НОМАҲРАМ… (2-қисм)

0

 

 

* * *

 

— Ҳа-а, куёвтўра, сиз ҳали хотинни урадиган ҳам бўп қолганмидингиз?

Матназар ҳовлидаги сўрида мудраб ўтирарди. Эрта тонгда қизини етаклаганича кириб келган Ботир дўкондорни кўриб даст ўрнидан турди. Лекин ҳар галгидек югуриб бориб салом бермади. Шу кўйи сўри ёнида тураверди.

— Нега қотиб қолдинг, баччағар? — қичқирди дўкондор. — Ё оёғинг шол бўлганми?

— Сенламай гапиринг! — деди Матназар бақиришдан зўрға ўзини тийиб. — Бешигимни тебратмагансиз.

— Ҳо, шунақами? Унда сен Ҳамидамнинг бешигини тебратганмидинг, кўрнамак? Нима учун урасан ярим жон боламни?

— Ким урибди? Менинг аёл кишига қўл кўтарадиган одатим йўқ…

— Ёлғон гапиряпти, — гап қўшди Ҳамида отасига қараб. — Аъзойи-баданимни моматалоқ қип ташлади…

— Шунақа дегин? — Ботир дўкондор Матназарнинг таклифини ҳам кутиб ўтирмай, сўрига бориб чўкди. — Қани, буёққа ўтир, куёв бола! Гапимга яхшилаб қулоқ сол!

— Қулоғим сизда.

— Ўйловдингки, Ҳамидани урсам, ҳайдаб солсам, шу билан ҳаммаси жойига тушиб кетади-а? Чучварани хом санабсан, бола! Қизим мана шу уйнинг хўжайини. Илгари бўлмаган бўлса, бугундан бошлаб у хўжайин. Биласанми нега? Чунки, тўйингни мен ўтказганман, мен жарақ-жарақ пул санаб берганман. Айтиб қўяй, агар бир ой ичида икки юз минг пулимни топиб қўлимга топширмас экансан, маҳалла катталарини чақираман-да, уйни қизимнинг номига хатлатиб бераман. Сен хунасани эса, орқангга бир тепиб ҳайдатвораман қишлоқдан. Мен билан ҳазиллашма!

— Қўлингиздан келармикан? — бўш келмади Матназар. — Бу уй менга ота-онамдан ёдгор. Бировга бериб қўядиган аҳмоқ эмасман мен ҳам…

— Шунақами? Тўхтаб тур, ҳозир мен оқсоқолни чақирай! Сен билан яхшиликча гаплашиб кетаман, деб ўйловдим. Яхшиликни билмайдиган кўрнамак экансан.

Ботир дўкондор югурганича масжидга — оқсоқолнинг олдига чиқиб кетди…

 

* * *

 

— Энди… ука, бир томондан қайнотанг ҳақ, — дўкондорнинг ҳамроҳлигида ҳовлига кириб келган оқсоқол босиқлик билан Матназарга уқтира бошлади. — Ҳарқалай, қизини сенга ишониб топшириб қўйибди. Қолаверса, маҳалла гувоҳ, менинг илтимосим билан тўйларингни ўтказиб берди. Сен Ҳамидахонни уриб бекор қипсан.

— Мен ҳеч кимни урганим йўқ! — деди Матназар. — Сиз ҳам шу одамнинг ноғорасини чалавермасангиз-чи! Сўкиб ҳайдадим, холос…

— Майли, нима бўлса бўлиб ўтибди. Эр-хотин уришади, талашади, лекин икки кун ўтиб яна кўрмагандай яшаб кетаверишади. Буни турмуш деб қўйибдилар. Сен… Менга қара, қайнотангнинг қарзини бир йўлини қилиб узгин. Бу одамгаям осон эмас. Ҳали чиқарадиган қизи турибди… Нима дейсан?

Матназар тескари қаради.

— Ўша қарзни узаман, узаман! Намунча қистайвермаса бу одам? Яхшиям бегона эмас.

— Менинг қизимни хўрладингми, энди ўзингдан кўр! Куёв бўлсанг ўзингга. Оқсоқол, сиз гувоҳсиз. Бугундан бошлаб ўша пулга фоиз қўяман. Қанча чўзса, шунча ошиб бораверади. Шундаям тўламай юраверса, мана шу ҳовлисини олиб қўйиб, ўзини кўчага ҳайдаттираман.

