Бухоро университети кутубхонасидан Усмон Мусҳафидан бир аср аввал олинган нусха топилди

0

Шарқшунослик институтининг катта илмий ходими, тарих фанлари бўйича фалсафа доктори Комилжон Раҳимов бир ойдан ортиқ вақт давомида Бухоро вилоятида хизмат сафарида бўлди.

Фото: Бухоро давлат университети

Олим томонидан олиб борилган илмий изланишлар жараёнида Бухоро давлат университети ахборот-ресурс маркази ва илмий-амалий музей лабораториясидаги қўлёзма ва тошбосма асарлари рўйхати ҳамда қисқача тавсифномаси тузиб чиқилди, уларнинг таснифи амалга оширилди.

Энг муҳим топилма — бугунги кунда БухДУ қўлёзма ва тошбосма китоблар фондида БДУ-Т №1 рақами билан қайд этилган, ўз вақтида Санкт-Петербургдаги Император кутубхонасида сақланган, кейинчалик Ўзбекистонга қайтарилган Усмон Мусҳафидан (644–656) олинган нусха илк бор мукаммал тадқиқ қилинди.

Фото: Бухоро давлат университети

Шариф китобнинг «Ёсин» сураси куфий хатида ёзилган бўлиб, ўлчами 40х37 сантиметрни ташкил этади. Мазкур тошбосма китобнинг 22 бетдан 20 бети сақланган.

Қуръоннинг қалби ҳисобланган «Ёсин» сураси 1905 йилда Санкт-Петербургда маърифатпарвар олим Илёс ибн Аҳмадшоҳ томонидан 50 нусхада факсимиле нашри амалга оширилган.

Фото: Бухоро давлат университети

Шу факсимиле нашрнинг бир нусхаси БухДУ қўлёзма ва тошбосма китоблар фондида сақлаб келинмоқда. Университет кутубхонаси ва музейларида бундай ноёб қўлёзма ва тошбосма китобларнинг мавжудлиги олийгоҳ нуфузини янада оширади.

 

daryo.uz

ФИКР БИЛДИРИШ

Please enter your comment!
Please enter your name here