Ўйлаб кўрдингизми? 2019 йил 2 сентябр куни юлдузлар сизга нималарни ваъда қиларкин?

0

 

 

ҚЎЙ (21. 03 — 20. 04)

 

2 сентябр куни атрофингиздагилардан кимларнингдир ғазабнок қиёфасига гувоҳ бўласиз. У сиз билан гап талашиб, бўлар-бўлмасга асабингизга тегиши мумкин. Ўзингизни ҳимоя қилинг. Муҳаббатда ҳам оила қурмаганлар кўнгилсиз вазиятларни бошдан кечиришлари кутилади. Даромад киссага келиб тушгандан кейин қарзларни тарқатиш ҳам эсингиздан чиқмасин. Кечқурун тоза ҳавода сайр қилинг. Саломатлигингизга эътибор қаратинг.

 

БУЗОҚ (21. 04 — 21. 05)

 

Бугун ишларингиз кўпайгандан-кўпайиши, оқибатда кечқурунга бориб чарчашингиз кутилмоқда. Муҳаббатда эмоцияни жиловга солмасангиз, жуфтингиз ёки бўлғуси жуфтингиз билан жанжаллашиб қолишингиз мумкин. Агар атрофдагилар олдида ўзингизни ёмон тутаётган бўлсангиз, уларнинг танқидини ҳам тек туриб эшитишга мажбурсиз. Ундан кўра ширинсуханликни байроқ қилиб олганингиз маъқул. Овқатланиш режимини бузмаслигингиз тавсия этилади.

 

ЭГИЗАКЛАР (22. 05 — 21. 06)

 

2 сентябрда қандай бўлмасин бообрў, пулдор шахслар суҳбатидан баҳраманд бўлинг. Аммо тингловчи ролини ижро этинг. Чунки билиб-билмай нотўғри гап айтиб қўйсангиз, бу сизга қимматга тушиши мумкин. Кимлардир меҳнат таътилига чиққан бўлса, кайфиятлари бузилиши тайин. Раҳбарлар қайтадан ишга чақириб олиб, янги лойиҳаларни зиммангизга юклайди. Майли, бекор ўтиргандан шуниси ҳам маъқул. Тўғри эмасми?

 

ҚИСҚИЧБАҚА (22. 06 — 23. 07)

 

Бугун нафақат ўзингиз, балки яқинларингизнинг даромадини ҳам кузатувда ушлашингизга тўғри келади. Кўпчиликнинг оиласида молиявий инқироз юзага келиб пул энг муҳим нарсаларга ҳам етмаслиги мумкин. Нимаики иш қилсангиз, раҳмат учун эмас, ўзингиз учун адо этинг. Иш бажарганда шошма-шошарликка йўл қўйишингиз тавсия этилмайди. Бу кўнгилсиз вазиятларга олиб келиши мумкин.

 

АРСЛОН (24. 07 — 23. 08)

 

2 сентябр куни янада саховатли ва мулойим инсонга айланишингиз талаб этилади. Бунинг мукофотини пул эмас, бошқачароқ кўринишда оласиз. Аниқроғи, кимдир сизга сердаромад ишда ҳамкорлик таклиф қилади. Севганингиз кун давомида сизга сюрприз ҳозирлаб қўйиши кутилмоқда. Агар яқин орада у билан аразлашиб қолган бўлсангиз, ярашишга баҳона топилди деяверинг. Кечқурун хонадонингизга меҳмонлар ташриф буюриши кутилади.

 

ПАРИЗОД (24. 08 — 23. 09)

 

Бугун ўта фаол бўлишингиз тавсия қилинмайди. Бу сизга яхшилик ўрнига кўнгилсизлик ҳадя этиши мумкин. Ҳатто, майда-чуйда ишларга ҳам алоҳида меҳр-эътибор билан ёндашсангиз, ўшалар сизга ўзингиз истаган натижани тақдим этади. Бугун табиат қўйнига чиқиб дам олиш хосиятли кечади. Айрим масалаларда фақат қалбингизга қулоқ тутган ҳолда иш кўришингиз керак бўлади. Молиявий масалада ҳам кўнгилсизликлар йўқ эмас. Бироқ улар кайфиятингизни буза олмайди. Чунки уларни дўстлар ёки қариндошлар ёрдамида бартараф этишга эришасиз.

