ШАЙТАНАТ… (153-қисм)

0

 

 

* * *

 

Вужудида меҳрибон қўлнинг тафтини сезган Асадбек ота қадрдонининг кўксига бош қўйишни, тўйиб-тўйиб йиғлашни истади. Аммо ёлғизлигида бостириб келувчи йиғи бу сафар унга хиёнат қилди.

— Сабр қилинг, бўтам, тоқатлига тоғлар бош эгаркан. Оллоҳнинг «ей Одам фарзанди, сабрли бўл ва ўзингни паст тут, сени ўзим олий даражага кўтараман», деган ваъдаси бор.

Бу кўргулик сиз билан биз учун Олдоҳнинг бир синови.

«Фақат синов эмас, қилган гуноҳлари учун олган мукофоти» деб ўйлади Жалил. Муҳиддин ота эса йиғлоқи болани юпатаётгандай меҳрибонлик билан давом этди:

— Оллоҳ биз, ғофил бандаларга айтадики: «мен бир мўъмин кишини бирон мусибат етказиб имтиҳон қилсам, у менга ҳамд айтиб, менинг имтиҳонимга сабр қилса, гуноҳлардан онаси туққан кунидагидек пок бўлиб туради…» Оллоҳнинг шу марҳаматига етишмоқ сиз билан бизга насиб этган.

Жалил бу гапдан сўнг армон билан бош чайқади-да, ялинди:

— Жон ошна, бир марта «тавба» деб қўйгин…

— Ҳа, бўтам, «астағфируллоҳ» денг…

Улар Абдураҳмон табибникида шифо топаётган Асадбекнинг иймонга киришига ишониб, Яратганга шукрлар айтишган эди. Ундан сал илгарироқ гап талашиб қолишганда Асадбек иймонга даъват этилишига жавобан ярим ҳазил, ярим чин оҳангида «Кўрамиз, сенинг иймонинг кучлимикин ёки менинг шайтоним қудратлироқмикин?» деб жавоб қайтариб, Жалилнинг дилини хуфтон қилган эди. Ўшанда ҳам Жалил тавбага ундаган, бироқ дўсти гапни ҳазилга буриб юборган эди. Бу гап Жалилнинг юрагига қиррали тошча каби ўрнашиб қолиб, гоҳи-гоҳида қўзғолиб азоб берарди. Табибнинг уйида дўстининг руҳи ҳам шифо топаётганини билган ондан бу тошча эрий бошлади. Жалил уни бутунлай эриб битди, деб янглишган экан. Асадбекнинг ҳозирги гапидан сўнг тошча яна қўзғолиб, шайтанатдан диёнатга ўтмоқ осон эмаслигига имон келтирди. Бу сафар қиррали тошча Жалилнинг юрагини қаттиқ тилди. Унинг руҳи қақшагандан қақшади. Агар ошнаси дард исканжасида эзилмаётганида уни дўппослаб қолишдан қайтмасди, хумордан чиқиш учун ҳам дўппосларди.

Агар бу онда Оллоҳнинг каломини мукаммал билувчи олим улар ҳузурларига келиб:

— Сиз шайтон етовидаги шу муҳаббатсиз қалбга ачиняпсизми? Ғафлат уйқусидаги бу банданинг иймон сари юриши алдамчи манзара эди. У Исломдан фақат фойда кўзлади. У иймон йўли билан тижорат йўлини чалкаштириб юборди. Манфаат ва зиён тарозусига қараб юрмоқни ихтиёр этди. Сиз билмайсизмики, Оллоҳ: «Одамлардан Оллоҳга бир томонлама ибодат қиладиганлари ҳам бор. Агар унга яхшилик етса, кўнгли тўлур. Агар унга бало етса, юз ўгириб кетур. У дунёда ҳам, охиратда ҳам зиён кўрур. Ана ўша очиқ-ойдин зиёндир*», деганида айнан шу биродаримиз кабиларни назарда тутган, — деса Жалил ҳам, Муҳиддин ота ҳам унга зид гап айтолмаган бўлишарди.

