Ўзбекистоннинг “Йўл патрули” жамоаси Эронда ўтказилган халқаро мусобақада кучли учликдан жой олди

0

Халқаро армия ўйинлари доирасида Эронда ўтказилган “Йўл патрули” мусобақаси якунига етди. Сўнгги – тўртинчи босқичда жамоалар автомобиль ғилдирагини тезлик билан алмаштириш ва машинани автотураргоҳга экстремал шароитда жойлаштириш бўйича куч синашди. Унда Ўзбекистон жамоасига тенг келадигани топилмади.

Мазкур шартни бажаришда барча жамоалар хатоликка йўл қўйгани сабаб уларга бир баллдан берилди. Якуний натижаларга кўра, Эрон ва Россиянинг баллари бир хил бўлиб қолди.

Судялар кенгаши томонидан ўтказилган йиғилишда биринчилик мезбон давлат – Эронга топширилиши бўйича қарор қабул қилинди. Ўзбекистон эса 3-ўринга муносиб кўрилди.

Йўл патрули” танловида ҳар бир жамоадан етти киши – бошлиқ, капитан, уч нафар иштирокчи ва икки нафар техник ходим иштирок этди. Танлов “Лада Веста” маркасидаги автомобилларда ўтказилди.

Иштирокчилар халқаро армия ўйинлари давомида экстремал шароитларда автомобиль ёрдамида турли мураккаб шартларни бажариш, белгиланган маршрут бўйича индивидуал пойга, қўл ва жезл ёрдамида йўл ҳаракатини тартибга солиш, ғилдиракларни алмаштириш, ҳарбий-техник эстафета (жамоавий пойга) шартлари бўйича беллашдилар.

Мудофаа вазирлиги Ахборот ва оммавий коммуникациялар департаменти