АЛАМЗАДА… (7-қисм. Биринчи фасл)

0

 

 

* * *

 

Толиб қандай ишни кенгайтириши, мақсади нималиги, қандай, нима муносабат билан байрам уюштирмоқчилигига миробнинг ақли етмади. Шунга қарамай, бир нарсадан кўнгли тўлди. Қизини кекса бир аёлнинг ҳовлисига жойлаштиришини эшитиб жуда мамнун бўлди. Руҳан енгил тортди. Кўнглига ўрлаган шубҳа, гумонлар чекинди ва Толибнинг талаби билан ваннахонада обдон чўмилгач, оҳорли кийимларни кийди-да, шаҳар айланиш учун йўлга чиқди. Ҳатто, йўлни билмаслигидан ҳам қўрқиб ўтирмади. Таваккал дуч келган таксини тўхтатди-ю, аввал куни кеча Ҳайдар сувчини учратган катта бозор томон жўнади.

Бу галги сайр бошқача кечишини олдиндан кўнгли сезганди. Ёнида Толибнинг югурдаги йўқ, эркин нафас ола билади, биров мушугини пишт демайди, ҳадеганда миробнинг пинжига тиқилгудек аҳволда қулоғини динг қилмайди. Шошмайди, ҳеч кимдан ҳадиксирамайди.

Айланиб юриб, миробнинг кўзи анча нарида синчковлик билан расталарни кузатаётган қора кўзойнакли, баланд бўйли йигитга тушди. Йигитнинг ҳаракатлари, туриши негадир ёқинқирамадими, шивирлаб сўкинган бўлди.

— Ҳезалакка ўхшаб кўзойнак тақволганини бунинг! — деди мироб афтини бужмайтириб. — Шу… Шаҳарликларнинг баъзиларини ҳеч тушунмадим-да! Кўр бўлишни шунчалик яхши кўришадими нима бало? Нуқул қорайтириб ойнак тақволишади. Худо берган кўзи бўлса!.. Ҳе кўзойнакларинггаям сенларнинг!..

Мелибой мироб азбаройи норозиланганидан зарда аралаш нари юрди-да, мева-чева растасига ўтди. Шу пайт анча нарида турган Ҳайдар сувчига кўзи тушди. Сувчи майизларни астойдил кўздан ўтказар, ора-орада сотувчи аёл билан тортишиб ҳам оларди.

Бирпас «Ўшами ё бошқами?» деган хаёлда иккиланиб турди. Сувчи эканига тўлиқ амин бўлгач, аста у томон юрди.

— Вой занғар-эй, — қишлоқдошини қайта учратганидан чеҳраси очилиб, оғзининг таноби қочди. — Ҳалиям юрибдими шаҳарда? Қани, олдига борай-чи, танирмикан? Вой айёр сувчи-ей!..

Мелибой мироб зипиллаганча бориб сувчига яқинлашди-да, атайин унга орқа ўгириб гўё майиз танлаган бўлди. Ҳайдар сувчи эса орқадан бўлса-да миробни таниганди. Қишлоқдаги ҳазиллар ёдига тушдими, бир муддат тараддудланиб тургач, миробнинг биқинига боплаб туртди. Мелибой мироб оғриқ зўридан илкис ортга ўгирилди.

— Танимайди деб ўйловдингми, қизиғар? — дея миробга қучоқ очди Ҳайдар сувчи. — Жа ҳунарларинг кўп-да-а?

— Вей ит эмган, ҳалиям ўралашиб юрибсанми шаҳарда? — ҳазилга ҳазил билан жавоб қайтарди мироб қишлоқдошини кўтариб-кўтариб қўяркан. — Пишириб қўйганмиди буёқларда?

— Ҳа, нима бўпти? — иягини бир баҳя кўтариб жавоб қилди сувчи. — Юрибман саёҳат қил-е-еб! Ўзинг-чи, ўзинг?.. Менга қара, ўтган куни бир барзанги билан юрганмидинг? Ким эди ўзи у турқи совуқ-а? Қани? Қаерда?

Мелибой мироб қишлоқдошига астойдил тушунтиришга тараддудланди-ю, нариги раста олдида тағин бояги кўзойнакли йигит пайдо бўлганини кўриб тилини тишлади.

— Менга қара, юр, — деди аста сувчини туртиб. — Бир кўришиб қопмиз, бирор ошхонага кириб кабобхўрлик қилайлик! Ўша ерда айтаман унинг кимлигини!

— Нима бўлди сенга? — миробга қаттиқроқ тикилиб сўради Ҳайдар сувчи. — Бирдан безовталаниб қолдинг? Тинчликми?

Мелибой мироб кўзойнаклини ими-жимида сувчига кўрсатиб норози ғудранди.

