Рамзан Қодиров халқидан оламдан ўтгач, унинг шарафига кичик бир мачит қуришларини сўради…

0

 

Чеченистон президенти Рамзан Қодиров яқинда ўз халқига мурожаат этиб, оламдан ўтгандан кейин унинг шарафига кичкинагина бир мачит қуришларини илтимос қилди. Рамзан Қодировнинг айтишича, 23 август куни очилиш маросими бўлиб ўтган Европадаги энг катта мачит ҳисобланмиш «Мусулмонлар фахри» мачитини унинг номи билан аташмоқчи эди. Лекин мачитга пайғамбаримиз номи берилди.

— Ҳамма бу дунёга меҳмон, — деди президент. — Шу жумладан, биз ҳам кун-соатимиз етган куни Азроил Алайҳиссаломга омонатимизни топширамиз. Шундан сўнг халқим кичкинагина, мўъжазгина бир мачит қуриб менинг номим билан атаса, мен учун бу жуда катта ва тенгсиз совға бўларди. Унгача эса бизнинг ўзимиз мачитлар, мактаблар, спорт иншоотлари, мадрасалар қуришда давом этаверамиз…

Эслатиб ўтамиз, 23 август куни Чеченистоннинг Шали шаҳрида очилиш маросими бўлиб ўтган мачит ҳақиқатан Европадаги энг катта мачитга айланди. У ўзига 30 минг одамни сиғдира олади. Агар мачит ҳудудини ҳам қўшадиган бўлсак, 70 минг одам бир вақтнинг ўзида ибодат қила олади.