— Йўқ, йўқ, бу шаштингиздан қайтинг! — дўкондорни тинчлантирган бўлди оқсоқол. — Тўлайди, тўлайди.

— Бўпти, гап шу. Кўзини мошдай очиб қўймасам, отимни бошқа қўяман. Мен бунақаларнинг кўпини кўрганман. Қизим, сен сира қўрқмай болангга қараб ўтиравер. Мабодо яна бир балони бошласа, дарров олдимга бор. Кунини кўрсатиб қўяман бунақа муштумзўрнинг…

Матназар индамади. Қайнотасидан шунчалар кўнгли қолдики, ҳатто, одамгарчилик юзасидан кузатиб ҳам чиқмади. Оқсоқол дарвозага етгунича имлай-имлай, натижа чиқмагач, уйига йўл олди…

 

* * *

 

Автобус серқатнов йўл бўйлаб елдай учиб борарди. Матназар кўзлари йўлда бўлса-да, хаёлан қайнотаси билан ҳамон жанжаллашар, жаҳди танасига сиғмай, қўлларини мушт қилганича рулга уриб-уриб қўярди.

«Ҳаромхўр, — ўйларди у. — Қаёқданам шу еб тўймаснинг қизига йўлиқдим? Чўлоқлигига, ярим жонлигига раҳмим келибди. Кўнгли ярим, бундайлардан ёмонлик чиқмайди, деб ўйлабман. Нега ўшанда қўни-қўшнисидан суриштирмадим? Нега оқсоқолнинг қуруқ гапларига лаққа тушдим? Ҳозирги замонда ҳеч ким дўстлик қилмас экан-да! Нега шуларни вақтида англамадим? Энди нима қиламан? Манови шалоғи чиққан аравани ҳайдаб, қандай узаман ҳаром пулларини? Илгари қайнота-қайноналар куёвни ўз фарзандидан ҳам азизроқ кўради, деб эшитардим. Наҳотки, ўша гаплар шунчаки айтилган бўлса? Ё мен шунақасига учрадимми?»

Шу пайт узоқдан бир аёлнинг қўл кўтарганига кўзи тушиб Матназар тезликни камайтира борди. Боласи бўлса керак, аёл тўрт ёшлар орасидаги бир гўдакнинг қўлидан ушлаб олганди.

— Бу ким бўлди? — деди ўзига-ўзи. — Кеч кирганида катта йўлда нима қиляпти? Бу атрофда қишлоқ бўлмаса…

Матназар аёлнинг ёнига келганда қаттиқ тормоз берди ва ўзи эшикни очиб пастга тушди.

— Тинчликми? Қаерга кетяпсизлар? — сўради у она-болага ҳайрат аралаш боқиб.

Аёлнинг кўзлари тўла ёш эди. Қўлидаги дастрўмолчасига кўз ёшларини арта-арта ерга боққан кўйи жавоб қилди.

— Муллака, бизнинг борадиган жойимиз йўқ…

— Нима? Қ-қанақасига? Ё мусофирмисиз?

— Мусофирликка мусофирмиз. Аммо ўз қишлоғимиздан ҳам ҳайдалдик…

— Ким ҳайдади сизларни? Болангиз ҳали ёш бўлса…

— Эрим ўлиб кетгач… Қайнонам мени бузуққа чиқариб… Ҳайдаб солди қишлоқдан. Энди қайга боришни билмай гарангмиз болам билан.

— Унда катта кўчада нима қилиб тургандингиз? Кеч тушиб қолган бўлса…

Ўзимча узоқ-узоқларга кетиб жой топармиканман, деб ўйладим. Агар топсам, деҳқончилик қилсамми… Ҳаётимни йўлга солволармидим, деб хаёл қилгандим.

Матназар аёлга ер остидан тикилиб қаради. Келишгангина, кўринишидан унақанги енгилтак аёлларга ўхшамайди. Тағин ким билсин? Ҳаётида сира бу тахлит воқеаларга дуч келмаганди.

