ШАЙТАНАТ… (154-қисм. Охири)

0

 

 

* * *

 

Оталарининг хоҳишига кўра чиққанлари учун узоқ юришмади. Улар қайтиб келишгач, Зайнаб акасини холи хонага чақириб, адасининг гапларини етказди.

— Сўрашга уялиб юрувдим, яхши бўлибди, — деди Абдусамад.

— Кетишни хоҳлаяпсизми? — деди Зайнаб.

— Ўқишни чала ташлашим керакми?

— Адам билан ойимни шу ҳолда ташлаб кетаверасизми?

— Сен борсан-ку?

— Кетманг.

— Нега?

— Адамни ёлғиз қўйиш мумкинмас.

— Нега?

— «Нега, нега?» деяверасизми?! Тушунмаяпсизми? Ҳамид акам ўзларича касал бўлдиларми?

— Нима деяпсан?

— Ҳамид акамни адамнинг душманлари ўлдиришган…

Абдусамадда ҳам шундай фикр бор, аммо бу гумон аниқ тасдиғини топмагани учун ишонмасликка ҳаракат қиларди. Синглисидан бу ҳақиқатни эшитиб, лол қолди.

— Кимдан эшитдинг?

— Бировдан эшитишим шартми? Мен аниқ биламан. Сиз бош ўғилсиз, қасос олиш керак!

— Зайнаб, сенга нима бўлди, бунақа гапларни гапирма.

— Қасос олмасак, Ҳамид акам гўрида тикка туради.

Зайнабнинг худди отаси каби кескин гапириши Абдусамадга таъсир этди. Синглисига бир нима демоққа қийналди. Сўнг сўз топишга уринди:

— Зайнаб, бунақа демагин. Агар душманларнинг иши бўлса ҳам адам нима қилишни ўзлари биладилар. Бизни бунақа ишларга барибир яқинлаштирмайдилар. Агар аралашишимизни истасалар бизларни ўқитмасдилар. Сен билан мен нимани биламиз? Лимонад тсехлари бор, такси кооперативлари бор. Яна нима? Қолган гапларни миш-мишлар орқали биламиз. Адам бизнинг олдимизда ишдан ҳеч гапирмаганлар. Демак, бизни бош-қа одам бўлишимизни истайдилар.

— Қанақа одам?

— Масалан, олим бўлишимизни…

— Қасос-чи?

— Бу гапни хаёлингдан чиқариб ташла.

— Ҳеч қачон! Агар сиз кетсангиз, ўрнингизга ўзим қоламан!

Зайнаб шундай деб чиқмоқчи эди, Абдусамад йўлини тўсди. Кесакполвон «Асадбекнинг асл қизи», деб янглишмаганди. Юмшоқ кўнгилли Абдусамад синглисининг йўлига ғов бўлолмади.

Абдусамад билан келинлар сафар тадоригини кўришаётганида Зайнаб Жамшидни учратиш ҳаракатида бўлди. Учрашди ҳам. Мақсадини айтди ҳам. Бироқ, Жамшиддан ўзи кутмаган жавобни эшитди:

— Бу эркакларнинг иши. Агар мен ўлсам, менинг ўрнимга сен келасан. Унгача бу гапларни хаёлингдан чиқариб ташла. Бек акамнинг ёнларида мен борман, кўнглингни  ҳотиржам қилавер.

Абдусамад ҳам «бу гапни хаёлингдан чиқариб ташла», девди. Зайнаб чорасиз қолди.

Аҳдидан отаси огоҳ бўлса, ўзининг уй қамоғига маҳкум этилувини англаб, Жамшиддан «Адамга айтманг», деб илтимос қилди.

 

***

 

Ойсанам Эркаеванинг уйига пойлоқчи қўйиш кутилган натижа бермади. Кесакполвон бу уйга бошқа келмади. Асадбекнинг даврасидаги бўлак одамлардан ҳам дарак бўлмади.

Шундан сўнг Зоҳид мўлжалидаги иккинчи ишни амалга оширишдан олдин ҳайдовчи Эшпўлатовнинг уйига бориб, унинг хотини билан гаплашди. Аввалига Зоҳид учун янгилик бўлувчи бирон янги гап чиқмади. Олдинги терговчининг баённомасидаги гаплардан нарига ўтмади. Шунда Зоҳид сўради:

— Эрингизни туҳмат билан ўтирибди, деб ўйлайсизми?

— Унда нимага ўтирибдилар?

