Самарқандлик 14 ёшли бемор ўсмирни шифохона врачлари маст ҳолда қабул қилганмиди?..

0

 

Шу ҳақдаги видеолавҳа интернет сайтларида берилганди. Унда 14 яшар ўсмир шифохонага тирик ҳолда олиб келиниб, уйга жасадини олиб кетишгани, беморни маст-аласт врачлар қабул қилгани айтилганди. Шу масалага республика соғлиқни сақлаш вазирлиги мутасаддилари ойдинлик киритди.

Уларнинг айтишича, 1 август кечки соат тахминан 17: 00 да Республика тез тиббий ёрдам кўрсатиш марказининг Самарқанддаги шоҳобчасига 14 яшар А. И. ни йўловчи машинада олиб келишган. Яқинларининг айтишича, ўсмир бозорда курсида ўтирган кўйи кутилмаганда ҳушидан кетган.

Врачлар текшириб кўриб, ўсмир биологик ўлим топганини айтишди. Шунга қарамай, марҳумнинг қариндошлари юрагида уқалаш амаллари бажарилиши, кислород берилишини талаб қилишган. Аммо бунинг фойдаси бўлмаган. Сабаби, ўсмир биологик ўлимга юз тутиб бўлганди.

— Марҳумнинг қариндошларига у оламдан ўтиб улгургани, буёғига тиббий ёрдам кўрсатишнинг фойдаси йўқлиги уқтирилишига қарамай, — дейишди вазирликдагилар. — Яқинлари врачларни ҳақоратлаб, босим остида жонлантириш амаллари ташкил этишга мажбурлашган. Қолаверса, улар врачларнинг барчаси маст ҳолда бўлганини айтишган.

— Иш вақтида биздаги ҳеч бир ходим спиртли ичимлик истеъмол қилмаган, — деди марказ директори Акбар Тиляков. — Интернетдаги бизга қарши айтилган гапларнинг барчаси бўҳтон. Башарти врачлар маст ҳолда болани қабул қилганда, қариндошлари еб ташлаган бўлишарди…

Маълум қилиндики, республика соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳуқуқни муҳофаза қилиш ташкилоти ходимларидан қонунда кўрсатилган тартибда интернетга ёлғонга қоришиқ видеолавҳа жойлаштирганларга ҳам жазо белгилашни сўраган. Бундай ёлғонлар халқ орасида тиббиёт ходимларига бўлган ишонч йўқолишига олиб келишини алоҳида таъкидлашган.

uznews. uz/ru