Ҳафта ижтимоий муаммолари: Ширин қовунлар мамлакати

0

Колумнистимиз Сарвар уста бу ҳафта бизга фельетон ўрнига ёзиб битирилмаган ҳикоя тақдим этди. Унинг мазмун-моҳияти борасида бироз баҳслашиб қолган бўлсак-да, ўқувчиларимиз биздан ақллироқ, барчасини тушуниб олади, мағзини чақади деган ишонч билан ҳикояни сиз билан бўлишмоқдамиз.

Кечқурун бизлар ухлаб ётганда бу бино атрофига шаҳарнинг тўрт тарафидан савлатли машиналар келиб тўхтади. Машиналардан костюм-шимли, махсус формали, салла-чопонли эркаклар, бошяланг аёллар тушиб, ўртасига думалоқ стол қўйилган катта хонанинг турли эшикларидан кирди. Кирди-ю, бир зум бир-бирига қараб қолгач, ҳаммаси қаҳ-қаҳ уриб кулишга тушди. Эркаклар тиззаларига шапатилаб, аёллар кўзларидан ёш чиққунча кулишди.

– Ува-ҳа-ҳа-ҳа. Ман чидолмайман! Нималар деб ташладик?

– Энг охири малиш зажигать қилди, бор-у! Нимаймиш – Форумлар саройини СССР нотўғри жойга қурганмиш. Вой, ўлиб қоламан, уни қурилганига уч йил бўлди-ку. Тоғанг бошқа жойга ўтказса бўлмайдими сани? Калланг қаерда болакай?

– Ман қаттан билай? Мактабга бормаган бўлсам.

– Оммалекигин, ман яхши мавзу топиб бердим, – деди салла-чопонли киши салмоқлаб гапга аралашганча. – Капитан домланинг «масжидда боллар сийиб қўйишлиги мумкин» деган важлари эскириб қолди. Ман ўтган маърузада «зилзила бўлса иморат болаларни босиб қолмаслиги учун масжидга олиб келишлик жоиз эмас» дедим. Қалай, боплабманми?

– Яшанг, қориака, сизни келаси йил сейсмология институтига директор қиламиз.

– Аммо-лекин ишни сусайтириш керак эмас, – деди жиддий оҳангда ҳаммадан новча бўйни йўғон киши. – Ҳар ҳафта бир қовун тушириб одамларга мавзу топиб беришимиз шарт. Хўш, бу биз учун нега муҳим, айтинглар-чи?

– Барибир ҳеч балога ақлимиз етмагач, томоша кўрсатиб туришимиз шарт, – луқма ташлади ўтирганларнинг бири.

– Томоша яхши, хомкаллалар. Аммо билиб қўйинглар: бежиз айтишмаган, халойиққа нон ва томоша беринг, деб. Хўш, биз ресурсларимиздан унумли фойдаланяпмизми? Йўқ. Демак, бугунги йиғилишимиз мавзуси шунга бағишланади. Сен, – деди новча мажлис раиси формали кишига юзланиб, – нега эркакларни репродуктивлик ва фойдалилик хусусиятлари асосида тоифаларга ажратмаяпсан?

– Мардикорларни қувиб тутолмаяпмиз, – деди елка қисганча формали киши.

– Қорни бор болаларингни йўқот. Янаги ҳафта тоифаланган рўйхат столим устида бўлсин. Қўмитадаги мутахассислар ёрдамлашади, ветеринарларни ҳам жалб этамиз, ташкил қилиб бераман. Бир нима дейишса, узр сўраб қутуламиз. Бу узр сўрашни компенсация сифатида малакалашни қонунчиликка киритиш масаласини ўйлаб қўйинглар, – деди раис бошяланг опага юзланиб. – Масалан, одам ўлдирсанг, узр сўрайсан. Қасддан қилинган бўлса, жарима ундирилади.

– Ажойиб таклиф, – деди бошяланг опа. – Чет эл нашрлари танқид қилади, аммо маҳаллий жамоатчиликни тоза кулдирамиз.