Муҳиддин ота иккинчи марта тавбага даъват этганидан сўнг Асадбек хаёлини жамлаб, айтган гапининг маъносини англади-ю, ўзи ҳам қўрқиб кетиб, тавба калимасини айтмоқни ихтиёр қилди. Бироқ, «Аззз…» деди-ю, у ёғига тили айланмади. Буни сезган Муҳиддин ота уни қувватлади:

— Худойим ўзинг кечир, денг, бўтам.

Асадбек дудуқ бола каби айтди.

Жалил бундан бир оз енгил тортиб, ўртоғига қаради-ю, унинг терга ботганини, оғзида кўпик пайдо бўлганини кўриб қўрқиб кетди. Муҳиддин ота ҳам чўчиб, шошилганича унга дам солди.

 

***

 

Асадбек дастлаб Ҳалимжонни танимади, уни фотиҳага келганлардан, деб ўйлади. Озиб кетган, кўзлари киртайган, юзлари, қўлларига тошган яралар ҳали буткул тузалмаган бу йигитдан «бошингдан қандай савдолар ўтди?» деб сўрашга ҳожат бўлмаса-да, Асадбек:

— Анча мазангни қочиришибди-ку? — деди.

— «Курорт»нинг қанақалигини ўзингиз биласиз-ку? — деди Ҳалимжон, кейин Асадбекнинг «Мен қаёқ-дан биламан, бир-икки марта қамалибмидим?» деган маънодаги қарашига жавобан изоҳ берди: — Терговни бирдан тўхтатиб, жиннихонага ўтказишди. Кейин чиқариб юборишди.

— Сени мен чиқартирмадим, — деди Асадбек.

Ҳалимжон «унда ким?» деб сўрамоқчи бўлди-ю, ботинмади. Унга Асадбекнинг ўзи изоҳ берди:

— Мен бунақа ишларга аралашмайман. Сен қанақа лақмасан, ўзинг? Мол олиб бор, деса индамай кўтариб кетаверасанми?

— Ўйлаб кўришимга ҳам фурсат беришмади, — Ҳалимжон бўлиб ўтган воқеаларни сўзлаб берди. Асадбек унинг гапларини диққат билан эшитса-да, «бу йигит милитсиянинг одамими ё йўқми?» деган гумонини ажрим қилолмади. Ўзининг «одамга бутунлай ишонгандан кўра, ишонмайроқ турилгани маъқул», деган ақидасига амал қилиб, кўп сўрабсуриштирмади.

Ҳалимжон ҳикоясини тугатгач, фақат:

— Ҳайдар акангга учрашгандирсан, нима деяпти? — деб сўради.

— Ҳозирча дам ол, — дедилар.

— Тўғри айтибди. Энди кўзингни очиб юр, бола. Уларга ўчакишма. Кўрганларингни хатто хотинингга ҳам айтма. Сени қозонга солиб бир қовуриб, тортиб олишибди. Кейинги сафар қозонда жизғанак бўлиб қолиб кетишинг ҳам мумкин.

— Хизмат бўлса айтаверинг.

— Дамингни ол.

Ҳалимжон Асадбекнинг эҳтиёткор бўлиб қолганини сезди. Гарчи қамоқда барча азобларга чидаб, бировнинг номини тилга олмаган бўлса-да, Кесакполвон ҳам унга ишонқирамай қаради. Ҳалимжон айнан мана шунга тушунмади. Бекорга азоб тортибман-да, деган хаёл билан Асадбекнинг уйини тарк этди.

Аср намозини масжидда ўқиган Жалил Муҳиддин ота билан келаётганда дарвозадан чиқиб кетаётган Ҳалимжонга дуч келди. Абгор ҳолатдаги йигитнинг саломига алик олди-ю, орқасидан ажабланиб қаради.

Тунов кунги тавбадан сўнг Асадбек ўзини қўлга ола бошлаган бўлишига қарамай, улар хавотирларидан қутулмаган эдилар. Кунда бир хабар олиш одатларига хилоф қилмай кириб келдилар. Улар ҳол-аҳвол сўрашишга улгурмай дарвозахонада аввал Кесакполвон, сўнг Хонгирей билан Маматбей, кейин Жамшид кўринишди.

