НОМАҲРАМ… (4-қисм)

0

 

 

* * *

 

— Вой, дадаси-ей, қизингизнинг соғинганини айтмайсизми!.. Кетганингиздан бери кўз юммади. Боягина зўрға ухлатиб қўйдим. — Ҳамида ясама илтифотлар билан оғу қўшилган бир коса овқатни секин келиб Матназарнинг олдига қўйди. — Олинг, дадаси, атайин сиз учун тайёрладим бу овқатни. Емасангиз, хафа бўламан… Агар истасангиз, овқатдан… Укангизгаям берворай-а?..

Матназар ялт этиб Ҳамидага қаради. Негадир унинг кўзлари бежодек эди. Устига устак эри кўзларига боқиши билан у дарҳол бошини эгиб олди…

— Матназар, ҳов Матназар!.. — эндигина қўлига қошиқни олиб косага энгашган ҳам эдики, кўча томонда кимдир чақиргандек туюлди.

— Ҳа-а, ҳозир! Мана, кетяпман!..

— Э, бемалол овқатланишгаям қўйишмайди-я!.. — норози тўнғиллаб қўйди Ҳамида. — Қўйинг, чақирса ўлиб кетмайдими ким бўлсаям!?. Овқат совиб қолади.

— Дадангмасмикан ишқилиб? — Матназар эҳтиёткорлик билан ўрнидан туриб кўча тарафга кўз ташлаган бўлди. — Пойлаб келган бўлмасин тағин?

— Дадам келадиган бўлса, чақириб ўтирмай ўзи кириб келаверади. Келинг, овқатга қаранг!.. Биронта оғайниларингиздандир-да!..

— Тўхта, мен чиқиб хабар олай-чи!..

У шошилмасдан юриб бориб кесак девордан кўчага мўралади.

— Э, Қулмат, сенмидинг? Киравермайсанми чақириб ўтирмай!?. — Матназар хўппа семизгина, паст бўйли, қисиқ кўз дўстини кўриб қўл силтади. — Нима, бегонамидинг? Келиб юрган жойинг-ку!..

— Сен уйдамисан-йўқми деб ўйладим-да!.. — Матназар эшикни очиб ташқарига қадам қўйгани заҳоти қучоғини очди Қулмат. — Ҳарқалай, ҳамма гапдан хабарим бор.

— Тўғриси, ошна, бирровга келгандим. Анави қўймади юринг деявериб…

— Менга қара, қайнотанг қарзини қистаб қўймаётганмиш деб эшитиб қолдим. Тўғрими?

— Ҳа, ана, уйниям бузишни бошлаб юборибди қари тулки.

— Йўғ-э, уйни нимага бузади?

— Билмадим…

— Жа бўшсан-да ўзингам!.. — Матназарни койиган бўлди Қулмат. — Шунча гап-сўз ўтибди. Бормайсанми қиморхонага, менга бир оғиз шипшитмайсанми?!. Ўзим келмасам юравераркансан-да индамай-а?..

Матназар индамай бошини эгди.

— Энди гап мундай. — давом этди Қулмат ва қўйнидан бир даста пул чиқарди. — Манави икки юз минг сўм. Нақд. Мана шуни олгин-да, қайнотангнинг қарзидан қутул!..

— Э, йў-ўқ, — пулларни қайтадан Қулматнинг қўлига тутқазди Матназар. — Мен сендан пул ололмайман…

— Бошимни қотирмасанг-чи!.. Ол дегандан кейин олавермайсанми?!.

— Ахир… Қандай узаман сенга бу пулларни кейин…

— Эртага бер демадим-ку!.. Қўлингга пул тушганда узарсан… Айтганча, менга қара, уйланибсан деб эшитдим… Қалай, яхшимикан? Келишгангинамикан ўзи?.. Ёмонса-ан Матназар!.. Қачон ювамиз энди-а?..

