Ҳикоя: Номус бадали

0

Ёзнинг охирги ойи. Оқшом. Майдалаб ёғаётган ёмғир анҳор юзини силарди. Шамол эсганида оқар сув мавжланар, соябон остида турган Зарина бу мавжларга тикилганча хаёл сурарди. Ҳозир у ҳомиладор эканини билди. Шифокорга илжайиб қўйди-ку, аммо ўзини саросима босди. Елкасига тоғ мингашиб олгандай бўлди.  «Ҳозирдан бутун хаёлим шу болада бўлса, — ўйланди у, — туғилса нима бўларкин? Мен ўзим-чи, тайёрманми шунга? Мендан яхши она чиқармикин?»

Жувонни яна ваҳима чулғай бошлаганида, бирдан шамол турди. Хаёлини жамлаб олган Зарина нимчасининг олдини маҳкамроқ ёпди-да, уйига йўл олди. Юзида нимтабассум…

Зарина бола дарагини Санжарга етказишга ошиқиб, еттинчи қаватга гўё қанот қоқиб чиқди. Санжар ошхонада экан. Дераза томон тикилиб, ўйчан ўтирганидан Заринанинг келганини ҳатто пайқамади ҳам. Заринанинг шўхлиги тутиб, оёқ учида юриб, «ваҳ» деганича елкасига қўл ташлади.

— Биз келдик!!!

Зарина Санжарнинг қайрилишини кутди. Аммо… Унинг кўзларидаги ночорлик, тушкунликни кўриб, кулгиси ўчди.

— Тинчликми? Нега бунақа ўтирибсиз, мазангиз йўқми?

Санжар чуқур хўрсинди. Зарина биларди, ҳозир ундан гап олиб бўлмайди. Шу боис тили учида турганини ичига ютиб, рўпарасидаги стулга ўтирди.

— Кимдир ўламан, деса, — қовоқ уйди оқ-сариқдан келган, асабийлашса юмалоқ юзи худди ҳозиргидай қизил тусга кирадиган Санжар, — кимдир, куламан, деркан-да, а?.. Биз ҳам билайлик, нимадан бунақа хурсандсиз?!

— Сизда учта имкон бор, топсангиз…

— Сен ҳам бугун асабимга тегмагин, илтимос! Ўзи шундоғам пичоқ устида ўтирибман!

— Мен боя УЗИга тушдим! — Зарина расмиятчилик оҳангига кўчди.

— Хўш?!

— Ҳомиладорман!

— Ҳомила?! Қ-қанақасига, ахир?..

— Ўн ҳафталик бўлибди. Олти ойдан кейин она бўларканман.

Зарина Санжардан кўз узмади. Рағбат кутди. У эса мушт егандай карахтланиб қолди. Олов қаъридан чиққан темирдай, қип-қизил тусга кирган юзини ишқаб, охири столга мушт урди. Сўнг бир нуқтага тикилиб ўйлади.

— Маринага телефон қилишимиз керак?!

— Бировга нафи текканми унинг?

— Ҳамма котиба деб менсимайди-ку, лекин у шунақа вазиятда нима қилиш кераклигини билади.

— Худди бир жиноят қилгандай гапирманг.

— Болани олдириб ташламасак бўлмайди!..

Кутилмаган бу гапдан Заринанинг қорачиқлари кенгайиб кетгандай бўлди.

— Нега? Ахир, ахир юраги ура бошлаган-ку?

— Яна икки-уч йилдан кейин бўлса майлийди, ҳозир даҳмаза бўлади. Энди карьерангни йўлга қўйганингда, ўз оёғингга болта урмоқчимисан? Бунақа контракт, бунақа ҳомийлар эртага келмайди, шуни тушуняпсанми? Бутун жамоа сенга кўз тиккан…

— Билмасам, — Зарина гўёки ёмон нарсадан тўсгандай, қорнига қўлини қўйди. — Юрагим остида яна бир юрак ураётганини ўйласам, еттинчи осмонда юргандайман. Мендан бахтли одам йўқдай дунёда.

— Уф-ф… — бошини эгиб хўрсинди Санжар. — Ўзи бир келса, қўшалаб келиши рост экан-да. Бу ташвишлар қачон тугаркин-а?

— Боланинг ташвиши…

— Бола деявермагин! Камига никоҳсиз…

— Ҳали туғилмаган болани мунча ёмон кўрдингиз?!

Аччиғи чиққан Зарина ўрнидан туриб, ўзини эшикка урди.

— Мен бу болани, — ортидан ўшқирди Санжар, — ҳеч қачон ўзимники деб қабул қилмайман! Уйга киритади, деб хомтама бўлма!