— Эрингизнинг чиқиб келишини истайсизми?

— Вой, нега хоҳламас эканман? Болаларим «адам қачон чиқадилар?» деб сиқилиб кетишди.

— Унда яхшилаб эсланг: Шокаримов йўқолган кунлари эрингиз уйга вақтида келган экан. Кейин-чи? Кечки пайт уни ҳеч ким чақирмадими?

Хотин ўйланиб туриб:

— Чақирди, — деди.

— Ким чақирди?

— Қайинсинглим, Ойсанам.

— Нега чақирди?

— Билмадим.

— Олдин ҳам чақириб турармиди?

— Ҳа. Машинасиз бир қадам юрмайди. Сал нарсага якшанба куни ҳам чақираверарди.

Бояқиш адамиз дам олиш нималигини билмасдилар.

— Ўшанда қайси кийимда бориб-келдилар, эсланг.

— Ишга киядиган кийимлари.

Зоҳиднинг талаби билан хотин ўша кийимларни жавондан олиб кўрсатди. Зоҳид унинг ижозати билан бошқа кийимларини ҳам кўздан кечириб, айримларини текширтириш учун олди.

Текшириш натижаси ўша куниёқ маълум бўлди: пиджакнинг енгидаги қон доғи, шимдаги тупроқ қолдиқлари Зоҳидни гумон саҳросидан ҳақиқат водийси томон бошлагандай бўлди.

У шош-қич равишда тинтувга рухсатнома олиб, қидирув гуруҳи билан Шокаримовнинг уйига борди. Ертўладаги кавлаб, жасад кўмиб қўйилган жой унинг барча саволларига жавоб берди.

Эрининг ўша куни барвақт келгани, сўнг орада машмаша чиқиб, катта жанжалга айлангани, оқибат мушт ишга тушганини Ойсанам уйда эмас, қамоқнинг сўроқхонасида айтди. «Мен ўзимни ҳимоя қилдим. «Бўғаман», деб ёпишганларида итариб юбордим, йиқилиб, бошлари дазмолнинг учига тегди. Шу билан… жонлари чиқди», деб уввос тортиб йиғлашни бошлади.

Масала ечилгач, неча ой давом этган иш Зоҳидга оддий гапдай бўлиб кўринди.

Зариповани озод қилиш ҳақидаги қарорни ёзиб берди. Бир кўнгли қарорни ўзи олиб бориб, бу жабрдийда аёлни кузатиб қўймоқчи ҳам бўлди. Лекин баҳсда енгилганини тан олиб боришни истамади. Бунинг устига республика прокуратурасидан Саид Қодиров йўқлаб қолди.

Зоҳид «Иш»нинг якуни ҳақида ҳисоб берганидан сўнг Саид Қодиров:

— Асадбекларнинг иши янги босқичга киряпти, — деди. — Уларнинг орасидаги одамимиз топилди. Уни наркокурер сифатида Красноярга юборишган экан. Назаримда синаб кўришмоқчи бўлишган. Унинг хабарига қараганда, Асадбек ўзининг энг яқин шеригидан узоқлашган. Орага Москва мафияси аралашган. Демак, иши яна ҳам қийинлашади. Москва жиноий гуруҳининг милиция билан алоқаси яхшига ўхшайди. Биз бир янги гап топиб у ёққа юборсак, йўқ бўлиб кетиши мумкин. Красноярда бизнинг одамни мол билан қўлга олишган. Лекин унинг уйига текширув келмаган. Биз томонга хабар ҳам берилмаган. Кейин уни қамоқдан чиқаришган. Ҳозир унга иш буюрмай қўйишган.

— Чақириб олиш керакдир?

— Ҳали вақт бор. Асадбекнинг «Кесакполвон» лақабли шериги Москва гуруҳи билан қорадори бўйича катта иш бошлаганга ўхшайди. Асадбек четда эмиш. Нега? Шуни аниқлаш керак. Яна бир гап: Миродил деган одамнинг хотини бизга мурожаат қилди: эри йўқмиш. Маҳмуд Эҳсоновнинг жанозасидан кейин йўқолган. «КамАЗ»дан тушган одам ўшанга ўхшайди: паст бўйли, калласи катта. Лақаби ҳам шунга яраша — Хумкалла.

— Тинчитиб юборишганми?

— Шунақага ўхшайди. Бу ишлар бўйича маълумот юқори идорага қадар етиб борди.

