ШАЙТАНАТ… (136-қисм)

0

 

 

* * *

 

Кўчага қадар кузатиб чиққан қўшнисини таомилга кўра уйига таклиф қилди. Қамариддин бу лутфга «Худо хоҳласа тўйларда чиқармиз», деб яхши ният билан жавоб қилди.

Эрининг ҳовлига кириб келаётганини кўрган Манзура ошхонадан чиқди-да, «Ҳайдар ака келганлар», деб меҳмонхона томонга қараб қўйди. Асадбек Кесакполвоннинг бугун албатта келишини биларди. Шу боис хотини айтган янгиликдан ажабланмади. Эри билан Ҳайдар акаси орасида қандай гап ўтганидан, охири икковидан бирининг ёки икковининг ўлими билан якунланувчи йўлга қадам қўйганларидан бехабар Манзура Кесакполвоннинг кириб келишида ғайри табиий ҳолатни сезмади, унинг қаймоқ, иссиқ нон кўтариб кириб келишини одатдаги ташрифлардан деб билгани сабабли эрига айтган хабарида таажжуб оҳанги йўқ эди.

Меҳмонхонадан чиқиб келаётган Муштарийга кўзи тушган Асадбек хотинига «келининг нега кирди у ёққа?» деган маънода савол назари билан қаради.

— Чойни олиб кира қолинг, девдим, — деди Манзура.

— Бу уйда эркак зоти йўқми, хизмат қиладиган?

Манзура «Самаджонга ўзингиз иш буюрдингиз, Ҳамиджоннинг тоби йўқлигини айтдим-ку», деб ўзини оқлашга журъат қилолмай, эрига мўлтиллаганича қараб тураверди. У эрининг сўкиб беришини кутган эди. Муштарий яқин келиб қолгани учун Асадбек хотинини сиқувга олмади. Келинига:

— Қизим, бизда келин бегон эркак ўтирган уйга кирмайди. Меҳмонга аталган нарсани шундай остонага қўйиб секин овоз беради. Тўғри айтяпманми, онаси, сен шунақа қилардинг, а?

— Ҳа, бегоналарга шунақа қилинади. Ҳайдар ака амаки қатори бўлганлари учун…

Эринниг авзойи бирданига ўзгарганини кўрган Манзуранинг гапи оғзида қолди. Асадбек «Буларга амаки бўладиган укам ўлиб кетган», деб тўнғилламоқчи эди-ю, келин ҳузурида ноқулай аҳвол юзага келиши мумкинлигини фаҳмлаб, индамай қўя қолди.

Кесакполвон деразанинг ўнг томонида, ҳар доим ўтирадиган жойида ёнбошлаганича қаймоқхўрликни бошлаб юборган эди. Косадаги қаймоққа ботирилган нон бўлакларини чой қошиқда биттадан олишга қаноат қилмай беминнат бармоқларини ишга солиб қўя қолганди. Асадбек остонада пайдо бўлиши билан Кесакполвон қаймоқ юқи бармоқларини ялаб ўрнидан турди-да, кўришмоқ учун билагини тутди. Асадбек кайфияти дуруст бўлса, Кесакполвоннинг бу қилиғи эътиборисиз қолар, бир нимадан ғашланиб, ёки аччиқланиб турган бўлса, «Қўлингни артсанг ўлиб қоласанми», «Бурнинггача қаймоқ чаплабсан-а, бунча исқирт-сан», «Кучук болага ўхшаб чаппиллатаверма» каби заҳарли танбеҳларни эшитарди. Эшитарди-ю, «қаймоқхўрликнинг асл мазаси шунда-да», деб ўз билганидан қолмас эди.

