Қадоқланган шарбатлар чиндан табиийми?

0

 

Бозорда бир кило Апельсин 20 000 – 40 000 сўм, ананас бир донаси 40 000 – 80 000 сўм бўп турганда бир литр апельсин ё ананас шарбати 7 000 – 11 000 сўм бўлиши шубҳали эмасми? ЙЎҚ, ШУБҲАЛИ ЭМАС.

Ўзбекистонда ишлаб чиқарилувчи қоғозли асептик қутилардаги барча шарбатлар концентратдан, яъни концентрланган шарбатдан тайёрланиши кўрсатилади қадоқларда. Концентрланган шарбат – бу мева шарбатининг суви буғлантирилиб, қуюқлаштирилган ҳолатидир. Худди шинни ё асал каби ҳолга келгунча қуюқлаштирилади. Мутлақо ТАБИИЙ МАҲСУЛОТ.

Хўп, ўзимизда чиқувчи апельсин ва ананас каби шарбатлар ҳам шундай табиийми? Стандарт бўйича шундай табиий. (Амалда қандай, буни билмайман ва исботлаш менинг ишим ҳам эмас). Асл жараён қуйидагича:

• Ўша апельсин ё ананас етиштирилувчи тропик мамлакатларда ғарқ пишган ҳосил даврида мевалар терилади;

• ўша тропик мамлакатнинг ўзидаги консерва заводларга олиб борилади;

• заводда мева шарбати сиқиб олиниб, суви буғлантириб ташланади;

• агар меванинг шарбатли қисми кам бўлса (ўрик, шафтоли, манго каби), у ҳолда концентрланган пюре тайёрланади;

• ҳосил бўлган концентрат (қиём) ёки пюре кўпинча 200 литрлик махсус контейнерларга қуйилади ва исталган мамлакатга экспорт қилинади.

Бу жараён транспортировка каби экспорт харажатларини арзонлаштириб беради. Масалан, агар шарбатдаги сувнинг 80% қисми буғлантирилган бўлса, битта 200 литрли контейнердаги концентратдан, йўқотилган сувни қайта қўшиш орқали 1000 литр тўлақонли шарбат («100% сок») тайёрлаш мумкин. Концентрат қанча кам қўшилса, бу миқдор яна ҳам ошади. Шунингдек, шарбатларга одатда ачиш ва айнишнинг олдини олиш учун ЛИМОН КИСЛОТАСИ (Е-330) ҳам қўшилади

Машҳур «Я», «Rich», «J7» бренд шарбатлари ҳам шу йўсинда тайёрланади. Бу шарбат компаниялари керак бўлса 1 грамм ҳам мева сотиб олиши шарт эмас.

Саноат соҳасида мева шарбатига оид 3 хил ичимлик бор:

1. Шарбат – Сок/Juice (таркибида мева шарбати 100% бўлсагина «шарбат» ёки «сок» дейилади)

2. Нектар (таркибида шарбат миқдори 25% – 99% бўлади) (қолгани шакар, ароматизатор, баъзан ранг)

3. Шарбатли ичимлик – Сокосодержащий напиток / Juice Drink (таркибида шарбат 25%дан кам бўлади) (қолгани шакар, ароматизатор, ранг)

Юртимиздаги баъзи қадоқларда бу миқдор кўрсатилади ҳам, кўрсатилмайди ҳам. Менимча, кўрсатиш бўйича қатъий талаб йўқ шекилли. Бу ёмон. Истеъмолчи сифатида айтаман. Маҳсулот таркида шарбатнинг нисбий фоизи қанчалиги ёзиб қўйилиши шарт.

Фақат биз билишимиз қийин бўлган бир жиҳат бор. Юртимиздаги шарбат ишлаб чиқарувчи компаниялар қанчалик миқдорда концентратдан фойдаланишади. Қадоқда кўрсатилган фоиздаги миқдор маҳсулот таркибида чиндан ҳам борми? Бу энди ишлаб чиқарувчилар жавоб бериши керак бўлган саволлардир.

Бундан ташқари, олма, анор каби мевалардан янги сиқилган (концентрат қўшилмаган) шарбатлар ҳам ўзимизда ишлаб чиқарилмоқда. Бу сўзсиз қувонарли ҳолат.

Хуллас, тепада стандарт бўйича ишлаб чиқариш ҳақида ёздим. Бу стандартга қанчалик амал қилиш эса ишлаб чиқарувчининг ва назорат ташкилотларининг виждонига ҳавола.

Abdulaziz Saidalixonov