Швецияда террор ҳаракати содир этишга ҳозирлик кўрганликда гумон қилиниб тутилган кимса яна ўзбек бўлиб чиқди…

0

 

У Швециянинг Эстерсунд шаҳрида қўлга олинган ва келиб чиқиши ўзбекистонлик экани тасдиқланган. Бу кимсани Швециянинг марказий ҳудудларида террор ҳаракати содир этишга ҳозирлик кўрганликда айблашмоқда. Швеция полицияси матбуот котиби Габриэль Вернштадт айтдики, айни пайтда тергов ҳаракатлари бошланган. Бироқ ҳозирча бу ҳақда маълумот берилмайди. Сабаби, ушбу жараён тўлиқ махфийлаштирилган.

Қўлга олиш операцияси шу йил 14 августнинг биринчи ярмида Эстерсунд шаҳри марказида амалга оширилди. Полицияга кимлардир шаҳарда шубҳали шахс автомобилда ўзини ғалати тутган ҳолда ҳаракатланаётгани ҳақида хабар берган. Шу хабар асосида гумондор қўлга олинган. Суриштирувлар натижасида у пиёдалар юриш йўлагида фуқароларни автомобилда босиб кетишни мўлжаллагани маълум бўлди.

Эслатиб ўтамиз, 2017 йил 7 апрел куни келиб чиқиши ўзбекистонлик бўлган Раҳмат Оқилов ўғирланган юк машинасида пиёдалар юриш йўлаги бўйлаб ҳаракатланган ҳолда пиёдаларни босиб ўтиб кетган. Оқибатда 5 киши ҳалок бўлган, 10 киши жароҳатланган. Илк суд жараёнида Оқилов шведларни ўлдириб, дунёда фаолияти тақиқланган «ИШИД» жангарилар гуруҳини қўллаб-қувватлаш ниятида яшашини таъкидлаган. Уни суд бир умрга озодликдан маҳрум этиш ҳақида ҳукм эълон қилган.