АЛАМЗАДА… (9-қисм. Биринчи фасл)

0

 

 

* * *

 

Энди йўл юриш унчалик оғир туюлмас, қорни тўйгач, миробнинг танаси анча қизиб, енгил нафас ола бошлаганди. Қолаверса, қалин ўрмоннинг чексиз эканига аллақачон амин бўлди. Адашиш, кимнидир учратишдан умид қилиш Мелибой миробга бегонадек туюла бошлади. У фақат бир мақсад йўлида қадам ташлади. Қандай бўлмасин, тунашга пана жой топиш ва тўйиб ухлаш…

Йўл юра-юра ниҳоят яна бир мўъжиза юз бериб, ёғочдан қурилган кичик бир уйчага рўбарў бўлди. Уйни кўргани ҳамоно сира ўйлаб ўтирмай эшикка ёпишди. Эшикка кичкина қулф осилибди. Совуқдан жон сақлашига кўзи етган мироб чор атрофни пайпаслай-пайпаслай ингичка, лекин бақувват хода топди-да, зулфинга тиқиб бир-икки пастга силкилади. Қулф зулфини билан бирга кўчиб тушди. У ҳовлиққанча ичкарига кирди.

Шубҳасиз, ичкари зим-зиё экан. Гуруг чақиб уй ичини кўздан кечирди. Ерда чой қайнатиш, таом пиширишга мўлжалланган примус, сал нарида консерва тўла идишлар қалашиб ётарди. Бир бурчакка икки қават қилиб кўрпача ҳам тўшалибди. Мироб бу нарсаларга кўзи тушиб сал ҳушёр тортгандек ортга тисланди.

— Йў-ўқ, бу ерда бир сир бор-ов! — шивирлади қўрқа-писа эшик тирқишидан ташқарига мўраларкан. — Шунча нарсани ким қўйди ўзи? Ким қурди бу уйчани? Нега? Папирос қолдиқлари, ичкиликдан бўшаган идишларга қараганда, бу уйчада ҳов ўша аристонлар тунаса керак. Ҳа, ўшалар қочқинда юриб мана шу ерда жон сақлайди. Ўғирлаган овқатларини шу уйчага беркитишибди-ю, қаергадир кетишибди. Бу ерда ухлаб қолсам-у, ўшалар келиб қолса, нима қиламан? У қизиғарлар битта-битта юрмайди. Кўпчилик бўлса керак. Мени чавақлаб ташлашса-я?.. Мана, мисол учун ҳозир кўрпачага ёнбошладим ҳам дейлик. Сал ўтмай, улар кириб қолишса. Нима бўлади унда? Қарғаворсам-чи?.. Ҳа-я, қарғиш тегса, барибир соғ қолмайди. Ана, бир куни Жўра пиён қўшни маҳалладаги бир чолни эшакда кетаётиб туртворганди. Чол ўшанда «Ҳе эшакнинг тагида қолгур!» деб қарғовди. Қирқ кунгаям бормади. Кечаси ичволиб эшакда келаётганда, эшагининг олдидан мушук ўтиб қолган-у, жонивор чўчиб тушган-да, шаталоқ отиб чопа кетган. Жўра пиён нақ оёғининг остига йиқилибди-ку!.. Э, бир ойгача дўконга қўлтиқтаёқда қатнаб юрди. Ўша-ўша ичса эшак минмайдиган бўлди. Менам «пойизнинг тагида қолгур» деб қарғасам-чи? Ажабмас, қарғишим тегса!.. Йў-ўқ, ундайларга қарғишам тега қолмаса керак. Одам ўлдириб ҳам миқ этишмайди-ю, қарғиш тегармиди?!. Балки, ҳеч ким келмас-а? Нима қилай? Анави идишларни очиб ичидагини еяверайми? Тўппа-тўғри, мироб, сени ит кўриб ўтирибдими?!. Ейсан, қорин тўяди, мириқиб ухлайсан. Ҳа энди… Уйқу орасида бўғизлашса, худо пошшо. Ажал етган бўлса, минг чиранма, барибир қочиб қутулолмайсан. Ундан кўра таваккал қилгин-у, ҳозирингни ўйла!..

Мироб шивирлай-шивирлай, бир қарорга келди. Примусни ёқди-да, идишлардан бирини пичоқ билан очиб ичидаги консервани еб битирди. Қорни тўйди. Вужудига илиқлик югурди. Шундан сўнг жони осойиш топиб бурчакдаги кўрпачага чўзилди. Уйқуга кетишдан олдин эҳтиёт шарт қизи Севинч билан видолашди:

— Қизалоғим, қўрқма, ҳеч кимнинг олдида бош эгма! Менинг ҳақимга тез-тез тиловат қилиб тур! Ўзим тушингга кириб сенминан тиллашиб тураман! Алвидо!..

 

* * *

 

Мелибой мироб уйқудан жуда эрта уйғонди. Ёмон туш кўрибдими, қора терга ботган кўйи ўрнидан турди ва ташқарига мўралади. Тонг энди-энди ёришиб келар, ўрмон турли қушларнинг чуғур-чуғурига тўлганди.

