Ўйлаб кўрдингизми? 2019 йил 28 август куни юлдузлар сизга нималарни ваъда қиларкин?

0

 

 

ҚЎЙ (21. 03 — 20. 04)

Бугун ҳар бир айтадиган сўзингизни олдин ўйлаб кейин тилингизга кўчиришингизга тўғри келади. Худо кўрсатмасин, бирор гапни нотўғри айтиб қўйсангиз, муаммодан бошингиз чиқмай қолиши мумкин. Ҳақиқатни бировнинг юзига айтиш ҳар доим ҳам яхшилик келтиравермайди. Ишхонада ҳам бировларнинг ишига аралашишдан тийилинг. Ўткир ва электр токига ишлайдиган жиҳозлар билан ишлаганда, эҳтиёт бўлинг.

 

БУЗОҚ (21. 04 — 21. 05)

 

28 август куни иш бўйича ажойиб таклиф келиб тушади. Лекин бу ишни таҳлил қилишда фақат молиявий жиҳатига эътибор бериш билан чекланиб қолманг. Атрофлича ўрганиб чиқинг. Муҳаббатда жуфтингиз ёки бўлғуси жуфтингизга ҳамма гапни ҳам айтиб ташлайверишдан тийилинг. Ён беришга мойил бўлинг. Кечқурун узоқ вақт пиёда сайр қилиш саломатлик учун катта фойда беради.

 

ЭГИЗАКЛАР (22. 05 — 21. 06)

 

Бугун негадир сизни ҳаётнинг эстетик жиҳатлари қизиқтира бошлайди. Турли кўргазмалар, галареяларга боришни, кафеда дўстлар билан чақчақлашиб ўтиришни хоҳлай бошлайсиз. Ишда ҳақиқий қаҳрамонга, гўё жасур жангчига айланинг. Агар ортингиздан ҳамкасбларнинг кўпчилиги эргашишни истамаса, сира ранжиманг. Ҳар кимнинг хоҳиши ўзида. Сиз ўз манфаатларингиз йўлида курашишда давом этинг.

 

ҚИСҚИЧБАҚА (22. 06 — 23. 07)

 

28 август сиз учун чалкашликлардан иборат бўлиши мумкин. Эрталабданоқ ишни нимадан бошлашни билмай ҳайрон бўласиз. Лекин у ишдан бу ишга сакраш фикридан йироқ бўлинг. Шахсий бизнесингиз бўлса, яқин ҳамкорларни кўпайтириш ҳаракатида бўлинг. Шунда молиявий тарафдан қийинчилик туғилмайди. Қолаверса, оддий фирмани аста-секин, шериклар ёрдамида компанияга айлантириш яхши-ку. Тўғри эмасми?

 

АРСЛОН (24. 07 — 23. 08)

 

Бугун иш эмас, маданий ва тинч ҳолатдаги дам олиш кайфиятида уйғонасиз. Ғалабалар ҳам, фавқулодда қарорлар чиқариш ҳам сизни умуман қизиқтирмайди. Фақат дам олгингиз келади холос. Лекин ташвиш чекманг. Бунинг қўрқинчли ери йўқ. Иш жойингизда кимлардир жаҳлингизга тегса ҳам хотиржамликни қўлдан берманг. Қариндошлардан бири рўзғорингиздаги муаммоларни ҳал этишга сўз беради. Эвазига эса унинг шахсий муаммоларини ижобий ҳал қилиб берасиз.

 

ПАРИЗОД (24. 08 — 23. 09)

 

28 август куни атрофингиздагиларнинг айримлари сизни танқид остига ола бошлайди. Албатта, бунга чидаб туришнинг сира имкони йўқ. Лекин астойдил хоҳласангиз, имкон топишингиз мумкин. Оилада фарзандлар ташвишлари кўндаланг бўлиши кутилади. Айримлар табиат қўйнида ёки дала ҳовлида дам олишни режалаштирган бўлса, адашишмабди. Дам олиш онларингиз мароқли ўтади. Ошқозонингизни оғир ҳазм бўлувчи таомларга қарши курашишдан асранг.

