АБУ-ДАБИ ТУРМАСИДАГИ ДАҲШАТЛАР…

0

 

Ўтган йили қозоғистонлик Рустам исмли йигит Дубайга учиб борди. Мақсади, тажриба орттириш, инглиз тилини яхшилаб ўрганиш, шу баҳонада ишлаб пул топиш эди. Аммо бу сафари Рустам учун даҳшатга айланди. У турмага тушиб қолди.

Аслида ватанда ҳам Рустамнинг иши ёмон эмасди. Алоқачиликка ўқиган, қўлида дипломи бор. Нефт соҳасида иш тажрибаси етарли.

«Дубайга боргунча, — дейди Рустам. — Туркияда ишлардим. Араб амирликларига отамнинг маслаҳати билан боргандим. Отам ўша ерда дам олаётганди. Ёқиб қолибди. Қозоғистондан кўпчилик йигитлар ишлаб яхши пул топишаётганини айтди. Ҳамма паст-баландини таҳлил қилиб чиққач, Дубайга йўл солдим…»

Ўтган йил октябрида Рустам Дубайга учиб келди ва янги ҳаёт тарзини бошлади.

«Мен русийзабонлар кўп ерда яшай бошладим, — давом этди Рустам. — Уч ой иш қидирдим. Кўп ишларда ишлаш учун инглиз тилини яхши билиш лозим эди. Мен яхши билмасдим. Охири кальян ишлаб чиқарадиган компанияга ишга кирдим. Ҳаммаси яхши эди. Лекин орадан беш ой ўтиб кутилмаган ҳодиса юз берди…»

Маълум бўлишича, Рустам ишга кириш учун ҳужжат тўғрилаш асносида иш берувчи хатога йўл қўйган экан.

«Мени шунинг орқасидан қамоққа олишди, — деди Рустам. — Ҳужжатларда жиддий хатога йўл қўйилибди. Шундай қилиб сўнгги уч ярим ой учун бўйнимга 2500 долларга яқин жарима илиб қўйишди. Жиноий иш очишди. Ариза ёзишди. Жаримага яна 650 доллар қўшишди. Араблар бу нарсани «кейс» деб аташади. Кейсни тўламагунча ватанингга кетиб бўпсан. Нима қилай? Айбсизлигимни исботлай олмадим. Чунки маҳаллий қонунларни умуман билмасдим. Ким билан маслаҳатлашишга ҳам ҳайрон эдим. Охири уйимдагиларга СМС хабар жўнатиб охирги 650 долларни тўлашим учун пул юборишларини сўрадим. Сабаби, араблар шундай ваъда қилишганди…»

Жаримани тўлади ва Рустам муҳожирлик полициясига чекларни кўрсатиш учун борди.

«У ерда умуман инглизча гапиришмас экан, — давом этди Рустам. — Бармоқлар ёрдамида жаримани тўлиқ тўлаганимни тушунтиришимга тўғри келди. Энди уйга қайтишим зарурлигини уқтирдим. Афсуски, гапимга қулоқ тутишмади. Мени қандайдир бир хонага олиб киришди. У ерда ҳам худди менга ўхшаб муаммоси борлар ўтирган экан. Мен қўлимдаги чекларни яна бир марта кўрсатдим. Улар эса қўл-оёқларимни кишанлаб ташлашди. Ҳаммамизни даҳшатли даражадаги бир автобусга ўтқазишди. Автобуснинг ўтирадиган ерларигача темирдан эди. Ойналари ёпиб ташланган, панжаралар ўрнатилган. Бу даҳшатнинг ўзи эди…»

Қозоғистонлик муҳожирни Абу-Даби турмасига олиб боришди.

«Киришда турманинг номини эслаб қолдим, — дейди Рустам. — Ими-жимида бир дўстим ва адвокатга СМС юбордим. Кейин бизни компьютерлар турган бир хонага олиб киришди. У ерда биз анкеталарни тўлдирдик. Айтишдики, бу қоғозлар доим ёнимизда бўлиши керак экан. Худди шу қоғозни турма қўриқчиларига кўрсатарканмиз. Сўнгра буюмларимизни олиб қўйишди, уларни темир сандиқларга беркитиб қўлимизга калит тутқазишди.»

Олиб келинганларни қоронғи хонага турткилаб кирғазишди. Ўша ерда барчалари 8 соат ўтиришди.

