Ўйлаб кўрдингизми? 2019 йил 29 август куни юлдузлар сизга нималарни ваъда қиларкин?

0

 

 

ҚЎЙ (21. 03 — 20. 04)

Шахсий бизнесига эга дўстларимизнинг мартабаси бугун катта тезликда юқорилаб боради. Атрофингизда қўллаб-қувватлашга, керак бўлса, ёрдам беришга тайёр одамларнинг бу қадар кўплигини ўзингиз ҳам билмасдингиз, тўғрими? Лекин шахсий ҳаётингизда айрим кўнгилсизликлар пайдо бўлиши мумкин. Алдовлар ва хиёнат кайфиятингизни бузиши эҳтимолга яқин. Эҳтиёт бўлинг. Агар дўстлар, танишлардан қарзингиз бўлса, бугуноқ қарзларни эгаларига қайтаришингиз тавсия этилади.

 

БУЗОҚ (21. 04 — 21. 05)

 

29 август куни иш бажаришда иккиланишларга йўл берманг. Ўзингизга қаттиқ ишонган ҳолда Оллоҳнинг номи билан иш бошласангиз, тоғларни толқон қилишга қодирсиз. Кун давомида моддий аҳволингизни яхшилаш учун ҳам анча-мунча тер тўкишингизга тўғри келади. Муҳаббатда жиддий муаммолар кўзга ташланиши мумкин. Бу кўпроқ оила қурмаганлар ҳаётида юз беради. Танлаганингиз фавқулодда сизга оғир шартлар қўя бошлашига гувоҳ бўласиз. Аммо муносабатларга нуқта қўйишга шошилманг.

 

ЭГИЗАКЛАР (22. 05 — 21. 06)

 

Бугунги кун моддий аҳволингизни яхшилаш учун муваффақиятли кечмайдиганга ўхшаб турибди. Айниқса, банкдан кредит олсангиз, ўзингизга янада кўпроқ муаммо орттириб оласиз. Ундан кўра қўшимча даромад келтирувчи иш топганингиз маъқул. Ёки қондошлардан қарз кўтаринг. Бугун тиббий кўрикдан ўтиш ҳамда муолажалар олиш хайрли кечади. Сурункали хасталикка йўлиққан бўлсангиз, муолажаларни сира вақт ўтказмасдан олишингиз керак.

 

ҚИСҚИЧБАҚА (22. 06 — 23. 07)

 

29 августда қувонч ва илҳомнинг ўзи сизни қувиб юради. Қаршингиздаги ҳар бир манзара кайфиятингизни кўтариш учун хизмат қилади. Фавқулодда бажарилиши керак бўлган ишларни ортга сурманг. Айниқса, бу ишларни раҳбарлар сизга ишониб топширган бўлса, муддатидан олдин адо этишингиз талаб этилади. Кечқурун айримлар хизмат сафарига жўнаб кетиши кутилади. Ишонинг, сафар сизга мўмай даромад ҳадя этади. Омад сизга ёр бўлсин!

 

АРСЛОН (24. 07 — 23. 08)

 

Бугун арслон буржи остида туғилганларни фириб ва ёлғон таъқиб этади. Шунинг учун пулларингизни ишончли жойда асрашга ҳаракат қилинг. Кимдир сиздан қайсидир масалада маслаҳат сўраса, рад этманг. Саломатлигингизни кун давомида назоратдан қочирманг. Касаллик хавф солишига йўл қўйманг. Йўқса, куз мавсумини даволаниш билан ўтказишингиз ҳеч гап эмас. Худо асрасин! Кечқурун сизни кимлардир ресторан ёки меҳмонга таклиф этиши мумкин.

 

ПАРИЗОД (24. 08 — 23. 09)

 

29 август куни хаёлингиз фақат ишда бўлади. Айрим ҳолатларда узоқ-узоқларга қочиб кетишни истаб қоласиз. Бироқ бу ишларни сиздан бошқа ким ҳам адо этарди. Руҳни кўтариб олинг-у, астойдил ишга тушинг! Мевасини тез орада албатта кўрасиз. Оилалиларни тақдирнинг ўзи бугун жиддий синовдан ўтказиши кутилмоқда. Жуфтингиз шундай «тергов» ташкил этадики, адвокатсиз бу саволларга жавоб бериш мушкул кечади. Кечқурун кимдир қўлингизга бир даста пул тутқазади иншооллоҳ.