— Ҳов анавини кўр, — деди у қовоқ уйиб. — Кўзойнак тақволганни айтдим. Кўрдингми?

— Ҳа, кўрдим, нима қипти?

— Вей, кўрми, кўрмасми билмадим-у, локигин менга афти сира ёқмади. Боя ҳов нарида кўргандим. Тағин пешанамда пайдо бўпти! Кўр десам, йўлини бемалол топиб юра оляпти. Қуриб кетсин!..

— Кўрмас у, — деди баланд овозда сувчи. Унинг ҳайқириғини эшитиб харидорлар, сотувчилар кулиб елка қисганига-да эътибор қилмади. — Қора кўзойнак тақволган холос-ку!

— Кўзи очиқ бўлса, нима қилади ойнак тақиб? Ахир, буни кўрлар тақарди-ку, Ҳайдар!

— Э, омисан-да, оми, — қўл силтади кулиб сувчи. — Ҳозир модаси шунақа!

— Модаси нимаси? Балони биласан-а, вей! Бўпти, юр, ҳақ бераман! Бир тўйиб кабобхўрлик қилайлик!

Ҳайдар сувчи миробнинг бу гапидан сўнг қувончи ўн чандон ортиб чопони этагини тўғрилай-тўғрилай, ҳамқишлоғига эргашди.

 

* * *

 

Мелибой мироб мундоқ ўйлаб қараса, умри бино бўлиб ҳеч қачон улфатларига худди шундай каттакон ошхоналарда ҳақ бермаган экан. Ҳақ беришга қурби келмагани ичкарига кирганларидан сўнг дарров хаёлида жонланди ва яхши кунларга етказгани, киссасини пулга тўлдиргани, ўзгалар қаршисида юзини ёруғ қилгани учун худога шукр қилди. Азбаройи кайфи чоғланганидан тантилиги тутиб сал димоғини юқорига кўтарган кўйи ҳар ер, ҳар ерда ўтириб таом тановул қилаётганларга, оқ фартук тутганча уёқдан буёққа чопқиллаётган официант аёлга, кетидан қаршисида қимтинибгина ўтирган Ҳайдар сувчига мағрур боқди. Шу орада четларига ялтир-юлтир жияклар қўшиб тикилган янги чопонини сиқимлаб, ўзича қайтадан кўз-кўз қилган бўлди. Кейин эса официант аёлни ёнига чорлади.

— Бизга кўк чой! Икки чойнак бўлсин! — буюрди мироб атайин қовоқ уйиб.

Қовоқ уйишида ҳам алоҳида мазмун зоҳир эди. Толибга илакишгандан бери унинг ўзгалар билан қилган муносабатларига кўп бор гувоҳ бўлди. Толиб ўзи менсимаганларга худди шундай қовоқ уйган ҳолда муомала қилгувчи эди. Ўша лаҳзаларда мироб унга зимдан ҳавас қилар, «бир кун менам одам бўлиб кимларгадир қовоқ уйиб сўз қотсайдим» дея ўйлаб қўярди. Бугун худди ўша нияти вожиб бўлганидан терисига сиғмай кетаётганди.

— Фақат шуми? — мулойимлик билан сўради официант аёл. — Бошқа нарса буюрмайдиларми?

— Ҳ-ҳа, кабоб, кабоб! — деди Мелибой мироб қўйин киссасидаги пулларни яна бир карра ушлаб кўраркан. — Ўнта сих бўлсин, ўнта! Нони, пиёзиминан келтир! Ҳа, айтганча, асосийси эсдан чиқибди-ку! Бир шиша коньяк келтир! Уям зўридан бўлсин! Арманларникидан опкел!

— Хўп бўлади! — аёл буюртмаларни қўлидаги оқ қоғозга ёзиб олди-ю, пилдираганча нари кетди. Аёл кетгани ҳамоно Ҳайдар сувчи миробга қаттиқ тикилиб бир неча бор бош қимирлатиб олди-да, шивирлаб сўради:

— Менга қара, у кунги барзанги ким эди-а? Нега у билан биргайдинг?

Мелибой мироб виқор аралаш мағрур жилмайди-да, бошини сарак-сарак қилди.

— Э, уларга сендақаларнинг тиши ўтмайди, — деди ниҳоят қўлларини мушт қилиб. — Зўрларнинг зўри улар!

— Йўғ-э, — миробга янада қаттиқроқ тикилди сувчи. — Каттаконларданми?

Мелибой мироб жавоб беришдан олдин орқа-олдига аста қараб олди. Икки стол нарида бозордаги қора кўзойнакли йигит ўтирганини кўрди-ю, беихтиёр қошлари чимирилди. Товуш чиқармай нималардир деб сўкинди.

