Қирғизистондаги таъсир жанги

0

Халқаро саҳнада юз бераётган воқеаларни ёритар эканмиз, биз учун энг муҳими, Ўзбекистонга қўшни Марказий Осиёдаги воқеалар ҳисобланади. Негаки, Ўзбекистон ташқи сиёсатидаги энг устувор йўналиш бу минтақа мамлакатлари билан ҳамкорлик ва алоқалар мумтаҳкамлигидир.

Шу нуқтаи назардан ён қўшнимиз – жон қўшнимиз Қирғизистон республикасидаги ҳодисаларни барча юртдошларимиз катта қизиқиш билан кузатиб бормоқдалар.

Кейинги пайтларда мамлакатнинг собиқ президенти Алмазбек Атамбаевнинг дахлсизлик ҳуқуқидан маҳрум этиш, уни қамоққа олиш, мамлакатда корррупцияга қарши бошланган уруш республикадаги сиёсий вазиятни қизитиб борди. Агар суд Атамбаевни илгари сурилган айбловлар бўйича айбдор деб тан олса, жиноий таъқиб ва умрбод озодликдан маҳрум этиш жазоси қўлланилади. Атамбаевнинг ўзи ишни “сиёсий” ва тўқима деб атади.

Қирғизистонда катта таъсир доирасига эга бўлган Россия аввалига собиқ президентдан далхсизлик мақоми олиб ташланишини мамлакатнинг ички иши деб атади ва вазиятга аралашиш ниятида эмаслигини баён қилди. Аммо кўп ўтмай, Қирғизистондаги сиёсий жанжал катталашиб кетишига йўл қўймаслик мақсадида Кремль раҳбарияти собиқ президент Алмазбек Атамбаевни Москвадаги музокараларга таклиф этди. Россия президенти Владимир Путин Алмазбек Атамбаевни қабул қилди.

«Ҳеч қандай сир йўқ. Сиз биласиз, мен ҳар доим ҳам амалдаги, ҳам олий мансабдан кетган ҳамкасбларим билан алоқалар учун очиқман. Ҳа, мен ҳақиқатда Алмазбек Шаршенович билан учрашдим. Биз минтақадаги ва Қирғизистондаги вазият тўғрисида гаплашдик», -деди Путин журналистларнинг саволига берган жавобида.

Путин позицияси аввалдан яхши маълум. Россия Қирғизистонни итттифоқчи, ўзига яқин давлат сифатида кўради. Икки маротаба сиёсий силкинишларни бошдан ўтказган мамлакатда учинчи марта ҳам рангли инқилоб юз беришини истамайди. Шунинг баробарида Владимир Путин томонларни Қирғизистон халқининг манфаатлари йўлида зиддиятни тўхтатишга чақирди. Унинг фикрича, мамлакат сиёсий барқарорликка муҳтож, барча одамлар амалдаги президент атрофида бирлашишлари ва унга давлатни ривожлантиришда ёрдам беришлари керак. Ташвишларда жон бор ахир. Қирғизистонда 30 йил ичида 29 та бош вазир алмашди. Бу қадар ҳукумат инқирозини дунёнинг ҳеч бир мамлакати бошдан ўтказмаган десак, муболаға бўлмайди.

Ўзбекистон ҳам Қирғизистондаги воқеаларнинг тинч йўллар билан ечилиши тарафдори бўлгани ҳолда, унинг ички ишларига аралашишни истамайди. Зеро, мамлакатимиз ташқи сиёсатининг асосий тамойилларида ҳам Ўзбекистон бошқа давлатларнинг ички ишларига аралашмаслиги битиб қўйилган.

Биз биламиз Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 8 август кунининг охирида Қирғизистон Республикаси Президенти Сооронбай Жээнбеков билан телефон орқали мулоқот қилди. Мулоқотда Қирғизистонда тинчлик ва барқарорликни сақлаш муҳим экани алоҳида қайд этилди. Қўшни мамлакатдаги вазият амалдаги қонунчилик доирасида тез орада барқарорлашишига умид билдирилди.

Шундоқ ҳам Афғонистондаги уруш туфайли минтақага ҳавф муқаррар бўлиб турган бир шароитда яна бир қайноқ нуқта пайдо бўлишини Ўзбекистон истамайди.

Энди, Алмазбек Атамбаев билан боғлиқ машмашалар тарихига назар солсак. Алмазбек Атамбаев 2017 йилда ҳокимиятни тинч йўллар билан навбатдаги президентга топшириб кетган биринчи давлат раҳбари ҳисобланади.

