ШАЙТАНАТ… (134-қисм)

0

 

 

* * *

 

Бу сафар ҳам одати канда бўлмади, қўлга олинган қовурғанинг ярми ҳам ейилмади. «Сен еявер, қорним тўқ», деган даъватга «Болалар билан едим», деган ёлғон жавоб овқатланиш жараёнига якун ясай қолди.

Асадбек қўлини сочиққа артгач, Манзура чой қу-йиб узатди-да: — Қамар ака чиқувдилар, — деб «нимага чиққанларини айтаверайми?» дегандай савол назари билан қаради.

— Тинчликми, нимага чиқибди? — деб сўради Асадбек.

— Сизда маслаҳатли ишлари бор экан.

— Сенга айтмадими?

— Бир учини чиқаргандай бўлдилар.

— Қани, сен ҳам ўша учини чиқар-чи?

— Уйни сотишмоқчимишми?

— Нега?

— Учта ўғилни уйли-жойли қилишга қийналишаётганга ўхшашади. Кенжаларини уйлай десалар ортиқча хона йўқ. Ҳукуматнинг уйларидан икки хона-икки хонали қилибми сотиб олишса керак. Самадингиз гаплашаётганди. Қамар ака ҳамма дардларини унга айтгандирлар, хотин кишига айтармидилар.

Асадбек хотинининг гапларини эшитиб «Бугун фақат уй можароси бўладиган кун эканми?» деб қўй- ди-ю, қўшнининг дардига оид бирон сўз айтмади.

Чой оғзига бемаза туюлиб, пиёлани дастурхон устига асталик билан қўйди. Аввалги даврлари бўлганда «нима бало, хашак солиб дамлаганмисан?» деб тўнғиллар ёки пиёлани дўқ этиб қўяр, ёинки жаҳли чиқиб турган бўлса, чойни сепиб юборарди.

Шунда хотин бечора ҳадик билан сапчиб туриб, бошқа чойнакда чой дамлаб келарди.

Аммо янги дамланган чойдан ҳам ичилмасди. Чунки аслида чой бемаза эмас, кайфиятнинг мазаси бўлмасди. Асадбек ғазаб отидан тушгани билан кўнгли на овқат, на чой тусарди. Эр-хотин дам-бадам бир-бирларига қараб қўйиб, жимгина ўтиришарди.

Асадбек жағи-жағига тегмайдиганларга тоқат қилолмас, хотинининг камгаплигидан мамнун юрарди. Бироқ, ҳозиргидай ҳолларда унинг гапириб ўтиришини истади. «Нимани гапирса ҳам майли, жавраб турса бас», деб хотинига умид билан қаради. Йўқ, Манзура жаврамади. Мўъминалик либосини ечмади. Илгари ҳам, айниқса Зайнабнинг тўйидан сўнг мана шу тарзда икковлон кўп ёлғиз ўтиришарди. Лекни унда Асадбек ёлғизлик тўрида сиқилмасди. Ҳозир сиқилди, ёмон сиқилди.

— Адаси, чойингиз совиди, қайноғидан қуяйми? — Манзура шундай деб пиёлага қўл узатди.

Асадбек «Йўқ, керакмас», деган маънода кафтини пиёла устига қўйди. Кейин маъсума хотинига қаради-да:

— Манзур, ёшлигимизда биз ҳам шаҳар айлангани чиқармидик? — деб сўради.

Кутилмаган бу саволдан Манзура гангиб:

— Вой, шаҳарнинг нимасини айланардик? — де-ди.

— Ҳа энди, мундоғ «айлантириб» дейиладими ё «ўйнатиб» дейиладими, марожний-парожний олиб берганманми? Мана, болаларинг кетишди-ку?

— Буларнинг замони бошқа, бизники бошқа эди, адаси.

— Бўпти, бор, кийиниб чиқ. Биз ҳам янги замонни бир кўрайлик.

Асадбек «Манзур» деб гап бошлаганида у бир ажабланган эди. Чунки эри асосан унга «ҳей» деб мурожаат этар, меҳмон ҳузурида эса «онаси» дер, жуда кам ҳоллардагина эркалагувчи самимий оҳангда «Манзур» деб чақирарди. Дастлабки ажабланиши сўнмай туриб сайрга таклиф этилиши унга ғалати туюлди. Эрига «ҳазиллашаяпсизми, адаси?» деган маънода қараб, балога қолай деди.

— Имилламасанг-чи, тур тезроқ, — деди Асадбек пўписа оҳангида.

