Ҳақиқий ҳангома мана бунақа бўлади, бўтам!..

0

 

 

СУВАРАК… БОЙ

(ҳажвия)

 

Тўйда

 

Солейкў-ўм! Ўҳў, жамоат жам-ку-а? Ўв, йўл бермайсанми братанингга, бача? Туришингни қара! Қайси суваракхонада тарбия кўргансан ўзи? Ё бизнинг кимлигимизни билмайсанми? Билмасанг, ана, бароқойдан сўра! Бароқой билан кў-ўп ҳамсуҳбат бўлганмиз! Қоч, қоч, оёқ остида ўралашмай, анави ёққа бор! Боя зиёфат қилишувди. Нон увоқлари тўкилган бўлса керак, ўшаларни териб ея қолларинг!

— Ие, ока, кимсиз ўзи? Бизам тўйга келганмиз! Жа-а бўйдор, узун мўйлов, бақалоқман деб ерга уравераркансиз-да одамни! Бизам кўча кўрган сувраклармиз, ока!

— Нима-а? Вей, тирранча! Қайси ахлатхонадан келгансан ўзи-а? Менга тик қарайсанми ҳали? Менга-я? Мен-чи… Мана шу қишлоқнинг бойи бўламан! Тегирмон келиси тагиданам тирик чиққан суваракбойман! Билмасанг, билвол, овсар! Любойингнинг нервингга ўйноқлаб қўяман! Ё кўрсатайми? Айт, кўрсатайми?

— Окахон, узр, узр! Бўлди, тушундик! Биз қуёнмиз, қуён!..

— Қуёнмиш!.. Олдин суваракликни қотириб қўйгин, қизиғар! Битта бўр егулик ҳолинг бор-у, олифтагарчилик қиласан-а! Ҳе тиришган елкангга мўйловимни урай, ит!..

 

Ишхонада

 

— Одамлар инсофсиз бўп кетибди, эгачи! Мен шўрлик тинчгина яшаб турувдим. Хўжайиннинг хотини уёққа ўтсам ҳам, буёққа ўтсам ҳам туртавериб ҳоли жонимга қўймади. Шартакилигини биламан, менам бўш келмадим. Суваракчаларни туғиб-туғиб ташлайвердим. Хўжайиннинг хотини қарғаб уйдан ҳайдаганда эрим кўнглимни кўтарди. Ўзимнинг дори емасим, ақллигим, қаҳрамон суваракойим деб мўйловчаларимни силаб қўяверди. Пешонам қурсин, энди болаларимни оёққа турғазувдим, анави мегажин эрини қанақадир сассиқ, заҳарли дори сотиб олишга кўндирибди. Бутун бошли оила пароканда бўп, эгачи! Мана, энди манави ишхонадан паноҳ топгандим. Шуниям худо кўп кўряпти шекилли. Нуқул ғийбатимни қилишгани қилишган. Кўзларига кўринсам, ҳайдаб солишади. Кўринмай, стол остидами, ишқилиб, бирор панада турсам, ғийбат қила бошлашади. Ишонасизми, куни кеча биттаси бошлиғига ёмонлаб кирибди. Қўрқиб турибман, ишқилиб бу ерданам шохчамни тугвормасайди!..

— Қўрқиб овора бўлманг, ўргилай, менам ёнингиздаман. Агар шохчамизни тугмоқчи бўлишса, кечаси тушида бошига ўрмалаб кетиб адабини берамиз! Роса нервига ўйнаймиз! Баттар бўлишсин ҳасадгўйлар!

 

«Виз-виз» оға

 

— Виз-виз-з-з! Қоч йўлдан, тирранча! Бир уриб духингни синдириб қўяман ҳозир!

— Нима? Ким бўпсан? Менам шу хирмоннинг бўри сувараклариданман! Қаттан кеп қолдинг ўзи?

— Вой, индама-а, жўра! Бу оға Қўрғонқишлоқнинг боласи. Ёмон қип ташламасин тағин! Ҳамма уни Шварцнеггерга ўхшатади. Жаҳли жуддаям ёмон. Бир шохласа, энангни учқўрғондаги сомонхонадан топасан.

