23 август куни Сенатнинг йигирма биринчи ялпи мажлиси ўтказилади

0

2019 йил 19 август куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Кенгашининг мажлиси бўлиб ўтди. Мажлисни Олий Мажлис Сенати Раиси Танзила Нарбаева олиб борди.

Сенат матбуот хизматига кўра, Кенгаш Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг йигирма биринчи ялпи мажлисини жорий йил 23 август куни Тошкент шаҳрида чақириш тўғрисида қарор қабул қилди.

Ялпи мажлис кун тартибига мамлакатимиз тараққиётининг янги босқичида белгиланган мақсадлар ва вазифаларни амалга ошириш, барча соҳаларда олиб борилаётган ислоҳотларнинг ҳуқуқий асосларини мустаҳкамлаш ҳамда 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини “Фаол инвестициялар ва ижтимоий ривожланиш йили”да амалга оширишга оид Давлат дастурида белгиланган вазифалар ижросига қаратилган Ўзбекистон Республикасининг бир қатор қонунлари киритилган.

“Хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятлар кафолатлари тўғрисида”ги, “Хотин-қизларни тазйиқлар ва зўравонликдан ҳимоя қилиш тўғрисида”ги, “Атом энергиясидан тинчлик мақсадларида фойдаланиш тўғрисида”ги, “Она сути билан озиқлантиришни қўллаб-қувватлаш ҳамда гўдаклар ва кичик ёшдаги болалар озиқ-овқат маҳсулотларига доир талаблар тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунлари шулар жумласидандир.