Агар мияси бўлса…

0

Арслон ўрмонда фил билан олишиб чарчади. Сўнг тулкини ёнига чақириб:
— Ҳолдан тойдим. Овга ярамайман. Бор, менга бир эшак овлаб келтир. Биргаликда еймиз,- деди.
— Амрингиз бош устига, султоним. Турли ҳийлалар билан сизга ҳатто тириклайин келтираман,- дея тулки бир қояга томон югурди.
Қарасаки, ўтлоқда эгасиз озғин бир эшак юрибди. Ёнига яқинлашиб, қуюқ салом берди. Ва уни аврай бошлади:
— Бу қуп-қуруқ текислиқда ёлғиз ўзинг нима қилаяпсан, эй дўстим?
— Шу ҳолимга шукр қиламан. Ризқни Аллоҳ беради. Шикоятим йўқ, куним ўтиб турибди. Жон берган Аллоҳ, озуқа ҳам беряпти.
— Эй жаноб! Сенинг бу таваккалинг жуда кам одамда топилади. Жуда кам бўлган нарса эса йўқ ҳукмидадир. Бу йўқлик атрофида тентираб юриш аҳмоқлик саналади.
Бу сўзларни эшитган эшак такрор жавоб берди:
— Гапинг тўғри эмас. Шуни билки, бутун ёмонликлар очкўзликдан келар. Қаноатдан ҳеч ким ўлмаган, ҳирсдан эса ҳеч ким султон бўлмаган. Тулки эшакнинг сўзини бўлиб:
Аллоҳ инсонларга ўзларини ўзлари ҳалок этмасликка буюради. Шу қуруқ қояликдан иборат чўлда сабр килмоқ аҳмоқлиқдир. Кел, ўтлоққа кўчгин. Билсанг, у ерда қанча ўт-ўланлар, оқар сувлар бор,- деди.
Тулки турли сўзлар билан эшакни авраганча етаклаб, тўғри арслоннинг уйига судради. Арслон эшакни кўрар кўрмас ўкира бошлади. Буни эшитган эшак жон ҳолатда ортга қочди. Тулки унга етиб олиб:
— Ҳой содда ва гўл махлуқ! Нега қочаяпсан. Эшитилган товуш, сенинг ваҳиманг, ҳаёлингдир. Эндигина майсазорга келгандик-ку. Сен эса қўрқдинг, қочдинг,- деди.
Тулки яна минг бир ёлгон билан эшакни ўзига эргаштирди. Арслоннинг уйига олиб борди. Арслон эшакни ғажиб, қорнини тўйдирди. Сўнгра арслон сув ичиш учун ғордан чиқди. Тулки арслоннинг йўқлигидан фойдаланиб, эшакнинг мияси ва ўпкасини еди. Арслон қайтгач, тулкидан сўради:
— Бунинг мияси қани?
— Эй, султоним! Агар эшакнинг мияси бўлса, ўша даҳшатли ўкирикни эшитгандан кейин яна бу ерга, сенинг остонангга қайтиб келармиди?

Жалолиддин Румийнинг “Маснавий”сидан

ФИКР БИЛДИРИШ

Please enter your comment!
Please enter your name here