— Эшитдингми? Ҳе қуртдан тарқаган! Башарейни қара, ғирт шилимшиқ! Қайси бўтқанинг ичидан судралиб чиққансан ўзи?

— Бир қошиқ қонимдан кечинг, оға! Билмабман! Тавба қилдим!

— Қон дейди-я! Сендақанги дўхлий суваракларда қон нима қилсин? Қон, мана, бизда бўлади, акаси, бизда!

— Оға, ҳаётингиз ҳақида гапириб беринг! Суваракчалар қизиқишяпти! Агар… Малол келмаса, албатта!

— Э, братишкалар, мен ҳаёт кўрган одамман. Ҳозир қамоқдан чиқдим! Очиғи, чиқмоқчимасийдим! Бир тоза ҳаво олиб, эски қадрдонларни кўрай, суваракчасига дардлашай дедим. Хўш, ким нето гап пасилат қилмоқчи? Борми шунақаси?

— Оға, қамоқда қалай, қамоқда! Ҳойнаҳой, оғир бўлса керак! Ҳарқалай, қамоқ деганларидай…

— Вей, омборхонада санғийвериб, каллангам ачиган бўтқага ўхшаб қопти. Биз виз-виз сувараклар қамоқдагиларнинг жони дилимиз. Калламдай-калламдай увоқларни ташлаб қўйишади полга. Орасида гўштиям, бананиям, картошкасиям, товуғиям бор. Айниқса, заказ сомсалар келса, куним туғади. Жит қиламан, жит! Жаҳлимни чиқарса, любойини шохлайман.

— Сизни аристонлар ҳайдаб солишмайдими?

— Нима-а? Қаерга ҳайдайди? Ахир, мен туни билан визиллаб уларга кайф бераман. Ёмон кўргани бўлса, ўшанинг ичига кириб кетиб, қўрқитаман. Қамоқда ҳаётни мана мен кўрсатиб бераман. Сенларам юрибсан-да суваракман деб кўкрагингга уриб! Қара, оёқда зўрға турибсан. Биламан, ҳар куни қувғиндасанлар. Тўғри-да, зотинг паст. Виз суварак бўлганингда иззатда яшардинг. Бўпти, мен бориб фалончибойникига мўралай-чи, кеча зиёфат берганмиш. Қолган гапларни кейин гаплашамиз!..

— Оға, илтимос, бирпас кетмай туринг! Братишкалар ҳаётингиздаги энг қизиқ воқеадан гапириб беришингизни сўрашяпти. Қизиқ-да уларга! Кимсан виз-визбойсиз, ахир!..

— Уф-ф, эзвордиларинг ўзиям-чи!.. Бўпти, сўраларинг!

— Оға, ўғлингизам борми? Нима иш қилади?

— Ҳой, виз суваракнинг ўғли нима иш қилиши мумкин-а? Уям қамоқ кўрган, ҳақиқий ҳаёт нималигини билади. Ҳа-а, яқиинда бир пасткаш чумоли ўғлимнинг устидан арз қилибди. Нимаймиш, ўғлим унинг жиянини эзғилаб ўтиб кетганмиш. Эзади-да! Зўр бўлсанг, сенам эз! Духинг етадими? Хуллас, мелисага бермоқчи бўлибди ўғлимни! «Қаматаман» деганмиш. Ўв, дедим, ўзи қамоқ кўрган бола бўлса, уни қўрқитасанми қамоқ билан? Ўйлаб гапиряпсанми?, деб роса тузладим. Ўзи ўша чумоли мана шунақанги ёмонлигидан, ғийбатчи, сассиқлигидан бир умр белига қанот битмайди. Танасига мой битмайди. Ундан кейин нима қиларди? Мендақа зўрларнинг ғийбатини қилади-да! Майли, яхши қолларинг! Менга қара, братишкалар, кимнинг пластигида пули бор? Берларинг, югуриб барга кириб чиқай! Э, нега қўрқасанлар? Жавоб, жавоб!

Олимжон ҲАЙИТ