Ажойиб шеър: «Хотин қоқиб сим, Дер «Кундошим ким?», Дейман, «Бўлди, жим», Йиғилишдаман».

0

ЙИҒИЛИШДАМАН

Ҳаловатсиз тун,
Йил кетди бутун,
Худо берган кун,
Йиғилишдаман.

Баҳорлаб, қишлаб,
Кеч қадар ишлаб,
Шом тилни тишлаб,
Йиғилишдаман.

Шам ўчмас хона,
Ғамгин, гирёна,
Кутманг жон, Она,
Йиғилишдаман.

Хотин қоқиб сим,
Дер «Кундошим ким?»,
Дейман, «Бўлди, жим»,
Йиғилишдаман.

Пахта важ кузда,
Шудгор деб музда,
Манглайим тузда,
Йиғилишдаман.

Фарзандим бетоб,
Тортар изтироб,
Мен падар бу тоб,
Йиғилишдаман.

Бўларми шунча,
Гул бўлди ғунча,
Чўзилди бунча,
Йиғилишдаман.

Оч қолдим ёмон,
Додлар ошқозон,
Шом ботди ҳамон,
Йиғилишдаман.

Ҳар ой, ҳар сана,
Такрор ва яна,
Бугун ҳам мана,
Йиғилишдаман.

Уйга қайтиб тун,
Йил кетди бутун,
Тангри берган кун,
Йиғилишдаман.

Муаллифи номаълум