Кесакполвоннинг бармоқларини ялаб, кўришмоқ учун билагини тутиши Асадбек учун янгилик эмасди. Илгарилари буни бефаросатлик рамзи сифатида қабул қилган бўлса, ҳозир менсимасликнинг бир кўриниши деб билиб ғашланди. Қандайдир овоз (балки шайтон алайҳилаънадир) «заҳарли сўзларингни санчиб-санчиб олсанг-чи, индамай қўяверасанми», деди. Бошқа овоз эса (балки Яратганнинг фаришталаридир) «Сен энди бу билан ўчакишма, сир берма, ўзингни бир поғона паст ол, кам бўлмайсан. Шундай қилки, уни ғафлат боссин…» деб шаштидан қайтарди, кўнгил ғашлигини сездирмади.

Кесакполвон гўё қаймоқхўрлик билан банд бўлса-да, ошнасининг кўз қарашларидан, сўзларидан бир нимани илғаб олишни истарди. Айни чоқда кеча болохонадаги йигитларнниг қўнғироғидан кейин уйғонган навбатдаги талвасасини ошнасига сездирмасликка тиришарди. Фақат ўзигагина маълум ўтда қоврилаётган Кесакполвон чойдан бир-икки хўплаб хўриллатиб ичди-да, ошнасидан ҳол сўраган бўлди:

— Қаёқда юрибсан, бирга қаймоқҳўрлик қилармиз девдим.

— Шунақа нияти бор одам эртароқ келади, — деди Асадбек унга жавобан.

— Вақтли келмоқчийдим, — Кесакполвон шундай деб оғзини қаймоқли нонга тўлдирди-да, косани Асадбек томонга салгина суриб «Ол, е» деб манзират қилди. Кейин луқмасини чала-чулпа ютиб изоҳ берди: — Бугун уйқудан кечроқ турсанг керак, деб ўйлабман.

— Кун ёйилгунча биқсиб ётганимни кўрганмидинг? — деди Асадбек зардали оҳангда.

— Ресторандан кейин бошинг оғриб ётгандирсан, дебман-да, — Кесакполвон «қойилмисан» дегандай айёрона кулимсираб қўйди.

Бошқа одам бўлганида балки «Ие, шундан ҳам хабар топдингми!» деб ажабланган бўларди. Асадбек эса бу гапни эътиборсизлик билан тинглади.

Муовиннинг ресторан хўжайинини топиб нохуш воқеадан хабардор қилиши, унинг эса ярим кечадами ёки эрта тонгдами Кесакполвонга учраб, «Бек акалари ҳузурида узрли бўлиб қолганлари»ни айтмоғини Асадбек ҳисобга олиб қўйганди. Кесакполвоннинг бугун албатта келишига ишончи борлигининг биринчи сабаби шу эди. Иккинчи сабаби эса, гарчи болохонадаги йигитлар «Эрталаб Ҳайдар акаларингга учрашларинг, бундан бу ёғига бажардиган ишларингни айтади», деган амрни олсалар-да, эртани кутиб ўтирмай ўша заҳотиёқ акаларига сим қоқиб, «уйдан чиқларингу Бек акаларингга сездирмай кўчада пойлаларинг», деган буйруқни олишлари аниқлиги эди.

Асадбек кечқурун ресторандан қайтганида аввал болохона деразасига боқди: ҳамиша ёниб турувчи чироқнинг ўчирилгани йигитларнинг йўқлигидан дарак эди. Шундай бўлишини ўзи хоҳлаган бўлса-да, юқоридаги чироқнинг ўчиши давру даврони, шуҳрати машъаласининг сўнишидан дарак бергандай юраги бир увишди. Айни нафасда муюлишда икки кишининг қорасини кўриб, Кесакполвондан амр бўлгани, ошнасининг эрталаб етиб келажагини англади.

— Бўтавой қашқани пичоқсиз сўйиб келибсан- ку, — деди Кесакполвон, дастурхонга томган қаймоқни жимжилоғи билан ялаб.

— Қашқанг ким? — деб сўради Асадбек.

— Танимайсанми? — Кесакполвон «ростданам танимайсанми ё мени лақиллатмоқчимисан?» дегандай унга синовчан боқди. Ҳатто лаблари бир пас чапиллашдан тўхтади.

— Рестораннинг хўжайинини танимайсанми? Маҳмуд орага тушиб қўйдирувди-ку?