Уйқуси очилиб, бўлиб ўтган ишларни тиниқроқ англагач, ўлмай қолганига шукр қилса-да, барибир юрагини ваҳима босди. Уйчадан шубҳаланаверди. Бу ерда бир сония бўлсин қолиши мумкин эмаслигини тушуниб, юриш учун тўғри йўл қидирди. Афсуски, ўрмонда йўлнинг ўзи йўқ, ҳаммаёқ дарахт, буталар билан ўралган, уларни қалин қор босиб турарди.

— Мана шу ёққа жўнайман, — деди ўзига ўзи чапга бурилиб. — Қаердадир йўл бордир, ахир! Дунёниям охири бор-ку! Ўрмоннинг якуни бўлмайдими? Бекор гап. Кетаверсам, ахийри бир кун топаман-да йўлни! Ё варталўтда қидириб келишар! Ҳа, келишади. Толиб каллакесар барибир излайди мени. Ҳеч қурса ўзидан чўчийди. Қилғиликни қилиб қўйган. Ҳойнаҳой кайфда шу ёқларга жўнатворди чоғи бизни. Ўзиям роса афсус қилгандир. Тўғри-да, агар уни сотиб қўйсам ўлади. Замбаракнинг оғзига солиб отишади Толибни…

Шу кетганча мироб узоқ йўл босди. Уйчадаги консервалардан ҳам олмаганди. Қўрққанди. Юра-юра қорни очганда, дўмпайганроқ жойларни чамалаб, қизил, нордон мевалардан топиб еди. Вақт тахминан тушга яқинлаганда, нордон мева ичини сидириб юборган каби жуда очиққанини ҳис этди. Хўш, энди қаердан топади егуликни? Ўрмонда дарахт, буталардан бўлак ҳеч вақо кўринмайди. Мироб юришдан тўхтаб тағин қуён боласини топиш илинжида атрофга аланглади. Ҳеч вақо йўқ. Аҳён-аҳёнда олмахонлар дарахтдан дарахтга сакраб ўйноқлагани кўзга ташланади.

Одам боласи қанчалар оғир аҳволда қолмасин, ўртанмасин, азобланмасин, бу мушкулотларни бўйинга олиш, тақдирга тан беришга мажбур бўларкан. Мироб ҳам ич этини ея-ея чарчади. Кўргиликларга қўл силтамоқни ихтиёр қилди. Сиқилиш, ўйланиш, қайғуриш, ташвиш чекиш ҳеч нарсани ўзгартира олмаслигини чуқур англаб етди. Мана шу қалин ўрмонни вақтинчалик макон тутишга маҳкумлигини тан олди. Ўзини мажбурлаб бўлса-да, қишлоқни, қизини, Толибнинг қилмишларини унутишга уринди. Айни чоғда амалга ошириши лозим бўлган юмуш хусусида қайғура бошлади.

Ҳа, у очиқди. Уйча аслида овчиларга тегишлилигини билмасдан, уни аристонларники дея хаёл қилди ва егулик олишга қўрқди. Тунда қорни тўйгани, совуқда қотмай, ўша уйчада жон сақлаганидан мамнун бўлиб, таваккал қуруқ қўл билан йўлга тушди. Энди эса қайтадан тамадди тадоригини кўришга маҳкум. Акс ҳолда очлик қаҳратоннинг кучини юз чандон оширишини билади. Шундай экан, қандайдир йўлини топиши, нима қилиб бўлмасин, чивиндек жонини асраши, қорин тўйдириш пайида бўлиши шарт…

У ўрмонга ҳийла кўниккани боис қаердандир отилиб чиқиши мумкин бўлган маҳлуқлар ҳақида унчалик ўйламай қўйганди. Чин кўнгилдан ўлимни ҳам, қора қисматни ҳам бўйнига олган ҳолда турган ерида теваракни обдон кузатди. Олмахонларнинг ҳаракатларига алоҳида эътибор берди.

Олмахонларнинг бири оғзида нимадир тишлаганча пастроқ дарахтлардан бирига чиқди ва олиб келган нарсасини ўша ерга ташлаб, яна пастга шўнғиди.

— Ие, отқулоқ опкелдими? — сўзланди мироб ўнг кафтини пешонасига тираб ўша дарахтга қаттиқроқ тикиларкан. — Ё бошқа нарсамиди? Нега бундай қилди жонивор? Тинчликмикан? Ҳозир шу дарахтга чиқсам, оёғим тойиб кетмасмикан-а? Э, тойса, қор устига тушаман-ку! Ўзим ҳам ўтакетган шалвираганман-да! Қорин таталаб турибди-ю, йиқилишни ўйлашимга бало борми?

