Конор Макгрегор номаълум шахсга ҳужум қилган навбатдаги видеоси тарқалди

0

TMZ сайти UFC’нинг икки вазн тоифасида собиқ чемпион ирландиялик Конор Макгрегорнинг номаълум шахсга ҳужум қилган видеосини намойиш этди.

Воқеа жорий йилнинг апрелида Дублиндаги барлардан бирида рўй берган бўлиб, Макгрегор ўз компаниясига тегишли бўлган Proper Twelve вискисини сотиб олган ҳамда у билан бардагиларни меҳмон қилмоқчи бўлган. Бироқ, бар мижозларидан бири унинг меҳмондўстлигини бир неча бор рад этган. Оқибатда, Конорнинг жахли чиқиб, унга қўл кўтарган. Ушбу ҳолатдан кейин бар хизматчилари Макгрегорни ташқарига олиб чиқиб кетишган.

Қайд этиш жоизки, ирландиялик жангчи билан кўп бора шу каби ҳолатлар учраб туради. Жумладан, ушбу йилнинг мартида Конор Макгрегор АҚШдаги Фоненблеау меҳмонхонаси ёнида йиғилиб турган мухлислардан бирининг телефонини сабабсиз олиб, ерга уриб синдириб ташлаганди.