Раъно ШОДИЕВА: «Имтиҳонга боргим келмаган. Чунки..»

0

«ИМТИҲОНГА БОРГИМ КЕЛМАГАН, ЧУНКИ…»

Раъно ШОДИЕВА, Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган артист:

— Ҳар гал август ойи кириши биланоқ тест жараёнлари бошланса, кўнглим бироз ғашланади. Негаки абитуриент сифатида топширган илк имтиҳонимга икки кун қолганида раҳматли дадам вафот этган. Оғир жудолик, уй тўла одамлар эди. Аввалига имтиҳонга бориш фикридан қайтганман. Лекин яқинларим «Отанг олий маълумотли бўлишингни орзу қиларди», дея ўртага олиб, мени бир амаллаб кўндиришган. Кўзларим қизарган ҳолда    институтга борганман.

Керакли фанлардан жиддий тайёргарлик кўрганим жудаям асқатган ва тўғри жавобларни белгилашда сира қийналмаганман. Орадан ўн кун ўтиб, жавоблар тахтасига кўз югуртирганимда яна йиғлаганман. Бу гал кўзларимдан севинч ёшлари оққан. Падаримнинг руҳини шод қилишга интилганим боисми, давлат гранти асосида ҳозирги Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институтига ўқишга кирганман.

Айни пайтда тўнғич фарзандларим олий ўқув юрти талабаси. Уларнинг абитуриентлик даврида иккиси билан ҳам шуғулланишга етарлича вақт тополмадим. Бироқ ўз кучи билан талаба бўлишди. Имтиҳон кунлари улардан ҳам кўра кўпроқ ҳаяжонланганим эсимда. Илоҳим ҳамма ота-онага фарзанди талаба бўлиш бахтини кўриш насиб этсин!