Туркманистонда ишдан бўшатилган прокурорлар ўзбекистонликларга бензин сотиш билан шуғулланаркан…

0

 

Шу йил 7 август куни Туркманистон президенти Гурбангулы Бердымухамедов прокурорлар Байджан Байджанов ва Тойлымырат Егеновларни эгаллаб турган лавозимидан озод этди.

Масалан, Байджанов Лебап вилояти Қўйтентак этрап прокурори сифатида фаолият юритиш жараёнида ўзи ва яқинлари номига бешта турар жойни ноқонуний тарзда расмийлаштирган. Турар жойлар коммунал хўжалик хизматига тегишли бўлган. Бундан ташқари, у этрап қишлоқ хўжалик бирлашмаси балансидаги учта тракторни Байрамали шаҳрида яшовчи қариндошларига арзон нархда пуллаган.

Лебап вилояти Давлатли этрап прокурори лавозимида ишлаган Егенов эса иккита уйни ўз номига қонунга зид равишда расмийлаштирган. Яна Егеновнинг иккинчи хотини ҳам бор экан. Бу хотини учун Отамурот шаҳридан тўрт хонали квартира сотиб олган.

Байджанов ва Егеновлар ҳамкорликда бизнес ҳам қилишган. Масалан, уларнинг ўртада 380 та қўй-эчкилари бўлиб, 200 таси Байджанов, 180 таси Егеновга тегишли экан. Жониворларни боқиш учун тўрт нафар чўпон ишга олинган. Уларнинг ҳар бирига прокурорлар ҳар ойда 1000 манатдан ҳақ тўлаган. Аммо чўпонларга маошни прокурорларнинг ўзи тўламаган. Байджанов учун Маҳтумқули ва Қўйтентак қишлоқ хўжалик бирлашмалари, Егенов учун Дашработ қишлоқ хўжалик бирлашмаси тўлаган.

Бу ҳам ҳаммаси эмас. Икки прокурор биргаликда Ўзбекистондан катта партияда сигарет олиб келиб хусусий дўконларга сотиш учун тарқатишган.

Терговчиларни уларнинг яна бир иши ўзига тортди. Икки прокурор чегаралар яқинлигидан унумли фойдаланган ҳолда Ўзбекистонга Туркман бензинини ҳам йирик партияда сотишаркан. Сўнгги уч ойнинг ўзида 280 тонна А92 бензинини ўзбекистонлик «мижоз»ларига пуллашган. Бензин эса Давлатли ҳамда Қўйтентак этраплари лимитидаги ёқилғи экан. Ҳозир ҳуқуқни муҳофаза қилиш ташкилоти ходимлари тергов ҳаракатларини давом эттиришмоқда.