Битта машинани Абдусамад, иккинчисини Ҳалимжон ҳайдаб, ёшларни сайрга олиб кетишган эди. Манзура амрга итоат этиб ўрнидан турди-ю, «Машина йўқлигини адаси унутдилармикин», деган хаёлда:

— Машина… — деб гап бошлаган эди, «Ишинг бўлмасин», деган қўпол жавобни эшитди.

Асадбекнинг бу қилиғи Манзурагагина эмас, болохонадаги йигитларга ҳам ғалати туюлди.

Улардан бири шошганича пастга тушди, кўчада хотинининг ёнида хотиржам бораётган хожаси изидан бир оз тикилди. Асадбек ҳеч қачон машинасиз кўчага чиқмасди. Бирор ёққа кетаётган бўлса дарвозадан чиқиш олдида уларга нимадир деб қўярди.

Йигит пича тек тургач, содиқ мулозимлик вазифасини бажариб, саккиз-ўн қадамлик масофани сақлаган ҳолда изма-из юра бошлади. Буни сезган Асадбек тўхтаб, орқасига ўгирилди.

Йигит ҳам тўхтаган эди, имлаб чақирди-да, у яқинлашгач: — Изимдан юрма, — деди. — Ҳалим аканг келса, айт, уйига кетаверсин. — Асадбек бироз ўйланди-да, қўшиб қўйди: — Акаларинг келишганидан кейин сенлар ҳам уйларингга кетаверларинг. Эрталаб Ҳайдар акангга учрашсаларинг, бундан бу ёғига нима иш қилишларингни айтади.

Йигит «хўп» деди-ю, аммо ҳайронлигини яширмай, қараб тураверди.

— Ҳа, гапимга тушунмадингми? — деди Асадбек, қошларини чимириб.

— Тушундим, Бек ака… Ҳовли… ёлғиз қоладими?

— Сен ташвишланма, кетавер, бизни бўри ермиди, акаси.

Йигит изига қайтгач, эр-хотин катта кўчага чиқишди.

— Машина тўхтат, — деди Асадбек, кейин кулимсираб қўшиб қўйди: — хотинларга тўхташи осон- роқ.

Машиналарнинг тўхташи осон бўлмаса-да, четроқда турган Асадбек ғашланмади.

Кузатиб тураверди. Аксинча Манзура «Ношуд!» деб сўкиб қолмасалар эди, деб ташвишланди.

Ниҳоят, бир машина тўхтагач, Асадбек яқинлашиб, манзилни айтди:

— Анҳор бўйига.

— Қанча берасиз? — деди ҳайдовчи.

Асадбек унга жавоб бермай, Манзура учун орқа эшикни очди-да, ўзи олд ўриндиққа ўтирди.

— Акажон, кира ҳаққини келишмадик-ку? — деди ҳайдовчи.

— Сен аввал олиб бориб қўй, келишаверамиз, — деди Асадбек эшикни ёпиб.

— Ҳисобли дўст айрилмас, деган гаплар бор.

— Менга дўстмисан ҳали, унда текинга олиб бориб қўясан. Мен дўстларимга пул бермайман.

— Энди ака…

— Бўлди, мижғовлик қилма. Пул ишлайдиган одам шунақа имижиқи бўладими, э сўтак! —

Асадбек аччиқланиб, чўнтагидан ўн сўмлик чиқарди-да унинг тиззаси устига ташлади.

«Сўтак» дейилганига ичи оғриб бир нима демоқчи бўлган ҳайдовчи ўн сўмликни кўриб, тилини тишлай қолди. Ўзича ҳисобни тўғрилаб қўйди, икки сўми кира ҳаққи, саккиз сўми «сўтак» деб ҳақорат қилгани учун жарима…

Анҳор бўйлаб юриш Манзура учунгина эмас, Асадбекнинг ўзига ҳам дастлаб ғалати туюлди. Атрофга қараб енгил тортди: қучоқлашгудай бўлиб бир-бирининг пинжига кириб бораётган ёшлардан ташқари чол-кампирлар ҳам, болаларини ўйнатгани олиб чиққан жувонлар ҳам сайр қилишарди. Бировнинг бошқаси билан иши йўқ… Ҳеч кимнинг, жумладан, Асадбекнинг соядек илашиб юрадиган қўриқчилари ҳам йўқ. Шундай яшаса ҳам бўлар экан-ку? Эркин ҳаёт деб шунга айтилмайдими?

— Манзур, бундан бу ёғига болохонада одам ўтирмайди, — деди Асадбек.