Мелибой мироб таваккал юриб бориб олмахон нарса қўйиб кетган дарахтга тирмашди. Чиқа оларкан. Ҳали белидан қувват буткул кетиб улгурмаганидан бир қоп семирди ва айнан олмахон нарса ташлаган жойга қаради. Ўша жойда каттагина ковак зоҳир эди. Олмахон ковакни қўзиқорин ва кедр ёнғоқларига тўлдирибди. Буни кўрган миробнинг кўзлари чақнади ва жонҳолатда ёнғоқларни қўйинга урди. Қўзиқоринни еса бўладими-йўқми, билмагани боис олишга қўрқди. Ковакда қолдириб, қайтадан дарахт танасига тирмашган ҳолда пастга тушиб олди.

— Вой занғар-эй, — дея ёнғоқчаларни тиши билан чақиб, мағзини ажратиб оларди мироб. — Жа пишиқ маҳлуқ экан-ку бу! Нимайкин ўзи? Чичқон десам каттароқ, думиям жа узунакан. Ё каламушнинг бир туримикан-а? Йў-ўқ, каламуш бўлса, дарахтда юрмасди. Бу алламбало жонивор бўлса керак. Вой каллаварам мироб-эй, қаердалигингни унутдингми? Диливизўрда кўрсатарди-ку шунақа жойларни! Ҳар хил, катта-кичик, ола-була ҳайвонлар юрарди ўша ерларда. Буям шуларнинг биридир-да! Ишқилиб, нима бўлгандаям, ризқимни териб едим. Тўғри, жонивор меҳнат қилиб терган, кечқурун ейман деб хаёл қилганми… Афсуски, бизам очмиз шу тобда. Бу ерни ўрмон, мусофирчилик деб қўйибди, ошна. Олган олганники бу жойларда, ҳа!..

Ёнғоқ кўз очиб юмгунча тугади. Миробнинг қорни тўймади. Аммо қайғуга йўл бермай, йўлида давом этди. Йўл-йўлакай олмахонларни қидирди, яна бир неча маротаба дарахтлар ковагидан кедр ёнғоқчаларини ҳовучлаб-ҳовучлаб қўйинга урди. Охири қорни ҳам тўйди. Ғам, андуҳ, ташвиш, тушкунлик нари чекинди. Мироб дунёга бошқачароқ кўз билан боқа бошлади. Айниқса, йўлида қор остида ўсувчи нордон меваларни топганда қувончи ўн чандон ортди. Чунки бу меванинг мазаси миробнинг оғзига ёққанди…

 

* * *

 

Ниҳоят қалин ўрмонга тун чўкди. Мироб йўл ёхуд бирор тирик жон қидириб ҳолдан тойганди. Ўрмоннинг қайсидир ерига борганда, ортиқ юра олмаслигини ҳис этди ва қор устига ўтириб олди.

Энди тунни қандай кечириш хусусида бош қотириши лозим. Қаҳратон бу қадар шафқатсизлигидан, ҳеч қурса бир сония бўлсин илиқ тафтга йўл бермаётганидан хаёлан нолиб, икки кафти билан бошини чангаллаганча узоқ вақт ўтирди. Ўтириш асносида қизини кўз олдига келтирди. Ҳайдар сувчининг қай манзилда эканини тусмоллади. Назарида қишлоқдоши ўша аристонларнинг қўлида ўлган бўлиб чиқаверди. Шуни ўзича тахмин қилиб, эҳтиёт шарт ўтирган ерида сувчининг ҳақига тиловат қилди. Лекин барибир қўрқинчли ўрмонда бу тахлит ўтиравериши аҳмоқликдан бўлак нарса эмаслигини сезиб турар, ҳадеганда зулмат қаърига ўғринча боқиб «ишқилиб қайсидир бурчакдан ёвуз маҳлуқ чиқиб қолмасин-да» дея ўйларди.

— Падарига минг лаънат бу ҳаётнинг! — охири ўтириш жонига тегиб даст ўрнидан туриб кетди мироб. — Ёш бир ерга борганда бунисига бало бормиди? Ҳеч бўлмаса тушимга кирган бўлсаям алам қилмасди-я! Қўшни шаҳарга бориб қолсам ҳам майлийди. Бунақанги ўрмонгаям келаманми адашиб?..

Мелибой мироб икки қўлини белига тираганча бир муддат фикрлади. Ҳа, тун совуқ, агар шу қаҳратонда тош қотиб ўлишни хоҳламаса, пайпасланиб бўлса-да, ўтин тергани маъқул.

«Қизиқ, — кўнглидан ўтказди мироб шох-шаббаларни қўрқа-писа териб бир жойга тўпларкан. — Шундай қалин қор тагидаям бу шохлар қуп-қуруқ-а! Худонинг карами кенг экан-да! Анави дарахт пўстлоғи-чи?!. Қоғозданам тез гуриллаб кетаркан-а, вей! Қудратингдан! Шунча қудратинг бор-у, локигин мендай ғарибни буёқларга ирғитиб юборганинг ёмон бўлди, худойим! Сендан хафаман, ҳа, хафаман!.. Фақат ранжимагин! Сен ранжисанг, дунёга ўт кетади-я!.. Шунчаки… Жондан ўтгани учун айтдим-қўйдим-да!..»

