Нима сабабдан тадбиркорлар ТАТУ ректорини ноҳақ айблашди? (фото+видео)

0

2019 йил 4 сентябрь куни Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги Тошкент ахборот технологиялари университети ҳудудида канцелярия ва бошқа шу каби нарсалар савдоси билан шуғулланувчи хусусий тадбиркор А.Т.Абдувахидов ва унинг 5 нафар оила аъзолари университет бош биноси олдида қонунга зид равишда “намойиш” ўтказдилар. Намойишчилар ТАТУ ректорини уларнинг тадбиркорлик фаолиятларига тўсқинлик қилаётганини рўкач қилиб чиқишди. Намойишда А.Т.Абдувахидов ва унинг оила аъзолари ТАТУ ва унинг раҳбариятига нисбатан мутлақо асоссиз туҳмат ҳамда бўҳтонларни илгари суришди.

Шу муносабат билан Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги Тошкент ахборот технологиялари университетида 6 сентябрь куни матбуот анжумани ташкил этилди. Матбуот анжуманида журналистлар, блогерлар, Юнусобод тумани Давлат солиқ инспекцияси, Юнусобод тумани ички ишлар органи, Юнусобод тумани ёнғин хавфсизлиги бўлими вакиллари ҳамда шу университетда фаолият юритадиган ходимлар ва талабалар иштирок этишди.


Матбуот анжуманида ушбу ҳолат юзасидан Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги Тошкент ахборот технологиялари университети қуйидагиларни маълум қилади, яъни ижарага берувчи ТАТУ – “Тошкент шаҳар давлат мулкини ижарага бериш маркази” давлат корхонаси билан хусусий тадбиркор А.Т.Абдувахидов ўртасида 2018 йил 12 февралда тузилган 0105/10-18 – сонли ижара шартномаси (Тошкент ахборот технологиялари университети – балансида сақловчи) бир йил муддатга тузилган (шартнома муддати 2018 йил декабрь ойида тугаган). Шартнома имзоланган даврда (2018 йил февраль ойи) ТАТУ талабалар контингенти катта бўлмаганлиги сабабли тадбиркор А.Т.Абдувахидовга университетнинг йўлаклари ва ўтиш жойларида қоғоз ва турли канцелярия товарлари билан мунтазам савдо қилиш, турли хил нусха кўчириш ҳамда бошқа шу каби ишлар билан савдо қилиш учун рухсат берилган.
2019 йил июнь ойида тадбиркор А.Т.Абдувахидовга университет ҳудудидан жой таклиф қилинганда у ушбу таклифни ўз эътиборидан четда қолдирди. Бу борада тадбиркорга бир неча маротаба телефон орқали қўнғироқ қилинганида тадбиркор мазкур таклифни рад этди.

2018-2019 ўқув йилида талабалар сони кескин ортиб кетганлиги (оширилган контракт бўйича ўқиш истагини билдирган талабалар сони ортганлиги) ҳамда мутасадди ташкилотлар масъуллари томонидан берилган кўрсатмалар натижасида тадбиркор А.Т.Абдувахидовга университет биноси йўлакларидан чиқариш вазифаси қўйилди. Юқоридаги ҳолатларни инобатга олган ҳолда университет раҳбарияти томонидан берилган таклифни рад этганлиги учун тадбиркор А.Т.Абдувахидов билан 2019 йил учун ижара шартномаси имзоланмади.
Бундай ҳолатларни инобатга олмаган тадбиркор А.Т.Абдувахидов ўз фарзандлари (уч нафар қизи) билан университет ректори қабулхонасига рухсат этилмаган ҳолда “бостириб” кириб, тўполон кўтарди. Ректорнинг тушунтириш беришига қарамасдан, тадбиркор А.Т.Абдувахидов хақоратомуз сўзлар билан жанжал кўтарди. Унинг бу ҳатти-ҳаракатлари жамоат тартибини бузаётгани, қонунларга зид эканлиги айтилган пайтда у бу гапларни эшитишни истамади. Унинг фарзандлари мазкур жараённи ўзларининг қўл телефонларига видео тарзида тасвирга туширди ва ижтимоий тармоқларга, керак бўлса Озодлик, Америка овози, Би-Би-Си каналларига беришларини таъкидладилар. Шу орқали ўзларни тадбиркор этиб кўрсатаётган шахслар ноқонуний фаолиятлари орқали шахсий манфаатларини устун қўйган ҳолда университет ҳамда университет раҳбариятининг имиджига путур етказишни кўзлаганлар.
Шундан сўнг, тадбиркор А.Т.Абдувахидов ва унинг фарзандлари университет биноси олдига чиқиб, плакатлар кўтариб “намойиш” уюштирдилар ҳамда масалага тегишли бўлмаган университет фаолиятига оид, яъни “ўқиш сифати паст” каби гапларни университет ҳовлисида талабалар эътиборини тортадиган даражада баланд овозда гапириб, “бақириб”, жамоат тартибини буздилар.
Хусусий тадбиркор А.Т.Абдувахидов 2019 йил январь ойидан бери ижара шартномасисиз, Солиқ қонунчилиги нормаларига зид равишда университет биноси йўлаклари ва ўтиш жойларида савдо ишларини олиб бормоқдалар. Боз устига тадбиркор А.Т.Абдувахидов университет электр энергиясидан ҳам асоссиз фойдаланиб келмоқда. Тадбиркор А.Т.Абдувахидов ва унинг фарзандлари фақат ва фақат шу жойларда, яъни университетнинг йўлаклари ва ўтиш жойларида, савдо қилишларини қайта-қайта такрорладилар.
Шунингдек, тадбиркор А.Т.Абдувахидов томонидан сотилаётган канцелярия моллари ва кўрсатилаётган хизматлар асоссиз равишда бошқа жойларга қараганда бир неча маротаба қиммат нархларда сотилади.
Университет раҳбарияти тадбиркор А.Т.Абдувахидовнинг фаолиятини инобатга олган ҳолда, ўзининг барча тегишли ускуналарини таклиф қилинган жойга кўчириш зарурлигини билдирган бўлсада, тадбиркор томонидан барча мурожаатлар рад этиб келинди.


Тадбиркор А.Т.Абдувахидовнинг ушбу ҳатти-ҳаракати Ўзбекистон Республикасининг амалдаги солиқ қонунчилиги ва тадбиркорлик фаолиятини тартибга солиш тўғрисидаги тегишли қонунчилик нормаларига зид келади.
Шу билан бирга тадбиркор А.Т.Абдувахидов ва унинг оила аъзолари Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги Тошкент ахборот технологиялари университети ва унинг раҳбарияти шаънига, путур етказди.
Университетда фаолият юритаётган ходимлар, талабалар ушбу “намойиш”ни кескин қораладилар.
Ушбу ҳолат ўқув йилининг биринчи кунида бўлиб ўтиши амалга оширилиши талабалар ва уларни биринчи ўқиш куни билан қутлашга келган ота-оналарнинг байрамона кайфиятларига салбий таъсир кўрсатди.
Маълумот ўрнида айтиш жоизки, жорий ўқув йили бўйича Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги Тошкент ахборот технологиялари университети Миллий рейтинг тизимида тўртинчи, uniRank халқаро тизимида — биринчи, Webometrics халқаро рейтинг тизимида — иккинчи ўринни банд этди.

ТАТУ матбуот хизмати

ФИКР БИЛДИРИШ

Please enter your comment!
Please enter your name here