Бу янгиликни эшитиб, Манзура беихтиёр «вой» деб юборди.

— Қўрқасанми? — деб сўради Асадбек.

— Йўғ-а, нимадан қўрқаман, — деди Манзура.

— Энди келинлар бор, тепадан кўзларини лўқ қилиб ўтириши менга ёқмаяпти.

— Тўғри қиласиз, адаси, келинларингиз ҳам «бу-лар нима қилиб ўтиришади», деб ҳайрон бўлишув- ди.

— Шунақами? Сен нима дединг?

— Булар қариндошларимиз, институтга киришга дарс тайёрлаб ўтиришади, дедим.

— Боплабсан-ку, шу пайтда институтга кирадими?

— Нима дейишим керак эди?

— Ҳа, майли, институтга кирмайдиган бўлиб, қайтиб кетишди, деб қўясан энди, — деди Асадбек кулиб.

Шундан сўнг гап халтаси бўшаб қолгандай индамай кетишди. Бундай юриш Асадбекка ёқмай:

— У томонларда ҳаёт қандай экан, айтиб ҳам бермадинг, а? — деди.

— Мавриди бўлмади-ку, — деди Манзура айбли оҳангда.

— Одамларининг муомаласи қанақа экан?

— Тилларига тушунмасам… Лекин қўни-қўшни бир-бирини танимас экан, оқибат ҳам қилмас экан.

— Қўни-қўшниларнинг бир-бирларини танимаганлари ҳам маъқул. Тинч яшашади, ғийбат қилишмайди.

— Вой қўйинг-е, ёмон бўлса ҳам қўшнининг бори яхши.

— Сен ўша томонларда қолиб яшаган бўларми- динг? — деб ўсмоқчилаб сўради Асадбек.

— Ўлсам ҳам яшамасман.

— Келинларинг ўйимизга кетамиз, дейишса, ўғилларинг уларга қўшилиб жўнашса-чи?

— Вой, нафасингизни иссиқ қилинг-а, тавба денг, ўзим юрагим ҳилвиллаб турибди. Бунақа гапларни бошқа гапирманг, — кейинги сўзларни айтаётганида Манзуранинг овози титради. Асадбек уни овутиш мақсадида елкасига қўлини ташлади. Манзура бундан чўчиб, ўзини четга олди:

— Вой, нима қиляпсиз?

— Ҳа, нима қилибман, — деди Асадбек, — ўзимнинг ҳаппаи-ҳалол хотинимсан. Ана, қара, ҳамма шунақа юрибди.

— Қўйинг-е, қариганда…

— Мен ҳали қаримадим. — Асадбек шундай деб хотинини қўлтиқлади. Бу сафар Манзура ўзини олиб қочмади.

Кун бўйи машриқда ивирсиб юрган қўнғир булут парчалари шомга яқин бирлашиб, қуёшни бағрига олди. Шуни кутиб турган изғирин қўзғолиб, баҳорнинг тотли нафасини бўғди. Изғирин анҳор соҳили бўйлаб чўзилган сайргоҳга ҳам ҳукмини ўтказа бошлагач, болаларини ўйнатгани олиб чиққан жувонлар уйларига шошилдилар. Сўнг кексалар кўринмай қолишди. Унда-бунда, дарахт паналарида қоронғу тушишини интиқ кутаётган жуфт-жуфт ёшларгина қолишди.

Эрининг ёнида аста юриб бораётган Манзурага бу сайр хуш ёқаётган бўлса-да, кўнглининг бир чеккасини ғашлик сўнаси кемириб ётарди. У эридаги бу ўзгариш сабабини билишни истарди. «Бир тоғнинг ўз ўрнидан қўзғалиб, бошқа ерга кўчганини эшитсангиз ишонинг-у, бироқ, одамнинг феъл-табиати, қалби ўзгарибди, дейилса инонмангиз», дейилмиш экан. Шунга кўра эридаги бу ўзгаришнинг яхшилик нишонаси эканига Манзурада гумон бор эди.

Хотинлар давра қурувчи зиёфатларда айрим жувонлар «Шундай одамнинг хотини-я!

Егани олдинда, емагани ортида, айтгани айтган, дегани деган. Мунчалар бахтли экан-а, бу аёл!» деб ҳавас қилишса, Манзура чиндан ҳам бахт эгаси сингари жилмайиб қўярди. Ҳолбуки, бахтлими ёки бахтсиз эканини ўзи ҳам аниқ билмасди.