Зарина хонасига кириб, эшикни қулфлади. Ётоғига ўзини отмоқчи бўлди-ю, аста ёнбошлади. Хўрлиги келиб, кўзига ёш олди. Биргина савол юрагини тирнарди: «Бошқача бўлиши мумкинмиди?»

Эсида, Санжарни учратганида Зарина ўн саккизда эди. Модель бўлиш истагида ёнарди. Биргина чирой ва ғайрат кифоя қилмаслигини тушуна бошлаган кез Санжар пайдо бўлди. Бошқа изма-из      таъқиб қиладиган йигитлардан дангал, ўткир чиқди. Фотостудиядан муқим жой ҳамда марказдан уй таклиф этди. Узук тақиб, севги изҳор қилди.

— Қизиқмисиз, Санжар, — шошиб қолганди Зарина,  — сизнинг оилангиз бўлса, мени нима қиласиз?!

— Бу менга тўсиқ эмас! — Санжар қиз қаршисида тиз чўкиб ўтирди.

— Сизга бефарқ эмасман-у, бунчаликка боради, деб ўйламаганман.

— Сен меники, фақат меники бўлишинг керак! Биров илиб кетишини ўйласам, кечаси ухлолмаяпман.

— Бунга тайёр эмасман, биров эшитса…

— Зарина, мен томон яна бир қадам ташла, сенга юрагимни бераман! Орзунгга етасан! Сендан бахтли одам бўлмайди дунёда!

Гарчанд Зарина ўша куни иккиланган бўлса-да, бир ухлаб туриб фикрини ўзгартирди. Тушида Санжар бошқага севги изҳор этаётганини кўрди. У ўйлагандики, бир нимадан кечмагунча, бошқасига эришиб бўлмайди. Орзу йўлида шу керак экан, демак, уни қабул қилиш лозим.

* * *

Зарина мижжасини эрта саҳар очди. Беҳол, мадорсиз бўлса-да дори ичиб, фотостудияга борди. Бутун жамоа унга суқ қараганидан диққати ошиб, ўзини кўчага урди. «Ё Санжар ҳақмикин?» деган ўй ўртаб, икки ўт орасида қолди. Ёнидан ёши катта бир аёл ўтганида, кўз олдига онаси келди. Аввалига нажот чашмаси топгандай шодланиб кетди-ю, кейин розилигисиз уйдан қочганини эслаб, мулзам бўлди.

«Қувиб юбормас, ўгай бўлса ҳам она-ку», деган ҳадик билан бориб, бир кун ҳаммага танилиб, орзулари рўёбга чиққан қиз бўлиб босмоқчи бўлган остонани юрак ютиниб хатлади. Онаси ҳовлида елпиниб ўтирганди. Туришидан эркакшодалиги аён, бировга ёмонлик тиламайди-ю, куйиб-пишиб ҳам ётмайдиган бу аёлга нигоҳи тушиши ҳамон Зарина жойида қотди. Онаси қаддини ростлаганида, олдинга уч қадам ташлаб салом берди. Алик олинмади…

— Нега келдинг? — қўлидаги елпиғични белига тираб, қош чимирди онаси.

— Мен… Зарина Сатторованинг уйини қидириб юргандим, — ўзига ёпиқлигини билган Зарина аёлнинг юрагига бошқа томондан йўл қидирди. — Сиз онаси бўласизми?

— У қиз бошига ташвиш тушсагина эсларди, бу гал нима қилғилиқ қилди?!

— Ўзи-ку орзусига етай, деб қолди. Суратлари журналларда босилиб чиқди…

— Қуллуқ-қуллуқ, — деди аёл тагдор қилиб.

Зарина унга ҳомила ҳақида айтиши мумкинлигини ўйлади.

— Қизингиз ҳомиладор экан, — базўр тилга кирди Зарина.

Аёлнинг туси бироз ўзгарди. Бир муддат жим қолиб, кейин овозини баландлатиб гапирди:

— Илоҳим, йўлини берсин. Никоҳсиз юрмаяптимикин, ишқилиб?!

Ўгай она бу гапни шу қадар бепарволарча айтдики, қизнинг эти жимирлаб кетди. Сўнг яна сўз очди:

— Мен… қизингиз катта шартномага қўл қўйган. Уни бузса, ҳамма топганларини йўқотади. Балки… шунга бола ҳақида…

— Аввалроқ ўйлаш керак эди! — деб юборди аёл.

Заринанинг томоғи қуриди. Она шунақа бир ғазаб билан қарадики…

— Оғир касал бўлиб жонлантириш бўлимида ётганингни эслайсанми? .. Ўшанда билмаган эканман-да ким бўлиб улғайишингни.

Бу гап Заринани тешиб кетди. Аёл унга, барибир, ўгай эканлигини кўрсатиб қўйишни истадими, елпиниб-елпиниб данғиллама уйга кириб кетди. Қизга на «кет» деди, на «кир» ишорасини қилди. Зарина мулзам қолди.