— Оббо, калтакессагинг келди-ку, кўзинг учиб турувдими? — деди Жалил. — Кимларни бошлаб келяпти?

Асадбек дарвозахона томон қараб, бир титраб олди. Юзлари учди. Муштумини қисди.

Ундаги ўзгаришни Жалил ҳам Муҳиддин ота ҳам сезишди. Шунинг учун Асадбекни меҳмонлар билан ёлғиз қолдиришмади.

Хонгирей келиб, Асадбек билан қучоқлашиб кўришиб, ҳамдардлик билдирди. Асадбек уни шу оннинг ўзида бўғиб ўлдиргиси келди, ҳатто уни бир оз қисди ҳам. Лекин иложсизлигини билиб, Хонгирейнинг ўлим топадиган бахтиёр кунини нарига кўчирди. Хонгирей Асадбекнинг қаттиқроқ қучганини сезди, буни ёмонлик эмас, яхшиликка йўйиб, хушнуд бўлди. Маматбей, унинг изидан Кесакполвон ҳам қучоқлашишди.

Кесакполвондан ароқ ҳиди гупуриб, Асадбек юзини четга бурди. Жамшид салом бериб сўрашди-ю, изига чекиниб, уч-тўрт қадам нарида, амрга маҳтал мулозим каби қўл қовуштириб турди.

Хонгирей қадрдонининг бошига тушган кулфатдан ғоят аламда эканини, отаси ўлганида ҳам бунчалик қайғурмагани, вақтида келолмагани учун ҳижолатда эканини айтаётганида Асадбек унинг сўзларини эшитмас, маъносиз боқаётган кўзларини рўпарадаги атиргул ғунчасига қадаб олган эди.

Бировларнинг юрагида илон мудрайди, бировларнинг юрагида шер наъра тортади.

Асадбекнинг юрагида эса буларнинг барчаси мужассам: илон уйғонса, шер ҳамлага интилади. Уларни жиловлаш учун Асадбекдан қанчалар куч талаб этилаётганини ўтирганларнинг ҳеч бири хис этолмасди.

Асадбекнинг бахтига меҳмонлар узоқ ўтиришмади. Хонгирей ўрнидан туриб «соғ бўл», деб қўл узатди. Унинг бу тилаги Асадбекнинг қулоғига «йўқ бўл» каби эшитилиб, вужудига титроқ югурди.

Кесакполвон «сизлар ўтираверинглар, ўзим кузатаман», деб меҳмонларни бошлаб кетди.

Асадбек орқасига ўгирилаётган Жамшид билан кўз уриштириб олишга улгурди. Бир ҳафта бўлдимикин, Жамшид дараксиз эди. Булар билан бошлашиб кириб келишидан Асадбек бир бало бошланаётганини сезди.

Муҳиддин ота меҳмонларнинг ташрифи мезбонга ёқмаганини сезди. Бош эгганича сукутга берилган Асадбекни турли хаёллар оқимидан тортиш мақсадида сўз қотди:

— Ҳайдар ошнангиз кўп ичаркан, чамаси, а?

— Кўп эмас, тинмай ичади, у ҳароми, — деди Жалил. — Ўтган йили рамазондан олдин «балиқ еб, халқумни тозалаяпман», девди. «Сен Қора денгизнинг барча балиқларини пишириб есанг ҳам ҳалқуминг тоза бўлмайди», дедим.

— Ҳай-ҳай бўтам, бандани бундай ҳақоратламанг.

— Мен уни ҳақоратламадим. Сиз унинг қилиқларини билмайсиз. Агар Абу Жахл тирилиб келиб шу калтакессакка рўпара бўлса, «оламда мендан ўтадиганлар ҳам бор экан-ку», деб кўнгли анча таскин топарди.

Муҳиддин ота «ҳай-ҳай, астағфируллоҳ», деб Асадбекка қараб олди. Жалил бир куни Кесакполвон билан жиғиллаша туриб «сенлар кўп қон тўккансанлар», деганида унинг тиржайганча «қон ёруғлик, акахон», деб жавоб берганини ҳам айтмоқчи бўлди-ю, ошнасига гап ёқмаётганини билиб, индамади.