Қирғизистон бошқарувда сиёсий барқарорликка эришиш мақсадида ислоҳот ўтказган бўлиб, бир шахснинг иккинчи муддатга сайланишини таъқиқловчи, олти йил муддатга сайланадиган қонун қабул қилинди. Шу боис турли таклифларга қарамай, Атамбаев ҳокимиятдан кетишини эълон қилди.

2017 йилнинг октябрида бўлиб ўтган президентлик сайловида келиб чиқиши жанублик бўлган Сооранбай Жээнбеков ғолиб деб топилди. Сайлов кампанияси вақтида Атамбаев Жэнбековни қўллаб-қувватлади. Амалдаги президент ва унинг ўтмишдоши ўртасидаги зиддият янги президент ўз ваколатларини бажаришга киришганидан кейин бошланди.

Собиқ президент Бишкекдаги ўтказилган митингларда меросхўрини танқид қила бошлади. Натижада ўртада низо юзага келди. Аслида мамлакатдаги айрим доиралар Атамбаевни Қирғизистоннинг тараққиётига ҳалал берган ва коррупциянинг кучайишига туртки берган “сиёсий ғўрлик”нинг рамзи сифатида кўришарди. Зиддият шунга бориб етдики, коррупцияга алоқадорлик айблови билан Атамбаевнинг бир неча яқин сафдошлари қамоққа олинди. Президент аппарати ҳузуридаги суд ислоҳоти ва қонунчилик бўлими мудири Манасбек Арабаев қамоққа олинди. Сапар Исаков ва Жанторо Сатибалдиевларга коррупция айблови қўйилди. Уларининг ҳар иккаласи Атамбаев даврида бош вазир бўлиб ишлашган.

Ўтган йили божхонанинг собиқ раҳбари Адамкул Жунусов ва президентнинг собиқ маслаҳатчиси Икромжон Ильяминов қамоққа олинди. Коррупциянинг боши Атамбаевга бориб тақалиши ойдинлашгач, Қирғизистон парламенти мамлакатнинг собиқ президентларини жавобгарликка тортилиши механизмини кўзда тутувчи қонун лойиҳасини шу йилнинг апрелида маъқуллади. 16 майда уни президент Жээнбеков имзолади.

Янги қонунга биноан, собиқ президент мутлоқ дахлсизликка эга бўлолмайди — уни жиноий жавобгарликка тортиш учун парламент ўта оғир жиноят содир этиш айбловини илгари суриши, уни Бош прокуратура тасдиқлаши керак. Шундай бўлди ҳам.

2019 йилнинг 1 июлидан Жогорку Кенеш (парламент) депутатлари ёзги таътилга кетди. Таътил олдидан сўнгги кунлар жуда кескин кечди. Депутатлар собиқ президент Алмазбек Атамбаевга олтита айблов, шу жумладан, коррупция, уюшган жиноий гуруҳларни тузиш, лоббизм, шунингдек, унга қарши чиққан сиёсатчилар, жамоат вакиллари ва журналистларга қарши босим ва репрессиялар ташкил этиш каби айбларни қўйишди.

Республика Бош прокуратураси “бешта пункт бўйича айбдор” тамғасини босгач, депутатлар кўпчилик овоз билан Алмазбек Атамбаевни Қирғизистон Республикасининг собиқ президенти имтиёзларидан маҳрум этди. Экспертлар бу қарорни “ҳуқуқий чексизлик” деб атаган бўлса, собиқ президент ўзини айбсиз деб ҳисоблайди ва ҳатто ҳар бир ҳаракатига жавоб беришга тайёрлигини маълум қилди.

Бундан ташқари, қабул қилинган қонунга кўра, собиқ президент сиёсий, давлат ҳокимият органларида махсус давлат лавозимларини, шунингдек, сиёсий партияларда мансабдор лавозимларни эгалламаслиги ёки сиёсий партиялар фаолиятида бошқа йўл билан иштирок этмаслиги керак. Бу қонундан кўриниб турибдики, ҳокимият навбатдаги сайловда Алмазбек Атамбаевнинг президентлик сайловида иштирок этишига йўл қўймоқчи эмас.

Иккинчидан, экспертлар айтаётганидек, Қирғизистон каби давлатларда “бир қозонда икки қўчқорнинг боши қайнамайди”. Шу пайтгача собиқ президент иҳтиёрида қолган мақом, унинг социал-демократик партия раҳбарлигида қолиши амалдаги сиёсий кучлар ҳокимиятига соя солаётганди. Маҳаллий сиёсий тизимда президентлик мансаби корупциявий инструментлар воситасида бойишга имконият берарди, контрабанда, афғон наркотикларининг Тожикистон орқали транзитидан, Хитой, Туркия, БАА маҳсулотларининг экспортидан олинадиган ёғли даромад айни юқори мартабали расмийлар назоратида бўлгани аччиқ ҳақиқат.