«Кеча оиламдан кечгандим, — ўйланди у, — бугун боламдан кечмоқчиман. Эртага-чи?  Эртага нимадан кечаман?!»

Зарина ҳовлида кўп турмади. Ҳали совиб улгурмай, Санжар масаласини ҳал этишга отланди. Санжар эса уни бошқача бир мулозамат билан кечаги ошхона томон олиб бориб, шамлар қўйилган    дастурхон атрофига ўтқазди. Зарина ҳам ажабланиб, ҳам ҳадиксиради. «Нимани кўзлади экан?» деб ўйлаганида Санжар хонадаги чироқни ўчириб, шам ёқди. Олдига шарбат қўйди.

— Ич, болага фойда…

— Кеча йўқотмоқчи бўлганингизга бугун ғамхўрлик кўрсатяпсизми?

— Мен… — Санжарнинг кўзлари олайиб, оҳанги ўзгарди, — ҳозир ҳам уни йўқотмоқчиман!..

Зарина қўрқиб кетди. Сапчиб ўрнидан турди. Лабларида титроқ пайдо бўлди. Сўнг бирдан ўзини тутди-ю, кўзларини бир нуқтага қадаб гапирди:

— Бўйнингизга осилганим йўқ эди, сиз ўзингиз…

Санжар ўз муддаосини ўртага тиқди:

— Шартномада сенинг ҳам имзонг турибди, эртага иккаламизга ҳам ёмон бўлади.

— Агар сизни шу қийнаётган бўлса, ўша ҳомийлар билан ўзим гаплашаман. Улар ҳам одам…

— Сен ўзгариб қолибсан, Зари! Худди биров сенга гап ўргатаётганга ўхшайди.

— Мен энди ўн саккиз ёшли тентак қиз эмасман. Ўйлаб қадам босмасам…

— Нима бўлади?! Хўш…

Шашт билан ўрнидан турган Санжар Заринани айланиб ўтиб, елкасига қўлини қўйди. Қаттиқ сиқди, пастга босди.

— Қўйиб юборинг, илтимос…

Санжар энди паст ва таҳликали овозда Заринанинг қулоқлари остида шивирлай бошлади:

— Гапим рост! Сени учратмасдан олдин маишатдан ортмай, топганимни қиморда совурардим! Битта сен мени одам қилиб юрибсан. Шайтонга жой бермаяпсан. Мен сенинг маҳбусингман…

— Мен ҳам шунча пайт, — Зарина Санжарнинг қўлларига таслим бўлиб, уларга суйкалди,  — фақат пулингиз учун яшаб юрганим йўқ. Сизга боғланиб қолганман. Бу бола бизларни янаям…

— Шу болани йўқотсанг, — Санжар бўғиқ ва паст овозда гапирарди, — бизни катта бахт кутиб турибди, катта бахт.

Зарина унинг оҳангидан шунчалар қўрқиб, ўзини эшикка урганида, Санжар қўлидан тутиб қолди.

— Қўйиб юбор!  — бор овозда бақирди Зарина. — Қўлингда   бошқа эрмак бўлмайман! Ўзингга бошқа қўғирчоқ топ!

— Ичимдаги шайтонни қўзғама, Зари! Ўзингга ёмон бўлади!

Зарина Санжарнинг юзига тарсаки туширди. Санжар кафтини шапалоқ тушган юзига босди. ўалати илжайди-да, у ҳам Заринанинг юзига шапалоқ тортди. Ерга йиқилгани ҳамон, қорнига тепди. Зарина оғриқдан қичқириб юборди…

Зарина кўзини шифохонада очди. Қорнида кучли оғриқ бор эди. Боласидан айрилибди. Дунё кўзига қоронғи кўриниб, совуқ урган дарахтдай қуруқшаб, ранги  ўчди. Энди уни тан азобидан ҳам кўра, руҳий изтироблар қийнарди: «Бошқача бўлиши мумкин эди-ку! Ўшанда бир нарсадан кечмагунча, бошқа нарсага эришиб бўлмайди, дея, тарозининг бир палласига шаъни, ғурури, номусини қўйиб, нимага эришишни кўзлади? Буларнинг тошини босадиган нима бор асли? Бировнинг бахтига зомин бўлиб, қараган кўзлардан уялиб, худди жиноятчидай дамини ичига ютиб яшаб, бахтли бўлиш ҳам мумкинмиди? Эгри йўлдан юриб, саодатни учратиб бўладими? Ўзини сотган кишининг насибаси бошқача ҳам бўлмаслиги керак…»

Азиз ОЛИМЖОН

ФИКР БИЛДИРИШ

Please enter your comment!
Please enter your name here