, лейтенант! Кел, яхшиси, менинг айтганимни қилайлик!

— Аввал қўлингдаги қарталарни столга қўй! — буюрди лейтенант ютқазганини бўйнига олгиси келмай. — Нега жим бўп қолдинг? Қўймайсанми?

— Мана! — Женя кула-кула қўлидаги уч дона «Туз»ни стол устига ташлади. — Хўш, бўлдими?

Женянинг чиндан ҳам омади чопиб, қиморда камдан-кам одамга насиб қиладиган юқори очко — 33 ни қўлга киритганди. Буни кўриб барча, шу жумладан, камина ҳам қотиб қолдик. Лейтенатнинг пешонасида лаҳзанинг ўзидаёқ йирик-йирик тер томчилари пайдо бўлди. Сержантлар эса столга тушган учта тузни кўриб, ўринларидан туриб кетишди. Вақтдан фойдаланган Женя эндигина пулларга қўл чўзганди, сержантлардан бири унинг билагидан маҳкам ушлаб қолди.

— Пулларни жойига қўй! — бақирди у оғзидан тупук сачратиб. — Ҳали ўйин тугамади!

— Ғирромлик яхши эмас! — бош чайқади Женя. — Ютқазгандан кейин тан беринглар, хунасалар!

Унинг бу гапи иккинчи сержант билан лейтенантнинг ғазабини тоширди шекилли, бирин-кетин бақира кетишди.

— Нима?.. Кимни ҳақорат қилдинг? Қани яна бир қайтар-чи?!

Вазият кескин тус олаётганини кўриб индамай ўтира олмасдим. Даст ўрнимдан туриб Женяга қараб ўдағайлаётган сержантни елкасидан чангаллаб юқори кўтардим-да, бурчакка итқитиб юбордим. Шу пайт осмондан тушгандек яна икки-уч офицер хонага бостириб кирди ва Женя иккимизни таппа ерга босиб чарм таёқлар билан роса дўппослашди. Кейин қўлларимизга кишан солишди.

— Буларни алоҳида-алоҳида карцерга ташла! — буюрди лейтенант — Майорга ўзим жавоб бераман!

— Хўп бўлади!..

 

* * *

 

— Ифлос экансан! — аламли шивирладим ортимда ҳеч нарса бўлмагандек кетиб бораётган лейтенантга. — Ҳали шошмай тур, ғирромлик қанақа бўлишини кўрсатиб қўяман!

— Мени беҳуда айблаяпсан! — деди у. — Ўртага катта пул тикилган, бу пулларнинг бир қисми меники эмас. Шундай экан, ютган тақдирингда ҳам, барибир, пулни сенларга бериб қўядиган аҳмоқ йўқ.

— Лейтенант, сен бу ишинг билан жуда катта хатога йўл қўйдинг. Шуни биласанми?

— Нима, нима? Келиб-келиб сен, турмадан чиқиш-чиқмаслиги номаълум ипирисқи мени қўрқитмоқчи бўляпсанми?

— Катта кетма! Турмадан чиқмасам ҳам унча-мунча жойда сўзимни икки қилишмайди. Бу ерга келишдан аввал керакли одамларга шипшитиб қўйганман. Борди-ю, бирор ишкал юз берса, уч кундан ошиқ тирик юрмайсан, мен бунга кафолат бераман!

Бу гапимдан кейин лейтенантнинг дами ичига тушиб кетди. Буни нафас олишидан билиб олса бўларди.

— Майли, гапни калта қил! — йўлакни деярли бир айланиб ўтиб карцерга етганимизда лейтенант сержантларга тўхташни буюрди. — Мана шу ерда дам оласан энди, ланъати!

У эшикни очиб, овозининг борича қичқирди:

— Ҳов одамхўр! Меҳмонни қабул қилиб ол!