– Керак бўлса чет элликларни ҳам кулдирамиз. Қонун лойиҳасини Telegram’имга ташланг. Файлга пароль ўрнатинг, акс ҳолда яна компьютеримдан хотиним топиб олиб кулиб юрак ўйноғи бўлиб қолади. Қонунчиларингиздан зўр юморист чиқади, деди.

– Қайси меъёрий ҳужжатга кулди? – деб сўради бошяланг аёл.

– Пойтахтда ишга жойлашиш учун пропискадан ўтиш шарт, пропискадан ўтиш учун ишга жойлашиш шарт деган мазмундаги меъёрий ҳужжат эди, шекилли. Бунақа ғаройиб лойиҳаларингиз кўп, қайси бирини эслаб қоламан. Хўш, энди саноатга ўтсак, – раис боши кал кишига юзланди. – Завод очадиган компаниялар сони йигирматага яқинлашиб қолдими?

– Дунёда нечта бренд бўлса, ҳаммаси заводини очади, деб хабар тарқатяпмиз, – деди калбош шошилганча. – Натижа ёмон эмас – ўтган галги хабаримизга интернетда кулги тугмасини босганлар сони йигирма мингга етди. Учта комедия гуруҳи ва тўртта қизиқчининг мавзусига айландик. Концерт залида бир отахон кулиб шайтонлаб қолди, бунда бизнинг ҳиссамиз борлигига шубҳам йўқ.

– Диверсификация масаласини ҳам ўйлаш керак. Фақат машина заводи эмас, масалан, спутник ишлаб чиқариб Хитойга сотамиз, Марсни ўзлаштириш беш йиллик режаларимизга киритилган мазмунидаги хабарлар ҳам оммага керак. Олимларимиз яратган янги поезд Илон Маскнинг технологик поездидан юз километр/соатга тезроқ ҳаракатланишини таъкидлаш лозим.

– Хўп, бўлади, – деди калбош.

– Интернет нархини 1 доллар қиламиз денглар, 8G ишга тушишини айтинг. Бор фантазиянгизни ишга солинг. Керак бўлса циркда малака ошириш курси ташкил этиб бераман. Одессалик тажрибали масхарабозларни инструктор сифатида ёллаймиз.

– Қўлимиздан келмаган иш йўқ, – деб сохта ғурурланди қизил галстукли иштирокчиларнинг бири. – Қизиқчиликни бизга қўйиб беринг. Мактабда ўқитувчи чиқиб кетгач, унинг ҳаракатларини ўртоқларимга такрорлаб берардим. Мана йўлимни очиб катта бир қўмита раиси бўлдим. Албатта, сизнинг қўллаб-қувватлашингиз остида. Шундай экан, қизиқчилик уёқда турсин, минбарда туриб вовулласак вовуллаймиз, аммо одамларни ишонтирмай қўймаймиз.

Ён-атрофдан «уддалаймиз», «қизиқчилик иш бўптими», деган ваъдасимон хитоблар янгради. Раис мамнун кайфиятда:

– Энг муҳими, ҳар куни бир-бирига ўхшамаган янги мавзу топиб беринг. Мантиқли мавзу бўлиши шарт эмас. Асосийси, парадоксал ва популистик мазмунда бўлсин. Одамлар биздан фақат шуни кутади, – деди.

…Шундан сўнг йиғилишнинг асосий мавзуси маблағ ва иқтисодиёт бўлди. Электр токи етиб бормаган олис қишлоқларда рақс мактаби очиш, вилоятлардаги моддий эҳтиёжманд оилалар фарзандларига пойтахтда бепул ҳовузлар қуриш, макулатура йиғишга банкирларни жалб этиш, Кариб ҳавзасидаги митти давлатлар учун визани бекор қилиш, АҚШ ва Европадаги инвесторларимиз бош сайтларининг инглизча талқинини яратиш (афсуски, барчаси ўз тилимизда), чўл зоналарида китнинг уруғидан мушк ишлаб чиқарувчи фабрика ташкил этиш, доллар кўтарилишига чора сифатида ичкилик нархини тушириш ва жамоат жойларда чекишга рухсат бериш каби ишлар келишиб олинди.

Бошқа режаларни кейинги блогпостларимизда ёритиб борамиз.

Сарвар уста

 

daryo.uz