Янги каттамиз бу масалада жуда қаттиқ талаб қиляпти. Биз сизни бу ёққа ишга чақириш маслаҳатини пишириб қўйдик. Асадбеклар доирасига боғлиқ ёпилган ҳамма ишлар қайта қўзғотилади. Нима дейсиз?

Зоҳид янги раҳбарнинг талаблари ҳақида маёр Солиев айтган гапларни эслаб, «демак, асосий ишлар энди бошланади», деб қўйди.

— Нега ўйланиб қолдингиз? Таклиф ёқмадими? Ё Қўрқяпсизми?

— Қўрқяпман. Шу ишнинг чала қолишидан қўрқяпман.

— Энди бундан қўрқманг. Вақтинча, алдовчи чекиниш тугади.

Саид Қодировнинг бу гапидан Зоҳиднинг кўнгли яйраб:

— Қаҳва ичмаймизми? — деб сўради.

— Ҳа, албатта, энди ақлни пешлаб олиш керак.

Икки кундан сўнг Зоҳид Саид Қодировнинг ёнидаги хонадан жой олди. Уларга ҳаракатнинг асосий йўналишини ўн кун ичида ишлаб чиқиш топширилди. Улар гуруҳнинг жиноятларини бир-бир баён қилиб беришлари мумкин эди. Аммо уларнинг зиммасида буни исбот этиш, гуруҳнинг барча аъзоларини жиноят устида қўлга олиш вазифаси турарди.

У дамда Зоҳид ўзининг бу уринишдаги биринчи қурбон бўлишини билмас эди.

 

***

 

Зоҳид иш жойини ўзгартирган куни Асадбек ўғли, келинлари билан Москвага қараб учди.

Унинг қароридан Кесакполвон Хонгирейни огоҳ этиб, «Жамшид бирга келсин», деган топшириқни олди. Жамшиднинг шаҳарда Тарзан билан қиладиган ишлари бор эди. Шунинг учун Асадбек унинг ўзига хамроҳ бўлишини нохушлик билан қабул этди.

Москвада уларни Иликонинг ўзи кутиб олиб, икки кундан сўнг Абдусамад билан келинлари ўзи кузатди.

Кузатадиган куни эрталабдан Асадбекнинг кўнгли ғаш бўлди. Назарида фарзандини, келинларини сўнгги марта кўраётгандай эди. «Шереметево-2»га етиб боришганда болалари текширувдан ўтаётган экан. Ўғлини бағрига босиб ўпганида, келинлари Оврупо одатига кўра унинг ёноғидан ўпишганда, айниқса Муштарий йиғидан овунолмаган ҳолда аста-аста узоқлашаётганида ундаги ғашлик аланга олди. Чап кўкрагидан бир нима узилгандай бўлди. У ҳатто «юрагим ҳозир ёрилади, бу айрилиққа чидай олмайди», деб ўйлади. Юраги ёрилиб ўлганларни кўп эшитган: аввал кўз олди қо-ронғулашади, нафаси қайтади, кейин чап курагида қаттиқ оғриқ сезади… Асадбек айнан шундай бўлишини истади. Ҳаммасидан биратўла қутулгиси келди. Лекин кўз олди қоронғулашмади, нафаси қайтмади, курагида оғриқ сезмади. Фақат бўғзига бир нима тиқилиб, йиғлагиси келди.

Кўзларидан ёш оққанини ўзи ҳам сезмади.

Учоқ учиб кетганидан сўнг ҳам Асадбек изига қайт-гиси келмай турди. Илико шу ердаги ресторанда жой тайёрлигини айтгач, унга ноилож эргашди.

Илико «уларнинг парвози бехатар бўлсин», деб қадаҳ кўтаргач, бўғзида қадалиб турган нарсадан қутулиш учун ҳам ичди. Ароқ томоғини куйдириб ўтди-ю, аммо қадалиб турган нарса йўқолмади.

Жамшиднинг соатга қараб олганини сезган Илико:

— Ишинг бўлса боравер, Бекни ўзим кузатиб қўяман, — деди.

Жамшид «ижозатми?» дегандай хожасига қаради. Асад-бек уни Хонгирей чақиртирганини биларди. Шу сабабли кўз қараши билан «боравер», деб рухсат берди.

Илико бобосининг сўнгги дамларини, Суликони кўп эслаганини айта туриб:

— Сени ҳам кўп ёдга олдилар, — деди.

Асадбек чолнинг армонларини хаёлига келтириб:

— Бобонг сенга насиҳат қилиб қўйишимни истагандилар, — деди.

