Қарздорга қонуннинг мазмун-моҳияти тўғри тушунтирилса…

0

Марғилон туманлараро иқтисодий судининг 26.07.2019 йилдаги ижро ҳужжатига асосан, қарздор О.М.дан ундирувчи Тошкент шаҳрида жойлашган “NIKA PHARM” МЧЖ фойдасига 106 млн 5152 минг сўм ундириш белгиланган.

Аслида, қарздор О.М. жамиятдан жуда кўп миқдордаги дори-дармонларни ҳақини тўламасдан насияга олиб, кейинчалик уларни сотишдан пулларни ўз эҳтиёжлари учун сарфлаб юборганди.

Бюронинг Тошлоқ туман бўлимига шу ҳақдаги ижро ҳужжати 29.07.2019 йилда келиб тушган ва ижро иш юритуви қўзғатилган.

Давлат ижрочиси томонидан 06.08.2019 йилда қарздор О.М.га суд ҳужжати талабининг ихтиёрий бажарилиши лозимлиги, мажбурий тартибда ижро ҳаракатлари амалга оширилган тақдирда ундан ижро йиғими ундирилиши ҳамда маъмурий жавобгарликка тортилиши мумкинлиги ва бошқа қонун талаблари тўлиқ тушунтирилган.

Суд қарори ижросини ўзига белгиланган ихтиёрий муддат давомида бажариш ортиқча ҳаражатларни келтириб чиқариши мумкинлигини англаган қарздор О.М. “NIKA PHARM” МЧЖ фойдасига 106 млн 5152 минг сўм пул маблағларини тўлиқ тўлаб берди.

Қонун ҳужжати мазмун-моҳиятини тўғри тушунтириш қарздор ва ундирувчи ўртасидаги можарога нуқта қўйиш билан бирга, фуқаронинг ҳуқуқий онги ўсишига ҳам хизмат қилган бўлса ажаб эмас.