— Вей, Ҳайдар, қара, анави нусха шу ердаям пешанамизда ўтирибди-я! — дея кўзойнакли томон бош ирғади у. — Пишириб қўйганмикан унга ошхонада?

— Қўйсанг-чи қаёқдаги қаланғи-қасанғиларга эътибор қилаверишни! — қишлоқдошини даҳанаки койиди Ҳайдар сувчи. — Ундан кўра, саволимга жавоб бер. Ўшалар каттаконларданми? Қайси идорада ишлашади ўзи? Министрми?

Мелибой мироб атайин жавоб қайтаришга шошилмади. Официант аёл келтирган коньякни очди-да, иккита қадаҳга тўлдириб қуйиб, бирини сувчига узатди.

— Олдин манавиндан олайлик! — деди у иккинчи қўлига ўзидан буғ таратаётган кабобнинг биттасини олиб. — Ана ундан кейин айтаман!

Қишлоқдошлар ичкиликни баравар кўтаришди. Иккинчи қадаҳ ичилгач, мироб ичи бирмунча қизиб, кайфи таранглашиб, сувчининг саволига жавобан шивирлаб сўз қотди.

— Ёнимда тургани шунчаки югурдак эди холос. Каттакони бошқа. Толиб деган йигит. Каллакесар. Жа-а қайсар ва гапи кескир.

— Ол-а! — деб юборди Ҳайдар сувчи азбаройи ҳайратланганини яшира олмай. — Шунақа дегин? С-сен-чи? Каллакесарлар орасида қанд еяпсанми?

Мана бу савол ростакамига миробни қўрсайишга, гердайишга мажбур этди. У миқ этмай яна қадаҳларни ичкиликка тўлдирди.

Арзимаган икки бўлакча кабоб газак қилинган уч қадаҳ коньяк бирпасда миробнинг тилини ғўлдиратиб қўйганди. Бироқ у ҳушини йиғишга уринар, иложи борича овоз кўтариб сўзламасликка ҳаракат қиларди.

— Бир гап а-айтсам ишонасанми? — валдираган кўйи сўради мироб кутилмаганда сувчи томон яқинроқ энгашиб. — В-вей, ишонасанми деяпман?

— Э, нимага ишонмай, паранг? Қасам! Қасам!..

— Мен-чи, — деди мироб қора кўзойнакли йигит ўтирган стол томон ўғринча кўз ташлаб олиб. — Уларнинг гўрковиман, ҳа!

— Н-нима?.. Қ-қўй-э, хумпар! — бу гапни эшитиб қўрқиб кетган сувчи ўзи сезмаган ҳолда ўтирган курсиси билан баравар ортга тисланди. — Ҳ-ҳазиллашмагин-да бунақа! Юрагим ёмон-а, юрагим!..

— Бе, ўзингам хўп қуёнюракакансан-да! — керилди мироб. — Бунақа ишлар миробга чикора, билдингми?..

— Қўй, қўй, бас, — деди сувчи ичига туфлаб. — Кел, бошқа нарсадан гаплашайлик! Ундан кўра, қизингдан гапир! Нима бўлди? Бориб кўрдингми?

— Қизимни Толиббой қарамоғига олди, — дея кайф устун келдими, икки қўлини орқага ташлаб юборди мироб. — Ўзи тузаттирмоқчи. Жа чапани йигит-да Толиббой!..

Суҳбат қизиб бораверди. Ҳамқишлоқлар икки соатдан кўпроқ роса лақиллашди. Айтилмаган гаплар, гап билан ҳал қилинмаган муаммолар, тилга кўчирилмаган қочиримлар қолмади. Вақт пешиндан оғгачгина аста ўринларидан туришди-да, олдинма-кетин ташқарига чиқиб қуюқ хайрлашишди.

Мелибой мироб кайфи таранглигига қарамай, ҳозироқ бориб Толибга сайр ҳақида сўзлаб беришни, шу баҳона мақтанишни кўнглига тугди.

 

* * *

 

Вужудга сингган, қалбнинг туб-тубига чўкиб улгурган ёввойи қўрқув пайти етганда манаман деганни ҳушёр торттириб, кўзларини мошдек оча олади.

Мелибой мироб таниш уй рўпарасига келди-ю, бирдан кайфи тарқагандек теваракка аланг-жаланг боқди. Шу аснода кайфда қишлоқдошига айтиб қўйган гаплар ёдига тушиб, юрагини ваҳима босди. «Ишқилиб, Толиб билмасин, эшитмасин, илғамасин, хитланмасин» деган ўй миясида айланиб истар-истамас подъезд ичкарисига юрди.

