Тожикистонда собиқ матбуот котиби 15 йил озодликдан маҳрум этилди

0
Тожикистон Миллий Хавфсизлик Давлат Қўмитаси(МХДҚ) Чегара қўшинлари Бош бошқармаси матбуот хизматининг собиқ бошлиғи Муҳаммаджон Улуғхўжаев 15 йил озодликдан маҳрум қилинди. У ватанга хиёнат қилганликда айбдор деб топилди.
Терговга яқин манбанинг айтишича, мамлакат Олий суди Ҳарбий ҳайъати ҳукмни 14 август куни эълон қилди.
Давлат айбловчиси ўтган жума куни Улуғхўжаевни 20 йил қамоққа ҳукм қилишни сўраган эди. Манбанинг сўзларига қараганда, маҳкум 10 кун ичида суд ҳукми устидан шикоят қилиш ҳуқуқига эга. Муҳаммаджон Улуғхўжаевга нисбатан очилган жиноий ишга махфийлик грифи берилди, шу сабабли ҳам тергов ва суд идоралари уни изоҳлашмади.
29 июль, суд мажлисининг биринчи куни Тожикистон чегара қўшинлари матбуот хизмати собиқ котибининг рафиқаси Майрам Улуғхўжаева адолатли суд жараёни бўлишига умид қилишини айтди. “Эрим чегара хизматида виждонан, ҳалол ва содиқлик билан ишлади, шу сабабли биз суд унинг ишини объектив кўриб чиқишига умид қиламиз”, – деган эди Майрам Улуғхўжаева.
Улуғхўжаев 10 апрел куни махфий ҳужжатларни хорижий ташкилотга бериш гумони билан ушланган эди. Ишнинг бошқа деталлари маълум эмас. Мазкур иш бўйича тергов Тожикистон Бош прокуратураси ва МХДҚ терговчилари томонидан олиб борилди.
Улуғхўжаевнинг ҳибсга олинишидан 10 кун ўтиб унинг онаси Зебо Улуғхўжаева махсус хизмат ходимлари 16 апрель куни ўғлининг уйида тинтув ўтказганликларини, унинг шахсий компьютери алоҳида текширилганини маълум қилган эди. Унга ҳам Муҳаммаджон нима билан айбланаётганини айтишмаган.