— Қанақа насиҳат?

— Бобонг сени йўлингдан қайтишингни, бошқача яшашингни хоҳлардилар.

— Буни биламан… ўзимга ҳам айтганлар. Энди ор-қага қайтиш йўқ. Орқада фақат ўлим бор. Энди ўйиндан чиқиш мумкинмас, бу ўзингга ҳам маълум.

— Олдинда ҳам ўлим бор, — деди Асадбек ўйчан тарзда.

— Тўғри айтдинг. Истаймизми, истамаймизми, энди икки ўлим оралиғида «лезгинка»га ўйнайверамиз.

— Мен унгача озгина бўлса ҳам одамга ўхшаб яшаб олмоқчиман. Менинг ошнам бор. Бир куни «сен бахт излаб умр кечирмадинг, қасос деб яшадинг», деб таъна қилди менга. Умуман у тўғри айтди. Энди мен учун битта қасос қолди. Кейин бахт излаб кўрсаммикин? — Асадбек шундай деб аянчли кулимсиради.

Илико сигарет тутатиб, тутундан нимадир ўқигандай тикилди.

— Йўқ, — деди у. — Энди кечикдинг, Бек. Бизнинг бахтимиз — зўр бир душманнинг қўлидан ўлим то-пиш.

— Бахтга кечикдим… — деди Асадбек хўрсиниб, — Қасосга кечикмасам бас.

— Қасосинг — Хонгирейми?

— Ҳа. Яна бир киши.

— Шошилма. Хонгирейни менга қўйиб берасан. Унга энг аввал мен ҳақлиман. Иш пишяпти. Яқинда у ўлим фариштаси билан ўпишади. Сен менга ҳалақит бермай тур.

— Йўқ, Илико, сен менга ҳалақит берма. Сендан кўра мен икки, йўқ, уч карра ҳақлиман. Ўртада сен учун аканг бор, холос. Менинг эса дўстим билан ўғлим бор.

Яна тутинган укам ҳам бор.

— Сен нимага қасд қилаётганингни билмаяпсан. Бу ерда Хонгирейни чивин чақиши ҳам қийин.

— Шунинг учун у биз томонга бориши керак. Яқинда борганида ғафлатда эдим. У яна бир боради.

— Мен бехабар қолмай.

Иликонинг кузатувида «Домодедово»га келган Асадбек Жамшидни кутиб, ҳатто кейинги учоқда учмоқчи ҳам бўлди. Лекин Илико бунга кўнмади.

Жамшид икки кундан сўнг қайтиб, ушланиб қолиши сабабини айтди.

Жамшидни йўқлаган Хонгирей олдинда катта ишлар турганлигидан гапириб, Кесакполвондан кўнгли тўлмаётганини билдирди:

— У бир меров, лақма экан. Бек аканг қандай қилиб уни ёнида олиб юрибди?

Жамшид «билмайман» дегандай елка қисди.

— Мен унинг ўрнида сени кўрмоқчиман, — деди Хонгирей ўткир кўзини унга қадаб.

Жамшид бу кутилмаган гапдан ноқулай аҳволга тушиб, ундан нигоҳини олиб қочди.

— Менинг устозим Зелихон оға одам танлашни биларди. Сени менга бекорга тавсия этмаган. Сен ноз қилиб ўзингни у ён-бу ён ташламагину, Бекнинг ўрнига тайёрлан.

Бек сени ўлдирмоқчи эди. Истасанг уни ўлдиришинг мумкин. Мен уни сенга совға қилдим.

Хонгирей бу мақтовлардан сўнг Жамшидга бўлажак вазифани тушунтирди:

— Кеча Москвага полшалик талабалар келишди. Комсомолнинг «Спутник» деган сайёҳлик хизмати бор, биласанми? Полшаликлар шуларнинг таклифи билан келишган. Эртадан кейин улар сенинг юртингга учишади. Уларнинг орасида краковлик бир йигит бор. Сен

Краковда бўлганмисан?

— Йўқ.

— Адашма, бўлгансан, эсингдан чиқдими? Ахир «юксак аскарлик бурчингни» Краков яқинидаги Совет қўшинлари сафида ўтагансан-ку?

Жамшид Хонгирейнинг нима демоқчи эканини анг-лаб, «давом этаверинг, мақсадингизни тушуняпман», деб қараб тураверди.