— Эсимда йўқ… нима, олдингга эмаклаб бордими?

— Эмаклайдиган одамни учиб борадиган қилиб қўйибсан-ку. Ёмон эзибсан бола пақирни. Агар овутиб қўймасам унга иштон чидамай қоларди.

Кесакполвон шундай деб кулди, ошнасидан «нима қилибманки, бунчалар эзилса», деган мазмунда гап кутди. Асадбек эса ошнасининг гапини уқмагандай жавоб қайтармади.

Узоқ йиллар мобайнида ораларида сир бўлмаган, бир-бирини дўст деб билган, қилинган гуноҳларга тенг шерик ҳисобланмиш бу икки одамнинг ўзга-ўзга оламга чекиниб ўтириши ажабтовур эди. Шарафли ҳадисда айтилмиш эканки, «бировга ҳаддан зиёд ишонч билан сирдош дўст тутинмангки, вақти келиб у душманга айланиши эҳтимоли бордир, душман ҳисобланмиш киши билан ҳаддан зиёд ёвлашмангким, вақти келиб у сизга дўст бўлиб қолар…»

Душманга айланиш алҳол эҳтимол эмас, ҳақиқатга айланди. Бу ҳақиқатни иккови ҳам яхши билади. Аммо бир-бирига сир бой бермайди. Душманликларини, бир-бирларидан хавотирлари мавжудлигини гап-сўзлари ошкор қилиб қўймаслиги учун тилларига эҳтиёт бўладилар. Кесакполвоннинг хоинлигига шак-шубҳаси қолмаган Асадбекнинг ҳукми тайин, фақат ижро услуби ва вақти аниқ эмасди. Аслида Асадбек учун унинг изини қуритиш мураккаб муаммо эмасди. Ё биттагина ўқ билан, ё ярим қулоч чилвирми ё бигизми, ёки уч-тўрт томчи заҳар билан бу масалани ечиши мумкин, фақат йигитлардан бирига ишора қилиб қўйиса кифоя: Кесакполвон Хумкалланинг тақдирига шерик бўлиб кетаверарди.

Лекин қаймоқ юқи бармоқларини ялаётган Кесакполвоннинг тақдири фақат Асадбекнинг ҳукмига эмас, Хонгирейнинг марҳаматига ҳам боғлиқ эди. Нас-ронийларнинг таъбири билан айтилганда, Хонгирей — чўқинтирган ота — тутинган ўғлини ўлим чангалига осонгина топшириб қўймаслигини Асадбек яхши биларди. Ўртада ўзининг эмас, фарзандларининг тақдири гаровда экани уни ҳар қандай очиқ ҳамладан тутиб турарди. У «тутинган ўғил»нинг «чўқинтирган ота» қўлидан ўлим топишини истарди. Бунинг учун эса фурсат керак. Ана шу фурсат ичида бармоқларини ялаб, чапиллатиб чайнаб ғашига тегиш нима экан, елкасига чиқиб олиб, таҳорат ушатиб юборса ҳам чидайди. Бош-қа иложи йўқ.

Ошнасининг пайт пойлаётганини сезиб юрган Кесакполвон Асадбекнинг содиқ йигитларидан ҳадиксирарди-ю, зарбанинг Москва томондан келажагини тахмин ҳам қилмасди.

Коса бўшаб, қаймоқ юқлари бармоқлар воситасида ялангач, чой қуйилиб, хўриллатиб ичилди-ю, бир томоннинг нафси ором олди, иккинчи томоннинг эса кўнгли айниди.

Кесакполвон бармоқлари, сўнг лабини сочиққа артгач, ён чўнтагидан пул чиқариб Асадбекка узатди. Асадбек пулга қўл узатмади, «нима бу?» деб сўрамади ҳам.