«Маълум бўлдики, — ҳикоясини давом эттирди Рустам. — Шу вақт оралиғида бизни камераларга тақсимлашган экан. Кейин ювинишга рухсат беришди. Кетидан турма кийимини кийдик. Ишонасизми, турма кийимини размерингга қараб бериб ўтиришмас экан. Бир хонага кирасан, полда кийимлар тахланиб ётган бўлади. Турма кийимини кийиб ташқарига чиқишинг учун сенга атиги 10 сония вақт беришади…»

Рустамни араб аристонлар ўтирган камерага қамашди. У араблар билан зўрға икки кун чидаб ўтирибди.

«Ўзларининг ватани-да, — деди Рустам. — Шунинг учун қўрслик қилишади. Араб камерадошлар мени камситиб, руҳан эзишга уринишарди. Икки кун ичида жуда кўп марта улар билан сўкишиб, муштлашишга-да улгурдим. Тан оламан, шу икки кун ҳаётимдаги энг даҳшатли кун бўлди. Бизни тоза ҳаво сайрига олиб чиқишмасди. Фақат уч маҳал овқат ердик, тамом. Ҳозир кундузими, ё кечасими, билмасдик. Кейин мени нелар кутиб турганидан ҳам бехабар эдим. Миямга турли бўлмағур хаёллар ўрлай бошлаганди. Ота-онамни ўйлардим, улар ҳақида қайғуриб сиқилардим. Бир амаллаб турма қўриқчисига мени бошқа камерага ўтказишларини сўрай олдим. Бармоқлар ёрдамида тушунтира олдим. Ва мени нигериялик негрлар ўтирган камерага ўтказишди. Бу йигитлар бир неча ойдан бери турмада экан. Уларнинг қайсидир бири очиқчасига, ростакамига ақлдан оза бошлаган, бошқа бирови йиғларди. Шу ерда кўрдим, билдим. Кимлардир бу ерда олти ойдан бери ўтирган чиқди. Ваҳоланки, уларга турмада бир неча кун ўтиришини ва кейин ватанга қўйиб юборилишини ваъда қилишган. Кўпчилик муҳожирлар қачон бу турмадан чиқишини, умуман, чиқадими, ё шу ерда ўлиб кетадими, билмасди. Айрим муҳожир маҳбусларни қўриқчилар шафқатсизларча калтакларди…»

Рустам яна бир нарсани энтика-ээндика ёдга олди. Унга Абу-Даби турмасида Қуръони Каримни ўқиш катта ёрдам берибди.

«Болалигимда отам мени «Қуръони Карим»ни ўқишга ўргатганди, — дейди Рустам. — Шунинг учун арабча ёзувларни бемалол ўқий оламан. Турма қўриқчиларидан Қуръон топиб беришларини сўрадим. Бу илтимосим бажарилди. Мен кеча-ю кундуз Қуръон ўқишга тушдим. Дастлабки кунлари мен худодан Дубайдаги дўстлар билан боғланишимда ёрдам беришини сўрадим. Чунки улар билан боғлансам, ота-онамга хабарим етиб борарди. Адвокат ёллаб мени чиқариб олишлари мумкин эди… «

Рустамнинг ёлворишлари зое кетмади.

«Дўстларимга қўнғироқ қилишим учун турма ошхонаси полини ювишим лозим эди, — деди Рустам. — Қўлимга швабра, сув т ўла челак ва латта тутқазишди. Бу ошхона 200 кишига мўлжалланган. Ҳаммаёқ ифлос, кир-чир, сасиб кетган. Одамнинг бошидай-бошидай каттакон каламушлар чопиб юраркан. Нима бўлмасин, полни тўлиқ ювиб чиқдим ва менга бир дақиқагина вақт беришди. Мен дўстимга қўнғироқ қилиб уйдагиларга хабар беришини сўрадим. Адвокат турмага келиши кераклигини айтдим. Аҳволни тушунтирдим. Хайрият, саккизинчи куни мен ниҳоят бу даҳшатли турмадан чиқадиган ва уйга кетадиган бўлдим. Ишонинг, турмадаги 8 кун мен учун 8 йилдек туюлганди. Йиғлардим, худога ёлворардим, ватанга қайтишни орзулардим. Мана шу кўргуликлар мени сабрга, ота-она ва яқин инсонларни қадрлашга, дўстларнинг қадрига етишга ўргатди. Мен ҳамма-ҳаммангизга икки қўлимни кўксимга қўйиб раҳматлар айтаман. Оллоҳдан сўрайманки, ҳеч ким менинг кунимга тушмасин! Оллоҳнинг ўзи барчамизни паноҳида асрасин!»

Олимжон ҲАЙИТ тайёрлади

ca-news. org