«Нима қилсам экан, — ўйлади у. — Қандай маслаҳат берсам? Тўхта, деҳқончилик қилсам дедими? Ҳа, агар бузуқи бўлганда, шу ерлардаям қилаверарди қиладиганини… Демак, ҳақиқатан қийналган. Жонидан ўтгани учунгина шундай қарорга келган. Йўқ, ёрдам бермасам бўлмайди…»

— Сизни қишлоққа опкетсам, борармидингиз? — аёлга юзланиб сўради Матназар.

— Вой, сизлар томонда бўш ерлар борми?

— Албатта бор. Агар деҳқончилик қиламан, десангиз, истаганингизча топилади…

— Қ-қандай бўларкин-а? У ерларга бориб қаерда тураман кейин?

— Буёғидан хавотир олманг! Болангиз иккалангизга жой топилиб қолар. Қани, танишайлик. Мен Матназарман. Ҳайдовчиман.

— Марҳамат, — деди аёл бош эгиб. — Ўғлимнинг исми Маъруфжон. Яқинда олтига тўлади…

— Жуда яхши, Марҳаматхон! Кетдик унда!

 

* * *

 

— Оилангиз бўлса, мен қандай қилиб уйингизга кириб бораман? — йўл-йўлакай сўради Марҳамат. — Ҳар қалай, аёл киши. Ёмон хаёлга бориши мумкин…

— Тўғри айтасиз, — деди Матназар бош ирғаб. — Айниқса, отаси билса, жанжал кўтариши тайин. Шундоқ ҳам тиш қайраб юрибди менга.

— Нега?

— Э, тўйимизни ўтказиб берганди. Энди ўша пулларини талаб қиляпти. Ҳайронман, қандай узаман, қачон қутуламан?..

— Катта пулмиди?

— Ҳа-да, нақ икки юз минг.

— Сизга қийин бўпти.

— Майли, бу гапларни қўйиб турайлик, — Матназар беихтиёр кулимсираб Марҳаматга боқди. — Ноқулай бўлсаям… ёшингиз нечада?

— Айтсам ишонмайсиз!

— Балки ишонарман. Айтаверинг!

— Ўн тўққизда.

— Нима? — Матназар аёл томонга кескин бошини бурди. — Йўғ-э, бўлиши мумкинмас.

— Айтсам ҳеч ким ишонмайди. Каттасиз деб айтишади доим. Афсуски, бу ҳақиқат… Ҳаёт мени шунчалар тез қаритиб юборди…

— Хафа бўлманг. Ҳаётда нималар бўлмайди дейсиз… Худо хоҳласа, ер олиб озми-кўпми даромад қилсангиз, яна қайтадан ёшариб, кўрмагандай бўлиб кетасиз.

— Менга қаранг, калламга бир фикр келди. Сизларни… Хуллас, биз томонда бир шийпон бор. Анчадан бери бўш ётибди. Ширкат катталари унинг ўрнига бошқа шийпон қурганидан бери ташлаб қўйишган. Ўша ерга жойлаштирсам қандай бўларкан? Кўздан пана… Ҳа энди… Ош-овқатингиздан бир амаллаб хабардор бўлиб турарман…

— Билмасам, — бош эгди Марҳамат ухлаётган ўғлига кўз ташлаб қўяркан. — Тинч бўлса, сизга гап тегмаса бўлди…

Кўз очиб-юмгунча улар Матназар айтган шийпонга етиб боришди. Ҳақиқатан, атрофи катта-катта пахта далалари билан ўралган бу шийпон қишлоқлардан анча олисда эди. Бунинг устига шийпон тевараги толлар қуршовида бўлгани Марҳаматга маъқул тушди.

— Сиздан Худонинг ўзи рози бўлсин, — деди Марҳамат кетишга чоғланган Матназарга. — Қандай миннатдорчилик билдиришниям билмай қолдим…

— Хўп, энди аста-секинлик билан жойлашаверинглар. Мен кечга бориб бирор егулик олиб келаман. Ҳозирча манови сумкада пича нон, тухум дегандай… Шуларни болангизга пишириб берарсиз. Ичкарида қозон бўлиши керак. Қорни очиб кетгандир… Мен кетдим. Яхши қолинглар!