Тиззалари билинар-билинмас дағ-дағ титраганча зиналардан юқорига кўтариларкан, мусофирлик, қарамлик, ожизлик, боқимандалик ҳисси етмиш икки томирида қайта жўш уриб, кўзлари намланди. Нимадир бўғзига тиқилгандек, кетма-кет ютина-ютина қўйди.

Бу ҳам ҳолва экан. Беш-олтита зина кўтарилиб улгурмай, кимдир Толибникидан отилиб чиқди-да, пастга туша бошлади. Мироб жонҳолатда бошини кўтарди. Не кўз билан кўрсинки, тушиб кетаётган бозорда ўзи кўрган қора кўзойнакли йигит эди…

Ана энди Мелибой мироб ростакамига адо бўлаёзди. Толибнинг аҳмоқ эмаслигига, ортидан кузатувчи қўйганига ақли етиб, сайрга чиққанларига минг пушаймонлар еди. Ҳайдар сувчига болохонадор мақтанишлари, мумкин бўлмаган сўзларни тилига кўчиргани учун ўзини койиди. Афсуски, кеч. У деярли Толибнинг квартираси рўпарасига етди. Энди минг чиранмасин, пешонасига ёзилганини кўради. Шундан бўлак илож ҳам қолмаган. Ғишт қолипдан кўчиб бўлган…

Мелибой мироб кўзларини чирт юмганча таваккал квартира эшигини очиб ичкарига қадам босди.

Толиб диванга ястаниб газета варақлаш билан банд эди. Бу йигит билан танишганидан бери газета ўқиганини кўрмагани учунми, миробга ушбу манзара ғалати туюлди. Аммо шу тобда ҳайрат ҳам юрагига сиға қолмади. Нуқул ўзини кутажак балолар, кўргиликлар, ҳақоратлар, балки… калтаклар ҳақида ўйлади. Аъзойи бадани ҳали келиб тушмаган калтаклар зарбини олдиндан сезган каби жимирлаб-жимирлаб кетди. Қалбан ўлимни бўйнига олди…

Толиб миробни кўрди-ю, қўлидаги газеталарни стол устига ташлаб, унга нафратли, аламли нигоҳ ташлади. Бир неча дақиқа шу ҳолатда ўтирди. Бир оғиз сўз демай, қаршисида қимтина-қимтина турган ерида қимирлаб қўяётган миробни бошдан оёқ эринмай кузатди…

— Ў, кайфлар зўр-ку, бобой! — деди ниҳоят Толиб ўрнидан қўзғалиб. — Қай гўрда ича қолдингиз куппа-кундузи?

— Б-бозорда, иним, — дея олди зўрға мироб титроқ аралаш. — Ҳ-ҳали… Ошхонада, ҳа, ошхонада!..

— Шунақа денг? — Толиб миробни айланиб орқа-олдига яна бир карра назар ташлаб олгач, икки елкасига қўлларини қўйди ва жуда секинлик билан диванга ўтқазди.

— Нима қип қўйганингизни биласизми? — сўради у тишларини беўхшов ғижирлатиб. — Гапиринг! Нега қоққан қозиқдай қотиб қолдингиз? Ё иштонингизни ҳўл қилдингизми? Балки қишлоқдаги катта холангизнинг сигири чала туғиб қўйгандир? Шунга қотиб қолдингизми?

— Й-йў-ўқ, и-иним, — жавоб қайтарди мироб танасидаги титроқ ўн чандон ортиб. — Ў-ўзим ш-шунчаки…

— Ким эди ўша қишлақи улфатингиз? — энди қаттиқроқ дағдаға қила бошлади Толиб. — Гапиринг, ким эди? Унга нималар деб валдираганингизни биласизми?

Мелибой миробнинг боши эгилди. Гўё жаллод қаршисида кундага бош қўйишга тайёр маҳкум каби тиззалари букилиб-букилиб борди.

— Нима, бизни шунчалик овсар, гўл деб ўйлаганмидингиз? — дағдағасини давом эттирди Толиб. — Сал нари кетсам, билган қандимни ейман деб хаёл қилганмидингиз? Гапиринг, мен шунчалик аҳмоққа ўхшайманми? Шу ишингиз учун сизни нима қилишимни билармидингиз?

«Буларнинг гап ташийдиган ускунасиям бор кўринади, — шунча ваҳима, аросат, саросима ичида ҳам мироб фикрлашга ўзида куч топа билди. — Бўлмаса… Секин-секин, шивирлаб айтгандим-ку айтадиганимни! Қандай эшита қолди бу? Кўзойнакли умуман эшитмагани аниқ эди. Эҳ, пешонамда мана шу гўрсўхтанинг қўлида итдай жон бериш ёзилгани тайин бўп қолди. Қисматдан қочиб қутулиб бўлмаскан. Иложим қанча? У мени барибир кечирмайди. Энди ёзуғимда борини кўраман…»

Мелибой мироб шуларни ўйлади-ю, тақдирга буткул тан бериб илкис бошини кўтарди ва Толибга дадил сўз қотди.