Учинчидан, Жээнбеков мансуб бўлган жанубий қирғиз элитаси назарида унинг сайловда ғалаба қозиниши жануб ва шимолнинг давлат бошқаруви ва бизнес соҳасидаги доимий рақобатида олган қасоси ҳисобланади. Бир сўз билан айганда, мазкур рақобат маҳаллий сиёсий жараёнларнинг моҳияти саналади: масалан, шимоллик Аскар Акаев ўз вақтида жанублик Абсамат Масалиев ўрнини эгаллади, 2005 йилда Акаевнинг ағдарилиши ҳокимиятда жанубий клан вакили Қурманбек Бақиевнинг ўрнашиб олишига имкон берди, инқилобдан кейинги даврда ўтказилган сайлов 2011 йилда шимоллик Атамбаевга йўл очди. Бу ўйин мавжуд марказдан қочувчи тенденцияларни чуқурлаштиради, холос.

Қарама-қаршилик ҳар қандай шаклда ва ҳар қандай натижа билан тугаши мумкин, ижобий нарсани кутиб бўлмайди. Шу нуқтаи назардан, Қирғизистоннинг тўртинчи президенти ўз мамлакатидаги назардан қолган одамлар қаторини тўлдирди, алалхусус, биринчи ва иккинчи президентлар аллақачон бу қатордан ўрин олиб бўлганди. Қирғизистондаги воқеалар ривожи қандай тус олмасин, унинг демократик имижига жиддий зарба бериб бўлинди. Бу томонда Сооранбай Жээнбеков 2017 йилнинг ноябридан бери толиқтирувчи жангдан халос бўлди. Атамбаевнинг парламент депутатларини “мишиқилар” деб аташи ҳам депутатларнинг унга қарши журъатини ошириб юборди. Бунга жавобан парламент махсус комиссия тузиб, унга нисбатан қатор айбловларни илгари сурди.

Тўртинчидан, 2013 йилда узоқ муддатли қамоқ жазосини ўтаётган қонундаги ўғри Азиз Батукаевнинг тузалмас хасталик билан оғриётгани ҳақидаги сохта ҳужжатлар асосида қўйиб юборилиши ва унинг Россияга (Батукаев этник чечен бўлиб, тарихий ватани Чеченистонга чартер рейс билан жўнаб кетган) қочириб юборилиши Атамбаев ва Жээнбеков ўртасидаги баҳсларга сабаб бўлган яна бир омил бўлди.

Жиноий авторитетнинг қочиши узоқ вақт Қирғизистондаги бош сиёсий мавзулардан бирига айланди. Президент мамлакатда юз бераётган барча нарса учун жавобгар экан, ўша пайтда давлат раҳбари бўлган Атамбаев бу жиноиий ҳодиса учун жавобгар бўлиши керак, деган қарашлар ҳам йўқ эмас. Буни Атамбаевнинг ўзи ҳам яхши тушунади, шу боис журналистларга берган интервьюларининг бирида қочиб кетган ўғрибошини доимий рўйҳатдан ўтган жойига қайтариш ҳақида Россия раҳбариятига мурожаат қилганини яширмади. Бироқ бу уринишлар энди беҳуда эди. Москва бу чақириқларни эшитмади, бизга таллуқли эмас, деб қўя қолди. Атамбаев бу масалада Чеченистон раҳбари Рамзон Қодировга мурожаат қилганми ёки йўқ, бу номаълум, аммо қонундаги ўғрининг ғойиб бўлиши нафақат 6 миллионли Қирғизистондаги сиёсий муҳитни тўзғитиб юборди, ҳатто собиқ президентнинг умрбод қамоқ жазосига олиб келиши мумкин бўлган драмага олиб келди. Ҳатто 8 август куни ўтказилган махсус операциянинг биринчи босқичида Атамбаевнинг Қўй-Тош қишлоғидаги уйи атрофи ва ичкарисидаги майдон яхши ўрганилмагани, хатоларга йўл қўйилгани боис бир киши ҳалок бўлди, 100 га яқин киши яраланди. Боз устига, “Альфа”нинг олти нафар жангчиси мудофааланувчилар томонидан асирга олинди, калтакланди ва қуролсизлантирилди. Бу чинакамига уруш эди.

Қирғизистон куч ишлатар тизимлари дастлаб уни бой беришди. Расмийлар буни очиқ тан олишди. Ички ишлар вазири ва Миллий хавфсизлик давлат Қўмитаси раҳбарлари 8 август куни эрталаб истеъфога чиқишга тайёрликларини билдиришди. Бироқ президент Жээнбеков аризани қабул қилишдан бош тортди. Ишғолни давом эттиришга қарор қилинди. 8 август куни эрталаб Қирғиз давлатининг собиқ раҳбари таслим бўлди.