 

ТАРОЗИ (24. 09 — 23. 10)

 

2 сентябрда яқин ўтмишдаги хатоликларни, кўнгилсиз ҳолатларни асло ёдга ола кўрманг. Бу руҳиятингизга салбий таъсир кўрсатиб, ишингиз орқага кетишига сабабчи бўлади. Газли ва спиртли ичимликлардан воз кечинг. Илгари кам истеъмол қилган маҳсулотларни бугун татиб кўришингиз туфайли аллергия юзага келиши мумкин. Сафарга чиқиш зарурати туғилса, шошилманг, олдин плюс-минусларини яхшилаб ўрганиб чиқинг.

 

ЧАЁН (24. 10 — 22. 11)

 

Янги ишга қўл уриш зарур бўлиб қолса, аввал пухта режа тузиб олишни унутманг. Даромад олишга йўналтирилган тадбирлар хайрли кечади. Бугун албатта спорт билан шуғулланинг, табиат қўйнида дам олинг. Қиз-жувонлар гўзаллик салонига бориб келсалар ҳам зиён қилмайди. Ўзингизни шу даражада севиб, ташқи кўринишингизга шу қадар ажойиб зеб берингки, кўрганлар тош қотиб қолсин. Йирик лойиҳага пул тикадиганлар бугун муваффақиятдан умид қилаверсалар бўлади.

 

ЎҚОТАР (23. 11 — 21. 12)

 

2 сентябр куни яқин қариндошлардан бири ҳақида хунук хабар эшитишингиз эҳтимоли бор. Аммо кайфиятни туширишга шошилманг. Хабар нотўғри бўлиши ҳам мумкин. Шунинг учун олдин уни яхшилаб текшириб олинг. Хизмат сафарига жўнайдиганлар бугун юзлаб километр йўл босиши кутилмоқда. Муҳим ҳужжатларга имзо чекиш керак бўлса, сергакликни қўлдан берманг. Ўзингизни эҳтиёт қилинг.

 

ТОҒ ЭЧКИСИ (22. 12 — 19. 01)

 

Бугун ҳар кунгидан ҳам эртароқ уйғонишингизга тўғри келади. Шунда олдингизга қўйган эзгу мақсадларга қийналмасдан етасиз. Хусусий мулк олди-сотдиси билан шуғулланадиганлар қоғозбозлик, ҳужжатбозлик кабиларни ниҳоятда ҳушёрлик билан тахлашлари керак. Хато қилишга ҳаққингиз йўқ. Агар эҳтиёт бўлмасангиз, кўнгли қора кимсалар шахсий ҳаётингизга зиён етказиб қўйишдан ҳам тоймайди. Бир зумга келиб ўтиб кетадиган кўнгилсизликларни деб кайфиятингизни бузманг. Оллоҳ сизга ёр бўлсин!

 

ҚОВҒА (21. 01 — 19. 02)

 

2 сентябр куни биринчи навбатда моддий аҳволингизни яхшилаш билан шуғулланишингиз талаб қилинади. Башарти кимдандир қарзингиз бўлса, бугун қайтаринг. Банкдан кредит олишни хаёлингизга ҳам келтирманг. Бу сизга яхшилик келтирмайди. Жуфтингиз билан эҳтиёткорона муносабат юритинг. Эркаклар, йигитларга ташқарида ишқий саргузаштларга берилиш тавсия этилмайди. Ҳар бир қадамингизни ўйлаб босинг. Кам бўлмайсиз.

 

БАЛИҚ (20. 02 — 20. 03)

 

Бугунги кун оиласизлар учун изҳорлар кунига айланади. Йигитлар танлаганига муҳаббат изҳорларини тўкиб солишади. Қизлар бу изҳорларни диққат билан тинглаб, ҳаққонийлигига амин бўлишса, арзирли жавоб қайтаришлари керак. Молиявий муаммоларни ўз куч ва имкониятларингизга суянган ҳолда бартараф этинг. Йирик харидлардан нари бўлинг. Кечқурун ёлғизлардан кимдир бўлғуси тақдирдошини учратиши кутилади.

Хушвақт бўлинг! Ҳаммавақт бўлинг!

Олимжон ҲАЙИТ тайёрлади