— Билардим… Мен тайёрман! Нима қилай? Бир бошга бир ўлим экан-да, иним! Ўлдираверинг!

 

* * *

 

Толиб миробнинг сўнгги гапини эшитди-ю, афтини бужмайтирганча нари кетди ва телефонга ёпишиб, кимнингдир рақамини терди. Шу орада бир неча марта сўппайганча туриб қолган Мелибой миробга жирканч назар ташлаб қўйди.

— Менга қаранг, ўша ҳамтовоғингизнинг оти нимайди? — кутилмаганда сўради Толиб миробга еб қўйгудек тикилиб. — Бўлинг тезроқ лаллаймай!

— Ҳ-ҳайдар, ҳа, Ҳайдар! — ҳовлиқиб жавоб қилди мироб титроқ аралаш. — Ўзи… Сувчилик қилади пахтапояда!

Толиб саволига жавоб олгач, гўшакдан кимгадир уқтира кетди.

— Сен ҳозироқ йигитларни ишга сол! Ҳайдар деган қўқонлик чолни ернинг тагидан бўлсаям топларинг-да, меникига судраклаб келларинг! Бир соат ичида ўша нусха уйимда бўлиши керак! Бўпти, қолганини кейин гаплашамиз! Айтганча, вагон масаласи нима бўлди? Э, қайси бўларди? Нягандан келадиган вагон-да, овсар!.. Ҳа-а, шунақа дегин? Жуда зўр бўпти! Майли, гапни калта қилиб мен айтган ишни қил! Кечикма!..

Толиб гапини тугатиб гўшакни жойига қўйди ва яна мироб томон ўгирилди.

Аммо сўз бошлашга шошилмади. Аста юриб бориб сервантдан ўзининг севимли коньягини олди ва қадаҳга тўлдириб қуйди. Қадаҳдаги ичкиликдан бир ҳўплаб олгачгина миробга қараб беўхшов иршайди.

— Ҳа, бобой, қўрқиб кетдингизми? — сўради у коньякдан яна бир марта ҳўплаб. — Жон ширин-а? Нима дедингиз?

— Й-йў-ўқ, иним, — дея ер чизди мироб беихтиёр хўрлиги келиб. — Б-бир бошга бир ўлим-да! А-агар айб қилган бўлсак…

— Қилдингиз айб! Шартимизни бузиб қўйдингиз. Лекин сизни ўлдирмайман. Қассоб эмасман-ку! Қўрқманг! Бошни кўтаринг, бобой, бошни!..

— Илоё умрингиз узоқ бўлсин, иним! — Толибнинг сўнгги сўзи худди ҳаёт учун берилган катта имкондек туюлиб кетди.

Мелибой мироб ўзи сезмаган ҳолда икки қўлини баланд кўтариб, уни дуо қилди. — У дунёи бу дунё ёмонлик кўрманг!..

— Жа айёрсиз-а, айёрсиз? — деди Толиб асабий лаб тишлаб. — Менинг оғриқ нуқтамни жа боплаб топгансиз, ҳа! Қойилман, қойилман!..

— Йўғ-э, иним, — каловланди Мелибой мироб қўрқувданми, ҳаяжонданми, боши телбанамо қимирлаб. — С-сизни дуо қилмасам гуноҳ-ку, ахир! Сиз….

— Гапни калта қилинг! Боринг, асабимни бузмай, ўша сувчингиз келгунча хонангизда жи-им ўтира туринг! Келиши билан ўзим чақираман!

Қачонлардир тасодифан бир кино кўрганди. Ўшанда жаллод кундасига боши қўйилган маҳбусни давлатпаноҳ авф этди. Маҳбус бошини кундадан олди-ю, кўзларига, қулоқларига ишонмай, атрофга жавдирай бошлади. Унинг вужуди титроқдан тийила олмас, на кулишни, на йиғлашни биларди. Мелибой мироб ҳам худди ўша маҳбус ҳолига тушиб қолгандек эди. Толибнинг буйруғини эшитгандан кейин беихтиёр гарангсиди. Ортиқча сўзлашга ҳақсизлигини билса-да, ҳадеганда кета қолмади. Азбаройи енгил тортганидан сал қурса етти букилиб Толибга қуллуқ қилаёзди. Аранг тийилди…