 

ТАРОЗИ (24. 09 — 23. 10)

 

Бугун заҳирадаги пулларингиз ҳақида қайғуришингиз талаб этилади. Пулларингизга яна пул қўшишингиз керак. Жуда бўлмаса, яқин инсонларингизга сақлаб туриш учун бериб қўйинг. Ким хориж сафарига отланса, сафар муваффақиятли кечишига умид боғлайверсин. Агар яқинда шахсий бизнесингизни очган бўлсангиз, тажрибали танишлардан албатта маслаҳат олишингиз тавсия этилади. Организмни жисмонан зўриқтиришдан сақланинг.

 

ЧАЁН (24. 10 — 22. 11)

 

28 август уйини тартибга келтириш илинжида бўлган чаён буржи вакиллари учун омадли ўтади. Барча ортиқча нарсалардан халос бўлинг. Шахсий муаммоларингизни бегоналар билан муҳокама қилишдан нари бўлинг. Фурсати етса улар муҳокамасиз ҳам бартараф этилаверади. Тадбиркорлар янги ҳамкорлар билан шартномалар тузиш истагида бўлишса, масаланинг маънавий тарафига ҳам эътибор қаратишлари керак бўлади. Кечқурун оила қурмаганлар бўлғуси жуфтини кўча-кўйда тасодифан учратиб танишишлари мумкин.

 

ЎҚОТАР (23. 11 — 21. 12)

 

Бугунги кун ўқотар буржида таваллуд топганлар учун унумли ва ёрқин кечади иншооллоҳ. Аммо билинг, мартабани ошириш илинжида елиб-югуриш охир оқибат иш жойингиздаги ҳурматингизни тушириб юбориши ҳеч гап эмас. Интернетдаги ижтимоий сайтларда ўтиришдан тийилинг. Жуфтингиз билан гап талашиб қолсангиз борми, бу катта жанжалга айланиб кетиши мумкин. Эҳтиётингизни қилинг.

 

ТОҒ ЭЧКИСИ (22. 12 — 19. 01)

 

28 август куни фақат ўз манфаатларингиз йўлида уёқдан буёққа чопаверсангиз, охири кўнгилсизликлар кўндаланг бўлиши тайин. Виждон азоби сизга оғриқ бера бошлайди. Шахсий ҳаётингиз ҳам гўё мазмунини йўқотгандек. Аммо бу масалада сиздан ўтадигани йўқ. Яъни, шахсий ҳаётни яна илгариги қувноқ ҳолига қайтариш қўлингиздан келади. Жуфтингиз билан мулоқотларга озгина романтика ва фантазияни аралаштиринг. Ҳаммаси яхши бўлади.

 

ҚОВҒА (21. 01 — 19. 02)

 

Бугун сизда бадавлат одамлар билан ўз ғояларингизни муҳокама қилиш имкони бор. Ундан унумли фойдалана билсангиз, ошиғингиз олчи деяверинг. Бойваччалар истеъдодингизга азбаройи тан берганидан ғояларингизни ўз ҳомийлиги остига олади. Муҳаббатда вазият қалтислаша бошлаганини сезсангиз, танаффус эълон қилинг. Токи севганингиз билан муносабатларга путур етмасин.

 

БАЛИҚ (20. 02 — 20. 03)

 

28 августда қачонлардан бери тузиб, пухталаб келган режангиз бир соатга бормай барбод бўлиши кутилади. Бунга ортингиздан ғийбат тошини отувчилар, ҳасадгўйлар, рақобатчилар ҳисса қўшишлари аниқ. Қариндошлар билан ҳам орангизда келишмовчиликлар пайдо бўлади. Бунга йўл қўйманг. Битта гапдан қолинг, вассалом. Оиласиз йигитлар кўз остига олган қизнинг қўлини сўраши учун бугунги кун жуда қулай ва хайрли кечади.

Хушвақт бўлинг! Ҳаммавақт бўлинг!

Олимжон ҲАЙИТ тайёрлади