Турмадан қочган рецидевист яккамохов 24 йил полицияга тутқич бермай яшади…

0

 

Ҳозир у 73 ёшда. Исми-шарифи Николай Громов. 1946 йил Россиянинг Калининград вилоятида туғилган. Ёшлик йилларида Сибирга пул ишлаб топиш учун кетган. Уйланган ва турмага қоровул бўлиб ишга кирган. Илк бор ўша ерда жиноят содир этди. 1980 йили турмадан қочди. Қочиш асносида турма ходимларидан бирини отиб ўлдирди. Тутишди. 12 йил беришди. 1990 йили муддатидан олдин озодликка чиқди. Яна уйланди. Ичкиликка берилди. Бир жойга кириб ишлай демади. Шу орада хотини билан ораларида қиз фарзанд ҳам дунёга келди. Аммо азбаройи кўп ичганидан хотини безор бўлиб уйдан ҳайдаб солди. Қаерга борарди. Биринчи хотининикига кириб борди. Қанчадир вақт бирга яшашди ҳам. Лекин пиёнисталиги бу хотинига ҳам ёқмади. Уйдан ҳайдаб солишга қарор қилди. Аммо навбатдаги жанжал пайтида рецидевист яккамохов хотинини ва олти яшар қизчасини пичоқлади. Кетидан ўзига ҳам пичоқ урди. Лекин врачлар барчаларининг ҳаётини сақлаб қолишди.

Кунларнинг бирида жароҳати оғирлигига қарамай касалхонадан қочиб кетди. Шу кўйи тайгага кириб кетиб, чангалзорлар орасида бир ўзи яшаб юраверди. Фақат 2014 йилигина саломатлиги ёмонлашгани боис одамлар орасига қайтди. Кўп вақт дайдиб, тиланчилик қилиб кун кўрди. Кейинчалик бойваччалардан бирининг уйига қоровул бўлиб ишга жойлашди. Шу аҳволда учинчи марта уйланишга ҳам эришди. Фарзанд ҳам кўрди. 2019 йили эса унинг кимлиги маълум бўлди. Бунга ҳам ўзи сабабчи. Қалбаки паспортини йўқотиб қўйганди. Дафъатан Сибирнинг у яшаб турган ҳудудида сув тошқинлари юз берди. Уйлар, бинолар сув остида қолди. Рецидевист яккамохов саломатлиги буткул ёмонлашиб касалхонага тушиб қолди. Оёғидаги яралар бардамалаб, йиринглаб танасининг бошқа қисмларига ҳам ўтиш палласига кирганди. Врачлар бир ойғини кесиб ташлашга мажбур бўлишди. Энди пенсияга чиқмаса сира бўлмасди. Бир оёқ билан ким уни ишга олади. Ана шу ҳаракатлар сабаб бўлиб уни таниб қолишди ва полиция ходимлари Николай Громовни қўлга олишди. Ҳисоблаб кўришса, 24 йил давомида полицияга чап бериб яшай олибди. Ана энди 73 ёшли бир оёқли рецидевист яккамохов илгариги муддатга қўшиб яна янги жазо муддатини олади. Демак, турмада ўлим топиши аниқ.

Айни пайтда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

 

 

 

ФИКР БИЛДИРИШ

Please enter your comment!
Please enter your name here