Бир балодан қутулганига ҳануз ишонқирамай эҳтиёткорлик билан ортга тисланди. Сўнгра илкис бурилди-да, хонаси томон зипиллади…

 

* * *

 

Чамаси қирқ дақиқа вақт ўтиб, миробнинг кайфидан асар ҳам қолмади. Тамоман сергак тортиб, дунёни янада дилгирлик билан англай бошлади. Бозордаги суҳбат, мақтанишлар оқибати, Толибнинг ғазаби маънисини чуқурроқ ҳис этди. Ҳис этди-ю, юрагини баттар ваҳм босди. Гарчи бу зўравоннинг қўлида ўлиб кетмаганига шукр қилса-да, кўнглидаги хиралик худди туман каби бор бўйини чирмаб олди. Хаёлан келажагини тахмин қилди. Сира тахмини тиниқ чиқа қолмади. Нуқул жарлик, тўсиқлар, хўрликлар, аламлар гирдобида ётган бўлиб чиқаверди. Нияти, орзулари бўй кўрсатавермагач, шартта қўл силтаб, яна хаёлан қизи Севинч ҳақида қайғурди. Хайрият, қалби бу гал миробга тайинли жавоб қайтарди. Қизини ўйлаганда кўнгли ғаш тортмади. Кўзларини чирт юмиб чамалаганди, олисда бўлса-да, йилт этган нур кўринганини пайқади. Шу нур Севинчи, жони дилининг бахти эканига ўзини ишонтирди. Ана энди Мелибой мироб ҳар қандай жарлик, тўсиқлардан чўчимас даражага етди. Руҳан шу қадар енгил тортдики, кўкси гўё ўқ ўтмас қалқонга айланди. Қалбининг туб-тубидан «Мен кучлиман! Ўлимни ҳам енгиб ўтишга қодирман! Фақат дилбандимни хўрламасалар бас!» деган ҳайқириқ бўғзига қадар отилиб чиққандек туюлди. Мироб шу ички унсиз ҳайқириқ таъсирида қўлларини мушт қилган кўйи хонани айланиб, Толибнинг чорловини кутди…

Орадан яна ярим соат вақт ўтди. Миробнинг қулоқлари ҳануз динг эди. Тиқ этган товуш қулоғига чалинди дегунча дарров эшик тарафга юзланар, тезроқ сувчи келиши, Толибнинг айтажак гапларини эшитиш, бефайз, нафрат, совуққонлик уфурган, шафқатга бегона бу кулбадан кетишни хоҳларди. Кетишига кўзи етмаса-да, негадир шундай хаёл қиларди.

Ниҳоят ташқари эшик шарақлаб очилди-да, кимлардир ичкарига кирди. Мироб Толибнинг дағдағали товушини эшитди.

— Бобой, тез чиқинг буёққа!..

Мелибой мироб залга чиқишдан олдин қиблага ўгирилди-да, икки қўлини дуога очиб, ҳозиргина пайдо бўлган титроқлар исканжасида шивирлади:

— Илойим, кўзини кўр, тилини соқов қилгин! Менга ёмонлик қилиб қўймасин! Ҳайдаб солсаям, яхшиликча ҳайдасин! Ўзинг унга инсоф бер!..

Шундан сўнг у қўрқа-писа хона эшигини очиб залга ўтди.

 

* * *

 

Залда Толиб диванга ястанганча ўтирар, икки ёнида девдек барваста, соч-соқоли ўсиқ йигитлар турарди. Барзангиларнинг кўз қарашлари ўта ёқимсиз, туриши гўё муштлашишга шай муштумзўр янглиғ бежо эди. Пойгакда эса Ҳайдар сувчи икки қўлини кўксига босган кўйи худди таъзияли банда каби бош эгган ҳолда ер чизарди.

Барзангиларга кўзи тушганданоқ Мелибой миробнинг эти увишди. Ҳозир сувчи икковини боплаб савалашларини, оғиз-бурнини қонга белаб ҳов ўша ўзи билган ертўлага қамаб қўйишларини хаёлан тахмин қилди.

Ҳали ўйларини бир нуқтага жамлаб улгурмай, Толиб даст ўрнидан турди ва олдин Ҳайдар сувчига яқинлашди. Миқ этмай унга ўқрайиб бир неча ўн сония туриб қолди. Сўнгра ортга тисланиб миробнинг қаршисига келди. Тикилиш баҳонасида бир неча маротаба бош қашиб олди ва кескин барзангиларга юзланди.

— Сотим қаерда? — сўради уларнинг биридан. — Нега сенлар билан келмади?

— У киши керакли ҳужжатларни расмийлаштиряпти, — деди барзангилардан бири. — Кейин…

— Шунақами? Яхши. Хў-ўш… Нима қилса бўлади-а манавиларни? Нима қилса бўлади?