Агар аёлнинг устара тиғи устида яшаши бахт де-йилса — Манзура ростдан ҳам бахтли.

Эрининг ҳар бир хатти-ҳаракатини ҳадик билан кузатиш, кечки пайт эри остона ҳатлаб ҳовлига кириб келгунига қадар минг турли ҳавотир тиканлари устида ялангоёқ югурмоқ агар бахт дейилса — Манзурадан ўзга бахтлироқ аёл йўқдир.

Агар эри уйга қайтмаган тунлари бешикни қучоқлаб, тиқ этган товушга ҳадик билан қулоқ тутиш, тонг-ни ўзи бева, боласи етим ҳолида кутиб олмаслиги учун Худога нолалар қилиб чиқмоқлик бахт дейилса — ҳақиқий бахт эгаси айнан Манзурадир.

Агар бахт фақат емоқ, ичмоқ, ўйнамоқ, кулмоқдан иборат бўлса — Манзурага ҳавас қилса ярашади.

Шундай тарози бўлса-ю, унинг бир палласига емоқ, ичмоқ, кийинмоқ саодати, иккинчисига турмуш ташвишлари-ю, ғам кўланкалари қўйилса балки бахт ҳақиқати аён бўлар?

Агар дунё айланиб, Манзуранинг келинлик онлари қайтса-ю, дейилсаким: «Танла, умринг шу эски ҳовлида ўтсинми ёинки янги, данғиллама иморатда, зебу зийнатлар ичида яшашни истайсанми?»

Манзура шубҳасиз, қайнона-қайнотасининг умри ўтган, эрининг киндик қони тўкилган шу эски ҳовлини, бир тишлам нонни беташвиш емоқ бахтини танлаган бўларди. Не ғамки, инсонга, айниқса ўзбек аёлига бундай танлаш ҳуқуқи берилмаган…

Ҳозир ҳам бу кутилмаган сайрга эрининг хоҳиши билан чиқди. Қовушмаган суҳбат билан овуниб бораётган Манзуранинг зимистон кўнгли шомни доғда қолдирган қоронғуликка монанд равишда янада қорароқ чодирга буркалаётган эди. Ўғилларини Москвада қолдириб келганидан бери тутқун қуш сингари потирла-ётган юраги тағин ҳам ёрилиб кетмайди. Худо тағин ҳам сабр беряпти. Бугундан эътиборан ҳовлиларида пойлоқчиларнинг бўлмаслиги ҳам унинг безовта юрагини тимдалайверди. У эрининг гапига ишонгандай кўринса-да, бу ҳаракат замирига кутилмаган шумликлар яширинганини сезиб турарди. Асадбек «Сен ўша томонларда яшаган бўлармидинг?» деб ўсмоқчилаб сўраганида гўё эри «ҳозир уйга бориб нарсаларни йиғиштир, эрта-индин ўша ёққа кўчамиз», деб буюргандай енгил титраб олди. Қўшниларнинг беоқибатлиги хусусидаги таассуротидан сўнг гаплари тугаб қолгандай бир оз жим юрди. Сўнг муҳим нарсани эслагандай:

— Ресторанларда овқат ейишни яхши кўришар- кан, — деб қўйди.

— Хотинларини авайлашади-да, — Асадбек шундай деб Манзурага қараб қўйди. Худди хотини «Сиз нима учун мени авайламайсиз?» дегандай бўлди. Асадбек қудаларидан фарқли ўлароқ, ресторанларга Манзурасиз борарди. Ресторанда ўтувчи тўй-ҳашамга бирга келишса ҳам айри-айри ўтиришарди. Янги уйга кўчиб ўтишганида Асадбек Манзуранинг оғирини енгил қилиш мақсадида хизматчи ёллаган эди. Уй тутишда ўзининг йўриғи бўлган Манзурага, хизматчи қанчалар чаққон, қанчалар саришталик бўлмасин, барибир ишлари ёқмади. Айниқса етти ёт бегона аёлнинг уйида ивирсиб юриши малол келиб уч кундан сўнг жавобини бериб юборган эди. Эрининг «нега бундай қилдинг?» деган саволига «Қўйинг, болалар билан ўзимиз эплаймиз. Ҳамма ишни хизматчи қилса, болалар танбал бўлиб ўсишади», деб жавоб қайтарган эди. Зайнабни узатишгач, Асадбек яна хизматчи ёлламоқчи бўлганида Манзура рад этди, Асадбек «майли, уйдаги ишлар билан овунади», деб унинг раъйига қаради.