Ҳаш-паш дегунча бир ғарам ўтин, уни ёқиш учун пўстлоқ ҳам тайёр бўлди. Ана энди қўрқмаса бўлади. Совуқдан ўлмаслиги аниқ. Қорни тўқ, ғам чекинди. Бирпас ўтирсин-чи, толиқса, оловни ёқади-ю, пинакка кетади…

Шу пайт ҳов нарида ниманингдир ёниб ўчаётганига кўзи тушди. Мироб юраги безовталаниб, аста ўрнидан турди ва бир қадам олдинга ташлаб, бу нурни яхшироқ кузатди. Нур ёлғиз эмасди. Мироб қатор-қатор ёрқин нурларни кўрди.

«Ие, итми булар? — ўйлади қайтадан жойига тисланиб. — Йў-ўқ, итмас!.. Ит қанд ермиди ўрмонда?…»

Ўйлаб ўйининг охирига етмай, нурлар миробга анча яқинлашиб қолди.

У шундагина бунинг нималигини фаҳмлади.

Ҳа, миробдан ўн-ўн беш метр нарида сутдек оппоқ бўрилар галаси турарди.

 

* * *

 

Осойишталикда айтилган гаплар, мақтаниш-у, ҳазил-ҳузуллар бир пул экан. Бандаси бошига тушажак кўргиликка ростакамига рўбарў келса, буткул хароб бўларкан.

Мелибой мироб оқ бўриларга кўзи тушгандаёқ, тамом бўлаёзди. Юраги ҳаловатсизланди. Пешонасини муз тер қоплади. Қаҳратон таъсиридан-да ўн чандон қаттиқроқ титрай бошлади. Хаёлидан узоқ-яқин ўтмишдаги воқеалар, таниш-билишларнинг иссиқ-совуқ чеҳралари маржондек тизилиб ўтди. Суюкли қизини қайтиб кўра олмаслиги армон бўлди.

Жон ширин, мироб оғиз очишга қўрқиб яна хаёлан барча гуноҳлари учун тавба қилди. Яратгандан паноҳ, шафқат, умр сўраб ёлворди.

Бўрилар эса сўйлоқ тишларини кўз-кўз қилганча беўхшов ирилларди.

Мироб бир муддат нима қилишни билмай тош қотди. Сал қимирласа, бўрилар тобора яқинлашишга уринаверди. Бир кўнгли ёнбошдаги ўтинлар орасидан йўғон ходани олиб улар томон ирғитгиси, шу йўл билан бўриларни қўрқитгиси келди. Афсуски, юраги дов бермади. Маҳлуқлар арзимас ортиқча ҳаракат содир этса, ташланишга, уни ғажиб ташлашга тайёр туришарди. Шунда миясига ажойиб фикр келди. Мелибой мироб итлар, умуман итсимонлар оловдан қўрқишини биларди. Миясига урилган фикрдан жонланиб жуда эҳтиёткорлик билан чўнқайиб олди ва худди шу тарзда қўйин киссасидан гугурт чиқарди-да, оҳиста ёқди.

Зум ўтмай дарахтнинг қаҳратонда-да қовжираган пўстлоғи ўт олиб, олов гуриллай бошлади. Шундан кейингина бўрилар галаси ортга тислана-тислана, номаълум тарафга чопа кетди.

Ҳануз балодан халос бўлганига ишонқирамай, мироб оғир-оғир нафас олар, танасида зоҳир титроқлар босилай демасди.

— Падарингга лаънат-эй, — ичига туфлай-туфлай, ниҳоят олов қаршисига ўрнашиб ўтирди мироб. — Сал қурса шу маҳлуқлар чангалида қолаёздим-а! Худога бир айтганим боракан, ҳа, бир айтганим боракан! Катталигини қара-я ярамасларнинг! Оқ бўриси шумикан? Ҳе овчининг қопқонига тушкурлар!..

Шу тахлит у бир соатга яқин оловда исиниб ўтирди. Лекин бўри воқеасидан сўнг жуда қўрқиб қолганди. Ҳар сонияда ортга ўгирилиб, қулоғини динг қилаверди. Арзимаган шарпадан ўтирган ерида сапчиб кетаверди.

Ўтира-ўтира, тушундики, бу ерда узоқ вақт қолиш мумкин эмас. Бўрилар албатта қайтиши, ухлашини кутиши ҳеч гапмас. Худо кўрсатмасин, пинакка кетса-ю, ташланиб қолишса!.. Яхшиси, кетади, ҳа, дуч келган тарафга кетади. Маҳлуқлардан йироқ бўлса, бас…

Шуларни ўйларкан, мироб шоша-пиша оловга қор ташлай-ташлай ўчирди-да, олдинга босди.