 

* * *

 

Қишлоқда гап ётармиди? Орадан икки кун ўтар-ўтмас, «Матназар бошқасига уйланиб олибди, ўша хотинини шийпонга яшириб қўйганмиш», деган гап тарқалди-ю, тезда Ҳамиданинг қулоғига етиб борди…

У аввалига ишонмаганди. Бу қадар бўш-баёв эрнинг қайсидир аёлга илакишини тасаввур ҳам қила олмасди. Бироқ қўшни болаларни жўнатиб шийпонда болали аёл яшаётганини аниқлаб билгач, индамасдан қизчасини қўлига олди-да, Ботир дўкондорнинг олдига чопди.

— Ҳали шунақами? — қутуриб кетди ота қизидан хунук хабарни эшитгач. — Энди бу ҳунари чиқибдими? Яхшиликни билмаган ялангоёқ! Мен унга кўрсатиб қўяман. Сен, қизим, ҳеч гап бўлмагандай уйингга боравер. Ўша уй сеники. У кўрнамакни ўзим ҳайдаб соламан. Қани, яқинлашиб кўрсин-чи, ҳовлига!

Шу тобда Матназар энди ишдан қайтиб автобусини уйи рўпарасига қўйганди. Узоқдан ҳаллослаганича у томон келаётган қайнотасига кўзи тушиб юраги увишди. Ботир дўкондор етиб келмасданоқ унга ўшқира кетди:

— Шу туришингга ким қўйибди, иккинчи хотинга уйланишни-а? Уялмадингми? Маҳалладан номус қилмадингми?

— Нималар деяпсиз? — Матназар ҳеч нимага тушунмай савол назари билан боқди. — Қанақа иккинчи хотин? Оғзингизга қараб гапиринг!

— Шийпонга олиб бориб қўйсам, ҳеч ким билмайди, айш қилиб юравераман, деб ўйловдингми? Чучварани хом санабсан, бола!

Матназар шийпон сўзини эшитгани ҳамоно ҳаммасига тушунди. Демак, хабар топишган. Кимдир бу аёлни унинг хотинига чиқарган-у, буларга етказган.

«Эҳ, одамлар, — хаёлидан ўтказди у бош эгган кўйи автобусига суянаркан. — Дарров эр-хотинга чиқариб қўйишганини… Энди қандай исбот қиламан хотиним эмаслигини? Бу аёл мусофир, қийналган эканини қандай тушунтираман буларга?»

— Гапир! — унинг хаёлини бўлди дўкондор. — Нега қоққан қозиқдай жим туриб қолдинг? Шу гаплар ростми?

— Ёлғон.

— Шийпондаги аёл-чи?

— Унда гуноҳ йўқ. Боласи билан ишлашга келган.

— Бекорларни айтибсан. Мени лақиллатаман, деб ўйлама… Қишлоқда сенинг дастингдан бош кўтариб юролмай қолдим.. Энди елкангга чопонингни илгин-да, секин даф бўл бу ердан! Энди уйни қизимга хатлаб бермасам, Ботир отимни боқа қўяман. Суф, сендақа кўрнамакка! Бўл тез, яхшиликча йўқол! Бўлмаса, ҳозир маҳалла йигитларини чақириб суробингни тўғрилатиб қўяман!

— Шунақами? Сиз бойликка, уй-жойга тўясизми ўзи? — алам аралаш қайнотасига тик боқди Матназар. — Ҳали қизингиз билан бир йил яшаб улгурмай, шу ҳовлига кўз олайтиришни бошлагандингиз… Ана, олинг шу уйни! Ўлигингизга буюрсин!

Матназар қўл силтаганича автобус эшигини очиб ўтирмоқчи бўлди. Лекин дўкондор йўлига кўндаланг туриб олди.

— Бу автобусдаям ҳаққинг йўқ. Қарзнинг фоизлари эвазига уни опқоламан… Ялангоёқмисан, тинчгина пиёда кетавер. Аммо бу ерларга яқинлашишни хаёлинггаям келтирма!

Матназар воқеа бу қадар қалтис тус олишини кутмаганди… Ҳеч қачон йиғлаб кўрмаган йигитнинг кўзлари ёшланиб икки кафтига назар солди. Бўм-бўш…

Бирпас аланглаб тургач, бехосдан кулиб юборди. Фақат… Бу кулги юраги дардга тўлиб кетган одамнинг ҳайқириғини эслатарди…

(давоми бор)

Олимжон ҲАЙИТ