— Полшаликлар «Юност» меҳмонхонасига жойлашишган. Сенинг хонанг ўша краковлик йигитнинг рўпарасида. Йигитнинг исми — Валдемар Вилчек.

Хонгирей шундай деб унга сурат кўрсатди. Кейин «Краков» деган суратли китобни қўлига тутқазди.

— Кечгача кўриб, ўқиб, сув қилиб ичиб юбор. Кечқурун у билан ресторанда танишасан. Қолган топшириқни Маматбейдан вақти келганда оласан, — деди Хонгирей.

Хонгирейнинг топшириғини, Валдемар билан танишиб келганини баён қилиб бўлгач, Жамшид «Энди нима қиламиз?» дегандай Асадбекка қаради.

Жамшид «Краков» деган сўзни тилга олганидаёқ Асадбек Хонгирейнинг Краковга бориши ҳақидаги гапини эслади. Отасининг васияти, амакисининг Краков учун бўлган жангларда халок бўлганини Жамшиднинг шу шаҳар яқинида хизмат қилгани билан бир нарса эканини тушунди. Хонгирейнинг мақсадини фаҳмлагандай ҳам бўлди:

— Полковникнинг ўлимини тўртинчи касалхонада тобутга жойлашганмиди? — Асадбек шундай савол берди-ю, жавоб кутмай, ўйланди: «Полковник яшаган меҳмонхонадан бу касалхона узоқ. Ёшларнинг меҳмонхонаси эса жуда яқин… Краковлик бола ҳам шу ерга тушмасмикин?..»

— Маматбей нима қилишни айтмадими?

— Йўқ ҳали.

— Болани балки полковник сингари меҳмон қиларсан?

— Йўғ-е?

— Молнинг ярми шу ерда-ку? Сен тўртинчи касалхонага бор. Ўликни ёрган одамни топ. Сиқувга ол. Аммо қочириб юборма, бизга ҳам бир хизмат қилиб бериши мумкин.

Агар мен Хонгирейнинг ўрнида бўлганимда қорадорини чет элга Масков орқали юбормас эдим. Чегарадан катта молни олиб ўтиш осонмас. Масковга олиб кетган молни ўша атрофда пуллайди. Чет эл билан аҳди бўлса — энг осон йўл шу. Божхонада ўлик титиб кўрилмайди. Сен Тарзанга тайинла. Йигитларни хитлатиб қўймасдан Ҳайдар акангни кузатсин.

Асадбекнинг тахмини тўғри чиққанини Жамшид полшаликлар Урганчдан қайтишганда билди. Маматбей Краковлик йигитни яхшилаб меҳмон қилишни топшириб, қўлига ихчам елим халтачада кукун берди. Жамшиднинг вазифаси шу кукунни мусалласга солиш эди халос. Полковникни кузатиб боргандай бориши, кутиб ўтириши лозим эмасди. Кечаси қорнида кучли оғриқ турган меҳмонни «Тез ёрдам» энг яқин жойга — тўртинчи касалхонага олиб бормоғи муқаррар эди.

 

***

 

Жамшид полшалик меҳмонлар билан учган куннинг индинига Хонгирей хос йигитлари билан бирга Варшавага, автомобил сафарига йўл олди. У ҳаммасини аниқ ҳисоблаб чиққан эди.

Полшаликлар Урганч саёҳатидан қайтишиб, Жамшид Валдемарни меҳмон қилаётганида Хонгирейнинг машинаси Брест чегара постидан ўтган эди. Унинг мўлжалича, Полша ерларида сайру-саёҳат қилиб Краковга келгунича Валдемарнинг жасади солинган тобут Краковга келтирилиб, марҳум ерга топширилиши керак эди.

Хонгирейнинг режасидан бехабар пан Любомирский меҳмонларни қароргоҳида кутиб олиб, зиёфат қилгач, олиб келинган қорадорининг миқдори билан қизиқди.

— Сиз айтгандан кўра кўпроқ, — деди Хонгирей унга айёрлик билан боқиб.

Сўнг молнинг қаердалигини айтди. Бу янгилик кўпни кўрган панни ҳам таажжубга солди.

Ўликнинг қорнига қорадори тиқиш ҳатто унга ҳам вахшийлик бўлиб туюлиб, қошларини сал чимирди.

— У ҳолда бериладиган пулнинг ўн фоизини чегириб қоламиз, — деди у.

Кашфиёти учун пандан олқиш эшитишни ният қилган Хонгирей унинг бу гапидан ажабланди:

— Нега энди? Аҳдни бузасизми?