Атамбаев тарафдорлари осонликча таслим бўлгани йўқ. Қўй-Тошда ҳам, Бишкекда ҳам кўзи қонга тўлган намойишчиларнинг бебошлиги махсус воситалар ёрдамида бостирилди. Бошқа йўли ҳам йўқ эди. Чунки иккита инқилобни бошдан кечирган Бишкек Евроосиё иқтисодий ҳамжамиятига аъзо давлатлар ҳукумат бошлиқларини кутиб олишга ҳозирлик кўраётганди. Бироқ учинчи инқилобга яшил чироқ ёнмади.

Одамлар инқилоб доҳийларининг сафтаталари ва ваъдаларидан чарчаб бўлган. Гохида «лола», гохида «опиум» номи билан аталган инқилоблар оммавий талон-тарожлик, бошбошдоқсизлик, зўравонлик ва қароқчилик билан тугагани бугун ҳеч кимга сир эмас. Масъулиятсизликка асосланган ҳаракатлардан оддий одамлар азият чекди, холос. Афсуски мамлакат ўша масъулиятсиз сиёсат гирдобидан тўла қутула олгани йўқ.

Қайноққон ва қизиққон қирғиз халқини энди митингларга чорлаш, ишонтириш осон бўлмай қолди. Боз устига айнан Атамбаев жаноблари олти йил мобайнида барқарорлик ўрнатди.

Қизиғи шундаки, президентлик сайловларида Алмазбек Атамбаев номзод Сўўронбай Жээнбековни қўллаб-қувватлаган, “Озодлик” радиосига берган интервьюсида ўз қарорини “инсон хатога йўл қўйиб туриши” билан изоҳлади. «Пайғамбаримиз мен ҳам инсонман ва мен ҳам хато қиламан, деб айтган. Мен пайғамбар эмасман. Атрофимдаги дўстларимга қаранг… Энг яқин дўстим Сўўронбай Жээнбеков эди, иккинчиси – Исо Омуркулов. Бироқ мен одамларнинг ҳаракатларини олдиндан кўра билмадим», – деди у.

Агар, имконли бўлган маълумотларга таянилса, Сўўронбай Жээнбеков катта сиёсат сари йўлини оддий ўқитувчиликдан бошлаган. 2007 йилда вазир даражасига кўтарилган, Қирғизистон Қишлоқ Хўжалик вазири этиб тайинланган. 2010 йилги инқилоб ортидан, 5 йил жанубий Ўш вилоятига ҳокимлик қилган. Бунинг ортидан, Алмазбек Атамбаев уни Бишкекка чақириб олган. Унга аввалига кадрлар масаласини ишониб топширган, кейин 2016 йил март ойида президент маъмурияти раҳбарининг биринчи муовини этиб тайинлаган. Орадан бор-йўғи бир ой ўтиб, Сооронбай Жээнбеков Қирғизистон Бош вазири даражасига кўтарилган. Президент сайловига ўз номзодини илгари суриш учун август ойида Бош вазирликдан истеъфо берган.

Унинг бутун сиёсий карьераси Алмазбек Атамбаев номи билан чамбарчас боғлиқ экани айтилади. Хабарларга кўра, Ўшда Жээнбековлар клани катта қудратга эга, деб кўрилади. Маълум бўлишича, укаси Асилбек Жээнбеков 2011-2016 йиллар оралиғида Қирғизистон парламенти спикери бўлган. Акаси Жусупбек Шарипов Қирғизистоннинг Қувайтдаги элчиси бўлади.
Марҳум акаси Канторо Шариповнинг Жалол-Обод шаҳридаги Молия институти ректори бўлгани айтилади.

Атамбаев қандай ҳаракатларда айбланмоқда?

Бош прокурор Жамшитовнинг сўзларига кўра, Қирғизистон собиқ президенти Атамбаевга беш эпизод бўйича айблов қўйилиши мумкин. У гап Қўй-Тош қишлоғида ер участкаларини ноқонуний эгалланиши, жиноий авторитет Азиз Батукаевнинг қонунга зид равишда озод этилиши, Бишкек Иссиқлик Электр Станцияси модернизацияси бўйича коррупция иши ва унга ноқонуний тарзда кўмир етказиб берилиши ҳамда тадбиркор Субихи Пархати иштирокидаги коррупция факти ҳақида бораётганини таъкидлади. Аввалига гувоҳ сифатида кўрилган Алмазбек Атамбаев Қўй-Тошдаги тартибсизликлар ва бир ҳарбий ўлими ортидан энди оғир жиноятларда айбланиши ва умрбод қамоқ жазосига тортилиши мумкин.

                                                                   Абдували Сайбназаров

Human.uz