Ҳозир ресторандан гап очилганидан Асадбек хотинини сийлагиси келди. Кўприкка етишганида ўйлаб ўтирмай нариги соҳилга, ундан эса марказ томонга йўл бошлади.

Ресторан сари юришганида Манзура эрига савол назари билан қаради.

— Қорним очди, бир нима еб олайлик, — деди Асадбек бу қарашга жавобан.

Ресторанда одам кўп эмасди. Ичкари кирган Асадбек бир зум тўхтаб, атрофга назар ташлади. Ёшлари ўтиброқ қолган бу эр-хотинга биров эътибор қилмади. Бурчак томондаги стол атрофида давра қуриб, сигарет тутатиб ўтирган хизматчи жувонлардан бири уларга кўз қирини ташлаб қўйди-ю, «истаган жойларига ўтиришсин, шунга қараб биттамиз ўрнимиздан жиламиз», дегандай яна ўз давраси билан машғул бўлди.

Бу ҳолда туриш Асадбекнинг ўзига ҳам эриш туюлди. Узоқ эмас, кечагина ресторан остонасига етмаёқ уни таъзим билан кутиб оладиганлар қани? «Бек ака, тўрга ўтинг…», «Бека ака, қанақасидан қуяй?», «Бек ака, бедана кабобни олиб келаверайликми?», «Бек ака, ашула ёқмаяптими? Ҳозир овозини ўчиради»… Қани бу иззату икромлар?

Отдан тушганидан кейинги аҳвол шу бўладими бундан бу ёғига?..

Асадбек ғашланганини хотинига сездирмаслик учун уни билагидан аста ушлаб, деразага тақаб қўйилган бўш стол сари бошлади. Ўн дақиқа чамаси вақт ўтгач, бўлиққина хизматчи аёл яқинлашди-да, қандай овқатлар борлигини маълум қилди. Асадбек тилга олинмаган таомни сўради.

— Манпар йўқ, умуман суюқ овқат йўқ, — деди хизматчи бир оз энсаси қотган тарзда.

— Унда тобоқи жўжа олиб келинг, — деди Асадбек.

— Бунақасини уйингизга борганда ейсиз, бизда умуман тобоқи бўлмайди, — деди хизматчи энди қўрсроқ оҳангда. Манзура «бу қўрсликдан эрим сачраб кетмасин», деган ҳадикда унга қараб:

— Киевча котлет бераверсин, майли, — деди.

Хотинининг мулойим оҳангдаги бу сўрови бўлмаганда Асадбек чиндан ҳам бир-икки «ширин» гап айтишдан ўзини тиймаган, хизматчи жувон эса шу баҳонада онасининг қайси маҳлуққа қўшилиши оқибатида дунёда келганини билиб олган бўларди. Асадбек «Умринг бўйи киевча котлет ейишни орзу қилиб, энди шу ерда етишдингми?» деган маънода Манзурага қаради-да, хизматчига:

— Иккита киевча котлет. Хотинимнинг боши шунга қоронғу бўлган, — деди.

Жувон бу ҳазилга эътибор бермай, дафтарчасига буюртмани ёзди-да, «Яна нима?» деб сўради.

— Бўлди, — деди Асадбек.

— Салат… вино?..

Хизматчининг таклифлари чала қолди. Асадбек қўпол равишда:

— Нима кераклигини сенга айтдим, — деди.

Хизматчи жувон энсаси қотганини яширмай бурилиб кетгач, Асадбек сўкиниб қўйди.

— Уйга бора қолсак бўларди, — деди Манзура, ялиниш оҳангида.

— Йўқ, котлет, дедингми, энди ейсан шу котлетни, — деди Асадбек.

— Вой, қорним тўқ, — деди Манзура оғир жазога ҳукм бўлган одам каби чўчиб.

Хотинининг бу саросимасини кўриб Асадбек кулиб қўйди:

— Ке, энди сен ҳам бир яйраб ўтиргин. Бизнинг қудаларингдан камимиз борми? Биз ҳам еб кўрайлик ўша котлетни. У ёқлардаги хизматчилар қанақа экан, шунақа лопиллаган хотинларми?

— Йўға, у ёқда ёш йигитлар хизмат қилишаркан. Шамолдай елиб-югуришади, барака топгурлар. Дастурхонга битта ушоқ тушса дарров тозалашади. Мен ўзимизнинг одатимизни қилиб қошиқни сочиққа артсам, Ҳамидингиз «унақа қилманг, хизматчи йигитни балога қўясиз», дейди.

