Ўйлаб кўрдингизми? 2019 йил 24 август куни юлдузлар сизга нималарни ваъда қиларкин?

0

 

 

ҚЎЙ (21. 03 — 20. 04)

24 август куни жуда кўплаб яхши-ёмон хабарлар эшитасиз. Хоҳлайсизми-йўқми, келаётган хабарларни тинглашга мажбурсиз. Бировлар сизга қайсидир масалада маслаҳат берса, инкор этманг. Муҳаббатда ҳам бир-биридан қизиқарли фактларга гувоҳ бўласиз. Шу фактлар сабабми, жуфтингиз билан ўзаро муносабатларингиз яхши томонга ўзгармаслиги мумкин. Аммо сабрли бўлинг. Ҳаммаси ўткинчи. Кечқурун тоза ҳавога сайр қилинг.

 

БУЗОҚ (21. 04 — 21. 05)

 

Бугун барча ишларни четга суриб қўйиб ўзингиз яшайдиган қишлоқ ёки шаҳарда сайр қилинг. Бу сизга тотли туйғулар бахш этади. Оғир вазиятларга реал кўз билан боқишда ёрдам беради. Қўлингизга муддатидан олдин пул келиб тушиши кутилади. Аммо уларни сарфлашга шошилманг. Тадбиркор бўлсангиз, таваккалчиликка, ёлғонга қоришиқ ҳаракатларга йўл берманг. Давлат қонунлари билан орангизда жиддий муаммо юзага келиши мумкин.

 

ЭГИЗАКЛАР (22. 05 — 21. 06)

 

24 августда ғийбатлар, умуман кераксиз суҳбатларни бошдан ўтказишингизга тўғри келади. Бундан қочиб қутулишнинг сира имкони йўқ. Шунинг учун сабрли бўлинг. Оиласизларнинг баъзилари бир кўришдаёқ бир инсонни севиб қолишлари кутилади. Бу жараёнда қалбан ҳеч нарсага тенглаб бўлмас буюк туйғуларни туясиз. Лекин барибир тафаккурга суянишда давом этинг. Тадбиркормисиз, шахсий бизнес эгасимисиз, таваккал ҳеч бир ишга пул тикманг. Бу хавфли. Пиёда юрган бўлсангиз, серқатнов йўлларни кесиб ўтишда эҳтиёт бўлинг. Чунки ҳозирги ҳайдовчиларнинг кўпчилиги автомобилни ажалнинг ўқидек тез ҳайдашади.

 

ҚИСҚИЧБАҚА (22. 06 — 23. 07)

 

Бугун кун давомида ақлий меҳнат билан кўпроқ банд бўлишингиз кутилмоқда. Шундай экан, танани ҳам, мияни ҳам машғулот ўташга мажбур этинг. Токи ақлий меҳнат кўпайгандан кўпайса ҳам улар толиқишдан нари бўлсин. Қўшимча куч тўплашда тоза ҳавода пиёда сайр қилиш, илиқ ванна ёрдам беради. Ухлашга ётишдан олдин классикларнинг шедевр асарларидан бирини мутолаа қилинг. Омад сизга ёр бўлсин!

 

АРСЛОН (24. 07 — 23. 08)

 

24 август куни катта-кичик мақсадларнинг барчасига етасиз. Фақат ярим йўлда таслим бўлмасангизгина улар ҳақиқатга айланади. Молиявий муаммоларни кўриб қўрқиб кетишингиз сабабли эзгу мақсадлар йўлида таслим бўлишга аҳд қилишингиз мумкин-да. Таслим бўлманг. Йўқса, йил охирига қадар ҳам моддий аҳволингизни яхшилай олмай ҳалак бўласиз. Ҳар қадамда тақдирнинг белгиларига алоҳида эътибор билан ёндашинг.

 

ПАРИЗОД (24. 08 — 23. 09)

 

Гарчи қиладиган ишларингиз молиявий жиҳатдан у даражада фойдали бўлмаса-да, бугун ишсиз қўл қовуштириб ўтирмаслигингиз аниқ. Пул сарфлашда жуда ҳушёр туринг. Акс ҳолда инқирозга юз тутасиз. Оиласизларга шахсий ҳаётини аълодан ҳам юқорироқ даражага келтириб олиш учун қулай имкониятлар туғилади. Саломатлик масаласида жисмоний зўриқишларга зеб бермасангиз, ҳаммаси яхши бўлади. Тўғри овқатланинг, кўпроқ пиёда юринг.