— Ресторандаги зиёфатнинг ҳаққини ташлаб кетган экансан, — деб изоҳ берди Кесакполвон, пулни дастурхон устига қўйиб, сўнг ёнида турган газетага ўроғлик тахламни очиб бир даста пулни кўрсатди: — Буниси суюнчи. Анчадан бери бу ресторанга кирмай юриб бирдан бориб қолганингга қувониб кетишибди. Сенинг номингдан уларни ўзим кечириб қўя қол- дим, — Кесакполвон бу пулларни ҳам дастурхон устига қўйиб, тепасига сочиқ ташлади. — Бугун иккаламизни зиёфатга чақиришяпти. Сасиган котлетни берган бефаросатнинг шкалат қизи бор экан, сенга илиниб туришибди, бир табаррук қилиб бераркансан.

Кесакполвоннинг «сасиган котлет»ни тилга олиши «менсиз юрсанг кунинг шунақа сассиқ таомларга қолади», деган маънода жаранглаб, Асадбекнинг иззат-нафсига тегди. Индамай ўтиравериш ўзига ҳам малол келиб:

— Қизи шкалат эканми? — деб сўради.

— Шкалатки, у ёқ бу ёғи йўқ, — деб таъриф берди Кесакполвон.

— Ўзинг табаррук қилиб бергандирсан?

— Қўйсанг-чи, мен сенга шилта нарсани илинаманми? Ҳали соат олтида ўзим келиб олиб кетаман. Сен ўзингни у ёқ бу ёққа ташлаб, ноз қилма. Битта дўхтир айтди: узоқ яшайман деган одам онаси ўпмаган маржалар билан муомала қилиб туриши керак экан. Мен сенинг юзга киришингни истайман, ошнам.

— Ўзинг боравер, менинг ишларим бор, — Асадбек бу ҳақда гаплашишни истамаганини маълум қилиш мақсадида бутунлай бошқа мавзуга кўчди: — Идорабоп жой танладингми? Кечаги кун хонамизга кирувдим, мениям ютворай деяпти, Маҳмуднинг ўрни билиниб турибди.

— Жой қидиряпман, марказдан кўнгилга ёқадигани чиқмаяпти.

— Марказга ёпишаверма, четроқдан бўлгани тузук.

— Бир-иккита жойни кўз остига олиб қўювдим, бир бориб кўрсанг бўлармиди?

«Бу ҳам бир ўйин-да. Менга кўрсатасан-у, ўз билганингни қиласан. Менга маъқул жойга икки дунёда келмайсан. Мен орқангдан эргашиб юриб, лақиллаб қолавераман. Сен эса мен билан яқинлигингни ўзингча исбот қилган бўласан, а?» Асадбек шундай деб ўйлади-ю, аммо тили бошқа гапни айтди:

— Яхши. Аввал сўраб-суриштириб бир қарорга келавергин-чи… Энди сенга маслаҳатим: бир гап бўлса осон қутулиб кетиш йўлини ҳам ҳисобга ол. Бу идорамизда ҳисобини олмаган эдик, қопқонга тушгандек ўтирардик. Замон бизга тинч эди, билинмади, хавотиримиз йўқ ҳам эди. Аввало Худо асрасин-у, лекин эҳтиётини ўйлаб қўй.

Бундай жўяли маслаҳатни аямай айтишига асосий сабаб: оёғи остидаги тиконни кўрмай қадам босувчи собиқ аъёнини ҳукумат таъқибидан асраш эди. Агар Кесакполвон нодонлик қилиб шу тиконни босса, ҳукумат тузоғига илинса, Хонгирей «Ҳа, ўзи аҳмоқ экан», деб қўймайди, аксинча Асадбекдан кўради. Фурсатдан фойдаланган Асадбек бу маслаҳати билан яна нишонга урди: меҳрибон дўст либосини ҳали ечмаганини, унга нисбатан душманлиги йўқлигини билдириб қўймоқчи эди. Кесакполвон маслаҳатни собиқ хожаси истаган тарзда қабул қилиб, ийиб кетди:

— Бу гапингда жон бор, — деди у. — Ўрни келиб қолди, энди яна битта маслаҳатинг керак Маҳмуднинг болларига жавоб бериб юборсаммикин? Бу ёқда Ҳосилнинг боллари ҳам лақиллаб юришибди. Шунга нима дейсан?