— Нега? — деб ажабланди Асадбек.

— Хўжайин кўриб қолса «қошиқни яхши тозаламай қўйган экансан», деб уни ишдан ҳайдаб юборарканда…

Ниҳоят, киевча котлет ҳам келди. Асадбек санчиқда бир тишлам узиб олиб, оғзига солди-ю, туфлаб ташлашни ёки ютишни билмай, жавдираб қолди. Манзура эрининг ҳолини фаҳмлаб кулдонни у томон сурди-да:

— Кўнглингиз тортмаса еманг, адаси, — деди.

Асадбек чала чайналган қиймани ташлади-да, баланд овоз билан хизматчи аёлни чақирди. Манзура жанжалнинг ҳиди келиб қолгани сабабли туришга тараддудланди.

— Адаси, юринг, кетақолайлик, болалар ҳам қайтишгандир.

— Ўтир, — деди Асадбек амр оҳангида. — Мен бу ерга овқат егани келганман.

Иккинчи чақиришдан сўнг хизматчи келди-да «Бунча бетоқатсиз?» дегандай қошларини чимирди.

— Ўтир, — деди Асадбек.

— Мижозлар билан ўтириш мумкинмас, — деди хизматчи.

— Мен сенинг мижозингмасман, ўтир дегандан ке-йин ўтир.

Оппоқ сочли бу одамнинг кўзларида чақнаётган қаҳр-ғазаб учқуни хизматчини омонат тарзда бўлса-да, ўтиришга мажбур этди.

— Мана шу киевча котлетни сенга илиндим. Ол, е! — деб амр қилди Асадбек.

— Қорним тўқ, емайман, — деди хизматчи.

— Тўқ бўлсанг ҳам е.

— Яхши пишмабдими, сизга ёқмадими?

— Еявер, зўр пишган.

Хизматчи бу мижоздан осон қутула олмаслигини фаҳмлаб қиймадан озгина ушатиб олди.

Худди тотли таом еяётгандай чапиллатиб чайнаб, тезгина юта қолди.

— Хўш, ёқдими? Ўлган эшакнинг гўштимиди бу?

— Ёмон эмас-ку, сизга нимаси ёқмади? — деди хизматчи бир ютиниб қўйиб.

Таомнинг ёмон эмаслигига ўзи ҳам ишонмагани учун бу гапни попуги пасайган тарзда, Асадбекнинг кўзларига қарай олмаган равишда гапирди.

— Итга берсанг ит емайди буни, яна ёмонмас дейсан-а! — Асадбек шундай деб бўралаб сўкди-да, ликопчани унинг олдига сурди: — Охиригача ейсан. Емасанг эмчакхалтангга солиб бераман, уйга борганингда кечаси билан кавшаб чиқасан.

— Сиз менга қўполлик қилманг, — хизматчи шундай деб ўрнидан турмоқчи эди, Асадбек уни билагидан ушлаб тортиб, жойига ўтқазиб қўйди. Бунга кўзлари тушган хизматчилардан иккитаси югуриб келишди:

— Натали, нима гап?

— Гражданин нега тўпалон қиляпсиз?

Асадбек уларга бир хўмрайиб қаради-ю, индамади. «Натали» дейилгувчи хизматчига эса яна амр қилди:

— Е!

Кўзлари жавдираб Манзура ўрнидан турмоқчи бўлди:

— Адаси…

— Ўтир жойингга!

Хизматчилардан бири тез-тез юриб қалин парда ортидаги ошхона томон ўтди. Дам ўтмай ўша томонда ресторан хўжайинининг муовини кўринди. У аввалига сочлари оқариб кетган Асадбекни танимади. Дадил юриб келаётиб, Асадбекнинг ўткир нигоҳи билан кўзлари тўқнашди-ю, биров оёғига ўроқ ургандай таққа тўхтади. Шу нафаснинг ўзида тиззасига қалтироқ югурди. Аммо турли одамларни кўравериб, муомаланинг минг бир турини ўзлаштирган муовин тезда ўзини қўлга олди. Нохушликдан хабар бериб, энди эргашиб келаётган хизматчига ўгирилиб, бир нима деб шивирлади. Хизматчи «маъқул» ишорасини қилгач, эпчиллик билан олдинга ўтиб, дугоналарининг ҳимоясига шай турган икки аёлни аста туртди-да, нарига бошлади.

(давоми бор)

Тоҳир МАЛИК

ФИКР БИЛДИРИШ

Please enter your comment!
Please enter your name here