 

ТАРОЗИ (24. 09 — 23. 10)

 

24 августда сиз тижорат ишлари билан шуғулланмаслигингиз керак. Бу соҳадаги барча ишларни вақтинча четга суриб туришингизга тўғри келади. Тижорат билан боғлиқ арзимас ҳаракат ҳам сизни инқирозга юз туттиради. Оиласизлар бугун ўзига ёқмайдиган одам билан ишқий саргузаштларга киришишни мўлжаллашмоқчи бўлишса, хатога йўл қўйишади. Иллюзияни ҳайдаб солинг ва ҳаётга реал назар билан боқинг. Кечқурун севимли хоббингиз тарафга ҳам бир кўз ташлаб қўйинг.

 

ЧАЁН (24. 10 — 22. 11)

 

Бугун атрофдагиларни қаторасига ташқи кўринишига қараб муҳокама эта бошлашингиз мумкин. Бу сиз учун кечирилмас хатога айланади ва энг муҳим алоқаларни, муносабатларни йўққа чиқарасиз. Ундан олдин ўзингизга ташқаридан боқинг. Сиз идеалмикансиз? Ишда имкониятларингиздан четга чиқмаслигингиз тавсия қилинади. Кечқурун сафарга чиқсангиз, албатта муваффақият қозонасиз.

 

ЎҚОТАР (23. 11 — 21. 12)

 

24 август куни тадбиркорлар ва шахсий бизнеси борларга анчадан бери шерикчиликда ишлаб келаётганлар моддий ёрдам кўрсатади. Муҳаббатда кутилмаган манзарага гувоҳлик қиласиз. Жуфтингиз ёки бўлғуси жуфтингиз билан ўзаро муносабатлар жиддий даражага чиқади. Демак, оиласизлар тўй тараддуди ҳақида ўйлашни бошлашлари керак. Шу баҳонада бўлғуси жуфтингиз билан бирга яшашингиз лозим бўлган уй ҳақида ҳам фикрлаб кўришингиз тавсия этилади.

 

ТОҒ ЭЧКИСИ (22. 12 — 19. 01)

 

Бугун кунингиз ажойиб тарзда ўтади. Агар туйғуларингиз соф бўлса, уларни суюкли инсонингиздан дариғ тутманг. Куннинг иккинчи ярмида ўтмишдаги эски танишлардан бири билан тасодифан учрашиб қоласиз. Суҳбат жуда оғир кечиши кутилмоқда. Асосийси, келгуси режаларингиз ҳақида у одамга асло гапира кўрманг. Кечқурун дўстлар билан ўзингиз яшайдиган манзилдан четроққа чиқиб вақт ўтказасиз. Бу лаҳзалар бир умр ёдингизга муҳрланиб қолади.

 

ҚОВҒА (21. 01 — 19. 02)

 

Агар анчадан бери тадбиркор бўлишни орзулаб келган бўлсангиз, 24 август шу ниятларингизни ҳақиқатга айлантиради. Бошланишига бадавлат танишлардан қарз кўтарсангиз ҳам зиён қилмайди. Бугун дўстлар билан учрашиб суҳбат қуришларни четга суринг. Спиртли ичимликнинг яқинига ҳам йўламанг. Ҳали турмушга чиқишга улгурмаган қизлардан айримларига севган йигити бугун муҳаббат изҳор қилиши кутилади. Қариндошлар билан муносабатларда ён беришга мойил бўлинг.

 

БАЛИҚ (20. 02 — 20. 03)

 

Бугун балиқ буржи остида таваллуд топганлар нафақат пул денгизида, балки рўзғордаги муаммолар денгизида ҳам чўмилишади. Афсуски, вазиятни ўзгартириб бўлмайди. Чунки ўзингиз айрим масалаларга лоқайд муносабатда бўлгансиз. Режалаштирилмаган харидлардан воз кечинг. Акс ҳолда инқирозга юз тутасиз. Муҳаббатда омадингиз келади. Жуфтингиз билан орадаги туйғулар янада юқорилаши кутилмоқда.

Хушвақт бўлинг! Ҳаммавақт бўлинг!

Олимжон ҲАЙИТ тайёрлади