— Фурсати кеп қолар…

— Бўпти, сен дарҳол қарзингдан қутул, дўстим!.. Уйингни буздириб ўтирасанми?!. Пулини бергин-да, яна келиб уйингга ёпишса, орқасига теп! Кучинг етмаса, мана, мени чақир, ўзим тепишвораман!.. Ҳа, кейин-чи… Шийпондан олиб кет хотинингни!.. Билиб бўладими. Ҳозир ёмон одамлар кўп… Яхши қол!..

Қулмат кетгач, Матназар остонада бир муддат тек туриб қолди. Шу лаҳзаларда ҳеч нарсага ақли етмасди. Ахир, Қулмат билан бир синфда ўқиган бўлса-да, ҳеч қачон олди-берди қилиб кўрмаган. Ҳатто, мундоқ ўтириб улфатчилик ҳам қилмаган!.. Нега энди ҳе йўқ, бе йўқ қўлига пул тутқазиб кетди? Ким билсин? Балки, ҳақиқатан ичи ачишганидан шундай қилгандир?.. Қиморда қўли келиб қолган бўлса, ҳотамтойлиги тутгандир балки?.. Ишқилиб, охири бахайр бўлсин!..

У шоша-пиша уйга кириб пулларни сўрида мунғайганча ўй суриб ўтирган Ҳамиданинг қўлига тутқазди-да, дадасига бериб қўйишини тайинлаб индамасдан чиқиб кетди…

 

* * *

 

Шийпон. Тўрт тарафи очиқ айвон ўртасига Марҳамат увадаси чиққан иккита кўрпани тўшабди. Сал нарига ўғли учун кўрпача ёзибди. Ўзи ёнбошлаганча юлдузли осмонга термулган кўйи хаёлга чўмибди…

Матназар секин келиб ўринга ёнбошлади. Бирпас иккиланиб тургач эса, ҳар эҳтимолга қарши болакай томон кўз ташлаб қўйди-да, Марҳаматни бағрига тортди.

— Тўғрисини айтсам, мана энди-энди хотин нима эканини ҳис этяпман. — деди у шивирлаб. — Тасаввур қиласизми, чўлоқ аёлни қучоқлаш қанчалик оғир эканини?.. Сал қаттиқ тегиб кетсангиз, вой-войлаб қоларди. Ё атайин шундай қиламикан-а?..

— Қайдам? — елка қисди Марҳамат Матназарнинг кўксига бош қўйиб. — Чўлоқ бўлиб кўрмаганман.

— Энди менга очиғини айтинг, ростданам эрингиз йўқмиди?

Марҳамат кескин бошини кўтарди.

— Эрим бўлса, шу ерларда сизнинг ортингиздан эргашиб юрармидим? Ё эр устига сиз билан никоҳдан ўтармидим?..

— Аччиғингиз келмасин, шунчаки сўрадим-қўйдим-да! — юпатган бўлди Матназар. — Унда… Ҳа майли, асосийси, бугун анави ифлос қайнотамнинг жағини ўчирдим. Қарзини бериб келдим…

— Боплабсиз… — деди Марҳамат. — Ҳарқалай, энди чўлоғингиз келиб безовта қилмас?

— Келиб кўрсин-чи!.. Лекин барибир… Бу шийпондан бошқа жойга кўчишимиз керак.

— Қаерга кўчамиз?.. Мўлжаллаган жойингиз борми?..

— Билмадим… Эртага бир суриштириб кўришим керак… Ҳа-а, эсимга тушди. Эртага ўша менга пул берган Қулматдан сўраб кўраман. Янги ҳовли қурибди деб эшитганим бориди. Балки, вақтинча яшаб туришимизга рози бўлар-а?..

— Билмадим… Сўраб кўринг-чи!..

— Янги ҳовлиси қишлоқдан анча нарида. Қулоғимиз ҳам тинчирди… Албатта суриштираман… Ҳарқалай, болалар иккита бўлди. Шийпонда яшаб касал-пасал қиб қўймайлик!..

 

* * *

 

Орадан бир ҳафта вақт ўтди. Қулмат уйида яшаб туришларига негадир розилик билдирмади. Лекин бир йўл кўрсатди.