 

* * *

 

Мелибой мироб шу кўйи эрта тонгга қадар ўрмонда санғиди. Қай тарафга кетаётганини-да идрок этмади. Совуқда қотмаса, маҳлуқларга йўлиқмаса бас деб билди. Афсуски, Сибир совуғи миробнинг эгнидаги чопонни менсимайди. Эртами-кечми чопонни оралаб кириб аъзойи баданига хуруж қила бошлайди. Айниқса, қорнинг оч қолса, қаҳратонга худо беради. Вужудингга жуда осонлик билан эга чиқади.

Мелибой мироб тахминан эрталабки соат еттиларгача чидади. Ниҳоят қорни таталаб, баттар совқота бошлади. Очлик жазаваси шу даражада тез кучайиб бордики, энди у юрган йўлида аланглаб, емиш қидиришдан бўшамай қолди.

Кеза-кеза анча нарида ўзига тикилиб турган ола-була тулкига кўзи тушди. Тулки ҳам очми, нуқул миробга қараб пишқирарди.

Бунақа тулкини ҳеч қачон кўрмаган экан. Олдинига ҳайрати ортиб маҳлуқни томоша қилган, шу баҳонада чалғиган бўлди. Лекин егулик илинжида қалбини забт этиб бўлган шайтоний ҳирс миробни йўлдан уриб, нима қилиб бўлса-да, тулкини тутиш, пишириб ейишни ихтиёр этди.

Хайрият, ишини худо ўнглади. Тулки ўлим хавфини сезиб қолдими, ё ниманингдир шарпасини илғадими, илкис ортга бурилди-ю, бутазорлар орасига ўзини урди.

— Худога шукр, қочиб кетди, — деди мироб бошини сарак-сарак қилиб. — Гуноҳга ботардим-а, гуноҳга! Ҳа, энди тулки деганиям мушукдай гап-да! Унинг гўштини ҳаром дейишарди. Қўй-э, ҳаром егандан кўра очликдан шишиб ўлганим яхши-я!.. Туф-туф-туф-э, туф-туф!..

Мелибой мироб силласи қуриб, совуқдан танаси қақшаб бораётганига қарамай, ўзини тетикроқ тутишга, чидашга, яхшиликдан умид қилишга уринарди.

Шу маҳал қайсидир дарахтлар ортидан нақ эшакдай келадиган жониворлар тўдаси чиқиб қолди. Мироб уларни дарров таниди.

— Ие, буғулар-ку, — деди бирдан кайфи чоғланиб. — Вой, жониворлар-ей! Буларнинг чиройлилигини қара! Бир-биридан кўркам-а! Худди диливизордагидай!.. Локигин тута олмайман-да! Жуда тез чопишса кера-ак! Йўғ-э, зўрға оёғини судраяпти-ку анави орқадагиси! Уям менга ўхшаб очмикан-а? Ё яраланганмикан? Ҳозир аста яқинлашсам, қочиб қолмасмикан? Ҳа-а, ана, егулик қидиряпти ўзига қор тагидан. Ўша егуликни ўзим топиб берсам, қўлимдан ермикан? Қани, бир уриниб кўрай-чи!..

Мироб эҳтиёткорона ортга ўгирилди-да, боягина оёқ босган ботқоқлик томон юрди. Қор остини титкилай-титкилай, шўртаъм меваларнинг кўм-кўк майсаларидан бир сиқимини териб олди ва тумшуғи билан қор титаётган буғуга яқинлашди.

— Ма, ма, — дея майсаларни буғуга узатиб ўзига чорлади мироб. — Қўрқма, узоқ азоб бермайман сенга! Нима қилай? Совуқ жонимдан ўтди. Бадан тушмагур қақшаб кетяпти. Сенинг терингга бу совуқ кор қилмайди, биламан. Танангга манави пичоқ тиғини бир тиқиб оламан, тамом! Чивин чаққанчалик бўлади, ишон, жонивор! Қани, келақол, келақол!..

Буғу ҳақиқатан оч эди. Тўдасидан буткул ажралиб чиқди-да, ҳуркканнамо миробга яқин келиб қўлидаги майсани ея бошлади. Мана шу лаҳзада абжирлик зарур эди. Мелибой мироб фурсатни қўлдан бермаслик учун қўлидаги пичоқни куч билан буғунинг қорин қисмига бир неча марта санчиб-санчиб олди. Буғу оғриқ зарбидан сакраб кетди-ю, аммо узоққа бора олмади. Танасидан тирқираб қон оққан ҳолда ёнбошга қулади. Шу ҳолатда ҳам жонивор қайта ўрнидан туришга, қочишга интиларди. Афсуски, кўп қон йўқотиш буғуни бирпасда ҳолдан тойдирди. У энди туришга чоғланмай қўйди. Ётган ерида жон таслим қилиши муқаррарлигини сезган каби тўрт оёғини силкита бошлади.

