ИИБ ходимлари ва бозорчи аёллар жанжаллашаётганлиги акс эттирилган видеолавҳа юзасидан расмий муносабат билдирилди

0

Жорий йилнинг 14 август куни соат 11.00ларда “Оққўрғон деҳқон бозори” масъулияти чекланган жамият ҳудудида хавфсизликни таъминлаш ва ҳар томонлама қулайлик яратиш мақсадида бозор ҳудудига А.Навоий кўчаси томондан кириш қисмини девор билан беркитиш учун туман ҳокимининг 1836-сонли “Оққўрғон шаҳри ‘Бирлик’ МФЙ А.Навоий кўчаси ҳудудидаги бўш турган ер майдонида фуқаро Қурбонов Даврон Эргашевич томонидан икки қаватли савдо ва маиший хизмат кўрсатиш мажмуаси қурилиши учун рухсат бериш” тўғрисидаги қарори асосида қурилиш ишлари бошланган вақтида, шу ерда полиз экинлари ва озиқ-овқат маҳсулотларини сотиш билан шуғулланаётган Э.А., Ю.А. ва Н.Б. исмли аёллар девор қурилса, савдолари юришмаслигини рўкач қилиб, фуқаролар орасида жамоат тартибини бузишган ва бақир-чақир қилиб, атрофдагиларнинг эътиборини ўзига қаратиб, усталар ва бозор раҳбарини ҳақорат қилиб, қурилаётган деворни бузиб ташлаган.

Бу жой бозорнинг асосий кириш йўлаги ёки бозор дарвозаси ҳам эмас. Бу ерда ёймачилар туфайли автомашиналар тирбандлиги вужудга келмоқда.

Мазкур ҳолат бўйича “Оққўрғон деҳқон бозори” масъулияти чекланган жамият маъмурияти томонидан туман ИИБ навбатчилик қисмига келиб тушган хабарга кўра, Оққўрғон тумани ИИБ масъул ходимлари ва ҳудудий профилактика инспектори тартиббузарликни бартараф этиш мақсадида ҳодиса содир бўлган жойга етиб боришган вақтида бозорда савдо қилувчи юқорида санаб ўтилган аёллар ички ишлар органлари ходимларининг қонуний талабларига бўйсунмасдан, қаршилик кўрсатишган.

Шундан сўнг, ички ишлар органлари ходимлари томонидан фуқаролар Э.А., Ю.А. ва Н.Б.ларнинг тартиббузарлик содир этишларини олдини олиш чоралари кўрилган. Шуни алоҳида таъкидлаб ўтиш керакки, ички ишлар органлари ходимлари бозор ҳудудида тартиббузарлик содир этаётган фуқароларга имкон қадар хушмуомилалик билан мурожаат қилишган. Аммо, аёллар ички ишлар органлари ходимларининг қонуний талабларига бўйсунмай, жамоат тартибини бузишга қаратилган ўз хатти-ҳаракатларини давом эттирганликлари сабабли, улар томонидан содир этилиши мумкин бўлган салбий оқибатларга чек қўйиш мақсадида ҳуқуқбузарларни туман ИИБга олиб бориш чоралари кўрилган ва суриштирув ишлари олиб борилган.

Уларни махсус автомашинага олиб чиқилаётган ҳолати шу атрофда жараённи кузатиб турган фуқаролар томонидан қўл телефони орқали тасвирга олиниб, ижтимоий тармоқларда тарқатилган.

Воқеа содир бўлган куни туман ҳокими ва унинг ўринбосари, хотин-қизлар қўмитаси раиси шу ердаги аёллар билан суҳбатлашган ва ушбу аёллар айни вақтда ўз юмушлари билан машғул.

Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси ИИВ Жамоатчилик ва оммавий ахборот воситалари билан алоқалар бошқармаси хабар берди.