 

* * *

 

Эшик ташқаридан ёпилгач, карцернинг бир бурчидан бўйи мен каби баланд, йўғон билакли, сочлари қириб ташланган, кўп уришганидан бўлса керак, юзлари ўйдим-чуқур, оғзи бир тарафга ҳийла қийшайган, бадбашара аристон қаршимда пайдо бўлди. У менга янада яқин келди-да, қаддини эгиб, икки қўлини орқага қилганча совуқ тиржайди.

— Ҳа-а, — бақирди у оғзидан тупук сачратиб, — Келдиларми? ҳозир, ҳозир сенинг қулоғингни тишлаб узиб оламан! Ҳа-а-а-а!

Ундан заррача қўрққаним йўқ. Фақат эгнидаги кийимларнинг ифлослиги, тупук оқаётган оғзининг беўхшовлиги кўнглимни айнитиб ўзимни нари олдим.

— Қўрқиб кетдингми-а, қўрқдингми? Ана шунақа-а!.. — бақиришда давом этди аристон тобора менга яқин келиб. — Қулоғинг мазалими? Мазалими деб сўраяпман!?. Нега индамайсан? Ё соқовмисан? Кар-соқовмисан?

Шундай деб бақираркан уни йўтал тутди. Ё ажаб! Бунақасини умрим бино бўлиб кўрмагандим! Аристон ҳар йўталганда оғзидан тупук ўрнига қон отилиб полга тушарди. Бир зумда унинг томоқларидан тортиб кийимининг ёқасигача қонга бўялди.

«Ахир бунинг ажали яқин экан-ку!» деган фикр ўтди хаёлимдан ва жонҳолатда уни суяб бетон супачалардан бирига ўтқаздим-да, четда ётган латтани қўлимга олиб ҳўллаш мақсадида кранга чопдим.

Ҳўл латта билан яхшилаб юз-кўзини артганимдан сўнг аристон сал ўзига келиб, бошини орқага ташлади.

— Нима, касалмисан? — сўрадим ундан. — Нега санчастга ётмайсан, хумпар? Бу туришда ўлиб қоласан-ку!

Саволимга жавобан аристон қўл силтади.

— Қўявер, — деди у ҳамон қур-қур йўталишда давом этиб, — Бир бошга бир ўлим. Аллақачон пишганман. Энди… даволаниб қаерга ҳам борардим.

— Нега назоратчи сени одамхўр деб чақирди?

Аристон маъюс кулди.

— Сабабини айтайми?

— Айт!

— Бир куни ментнинг қулоғини тишлаб узиб олганман.

— Йўғ-э! Нимага?

— Калтаклашлари жонимдан ўтганди.

— Ўшандаям касалмидинг?

— Қаёқда?.. Соппа-соғ эдим. Шу сабаб бўлди-ю, карцердан чиқармай қўйишди. Олдинига билинмаганди. Кейинги икки ойда касал кучайиб кетди. Тушларимда қандайдир арвоҳлар оёғимдан тортадиган бўлиб қолишди. Касал қўзигандан қўзиса, кўзимга қора кийган махлуқсифат жонзотлар кўринади. Мени ғажийман деб ташлана бошлайди. Э, тағин нимасини айтай…

Уни яна йўтал тутди. Иккинчи марта латта ҳўллаб келиб қонларини артдим. Аммо бу сафар бу унга фойда бермади, қайтанга нафас олиши оғирлашиб, ўзини бетонга ташлаб юборди.

Югурганча бориб карцер эшигини тепа бошладим.

— Ҳой, ким бор?.. Врач чақирларинг, врач! Одам ўляпти!

Эшик туйнуги шарақлаб очилиб, назоратчининг қип-қизил юзи кўринди. Алдамаётганимга ишонч ҳосил қилди, шекилли, бироздан кейин эшикдан хомсемиздан келган бошқа бир назоратчи билан ичкарига киришди.

— Нима бўлди? Ким ўлди? Қани?

Мен бурчакда хириллаётган аристонга ишора қилдим.

Хомсемиз назоратчи унга яқин бориб қўлидаги чарм таёқ билан аристонни туртиб кўрди.