— Ошна, бу шалоқ аравангни қўй! — деди Матназарга. — Укангниям бекорга қийнаб юрма!.. Уни болалар уйига бериш лозим. Ўзинг бўлсанг… Вей, менминан бир қиморга бориб кўр! Аввал томоша қилиб юрасан. Чўтал бериб тураман. Кўзинг пишиб, қиморнинг нима эканини тушуниб олганингдан кейин астагина даврага қўшиласан. Қара, мен кам бўлдимми?.. Мендаги пул-чи, ўша қари қайнотангдаям йўқ, билдингми?.. Хоҳласам, дўкон-пўкони билан сотиб оламан…

Матназар аввалига ўйланиб қолди. Мардонни кўзи қиймасди. Нима бўлганда ҳам укаси. Унга қаттиқ суяниб қолган. Болалар уйига берса-ю, у ерда хор бўлиб қолса, онасининг руҳи уни кечирармикан?.. Гап-сўзга қолиб кетмасмикан маҳаллада?..

— Сизга тўғри айтибди ўртоғингиз. — деди Марҳамат бу гапни эшитгач. — Ўзим ҳам шуни ўйлаб юргандим. Иккаласиниям берамиз. У ерда жуда яхши қарашади болаларга. Кейин… Менам қаердандир бир иш топиб ишлардим. Бекорга кунни ўтказавермайман-ку, ахир!.. Нима дейсиз?..

— Укамни кўзим қиймаяпти-да!..

— Нима, менинг кўзим қияди дейсизми?.. Сизнинг укангиз бўлса, Шаҳриёр менинг туққан болам. Лекин нима қилайлик? Шароитимиз шундай бўлиб тургандан кейин…

— Буни-ку, майли, бир нима қилармиз. — деди Матназар узоқ-узоқларга ўйчан термулиб боқаркан. — Қулматнинг бошқа бир таклифиям чиқиб қолди-да!..

— Қанақа таклиф? Ишми?

— Ҳа, иш. Қиморга таклиф қиляпти мени.

— Қиморга?.. Вой, сизам қимор ўйнашни биласизми? — кулиб юборди Марҳамат. — Мен билмагандим…

— Нимага куласиз?.. Ким айтди сизга мени қиморни билади деб?.. Қулмат: «Қиморхонага қатна, мен бошланишига чўтал бериб тураман, кўзинг пишгандан кейин даврага қўшилаверасан», деяпти… Шунга бошим қотди…

— Шунгаям бош қотириб ўтирибсизми? Ўша Қулматингиз қарзингиздан қутултирибди. Ҳаммаям икки юз минг пулни қўлингизга тутқазиб қўявермайди. Демак, ўша одам ҳақиқий дўст экан сизга. Менга қолса, бораверинг деган бўлардим.

— Қўрқмайсизми?..

— Вой, нимадан?

— Қиморбоз бўлиб кетишимдан.

— Отам раҳматлиям қимор ўйнаган мен сизга айтсам.

— Йўғ-э!

— Ҳа, ўла-ўлгунча қимор ўйнаб ўтди. Аммо бирор мартаям ютқазиб, борини совурганини кўрмаганман. Қачон қараса, чангали тўла пул юрарди. Ҳамма қариндошларга ёрдам берарди…

— Сизга қойилман! — Марҳаматнинг узун сочларини силаб эркалади Матназар. — Унча-мунча хотин бунақа маслаҳат бера олмайди. Бунақасини биринчи кўришим.

— Эҳ, дадаси, менам сизни одам бўлсин, бири икки бўлсин дейман. Мана, кўчада қолиб сарсон эдим. Сиз шу ерларга опкелиб жонимизга оро кирдингиз. Сизга ёмонлик тилармидим?!. Бораверинг, ажабмас, омадингиз келиб бойиб кетсангиз…

— Айтганингиз келсин!.. — ўрнидан туриб кетишга шайланди Матназар. — Мен ҳозироқ бориб Қулматга жавобини айтаман. Эртага болаларни шаҳарга обориб, болалар уйига жойлаштирамиз…

— Қизчангизданам хабар олиб қўяверинг! — дея маслаҳат берди Марҳамат. — Ҳамидага ёмон гапирманг!.. Эр бермоқ, жон бермоқ деган гап бор. Кўнглини овлаб қўйсангиз, олам соф!..

