Тизза ва тирсак нима учун қорайишини биласизми?

0

Албатта, тери организмдаги ҳар қандай бузилишлар ва ички аъзолардаги ўзгаришларни ўзида акс эттиради. Бу эстетик муаммо бўлиб, юздаги доғлар каби одамга кўп азият етказади. Асосан, гигиенага амал қилмаслик, доимий тарзда столга тирсакни тираб ўтириш, тизза ва тўпиқ суягининг дағал гиламга ишқаланиши, кўп вақт қуёшда юриш бўғимлардаги терининг қўполлашишига олиб келади.

Айрим шифокорларнинг айтишича, тирсак ва тизза   қорайишига ички эндокрин касалликлар сабаб бўлар экан. Кузатувларга кўра, бундай аломат одатда, 40 ёшдан ошган климакс давридаги аёлларда кўп учрайди. Мутахассислар буни улар организмида рўй бераётган табиий биологик жараён менопауза билан боғлашади. Мазкур ҳолат уларда гормонлар меъёрининг бузилиши, кайфият ўзгариши, ҳолсизлик, жиззакилик билан уйғунликда кечади.

Яна бир гуруҳ мутахассисларнинг таъкидлашича, тирсак ва тизза қорайиши организмдаги гижжалар оқибатидир. Ичакда гижжа қолдиқлари қанчалик кўп тўпланса, бу токсинларнинг ичакка сўрилиши ортиб бораверади. Оқибатда терида муаммолар пайдо бўлиши мумкин.

Бу муаммонинг яна бир сабаби — қабзият. Кекса кишилардаги бўғимлар усти терисининг дағаллашиши уларнинг ёшида одатий бўлиб қолувчи ич қотиши натижаси саналади. Қабзият теридаги нуқсонларга тўғридан-тўғри алоқадор, чунки ичак орқали чиқиб кетмаган ортиқча моддалар ҳазм бўлмаса, тери орқали бўй кўрсатади. Ичакларни тозалаш, ич келиши меъёрий бўлишини таъминлаш тизза ва тирсак терисини силлиқлаштиришга ёрдам беради.

Кўпинча катта ёшли аёллар бу муаммодан азият чекади, дедик. Аммо бу ҳолат баъзан ёшларда ҳам кузатилиши мумкин. Яъни танада қандайдир мувозанат бузилиши ва терида акс этиши аёлларда организмда эстроген гормонлари етишмаслиги сабаб юзага келади. Шунингдек, сунъий матолардан тикилган либослар, тор кийим-кечаклар ҳам терининг дағал тортишига сабаб бўлади.

Тирсак ва оёқ бўғимлари терисида қорайиб, пўсти қуриб турувчи доғ, аслида, нобуд бўлган териларнинг тўпланиб қотишидир.

Уй шароитида даволаш чоралари

Бу нохуш доғлардан қутулмоқчи бўлсангиз, денгиз тузидан фойдаланишингиз мумкин. Уни қўллаш учун қўл ва оёқни ювгандан кейин намлантирувчи крем суртиш тавсия қилинади.

Қўл ва оёқ бўғими соҳасидаги қорайиб хира тортган жойни олдин яхшилаб ўлик териларни туширувчи (скраб) крем билан тозалаб, сўнг картошкани қирғичдан ўтказиб, сувини суртиш лозим.

Бир ҳафта давомида ҳар куни эрталаб оч қоринга 1 стакан иссиқ сутга 1 чой қошиқ зарчава ва 1 чой қошиқ асал қўшиб ичинг. Бу тери рангини тозалаш билан бирга тирсак ва тиззадаги қора доғларни йўқотишга кўмаклашади.

Терининг қорайган жойига картошка бўлакларини қўйиб, устидан полиэтилен қоғоз ўраб қўйилса ва эрталаб илиқ сувда ювилса ҳам улар юмшаб, аста-секин тузалиб кетади.

Уй шароитида тизза ва тирсак бўғими терисининг дағаллашишини лимон ёрдамида ҳам даволаш мумкин. Бунинг учун   кечқурун қорайган соҳани лимон шарбати шимдирилган дока билан ишқалайсиз. Бу муолажани бир неча кун такрорлайсиз. Бир ҳафтадан кейин қўл ва оёқ териси оқарганини кўрасиз.

Қотиб қорайган тизза, тирсак ва тўпиқ соҳасига думба ёғи шимдирилган пахтани қўйиб, устидан клёнка ўраб ётасиз. Эрталаб илиқ сувда ювиб ташлайсиз.

1 ҳафта эрталаб ва кечқурун оч қоринга 2-3 бўлак қовун истеъмол қилинг. Бу парҳез ичакларнинг бир маромда бўшалишини таъминлайди. Агар ичкарида муаммо бўлмаса, ташқи тери қаватлари оддий глицерин ёки юмшатувчи крем суртиш билан силлиқланади.

5 дона лавр баргини 0,5 л сувда 1 стакан сув қолгунча қайнатинг. Сўнг бу сувдан кун давомида 1-2 ҳўпламдан ичиб юринг.

Агар юқоридаги тавсияларга амал қилсангиз ёз иссиғида тирсагингизни узун енгли кўйлак остига яшириб юришингизга ҳожат қолмайди.

Гулчеҳра ОРТИҚОВА,
терапевт