Асадбек собиқ аъёнига синовчан тикилди: «Уларга қўшиб менга содиқ йигитларнинг ҳам думларини тугарсан?» деди унинг кўзлари. Кишининг кўзига қараб дилидагини билиб олиш қобилиятидан маҳрум Кесакполвон «саволим кутилмаган бўлди, ошнамни қийнаб қўйди», деб ўйлади.

— Душманларинг камми, яна кўпайтирмоқчимисан? — деди Асадбек ундан кўз узмай.

— Нега ундай деяпсан?

— Болларни қўйиб юборсанг, кейин улар нима қилишади? Битта зўрроғи, фаросатлироғи чиқиб қолганларни атрофига тўпласа-чи? Ҳосилбойваччанинг ўрнига яна ўнтаси пайдо бўлади. Кейин бу ёғи урчиб кетаверади.

— Сен ҳамма нарсадан чўчийверма. Ҳосилдақасидан мингтаси менга рўпара келсин, жиғини эзиб, дабба қилиб қўярман, — Кесакполвон шундай деб ўрнидан турди.

— Катта кетма, — Асадбек бошқа гап айтмай, уни кузатиш мақсадида ўрнидан турган дамда ҳовлида Жалилнинг овози эшитилди.

— Акахон келдилар-ку, — деди Кесакполвон пичинг билан. Сўнг бир нарсани эслагандай остонада тўхтади: — Ҳа, айтмоқчи, йигитларга бир нима дебсанми?

Асадбек Кесакполвоннинг шу ондаги усталигига тан бериб, жилмайди:

— Мени бўри ермиди… — Бу жавоб Кесакполвонни қониқтирмай, энсасини қотирди, шу сабабли Асадбек Манзурага айтган гапини қайтарди: — Келинлик уйда тепадан бақрайиб туришлари менга ёқмаяпти. Сен билан мени Худо асрайман, деса шу пойлоқчиларсиз ҳам асрайди. Худонинг жонига теккан бўлсак, атрофимизни икки минг қўриқчи билан ўрасак ҳам азроил жонимизни суғуриб олаверади.

— Худонинг жонига тегмаслик учун одам ўзини эҳтиёт қилиши керак, — тилига келиб қолган бу фалсафасидан Кесакполвоннинг ўзи ҳам мамнун бўлиб бошини ғоз кўтарганича айвонга чиқди-да, гапини давом этди: — Бу баҳонанг ўтмайди ошна, кўчангга битта уйча қурдириб пойлатаман. Дод десанг ҳам, фарёд десанг ҳам шу, ошнажон. Илдизимиз битталигини унутаётганга ўхшайсан. Билиб қўй: сенинг тинчлигинг — менинг тинчлигим, сенинг обрўйинг — менинг обрўйим.

Жалил айвон зинасидан кўтарилаётгани учун Кесакполвон гапини тугатиб, унга жилмайиб қаради:

— Акахон, қайнонаси суйган одамсиз-да, сал вақтлироқ келганингизда биллалашиб қаймоқхўрлик қилардик. — Кесакполвон шундай деб Жалилга қўл узатди. Жалил нохушлик билан кўриша туриб:

— Сен билан бир-икки марта ҳамтовоқ бўлувдимми? — деб тўнғиллаб қўйди.

— Формадасиз акам, формадасиз, битта чақиб олмасангиз кўнгил тинчимайди, а? — деди Кесакполвон ўзини ҳушчақчақ тутишга интилиб, кейин Асадбекка ўгирилди: — бўлди, кузатма, шу ерда хайрлашамиз.

У кўчага чиқиб кетгунича икковлари ҳам изидан қараб турдилар.

— Уйингда пашшахўрда бўлмасин, девдим-ку, айтмовмидинг? — деди Жалил унинг қораси ўчгач.

— Мен ҳам сенга «бу билан ўчакишма, сассиқ гапларингни йиғиштир», девдим шекилли?