Азоб ҳар қандай одамни ваҳшийдан-да баттарроқ кимсага айлантириб қўйиши ҳеч гапмаскан. Умрида чумолига озор бериб кўрмаган мироб шу тобда нақ қассоб қиёфасига кириб қолгандек эди. Кўзлари ёниб, пишиллаган кўйи ҳаш-паш дегунча буғунинг терисини билганича шилиб олди-да, жонҳолатда терига ўралиб олди. Жони ором топди. Энди совуқ хезланмай қўйди. Ана энди сира иккиланмай қорин тўйдириш пайига тушса ҳам бўларди.

Мелибой мироб шошилмасдан буғунинг гўштини нимталади-да, кераклисини олиб, қолганини қор остига кўмди. «Бирор маҳлуқ менга ўхшаб оч қолса, топиб ер» дея хаёл қилди ва ими-жимида олов ёқиб, ўзига тегишлисини пиширишга тушди…

 

* * *

 

Орадан бир соатга яқин вақт ўтди. Мироб қорни тўйгач, ғамлар нари кетиб, эркинроқ нафас ола бошлаганди. Бироқ миясининг бир четини тунашга жой топиш ташвиши кемирарди. Шу сабабли бўшашган жуссасини ўзига мажбуран бўйсундириб, даст ўрнидан қўзғалди ва йўл-йўлакай ўрмон қушларини, олмахонларни томоша қилганча дуч келган тарафга кета бошлади.

Тахминан уч чақиримча йўл юриб қўйганди. Бир маҳал узоқда қалин пўстинга ўралган кимсага кўзи тушди. Уни кўрди-ю, миробнинг юраги ҳовлиқиб, қадамини тезлатди.

— Ие, одамми? — деди баланд овозда ўша кимсадан кўз узмай. — Ким бўлди ўзи бу одам? Аёлмикан, ё эркакмикан? Ким бўлгандаям, топдим-ку! Худо раҳмимни еди-ку!.. Ҳа, раҳмимни еди, раҳмимни! Ҳо-ой-й-й!.. Тўхта-а! Кетиб қолма!..

Мелибой мироб беихтиёр ўша тарафга чопа кетди. Толиққани ҳам қаергадир ғойиб бўлган каби қора терга тушса-да, югураверди…

Бу гавдали, ўрта яшар шаман аёл эди. Эгнидан бошига қадар қатма-қат матога ўралиб олганча турар, афтидан фол очарди. Миробни кўрди-ю, илкис ҳушёр тортди ва унга қаттиқ тикилиб қолди. Бу орада Мелибой мироб аёлга яқинлашиб, титраган кўйи икки қўлини кўксига босганча турар, ҳарсиллаши сўзлашга ҳадеганда йўл бера қолмасди.

— Синглим, бормисан? — ниҳоят хириллаган товушда сўз қотди мироб беихтиёр тиз чўкиб. — Мени қидираётганмидинг-а? Қишлоқдан келган бир қария ўрмонда адашиб қолганидан бохабармидинг? Нега индамайсан? Танимадингми мени? Мен миробман, мироб! Ҳув ўша водий тарафлардан кеп қолдим, синглим!..

— Ты, старик, очень замучился? — сўради аёл қовоқ уйиб. — Это еще не всё. Тебя впереди почти смерть ждёт. Знаешь?

Мелибой мироб аёлнинг ўзга тилда сўзлаганидан ранжиди. Тил билмаслиги, омилигидан куйди. Лекин барибир шукр қилди. Шундай қалин ва кимсасиз ўрмонда ўлиб кетмагани сабабли аламини ичга ютди.

— Меники сеники не панимает, — деди билганича мироб. — Ҳов водий знает твая? Знает?..

— Нет, не знаю, — жавоб қилди аёл афтини бужмайтириб. — И знать не хочу! Идём ко мне! Чаем угощу, дорогой! Там подробно поговорим! Ну чё, идём?

— Ҳа-а, кетдик деяпсанми? Хўп, кетдик бўлса, кетдик-да! Қани, бошламайсанми?

Шаман аёл миробнинг кетишга ҳозирлигини қўл ҳаракатларидан пайқаб шошилмасдан ортга юрди.

Улар олдинма-кетин анча йўл юришди. Ниҳоят қўққайган бир қора уйга етишди. Шаман аёл уй эшигини очиб, миробни ичкарига бошлади…

— Жа қоронғи экан уйинг, — деди қўл силтаб мироб пича ўтиргандан сўнг аёлга. — Мундай чироқ-пироқ ёқиб қўйсанг бўлмайдими? Ахир… Мунақанги қоронғи уйда ёлғиз қолсаг-у, биров-ярим кириб қолса, нима деб ўйлайди? Мироб ғирт хотинбоз экан демайдими?

— Ты, старик, успокойся, — деди шаман аёл гўё унинг нима деётганини тушунгандек. — У меня нет мужа. Но есть знакомые мужики. Они очень агрессивные. Кстати, они враги твоего хозяина Талиба.