 

ТАРОЗИ (24. 09 — 23. 10)

 

Бугунги кунингиз енгил кечмайди. Барча юзага келадиган вазиятларни таҳлил қилиб чиқмас экансиз, кўнгилсизликларга дуч келишингиз ҳеч гап эмас. Ишхонангизда ҳам ҳамкасбларнинг айримлари ғийбатингизни қила бошлаши мумкин. Бундай вазиятлардан чиқиб кетиш учун ҳаётингиздаги энг оғир лаҳзаларни эсга олинг. Шу нарса сизга руҳ бағишлайди. Кечқурун ҳар қандай кўринишдаги учрашувлардан воз кечиб, ёлғизликда дам олинг.

 

ЧАЁН (24. 10 — 22. 11)

 

29 августда уй-рўзғор муаммолари оёғингиздан олмасайди. Гарчи кимлардир бу муаммоларни бир кунда бартараф этишини айтиб тавалло қилса-да, қулоқ тутмайсиз. Астойдил ишга киришасиз. Қариндошлардан бири ҳам асабингизга тега бошлаши кутилади. Аммо у билан тенг бўлмай қўя қолганингиз маъқул. Орадаги масофани сақланг. Шунда орангизда жанжал юзага келмайди. Кечқурун севимли хоббингиз билан банд бўлишингиз хуш кайфият бахш этади.

 

ЎҚОТАР (23. 11 — 21. 12)

 

Бугун ажойиб бир ишда ҳамкорлик таклиф этишлари мумкин. Бу ишни хорижда бажариш керак бўлади. Хорижга бориб ишлаш азалий орзуингиз эди. Рози бўлинг. Шу баҳонада молиявий аҳволингизни ҳам яхшилаб оласиз. Ёлғизлар кун давомида бўлғуси жуфтини учратиб танишишлари кутилмоқда. Бу воқеа дўстлар билан табиат қўйнига ёки кафега борган маҳалингиз содир бўлади.

 

ТОҒ ЭЧКИСИ (22. 12 — 19. 01)

 

29 август куни тадбиркорлар жиддий музокараларни бошдан ўтказишади. Бу амал кечга қадар давом этиши мумкин. Бу жуфтингиз билан ўзаро муносабатларга салбий таъсир ўтказиши эҳтимолга яқин. У сизни ишдан кеч келаверишда айблайди. Сабрли бўлинг. Неки ишга қўл урсангиз, имкон доирасида ёши улуғ қариндошлар билан маслаҳатлашинг. Бу сизга фақат фойда беради. Ўзингизни эҳтиёт қилинг.

 

ҚОВҒА (21. 01 — 19. 02)

 

Бугун қонун ҳимоячилари билан илиқ муносабат юритишга ҳаракат қилинг. Кун мобайнида ҳалокатли лаҳзалар, жарималар ва шу каби ёқимсиз вазиятлар пайдо бўлиши ҳам эҳтимолдан холи эмас. Лекин муаммоларни ҳал этишда бадавлат танишларга ишонманг. Ўзингиз мустақил вазиятдан чиқишингизга тўғри келади. Молиявий муаммолар бугун сизга дўстлик қилмоқчи эмас. Заҳира пуллардан фойдаланиб туришингиз зарур бўлади шекилли.

 

БАЛИҚ (20. 02 — 20. 03)

 

29 августда ишхонадаги айрим ҳамкасбларга ўз таъсирингизни ўтказа билишингиз раҳбарларга ҳам ёқиб тушади ва сизга янада кучлироқ ҳурмат билан муносабат юрита бошлашади. Ана, раҳбарлар билан очиқчасига маош, мукофот масалаларини гаплашиб олиш учун баҳона топилди. Бу имкониятни қўлдан чиқарманг. Қайсидир хасталикка қарши муолажа олишга бел боғлаганлар халқона усулларга мурожаат этмасинлар.

Хушвақт бўлинг! Ҳаммавақт бўлинг!

Олимжон ҲАЙИТ тайёрлади