Қирғизистон парламенти депутати, кўрлар жамияти аъзоси Достон Бекешев: «Парламентда депутатлик амали 1 млн доллар туради…»

0

 

Қирғизистон парламенти депутати Достон Бекешев доимо журналистларга интервью берса, фақат ҳақиқатни сўзлайди. Бу гал ҳам сайт мухбирларидан бири билан худди шундай очиқчасига суҳбат қурди.

«Парламент миллионерлар клуби, — деди кулиб депутат. — Бу даргоҳга камбағал одам кириб ўтира олмайди…»

— Сиз 2008 йили оддий давлат хизматчиси бўла туриб бир куни Жокоргу Кенешга депутат сифатида кириб боришингизни айтгансиз. Бу гапингиз учун устингиздан кулишган экан. Сабаби тушунарли. Ахир, депутат курсиси парламентда 100 мингдан 500 минг долларгача тураркан.

— Юз минг доллар? Сиз эски замонда қолиб кетибсиз.

— Унда депутат бўлиш учун қанча тўлаш керак?

— Ўйлайманки, биринчи ўнликдан жой олиш учун 300 минг доллар тўлашади. Ундан юқориси номзоднинг моддий имкониятига боғлиқ. Агар унинг завод, параходлари бўлса, кўп олишади. Агар бўлғуси депутат халқ орасида умуман машҳур бўлмаса, 1 миллион долларгача олишади.

— Кейин депутат бу пулларни қандай чиқариб олади? Уларнинг ойлик маоши 40-50 минг сом холос-ку!

— Сиз депутат парламентга ойлик олиб ишлаш учун келади деб ҳисобласангиз, адашасиз. Депутат бу даргоҳга ўз бизнесини ҳимоя қилиш учун келади. Парламентга келгач, у ўзи хоҳлаган вазирнинг эшигини тақиллатиб кириб бориш ҳуқуқини қўлга киритади. Хоҳласа, президент кабинетига кириб ёрдам сўрай олади.

— Эшитишимча, кўпчилик депутатлар ойлик маошига қараб ҳам қўйишмас экан. Шу ростми?

— Йўқ, ундаймас. Маошини олади. Ҳатто, долларда миллионер бўлган депутат ҳам маошини албатта олиб кетади. Ишонинг, бизнинг мамлакатдаги миллионерлар шу қадар олчоқки, хизмат сафарига бориб келиш учун ҳам халқаро ташкилотлардан моддий кўмак сўрашади.

— Унда сиз қандай кириб қолдингиз бу клубга? Камбағал оиладан эканингизни илгари айтиб ўтгандингиз-ку!

Мен парламентга 2010 йили «АР-Намыс» партияси орқали ўтганман. Мендан ҳеч ким пул сўрамаган. Буни тан оламан. Орадан беш йил ўтиб мени иккинчи марта сайлашди. Қолаверса, мен парламентда столни чертиб ўтирмаганман. Астойдил ишлаганман.

— Парламент депутатлари юрадиган «Жип»лар давлатникими?

— Йўқ, улар давлатники эмас. Парламентда 2015 йили Хитой ҳадя қилган кадиллаклар бор. Лекин мен унақа машинада юрмаганман.

— Сиз қанчадир вақт депутатлар учун давлат ажратган квартирада яшаган экансиз. У квартиралар қай аҳволда?

— Ҳа, Жокоргу Кенешнинг 30 та квартираси бор. Улар 2009 йили бунёд этилган. Тан олиш керак. Квартиралар кенг. 107 квадрат метр. Аммо у қадар яхши яшаб бўлмайди. Иситиш ҳам электр токига уланган. Мабодо чироқ ўчиб қолса, қиш ойларида совуқ ейди одам. Қиш ойларида электр учун 12-15 минг сомдан пул тўлаш керак. Бунга қўшимча, қўриқлаш хизмати ва бошқаларга ҳам бир дунё пул тўлайсиз. Ундан кўра ижара квартира топиб яшаш осонроқ кечади.

— Депутатлар таъмирланган тайёр квартира олишадими?

— Йўқ, таъмирни ўзингиз қилишингиз керак. Агар сиздан олдин яшаган одам расво ҳолда қолдирган бўлса, яхшигина пулга тушасиз. Худога шукр, мен ҳозир у ерда яшамайман.

— Депутатни ҳозир ҳамма деярли бир хил тасаввур қилади. У одамлар назарида жуда бой, кетворган хориж машинаси бор, қўлида олтин соат. Шундай экан, унга маошнинг, давлат тарафидан ажратиладиган квартиранинг нима зарурати бор?

— Мен ўтирадиган кабинет ойнасидан парламент аъзоларининг автомобиллари турадиган жой кўриниб туради. У ерда 120 минг долларлик «ЖИП»лар туради. Аммо ҳамма депутатларни ҳам бадавлат деб бўлмайди. Масалан, бизда 30 нафарга яқин депутат бошқалар каби оддий ҳаёт тарзини кечиради. Мисол учун мени олайлик. 9 йилдан бери парламентда ишлаб ҳануз бойлик орттирганим йўқ.

— Депутат постини эгаллагач, қай йўл билан бойлик орттирса бўлади?

— Мисол келтираман. Казиноларни тақиқлаш ҳақидаги қонун лойиҳаси эсингиздами? Хўш, сиз ўйлайсизки, бу лойиҳани ҳақиқатан казиноларни ёпиш учун ўйлаб топишганми? Йўғ. Қонун лойиҳаси ишлаб чиқилгач, казино эгаларига депутат қўнғироқ қилади ва шарт қўяди. Ё улуш берасан, ё қонун лойиҳаси тасдиқланиб, бизнесинг ёпилади. Ким кимдан пул талаб қилганини эса ҳеч ким исботлай олмайди. Улар ана шундай пухта иш кўришади…

Журналист мана шу ерда суҳбатга якун ясабди. Сабабини айтмаган. Шунчаки суҳбат чўзилиб кетганини баҳона қилиб қўя қолган.

ru. sputnik. kg