Барзангилар Толибга жавобан иккиланганнамо елка қисиб қўйди. Толиб эса беихтиёр кулимсираб миробга яқин келди.

— Кўпам сиқилаверманг, бобой, — деди у Ҳайдар сувчига бир қараб олиб. — Ҳазиллашгандим. Сизни бир текшириб кўрмоқчи бўлгандим. Аслида ҳеч бир айб қилмагансиз. Шунчаки… Нима деркансиз, ўзингизни қандай тутаркансиз дедим холос. Қани, бир кулимсиранг-чи, бобой! Ана шундай! Бўларкан-ку!..

— Раҳмат, иним, — деди мироб бош эгиб. — Сиздай иним борлигидан теримга сиғмас даражада хурсанд бўлиб юраман, ҳа! Илойим, бошингиз тошдан бўлсин!

— Бошим шундоғам тошдан, — деди Толиб тўсатдан жиддий тортиб. — Тошдан бўлмаса, душманларимнинг қанотини синдира олмасдим. Ё шундаймасми?

— Худди шундай, шундай, — жавоб қилди мироб ҳовлиқиб. — А-ана… Қишлоқдошимгаям айни шундай деганман!..

— Баракалла… Энди гап мундай… — Толиб барзангиларга бир-бир кўз ташлаб олди-да, қўлларини мушт қилди. — Сизга ка-атта бир ишни ишониб топширмоқчийдим. Аммо жуда қалтис иш. Қалтислиги шундаки, узоқ йўл юрасиз, ҳар хил одамлар билан тўқнашасиз. Лекин қўлингиздан келишига ишонаман. Хўш, ёрдам берасизми бизга?

— Албатта ёрдам бераман, иним, — деди мироб Толибнинг бу хабаридан кўнгли яйраб. — Хизмат қилсам, сиздай одамга қиламан-да! Буюраверинг! Дунёнинг нариги четига бўлсаям кетавераман! Буюрсангиз бас!

— Унда ҳозирдан тайёргарликларингизни кўраверинглар! Қишлоқдошингизам сизга ҳамроҳлик қиллади. Майли, дунёни кўрсин, томоша қилсин! Баҳонада сизнинг мушкулингизниям осон қилади… Бобой, икковингизам паспорт, керакли буюмларингизни тахт қилволинг! Йўлга чиқасиз! Йўл жуда олис.

— Б-б-биз… — Мелибой мироб ҳадик аралаш беихтиёр нимадир эсига тушган каби сўзламоққа шайланди. Бахтга қарши тили ҳадеганда айлана қолмади.

— Сиз ҳадеб маҳмадоналик қилаверманг, бобой, — миробнинг нима демоқчилигини англагандек қайириб ташлади Толиб. — Иккалангиз Сибирга жўнайсиз. Ўша ёқдан ўн вагон ёғоч келиши керак. Ўша вагонларни қўриқлаб келасиз. Агар олдириб қўйсангиз, каллангиз билан жавоб берасиз. Оғзи бўш, калтафаҳмлик қилиб юрманг! Ё тушунтиролмадимми?

— Й-йў-ўқ, тушундик, иним, — шоша-пиша жавоб қилди мироб. — Сиз нима десангиз шу-да!

— Қизингиздан хавотир олманг! Уни ит емайди. Даволаниб бўлса, уйига жўнатвораман.

Мироб айни шу гапни кутганди. Қизи тинч бўлишини эшитиб дарров енгил тортди. Кўнглидаги ғашликлар тарқаб чеҳраси очилди. Қалбан Яратганга беадад шукр қилди. Ундан қизига узоқ умр беришини, Толибдайларнинг ғазабидан асрашини ёлвориб сўради.

— Шу кечаси самолётда учасизлар, — тайинлашда давом этди Толиб. — Тағин узоқдамиз, билган қандимизни еяверамиз-да деган хаёлга бориб юрманг! Ернинг тагидан бўлсаям топа оламан сиздайларни! Биласиз-ку, биз ишни кенгайтирганмиз! Демак, қудратимизнинг чеки йўқ. Мана шу нарса ҳамиша эсингизда бўлсин!.. Хуллас, борасиз, кутиб олишади, вагонларни кўрсатишади, жойингизни тайин қилишади, поездда ортга қайтасиз. Ҳар бир дона ёғоч учун жавоб берасиз. Овқатдан, пулдан хавотирланманг! Агар шу вазифани қойиллатсангиз, ишонинг, сизни бошқача рози қиламан! Уддалай олмасангиз… Уёғи ўзингизга маълум!