Асадбек Жалил билан Муҳиддин отанинг гапларига беъетибор эди. Агар хаёли жойида бўлганида «Абу Жахл деганинг ким?» деб сўрар, Жалил эса чала илмини жамлаб, мусулмонларга, хусусан Оллоҳнинг расулига қилинган ёмонликлардан гапириб берармиди…

Улар шом яқинлашганини баҳона қилиб ўринларидан туришди.

— Шомни мачитда ўқиб, ўшанақаси уйимга кетаман. Менда гапинг йўқми? — деб сўради Жалил.

— Самад олиб бориб қўяди, — деди Асадбек.

Жалил одатига кўра «автобусда кетавераман, онам мени машинада туғмаганлар», демоққа оғиз жуфтлади-ю, мавриди эмаслигини фаҳмлаб, «Раҳмат, ошна», деб қўйди.

Асадбек Жамшидни шу кеча келиб қолар, деб кутди. Лекин ундан дарак бўлмади.

Эртасига ҳам келмади. Тунларни бедор ўтказиб, вужудининг қақшаб оғришидан хориган Асадбек тонгга яқин мизғиб оларди. Хонгирейнинг ташрифидан сўнг бу ҳам йўққа чиқди. Бу сафар субҳи козибда ҳам, субҳи содиқда ҳам Асадбек бедор эди. Тонг отди, аммо унинг вужудидаги зулматга нур ораламади.

Пешинга яқин Жамшид келди. Асадбек майдалаб сўраб-суриштирмаса ҳам, бир ҳафтага яқин нима учун кўринмаганини тушунтириб берди. Гапни Хонгирейнинг атайин фотиҳа ўқиш учун келмаганидан бошлади.

 

***

 

«Полковникнинг юраги касал экан, ўлди», деб Хонгирей навбатдаги ёлғонини ишлатган эди. Полковникнинг ўлиши ёки тирик қолиши ўзи учун аҳамиятсиз бўлгани сабабли Маматбей бу гапнинг чин ёки ёлғонлигини суриштириб кўрмаган ҳам эди.

Хонгирейни кутиб олгани чиққанида ёнида полковникни кўриб, «ие, ўлган эди-ку?» деб ажабланмади ҳам. Кесакполвон «Хонгирей аввал фотиҳа ўқигани борар», деган мақсадда «ошнасининг ғоятда қайғуда ўтиргани»ни айтди. Хонгирей мамнун ҳолда Маматбей билан кўз уриштириб олгач:

— Олдин ишни қилайлик. Фотиҳа қочмайди, — дегач, шаҳарда қолмай, йўлга тушишди.

Жамшид уларни Афғон урушидан ўликлари келган аскарлардан бирининг уйига бошлаб борди.

Марҳумнинг ота-оналари масковлик азиз меҳмонларни иззат-икром билан кутиб олишди.

Полковник «интернатсионал бурчини бажара туриб қаҳрамонона ҳалок бўлган ватан ўғлони орден билан мукофотланганини, тушунмовчилик туфайли орден вақтида топширилмаганини» айтиб уни СССР Мудофаа вазири номидан топширди. Яралари янгиланган ота-она фарзанди юзини силагандай орденни силашди. Улар билишмасдики, Москванинг Арбат деб аталмиш эски кўчасидан бунақанги ордендан истаганчасини сотиб олиш мумкин, гувоҳномасини эса компютер деган беминнат дастёр аслидан ҳам яхшироқ қилиб тайёрлаб берарди.

Орденни топшириш пайтида Маматбей билан Кесакполвон қабристонда эдилар. Изма-из етиб келган одамлари юк машинасидан қабртошни туширишди. Иш шошқич равишда амалга оширилиб, қабр очилиб, темир тобут тешилганини гўрков ҳам сезмай қолди.

Полковник темир тобут миналаштирилмаганига қа-сам ичган бўлса ҳам Маматбей унга яқинлашишга қўрқди. Қабристон дарвозаси ёнидаги чоғроқ хонада гўрковни гапга солиб ўтирди. Оқ мармардан ишланган қабртош тупроқ устига ўрнатилиб, иш бир соатга қолмай якунланди. Ана шундан кейин Маматбей марҳумнинг уйига хабар юборди.