— Эътибор қилма! — деди у эшик томон йўналиб. — Бор, нарироққа бориб ўтир! Ҳозир санчастдагиларни чақираман. Олиб кетишади!

 

* * *

 

Кўз очиб юмгунча карцер ичи тўполон бўлиб кетса керак деб ўйлагандим. Афсуски ундай бўлмади. Фақатгина орадан бир соатдан кўпроқ вақт ўтгандан кейин келган врач аёл деярли жон таслим қилиб бўлган аристоннинг юрагини тинглаб кўрган бўлди. Шундан сўнг ўрнидан турди ва бош чайқаб ташқарида турган фельдшерларга аристонни олиб кетишни буюрди. Бу орада карцерга Женя билан қарта ўйнаган лейтенант кириб келди-да, вазиятни текширган бўлиб назоратчини қошига чорлади.

— Буни стаканга ташла! — буюрди у мен томон ишора қилиб. — Карцер бунақалар учун меҳмонхонадай гап!

— Стаканга?.. — тутилиб сўради назоратчи ва лейтенантнинг важоҳатини кўриб қўшиб қўйди. — Ҳа-я, сиз ўзингиз жавоб берасиз-ку! Қани, олдимга туш!

«Ана энди адойи тамом бўлдим! — ўйлардим ўзимча. — Стакан нима эканини биламан. Тағин касалим қўзғолон қилади. Башарти, анавининг касалидан юқтириб олган бўлсам, ҳаётдан умидимни узиб қўяверсам ҳам бўларкан».

Шу кўйи гўё бу шўрлаган деворларни, панжаралардангина иборат узундан-узун йўлакни, бири супурги, иккинчиси челак кўтариб у ёқдан-бу ёққа ўтаётган «баланда»даги аристонларни сўнгги бор кўраётгандек, суқ билан боққанча назоратчининг ортидан эргашдим.

 

* * *

 

Мана, уч кундирки, стаканданман. Тобора тасаввурим торайиб, теваракдаги овозларни, ўзимни ўраб турган бетон деворни ҳам идрок эта олмайдиган бўлиб боряпман. Очиққаним худди хаёлимдан кўтарилгандек туюлади. Оғзим қуруқшайди. Шу лаҳзаларда тупугимни ютиб чанқоқ қондирган бўламан. Ҳар йўтал тутганда ичимнинг аллақаери узилиб кетгандай бўлади. То навбатдаги йўтал келгунча ичакларим бураб-бураб оғрийди. Афтидан тахминларим тўғри, раҳмдиллигим туфайли касалга чалинганга ўхшайман. Лекин карцердаги аристон каби оғзимдан қон келмаяпти, шунисига ҳам шукр. Демак, менинг касалим унчалик қўрқинчли эмас, ҳарқалай эртанги кундан умид қилсам бўлади. Мени кўриб бошқалар бурун жийиришини, жирканиб терс ўгирилишларини хоҳламайман. Майли, нима бўлса бўлсин. Бироқ тоза, орасталикда ўлиш тарафдориман.

Тушга бориб вужудим ёна бошлади. Нафас олишим тезлашиб, қалтироқ тутди. Қизиқ, ичиб куйиб боряпти-ю, аммо танамнинг устки қисмидаги туклар азбаройи совуқ ўтганидан тик турган…

Шу тобда чўзилиб ётишни шунчалик кўнглим тусадики, асти қўяверасиз. Афсуски, бунинг сира иложи йўқ. «Стакан» да фақат чўнқайиб ўтириш мумкин, холос. Аламим келиб бошимни муз деворга босдим-у, кўзларимни юмдим. Бу ҳам фойда бермади. Борган сари ичим аланга оляпти. Ҳали замон қўл-оёғимни қимирлатишга ҳам ҳолим қолмаса керак. Бора-бора ҳушимни йўқотаман. Ана ўшанда жоним ҳаловат топади. Совқотмайман, йўталмайман, куймайман, аламзадалик қалбимни тирнамайди. ҳеч кимни, ҳеч нарсани ўйламайман…

(давоми бор)

Олимжон ҲАЙИТ