— Бўпти, кириб ўтарман…

 

* * *

 

Марҳаматни биринчи бор кўрганидаёқ, Қулматнинг кўз қарашлари, ўзини тутишлари бирдан ўзгарди. Матназарга янада кўпроқ меҳр кўрсата бошлади. Шаҳарга бориб-келиш харажатларигача ўз бўйнига олди. Бироқ мақсади битта эди. Бу қадар кўҳлик аёлни бир марта бўлса-да, қўйнига солиб ётиш ҳаракатига тушиб қолганди. Айниқса, Марҳаматнинг кўйлак остида кўпчиб турган бўлиқ сийналарига, атлас лозим ичкарисидаги лопиллаган сонларига зимдан назар солгани сайин эҳтироси жўш урар, қани энди иложи бўлса-ю, шу лаҳзадаёқ таппа босгиси келарди…

— Э, ошна, — деди Матназарга икки болани шаҳардаги болалар уйига жойлаб, ортга қайтишаётганда. — Йўл-йўлакай ўйлаб кўрдим. Обдон мулоҳаза қип чиқдим. Барибир сизларга шийпонда яшаш тўғри келмас экан. Биласан-ку, кун ўтиб далалар одамга тўлади. Дуч келган одам сизларни масхаралаб кетиши мумкин. Турли гап-сўзлар кўпайиши мумкин… Келинглар, яхшиси, менинг янги ҳовлимда яшаб туринглар!.. Ҳозирча кўчиш ниятим йўқ. Худо берса, қиморда омадинг чопиб сенам бир уй қурарсан. Ажабмас, анави чўлоғинг фалокатга учраб… Худо асрасин, Худо асрасин!.. Ҳа, энди буям бир гап-да, ошна!.. Нима дединг?..

— Сендай дўстим борлигидан фахрланиб кетдим, Қулмат!.. — сал қурса кўзларига ёш олаёзди Матназар. — Биздан қайтмаса, Худодан қайтсин сенга!..

— Нега энди Худодан бўларкан? — кулди Қулмат. — Сен катта қиморбоз бўлганингда қайтарасан… Буёғини менга қўйиб беравер!.. Тўғрими, келин?..

Марҳамат ҳамон ерга қараганча жим борарди. Қулматнинг билинар-билинмас кўз қисганини кўрмади.

Шунчаки… Бош ирғаб қўя қолди…

 

* * *

 

Қулмат шу куни кечқуруноқ Матназарни ёнига олиб уч қишлоқ нарига жўнади. Катта ўйин бор экан.

Улар йўл-йўлакай гаплашиб келиб қизилга бўялган темир дарвоза рўпарасида тўхташди.

— Мана шу ер бизнинг «ишхона», — деди Қулмат кўз қисиб. — Агар сенам астойдил ихлосминан шу ерга қатнасанг, албатта одам бўласан.

— Тўхта, бу ерда мен танийдиган одамлар ҳам борми? — сўради Матназар. — Тағин қишлоқ атрофларидан биронтаси бўлса, гап тарқатиб юрмасин.

— Йўқ, бу ерда ҳар ердан келган одамлар ўйнайди. Ишонасанми, деярли ҳаммаси шаҳарликлар. Фақат мен-у, уй эгаси холос шу ердан.

— Унда қўрқмасаям бўларкан. — чуқур нафас олиб остона ҳатлади Матназар. — Қани, кўрай-чи, қандай ўйин кўрсатаркансизлар…

Ҳовли оддий эди. Кенглиги Матназарнинг ҳовлисидан ҳам кичикроқ. Айлана атрофга ток экиб ташланган. Фақатгина битта хонанинг чироғи ёниқ. Ичкаридан кимларнингдир хандон отиб кулгани эшитилиб турарди…

— Ассалому алайкум!.. — Қулмат хонага кирибоқ қўлини кўксига қўйди. — Жамоат жам-ку!.. Мана, сизларга меҳмон опкелдим. Ўзимизнинг одам. Томоша қилмоқчи ўйинни.