Шу тарзда бошқа қишлоқларга ҳам боришгач, ишнинг зўр даражада уюштирганлари учун Маматбей, Кесакполвон, Жамшид хўжайинларидан олқиш эшитдилар.

— Қабртош ўрнатишни зўр топибманми? — деди Хонгирей, — ўлик бўлишса ҳам улар бизнинг шерикларимиз. Мен шерикларимнинг ўлигини ҳам ҳурмат қиламан.

Иш охирига етгач, Асадбекникига фотиҳага келишди.

Сўнг Маматбейнинг қароргоҳида зиёфат бўлди.

Зиёфатдан кейин Жамшид полковникни меҳмонхонага бошлаб кетди. Полковник у ерда ҳам ароқхўрлигини давом эттирди. Жамшидга уни ташлаб келиш эмас, эрталабгача ёнидан жилмаслик топширилган эди. Ярим кечагача полковникнинг жағи тинмади.

Афғондаги ишларини айтиб, мақтаниб, шунинг орасида ўзи билмаган ҳолда темир тобутларга қорадорини қандай маҳорат билан жойлаштирганини ҳам ошкор этиб қўйди.

— Сен ким билан ишлаётганингни биласанми? — деди полковник Жамшиднинг бўйнига қўл ташлаб олиб. — Хонгирей! У ҳақиқий эркак! Селимни билармидинг? У мени лақиллатмоқчи бўлди. Мен эсам унга миналаштирилган тобутни рўпара қилдим. Менга қара, аҳмоққа ўхшайманми, а? Ҳа! Мен ўлжага бир тўда одамнинг ташланишини билардим. Хонгирей мардлик қилди. Селим билан тенг шерикликка келишувдим. Хонгирей ўттиз фоизига кўнди.

Менга етмиш фоиз тегади. Тушуняпсанми? Мен энг бой полковник бўламан. Ўша етмиш фоиз ҳисобидан Хонгирей менга Шаховскийдаги уйини берди. Мен сени ўша ёққа бирга олиб кетаман, уйни ювамиз…

Тун яримлаганда Маматбей қўнғироқ қилиб, полковникнинг аҳволи қандайлиги билан қизиқди. Жамшиднинг «ичиб, сайраб ўтирибди», деган жавобини эшитиб амр қилди:

— Зийрак бўлиб тур, мазаси қочса, «тез ёрдам» чақир. Тўртинчи касалхонага олиб борасан.

Орадан бир соат ўтмай, полковник юраги қаттиқ санчаётганини айтгач, Жамшид «тез ёрдам»ни чақирди. Бемор касалхонага етказилганидан сўнг ҳам Жамшид изига қайтмади. Эрталабга яқин врач чиқиб, полковникнинг «узилгани»ни айтгач, Маматбейга қўнғироқ қилди-да, «ўша ердан жилма», деган буйруқ олди…

Жамшид шу воқеаларни Асадбекка батафсил баён қилгач:

— Полковник учун махсус тобут ясатибди. Уни Хонгирейнинг ўзи олиб кетди, — деди. — Назаримда йиғилган қорадориларнинг ярми шу тобутда кетди. Полковникнинг ихтироси ўзининг бошини еди.

— Ярми кетганини қаердан биласан, кўрдингми? — деб сўради Асадбек.

— Кўрмадим, мени бу ишга яқинлаштиришмади. Қаерга яширишганини ҳам билмайман. Хонгирей кетадиган пайтда Маматбейга «қолган ярми учун бошинг билан жавоб берасан», деганини эшитдим.

— Нима учун ҳаммасини олиб кетмади?

— Тобут оғир бўлиб кетармикин?

— Йўқ… ундай эмас… Маматбей шу ерда бўлса, демак, ишнинг чаласи бор.

— Бу ишнинг бир учини Ҳалимга айтайми?

— Нега?

