ЭНАМГА ДИЛ ҲАСРАТИМ… (Кўмир ютганлар ўқимасин!.. Шунчаки ҳазил…)

0

 

* * *

 

Онда-сонда қоғоз қоралаб туриб,

Ҳойнаҳой, зўр шоир бўлдим-ов!.. Ана!

Бойларнинг орасин оралаб юриб,

Мен қачон бизнесмен бўламан, эна?

 

* * *

 

Замона зайлига ташналигим бор,

Пича фириб, пича зиқналигим бор,

Солиқчилар билан ошналигим бор,

Мен қачон бизнесмен бўламан, эна?

 

* * *

 

Оҳ, менинг гердайиб туришларим-эй,

Пул дамидан акса уришларим-эй,

Ҳол сўрмасга итдек ҳуришларим-эй,

Мен қачон бизнесмен бўламан, эна?

 

* * *

 

Кўнглим кўчасидан куйлаб ўтардим,

«Мен фалончибой! Бой! Бой!» лаб ўтардим,

Топганимни белга бойлаб ётардим,

Мен қачон бизнесмен бўламан, эна?

 

* * *

 

Соҳибжамолларга суягим йўғроқ,

Хастаман, бировга керагим йўғроқ,

Ияк қоқай десам, иягим йўғроқ,

Мен қачон бизнесмен бўламан, эна?

 

* * *

 

Жонон деганимда жоним кирсин-да,

Тушларимга минг бир хоним кирсин-да,

Бир ғариб шоир ҳам даврин сурсин-да,

Мен қачон бизнесмен бўламан, эна?

Олимжон ҲАЙИТ