БИР ШИНГИЛ КУЛГИ…

0

 

ТАҚДИР ЧИЗИҒИ

(ҳажвия)

Толмасов бир куни ўзини жуда ёмон ҳис қила бошлади. Ўйлаб ҳам ўтирмай дўхтирга борди.

— Қани, чап кафтингизни кўрсатинг-чи! — деди врач.

Толмасов кўрсатди.

— Оббо, — бош чайқади врач, — ҳаёт чизиғингиз ўттиз ёшингизда тугаркан.

— Нима? — қўрқиб кетди Толмасов. — Энди нима қиламан, дўхтир?

— Ҳечқиси йўқ. Биз ҳозир буни тўғрилаймиз.

Врач қўлига қизил қалам олди-да, кафтдаги чизиқни узайтириб қўйди.

— Раҳмат! — деди Толмасов сал ўзига келиб. — Энди… Ҳақ масаласи… Қанча бўлади, дўхтир?

Врач унинг кафтига бир назар ташлаб олгач, сўради:

— Ойига қанча мояна оласиз?

Толмасов қизариб-бўзариб қанча олишини айтди.

— Шунақами? — врач қовоғини уйиб секин жойига ўтирди.

— Дўхтир, мендаям қолиб кетмайди. Қарздорман олдингизда. Илтимос, бир иложини қилинг!

— Яхши. Қўлингизни беринг!

Толмасов унга қўлини узатди. Врач қалам билан чизиқни янаям узайтириб қўйди.

— Қаранг-а, мана буни қобилият деса бўлади, — хурсанд бўлиб нариги қўлини узатди Толмасов. — Бунисиниям кўринг-чи!..

— Бу кафтингизда умуман чизиқ йўқ.

— Ие, энди нима бўлади?

— Билмасам.

— Дўхтир, бир нарса қилинг!.. Қарздорман…

— Бўпти, мен сизни ё жаҳлдор, ё меҳрибон одамга айлантиришим мумкин.

— Яхшиси, меҳрибонга айлантиринг!

Врач Толмасовнинг бу қўлига ҳам чизиб қўйди.

— Мана, бўлди.

— Дўхтир, аёллар… Масаласида қандай бўларканман?

— Уйланганмисиз?

— Ҳа.

— Унда… Шундайлигингизча қоласиз.

— Бошқачароқ йўли йўқмикан-а?..

— Йўқ, йўқ. Бошимни қотирманг!

— Ўлай агар, уч марталаб қарздорман олдингизда. Бир иложини қили-инг!

— Бўпти, фақат илмий томондан…

Врач унинг кафтига иккинчи чизиқни ўрнатди.

— Бўлдими?

— Бўлди.

— Дўхтир ака, сизга тўрт марталаб қарздор бўлайлик.

— Уф-ф, жонга тегдингиз-ку! Яна нима истайсиз?

— Хотинимнинг иккала кафтидаги ҳамма чизиқларни ўчириб беринг!..

Ҳормасбой ТОЛМАСБОЕВ тайёрлади