— Агар хитларга хизмат қилиши аниқ бўлса, дарров хабар етказади. Улар Московга дарак беришади. Масковликлар ўликни очиб кўришади.

— Кейин-чи?

— Кейин?.. — Жамшид «билмайман» дегандай елка қисди.

— Кейин Хонгирей сенга ёпишади. Ҳозирча индама…

Асадбек бедор тунда ўйлай-ўйлай, чекиниб хатога йўл қўйганини англаб етган эди.

Ҳарна бўлса ҳам ўрнида маҳкам турмагани учун ўзини лаънатлади. Энди пайсалга солмай хужумга ўтишни мўлжаллаб, қароргоҳини шаҳар марказидан Эски жўвадаги вассажуфтли уйга кўчиришга аҳд қилган эди. Ҳозир ўша аҳдига биноан Жамшидга топшириқ берди: Эски жўвадаги уйни қандай топишни тушунтириб, Тарзанни ёнига олишни буюрди.

 

***

 

Элчин аравачада юриб ўзини ўзи эплаб қолгани учун Зайнаб кундузлари онасининг ёнида бўларди. Тунда эса отаси каби қийналиб чиқарди. «Мен ҳаётдан тўйган эдим, жонимни олмадинг. Акам яшаши керак эди, ўлимни юбординг», деб у ҳам Яратганга даъво қиларди. Даъволари тилга кўчмагани сабабли уни тавбага даъват этувчи йўқ эди.

Зайнаб отасининг хоҳишига кўра, пешинга қиймали шўрва қилди. Овқатланиб бўлишгач, Асадбек Абдусамадни чақирди-да, «келинлар уйда сиқилиб ўтираверишмасин, шаҳарни айлантириб кел», деди. Улар кетишгач, Зайнаб онаси билан бирга шийпонни йиғиштирди.

Кўрпачаларни қоқиб, қайта солишаётганида Асадбек чиқиб, она-болага «ўтиринглар», деди.

— Кеча кечқурун доктор Худоёр қўнғироқ қилувди, — деди Асадбек Зайнабга қараб.

Манзурага бу маълум эди. Доктор Худоёрнинг нима дейиши мумкинлигини ҳам биларди.

Шунинг учун кечадан бери «у киши нима дедилар?» деб сўрашга юраги бетламаётганди. Асадбек эса Манзуранинг сўрашини кутаётганди. Хотинидан садо чиқавермагач, Зайнабга қараб гап бошлаган эди.

— Доктор Худоёр сал хафа бўлиб гапирди.

— Нега? — деди Манзура.

— Сенга нима деб тайинлаганиди? Бир ойда қайтишсин, деганмиди?

— Вой, адаси… — Манзура эътирозини бошлай олмади, Асадбек унинг гапини шарт узди:

— Уларга баҳонанг ўтмайди… Мен Ҳамидни… айтмадим. Шу ҳафта буларни жўнатишга ваъда бердим.

— Шу ҳафта? — эри билан баҳслашишга одатланмаган Манзура чорасизликдан бош эгди.

— Ҳамид ҳам айтувди… Озгина чидагин энди… ўқишлари чала қолмасин.

Кейинги гапни Асадбек ялиниш оҳангида айтиб, Манзуранинг кўнглини баттар вайрон қилди. Асад- бек — Асадбеклигини қилиб, қатъий тарзда хоҳишини баён этганида Манзура ҳам, Зайнаб ҳам эзилишмас эди. Манзура пиқиллай бошлаганидан кейингина аввалги Асадбекнинг овози чиқди:

— Бўлди қил.

— Келин ҳам кетадими?

— Уларнинг ҳам ўқиши бор-ку? Хоҳласанг бирга кета қол.

— Вой… — Манзура «ўғлимнинг арвоҳини чирқиратиб ташлаб кетаманми?» дегандай эрига қаради. Асадбек хотинининг бир қадам нарига жилмаслигини била туриб, бу таклифни айтган эди. Шу сабабли унинг қарашига эътибор бермади.

Абдусамаднинг ҳам, келинларнинг ҳам шаҳар айланадиган кайфиятлари йўқ эди.

(давоми бор)

Тоҳир МАЛИК