— Ишончлими ишқилиб? — тўрда ўтирган бақалоқ, чап юзида билинар-билинмас чандиғи бор ўрта яшар эркак луқма ташлади. — Гуллаб юрмасмикан кўча-кўйда?..

— Нима деяпсан, Қодир? — қўл силтади Қулмат. — Мен сотқинни бошлаб юрмайман — ку!..

— Э, шуни гапига қулоқ солиб ўтирибсанми, Қулмат? — дея ўрнидан турди новчадан келган, сариқ соч бир йигит. — Гапираверади-да бу!.. Қани, меҳмон, танишайлик!.. Мурод.

— Матназар.

— Қани, ўтиринг!..

Матназар секин кўрсатилган жойга ўтирди. Фотиҳа қилингач, уй эгаси бўлса керак, патнисга бир шиша ароқ, тўрт-бешта пиёла келтирди-да, дастурхонга қўйди.

— Ўзинг бўласан, Нодир! — деди унга Қулмат. — Тезроқ бўл, кутишга вақт йўқ!..

Нодир деганлари итоаткорона қўлига шишадаги ароқни олиб очди ва пиёлаларга тўлдириб-тўлдириб қуйди.

— Хў-ўш, аввал меҳмондан кўрамиз-да-а?.. — Қодир кулимсираб биринчи пиёлани Матназарга узатди.

— Йўғ-э, ўзларинг бемалол олаверинглар!.. — деди Матназар хижолат тортиб. — Мен…

— Ол, ошна! — уни туртди Қулмат. — Қиморда аввал боши ароқ ичилади. Бўлмаса, қўл қалтираб ошиқни ўзинг истагандай тик туширолмайсан. Ол!..

— Мен қимор ўйнамайман-ку, Қулмат!.. Кел, кейинроқ ичай!..

— Олсанг-чи!..

Матназар қаршилик кўрсатиш бефойдалигини сездими, индамай қўлига ароқ тўлатилган пиёлани олди…

 

* * *

 

— Сизлар гаплашиб ўтира туринглар, мен ҳозир ярим соатда келаман! — Қулмат кайфи ошиб, астойдил гапга тушиб кетган Матназарга бир қараб қўйди-да, ўрнидан турди. — Бориб келадиган ишим бориди.

— Вей, бошламаймизми ўйинни? — Қодир норози тўнғиллади. — Одам сиқилиб кетди-ку!..

— Биринчи партияни менсиз ўйнаб тураверинглар!.. Кейингисига қўшиламан…

— Бўпти, фақат узоқ қолиб кетма!..

Қиморбозлардан бири Қулмат чиқиб кетиши билан дастурхонни бир четга суриб, дераза токчасидаги ошиқларни қўлига олди…

Қулмат эса, мана шу лаҳзаларда фақат Марҳаматни ўйлар, илдам-илдам қишлоқ томон кетиб бораркан, икки хаёли аёлни нимадир қилиб эритиш-у, мақсадига етиш эди…

Ниҳоят қишлоқлар ортда қолиб ўзининг янги қурилган, ҳали дарвоза ўрнатилмаган уйига яқинлашди. Бу ернинг Қулматга ёқадиган томони ҳам маҳаллалардан анча узоқлиги, икки тарафи дала, қачон қараса, ғир-ғир шабада эсиб туриши эди. Ана, Марҳаматнинг олдига кириб борсаям, қаерга кетяпсан дейдиган одамнинг ўзи йўқ…

Қулмат эҳтиёт шарт орқага ўғринча қараб олди. Ҳеч зоғ йўқ. Ичкари уйнинг чироғи ўчмаганига қараганда, Марҳамат ухламаганга ўхшайди.

У оёқ учида юриб дераза қаршисига борди. Секин мўраласа, Марҳамат ёнбошлаган кўйи қандайдир китобни ўқиш билан банд…

Қулмат секин даразани чертганди, Марҳамат сесканиб ўрнидан туриб кетди…

— Қўрқиб кетдингизми? — очиқ деразадан бошини суқиб сўради Қулмат. — Шунчалик ҳам қўрқоқ бўладими одам, Марҳаматхон?..