— Толиб дейсанми? — мироб ўзига таниш ягона сўзни тушуниб даъфатан ўрнидан туриб кетди. — Қани Толиб? Қаерда беркиниб ўтирибди? Беркинадиган одати йўғиди-ку! Ё мени кутаётганмиди?.. Илтимос, мени беркит! Қаерга бўлсаям розиман. Фақат беркит мени! Жон синглим, мен… Ўлгудай қўрқаман ундан. Агар тутиб олса, бўғизлаб ташлайди мени…

— Успокойся, пока я с тобой, тебя никто не тронет! — миробни тинчлантирди шаман аёл. — Сейчась вместе будем чай горячий пить. Потом… Потом тебя помедетирую! Чтоб защищенный был. Давай, бери чащку, пей!..

— Э, худо умрингни зиёда қилсин! — мироб аёлнинг қўлидан чой тўла идишчани олди-да, дуо қила кетди. — Жа меҳмондўст экансан-ку, аммо тилингни тушунмаганим ёмон-да! Сен қурмағур дуони тушунмасанг! Майли, тушунмасангам дуо қилавераман! Худо кўриб турибди-ку!.. Хўш, хўжайкахон, қаерда ўша Толиб баччағар? Ўрмондами?..

Аёл индамади. Аксинча миробга ер остидан термилганча нималардир дея шивирлади. Ора-сирада бир икки марта даст ўрнидан қўзғалиб, ўнг қўлини мироб томон ўқталган ҳолда уёқдан буёққа айлантирди. Сўнг яна қайтадан жойига ўтирди.

Бир маҳал ташқарида дупур-дупур қадам товушлари қулоққа чалинди. Шаман аёл товушларни эшитибоқ сапчиб ўрнидан турди ва миробга ёпишди.

— Ты туда, в угол иди, — пичирлаб миробни бурчакка судраклади аёл. — Вроде зэки пришли. Я с ними во дворе поговорю. Лиш бы тебя не увидели. А то убить могут!..

Мелибой мироб қаршилик кўрсатмади. Қоронғи уйчада аёл киши билан ёлғиз қолгани учун шундоқ ҳам безовта эди. Биров-ярим кириб қолса, хижолатдан бўлари бўлиши муқаррарлигини аниқ-тиниқ сезгани боис билинар-билинмас нафас олган ҳолда шаман аёлнинг ортидан ташқарига ўғринча боқиб қулоғини динг қилди.

Сал ўтмай, аёл уйчага қайтиб кирди. Мироб қадам товушлари узоқлашганини ҳам аниқ эшитди ва уй бекасига пешвоз чиқди.

— Ҳа, ёмон одамлар келишибдими? — сўради ҳайратдан кўзларини чақчайтириб. — Сенга қаттиқ гапиришмадими, ишқилиб? Ҳа, башарти шундай қилишса, айтавер! Худога шукр, пичоқ бор, калласини олиб ташлаймиз!..

— Нет, они знакомые, — деди шаман аёл қўл силтаб. — О тебе не стала говорит. Мне это надо? Ты мне самой нужен. Вот так нужен!..

— Жа қайсаракансан ўзингам, — деди аёлнинг сўзларига тушунмай мироб. — Ўзбекчалаб гапирсанг-чи!..

— По узбекски? — миробнинг нима деганини тахминан англаган аёл кулиб қўйди. — Нет, не могу говорит на твоём! Но ничего страшнего! Как нибудь сойдёмся, дорогой! Ты мне будеш помогать в будущем! Ну, согласен?..

Мелибой мироб ҳеч нарсани тушунмай, қўйин киссасидан носқовоғини чиқарди-да, нос каплаб, қовоқни шаман аёлга узатди.

— Ма, чекасанми? Олмайсанми?

— Ой, ты что? — қўллари билан юзини тўсди шаман аёл. — Вонючий какой-то! Выплюни эту гадость! Дурак что-ли?

— Ҳа, майли, чекмасанг чекма! — носқовоқни қайтадан киссага урди мироб. — Сассиқ демоқчисан-да ўзингча-а? Вей, ўзингданам бадбўй ис келяпти. Сезмаяпсанми? Жа бадбўй экан!.. Локигин сениям тушунса бўлади. Бу ерда сув истиш масаласи оғир бўлса керак!.. Майли, умринг зиёда бўлсин!.. Менга қара, фолбинмисан? Боя нималардир деб ўзингча дуо ўқигандай бўлдинг? Қўрқма, бизнинг қишлоқдаям сендақаси бор. Нуқул қора товуқ сўрайди. Нимаймиш, қора товуқни ўша фолбинга опкелсанг, сўйиб қонига иссиқ-совуқ қилиб берармиш. Ўлгудай очопат-да! Шунча товуқ гўштини қандай еб тугатади, сира тушунмайман!..

Шаман аёл норози қўл силтаб ўзича нималардир деб ғудранди-да, ўрнидан қўзғалиб уйча бурчагига эски кўрпа тўшади ва келиб миробни туртди.

— Давай, дорогой, спи, отдохни! Ты наверное устал! До завтра выспись, а завтра будем работать!.. Давай!..