— Асадбек ўртоғининг танбеҳига танбеҳ билан жавоб бериб, уни ичкарига бошлади.

Жалилнинг дастурхон устидаги пулга қараб қўйганини сезиб тахламни олиб кўрпача остига қўйди.

— Тинчликми ўзи, нега сенинг обрўйинг унинг обрўйи бўлиб қолди? — деди Жалил тўрга чиқиб жойлашгач. Асадбек жавоб ўрнига «қўявер уни», дегандай жилмайиб қўя қолди. Манзура кириб дастурхон устини саришта қилиб чиқиб кетгач, Жалилнинг донолиги тутиб гап бошлади:

— Битта шаҳарда иккита имом-домла бўлган экан Ит билан мушук муроса қилса қиларканки, булар иттифоқ бўла олишмас эканлар. Улардан биттаси сенга ўхшаган маржавоз экан. Ўшаниси бир кеч ўйнаши билан қўлга тушиб, зиндонга солинибди. Бундан хабар топган иккинчи имом-домла унинг хотинига бориб воқеани тушунтирибди. Оҳ-воҳ қилган хотинни тинчитиб, зиндонга бошлаб келибди. Зиндонбоннинг жиғилдонини мойлаб, овқат бериш баҳонасида хотинни эрининг ёнига киритибди, ўйнаш эса хотиннинг чодирига ўралиб зиндондан чиқибди. Эртасига эрталаб маржабоз имомни қозининг олдига олиб келишибди.

Қози уни тошбўрон қилишга ҳукм қиламан, деб турганида иккинчи имом «Қози почча, одам ўз шаръий хотини билан қўшилса ҳам зино ҳисобланадими, шунга жазо ўлимми?» дебди. Қози хотинни чақиртириб қарасаки, имомнинг гапи тўғри. У миршабларни сўкиб, уришибди, маржабозни эса озод қилибди. Шунда маржабоз халоскоридан:

— Мени кўрарга кўзинг йўқ эди, нега қутқардинг? Ўлиб кетсам ўзингга яхши эмасмиди? — деб сўрабди.

Ўшанда халоскори:

— Сен ҳам имомсан, мен ҳам. Агар сенинг бузуқлигинг исботини топса, одамлар орасида «имомларнинг ҳаммаси ҳам шунақа», деган тушунча тарқалади. Мен сенинг ҳаётингни эмас, ўзимнинг обрўйимни сақлаб қолдим, — деган экан. Шунга ўхшаб кессагинг обрўйини сенга юклаяптими?

— Бе, унда обрў деган нарса борми ўзи?

— Бўпти, тилимни қичитма, қўй ўша сўхтаси совуғингни. Бўладиган гапингни гапир, нега чақиртирдинг, тушингга кирдимми?

— Тушимга кирсанг қўрққанимдан лабларимга учуқ тошарди. Ака бўлиб ўзинг маслаҳатга келмасанг, чақиртираман-да. Менинг тўйимга ким бош бўлиши керак?

— Ҳали мен тўйбошиманми? Тузук, одам қаторига қўшилиб қолибман-да, а? Тур, хотинингни чақир.

— Аввал ўзимиз маслаҳатни пишириб олайлик.

— Маслаҳатни Манзура билан бирга пиширамиз. Сен иккита ўғил туғдириб қўйдим, деб бойвачча бўлиб керилиб юргансан. Ўғилларингни Манзура одам қилди. Мана энди тўй унинг кўнглига қараб бўлади. Чақир. Гапимга кўнмасанг, ана, кессагингни тўйбоши қилиб тайинлагин-у, ўшанинг билан маслаҳатни пиширавер.

— Оббо… чумак ари ҳам сенчалик жиззиллатмай-ди, — Асадбек шундай деб тобелик билан ўрнидан турди. Ўтирган ерида «Онаси!» деб бақириб чақирмай ўрнидан турганини кўрган Жалил «суяк-суягига қадаладиган қилиб гапирибман-да», деб ўзидан ўзи қувонди.

(давоми бор)

Тоҳир МАЛИК