— Вой, сизмидингиз?.. Хўжайиним қани?..

— Хўжайинингиз иш ўрганяпти.

— Сиз-чи?.. Қолмадингизми?..

— Ичкарига кирсам майлими?.. — кўзларини хиёл қисиб аёлга тик боқди Қулмат. — Ҳарқалай, бу ерда туришим ноқулай…

— Йўқ… Қўрқаман…

— Нимадан?.. Мен одам емайман.

— Биламан.

— Унда нимадан қўрқасиз?

— Хўжайин…

— Э, қизиқмисиз?.. Айтдим-ку, у иш ўрганяпти деб!.. Мен қайтиб борсам, рухсат берсам, ана ундан кейин келади.

— Менда бирор ишингиз бормиди? — сўради Марҳамат ердан кўз узмай.

— Ҳа, ишим бор. Майлими кирсам?

— Ҳозир эшикни очаман…

Қулмат эшик очилиши билан яшин тезлигида ичкари кириб эшикни ичкаридан тамбалади-ю, Марҳаматни бағрига тортди.

— Й-йўқ… Нима қиляпсиз?.. Қўйворинг!.. — Марҳамат силтаниб Қулматнинг қучоғидан чиқмоқчи бўлар, аммо кучли қўллар аста-секинлик билан кийимларини ечишига қаршилик кўрсата қолмасди…

 

* * *

 

Кўча кўрган аёлдан ҳамма нарсани кутса бўларкан. Қулмат бу дўмбоқ аёлни ярим соатча қучоғида олиб ётгандан сўнг шундай хулосага келди.

Марҳамат унинг бағрида бутун дунёни унутгандек, ютоқиб-ютоқиб юз-кўзларидан ўпар, Қулмат бўса олишни бошлаганда эса, энтикиб-энтикиб кетарди-да, бошини орқага ташлаб кўзларини юмиб оларди…

Шу кўйи икковлари ярим соатдан мўлроқ «олишишди…»

— Энди бугундан эътиборан меники бўлдинг, жонидан! — дея оҳиста Марҳаматнинг узун сочларидан тортиб қўйди Қулмат. — Ҳақиқатан зўр экансан. Тан бердим сенга. Майли, ўша сўтакни қиморбоз қилиб тайёрлайман. Фақат сен учун… Шу вақт орасида бўлса, сен мени хурсанд қиласан…

— Очиқча ўзингизники қилиб олишниям йўли бор. — айёрона кулиб қўйди Марҳамат.

— Қанақа йўл экан?

— Қиморда мени хўжайинимдан ютиб оласиз.

— Ҳадеб хўжайин деявермасанг-чи!.. — кутилмаганда жеркиб ташлади Қулмат. — Нимаси хўжайин ўшанинг?..

— Никоҳидаман ҳарқалай, буниям эсдан чиқариб қўйманг-да, ака!..

— Хўп, мен ютволдим ҳам дейлик. Ундан кейин-чи?

— Ундан кейинми?.. — Марҳамат бироз ўйлаб тургач, давом этди. — Зўр бўлса, қайтариб ютиб олади.

— Мана бу фикринг жа ёқди менга. Маладес. Мен-чи, Матназарни шундай боши берк кўчага олиб кириб қўяманки, ўзинг туриб балли дейсан. Фақат бир шартим бор. Сен аралашмайсан!..

— Жинни бўлибманми аралашиб? Эркакларнинг ишими, ўзлари ҳал қилаверишсин…

— Хўп, энди мен борай. Эртага кечаси яна келаман. Эшигингни қулфлаб олмагин!.. Манави пулларни олиб қўй! Камчилигингга ишлатарсан…

— Фақат эҳтиёт бўлинг! — тайинлади Марҳамат. — Тағин кайф устида оғзингиздан гуллаб қўйманг! Нима бўлгандаям, эркак киши. Нафсонияти бор…

(давоми бор)

Олимжон ҲАЙИТ