Мелибой мироб аёлнинг қўл ҳаракатларидан ётиши лозимлигини англаб, нос тупуриш илинжида ташқарига юрди ва бироздан кейин қайтиб кириб кўрпага чўзилди.

 

* * *

 

Бир неча кунлик совуқ, азоб жонидан ўтган экан. Кўрпага ўралгани ҳамоно аъзойи баданига илиқлик югуриб, вужудини ёқимли ҳислар чулғаб олди. Хаёлан бўлса-да, ўлмай қолганига, оёқ-қўли бутлиги, кўзлари кўриб, юраги бир маромда уриб турганига шукр қилди. Шу тахлит то оламни тун зулмати қоплагунча тек ётаверди, хаёл сураверди. Шу баҳонада қотиб ухлаб қолишдан умидвор бўлди.

Аммо уйқуси келмасди. Хурсандлигиданми, саросимаданми, билмасди. Кўз юмди дегунча Толибнинг қиёфаси хаёлида гавдаланар, гўё шу ерга ҳам миробни топиб келадигандек, калтаклай бошлайдигандек туюлиб, кўнгли хира тортарди. Мироб шу алфозда у ёнбошдан бу ёнбошга ағдарила-ағдарила охири аста қаддини кўтариб, уйчанинг нариги бурчагига назар ташлади. Не кўз билан кўрсинки, шаман аёл қип яланғочланганча баданига нимадир сурар, оғир ҳарсилларди.

— Ё алҳазар! — деб юборди беихтиёр қўрқиб кетган мироб. — Астағфирилло! Ҳой, нима қиляпсан, беҳаё? Уйингда бегона эркак борлигини унутдингми нима бало?

Аёл унинг нима деётганини тушунмади. Уялиш, яланғоч танасини беркитиш, хижолат тортиш ўрнига мироб томон ўгирилди-да, паст овозда сўради:

— Чё, дорогой, не спится что-ли? Иди ко мне, иди! Спину потри!

— Ие, «иди» дейсанми? — тутоқиб кетди мироб. — Ёши бир жойга борган одамни иймондан чиқармоқчимисан? Ўзингам жа ёшмассан, намоз-памоз ўқисанг бўлармиди? Бунинг ўрнига яланғочланиб «иди» дейсан-а уялмай! Қўй-э!..

Мелибой мироб шундай деб қайтадан ўрнига ётди-да, бошини терс буриб олди.

Сал ўтмай, яланғочланган шаман аёл миробнинг тепасида ҳозир бўлди ва оҳиста энгашиб, қулоғига шивирлади:

— Ну чё боишся, милый? Женщину не видел что-ли никогда? Обними меня! Ну, давай-же!..

Аёлнинг баданидан таралаётган бадбўй мой ҳиди миробнинг димоғига урилиб, кўнглини беҳузур қилди. Гарчи у нима деётганини тушунмаса-да, бузуқликка ундаётганини пайқаб даст ўрнидан турди ва қоронғида тимирскиланиб чопонини топди-да, елкасига илиб ташқарига йўналди.

— Елкамнинг чуқури кўрсин-а бу уйни! — ўзича сўзланиб эшикка яқин борди мироб. — Бундан кўра, ўрмонда совқотиб ўлганим дуруст.

— Да не-ет, — шаман аёл пилдираганча келиб миробнинг йўлига кўндаланг бўлди. Мироб кўрдики, аёл аллақачон эгнига пўстинини ташлаб олибди. — Куда ты пойдёш? — давом этди аёл. — Я тебя никуда не отпущу, дорогой!

— Қоч-э, уятсиз! — аёлни нари сурмоқчи бўлди мироб жаҳлини босолмай. — Мунчаям эркакни яхши кўрмасанг? Нақ шайтоннинг энаси экансан-ку!

— Ну ладно, — деди аёл кулимсираб. — Не будем больше кошки-мышки играть! Ты сейчас остаёшся и в далнейшем мне будеш помогать! Я же тебя не медетирую! Просто прошу, дорогой!

— Медитир-педитирингни билмайман! — қўл силтади мироб. — Қоч, кетишим керак!

— Не пойдёш никуда! В лесу полно зверей. Пропойдёш, погибнеш!

— Э, унда суюлавермагин-да, жувонмарг! — деди мироб қовоқ уйиб. — Одам деганда сал номус, уят, шарм бўлиши керак, синглим! Бўпти, тағин шу қилиғингни кўрай, нима қиларканман!..

Аслида Мелибой мироб эшик тирқишидан қалин ўрмонга боққач, юрагини қайта ваҳм босиб, ўтган оғир ва қўрқинчли лаҳзаларни кўз олдига келтирганди. Шу сабаб бўлиб у ортга қайтишга мажбур бўлди. Кимсасиз ўрмонда мақсадсиз дайдигандан кўра, мана шу аёлнинг кулбасида қолишни афзал билди.

(давоми бор)

Олимжон ҲАЙИТ