— Ундай деманг, Толиббой иним, — деди ҳовлиқиб мироб. — Айтганингизданам аълороқ бажарамиз бу ишни, ҳа!..

Аслида миробни зиммасига юклатилаётган юмуш, жавобгарлик ҳисси сира қизиқтирмаётганди. Олдинда ўзини қандай оғир вазифа, синовлар кутаётганини умуман тасаввур этмасди. У қисқа вақт бўлса-да, каллакесардан олисроқ бўлиши, эркин нафас олиши, ҳазил-ҳузулга эрк бериши, ҳадикларсиз уйқуга кетиши яқинлигидан мамнун бўлаётганди. Шуларни ўйларкан, мисоли бир қоп олтин топиб қаергадир беркитиб келган, тағин ўша бойлик сари талпинаётган кимса каби Толибнинг тезроқ кетишга рухсат беришини кутарди.

Орзуси ушалди. Толиб бир қарорга келди. Барзангиларга икки ҳамқишлоқни аэропортга олиб бориб самолётга ўтқазишни қаттиқ тайинлади-да, миробнинг қўйин киссасига бир даста пул солиб қўйди.

— Бу пуллар қайтгунингизча етади, — деди у қовоқ уйиб. — Энди йўлга отланинглар! Тез бўлинглар! Вақт кетмасин!..

 

* * *

 

Мелибой мироб Ҳайдар сувчини эргаштирганча самолёт томон юриб борарди-ю, нуқул ҳайрат аралаш чор атрофга аланглашдан тийила олмасди.

— Қара, Ҳайдар, — дерди ёнидаги қишлоқдошини туртиб. — Шундай каттакон айриплонга чиқиб осмону фалакка кўтарилсак-а!.. Туйқусдан пастга тушиб кетса-чи? Абжағимиз чиқиб кетса керак-а?

— Бе, бунақасида илгариям учганман, — мақтанди Ҳайдар сувчи. — Жинам урмайди.

— Йўғ-э, — юришдан тўхтаб қишлоқдошига ҳавас билан боқди мироб. — Қачон чиқа қолдинг айриплонга, Ҳайдар?

— Анча бўлган. Ёш эдим. Ўшанда бўлган-да бир!

Бу ҳайратлар ҳолва эди. Салонга чиқиб жойлашишгандан сўнг самолёт ҳавога парвоз қилди-ю, миробнинг ранги оқарди. Ҳадеганда ёнида хотиржам ўтирган сувчининг билагини маҳкам сиқиб бош эгганча тош қотаверди. Сал ўтмай, ҳийла тинчланди. Орқа-олдига қараб ўтирганларни кузатди. Азбаройи лол қолганидан бошини қимирлатиб, қур-қур ичига туфлади. Шу лаҳзада стюардесса қиз аравача етаклаб келиб уларнинг рўпарасида тўхтади.

— Минерал сув, чой! Нима хоҳлайсизлар?..

Мелибой мироб қизнинг кийимларига, аравачага елка қисганча назар ташлаб, савол назари билан Ҳайдар сувчига тикилди.

— Қизим, бизга бир пиёладан кўк чой бера қолинг! — деди сувчи кулимсираб ва шу баҳонада «шарманда қилавермасанг-чи, тентак!», дегандек миробнинг биқинига бир туртди. Мироб эса унинг турткисига эътибор бермай, шоша-пиша стюардесса қизга савол ташлади.

— Қизим, кўк чой дейсизми? Анави… Нимайди?.. Ҳожатхоналарингам борми ўзи бу ерда? Ҳарқалай…

— Бор, амаки, бор, — деди уятдан дув қизариб қиз. — Фақат… Ҳозирча мумкинмас. Тўлиқ юқорилаб олганимиздан кейин рухсат берилади…

— Ҳа-а, шунақами? — бошини сарак-сарак қилди мироб. — Жа чатоқ экан-да! Йў-ўқ, биз кўк чой ичмай турамиз унда! Ҳа, кўтарилволайлик, ана ундан кейин опкеласиз! Айтмоқчи, кўк чойингизнинг ичига бир бўлак новвот ҳам солиб қўйинг, хўпми!?.

Стюардесса қиз Мелибой миробнинг соддаларча айтган сўзлари наша қилиб кула-кула нари кетди. Мироб бўлса назарида ўзини жуда ақлли ва адолатли иш тутган дея ҳисоблади-ю, Ҳайдар сувчига юзланиб «Кўрдингми, бизам жа анойимасмиз. Унча-мунчасини йўлга солиб қўя оламиз» дегандек қош қоқиб қўйди…

(давоми бор)

Олимжон ҲАЙИТ

 

ФИКР БИЛДИРИШ

Please enter your comment!
Please enter your name here