— Аҳд бузилмайди. Биз бир полшалик йигитни ўлдиришга аҳдлашмаган эдик. Ўн фоиз марҳумнинг оиласига берилади.

— Уни биз ўлдирмадик. Кўп мева еб, заҳарланган.

— Ёш йигитлар бекорга заҳарланишмайди.

Хонгирей қовоғи солиқ паннинг бир сўзли эканини билиб:

— Хўп, унда беш фоизини берамиз, — деди.

— Мен савдолашмайман, — деди пан кескин тарзда. — Пулни сиз бермайсиз, биз оламиз.

Ортиқча эътирозга ўрин қолмади. Кеч кириши билан йўлга отланишди. Пан Любомирский Хонгирейнинг йигитларидан қуролларни олдириб қўйиб, уларни қароргоҳда қолдирди. Ўзи ҳам қабристонга бормади. Хонгирей унинг ёрдамчилари билан қабристонга бориб тобутнинг чиқариб олинишини, очилишини ўзи кузатди. Жасаднинг эгнидаги кийим ечилиши билан ёрилган қоринни тиккан ипларга қаради. Иплар келишилгандек зарҳал эди. Тугунлари ҳам белгиланганча эди. Хонгирей «демак, йўлда очишмабди», деб енгил тин олди. Бироқ, мурданинг қорни очилиб, қорадори ўралган тугунча кўринмагач, кўз олди қоронғулашди. Пан Любмирскийнинг ёрдамчиси «нега алдадинг?» ёки «сенга ким панд берди?» деб сўраб ўтирмади. Йигитларига имо қилиши билан Хонгирейнинг қўллари орқасига қайрилиб, кишан урилди.

Пан Любомирский ҳам «нега ундай бўлди?» деб суриштирмади.

— Сен билан иш пишмаслигини сезган эдим. Гамлет ҳадеб мақтагани учун ишонибман.

Сен катта иш қилолмас экансан. Ўзингнинг бу ёққа келишинг, сенинг энг катта аҳмоқлигинг. Режангнинг нима учун амалга ошмагани билан менинг ишим йўқ. Бу сенинг масаланг. Бундан бу ёғига сен Лвовга ҳам яқинлашмайсан. Ўлган йигитнинг хунини эса барибир тўлайсан. Йигирма кило дорининг ҳисобидан берасан. Пул келгунча йигитларинг шу ерда туришади. Бир ҳафта ичида пул келмаса, буларнинг ўликларини олиб кетасан. Ҳа, олиб кетасан. Бу ерга кўмдирмайман уларни.

Катта бойлик ҳавасида йўлга чиққан Хонгирей орқасидан тепки еб хорланган ит каби Москвага қайт-ди-ю, Кесакполвонни чақиртирди. Хонгирейнинг режасини ўзича тўғри ўқиган Асадбек айнан шу ерда янглишди: Хонгирей нима гап бўлганини суриштириш учун ўзи келмай, айбдорларни чақиртиришни маъқул кўрди.

 

***

 

Москвага шошқич чақиртирилганларининг боисини Маматбей ҳам, Кесакполвон, Жамшид ҳам билишмас эди. Хонгирей уларнинг ҳар бири билан алоҳида, алоҳида гаплашди. Унга қадар Кесакполвон ҳам, Жамшид ҳам зиндон каби қоп-қоронғу ва зах ертўлада маҳбус каби сақландилар.

Жамшид ўз вазифасини бехато бажарган эди. У полшаликнинг вафотидан кейинги бўлажак воқеалардан бехабар эди. Кейинги ишлардан фақат Маматбей билан Кесакполвонгина хабардор эди. Шунинг учун Жамшиднинг боши устидаги гумон булути тарқалиб,

Кесакполвон томонда қуюқлашди.

Полковникнинг тобути ёнида ҳам, краковликникида ҳам Кесакполвон турган эди. У тобут қопқоғини маҳкам михлатиб, қотириб кетганди. Кетиши билан Тарзаннинг келиши, тобут очилиб, қорадори олиниши, марҳумнинг қорни аввалгидай тикиб қўйилишини у етти ухлаб, бир тушида кўрмаган эди. Масалага қоринни ёрган дўхтир ойдинлик киритиши мумкин эди.

Аммо Хонгирей Кесакполвонга бундай имконият бермади. Жамшид билан қайтган Маматбей ўша одамни қидирди. Бироқ, тополмади.

Хонгирей «Асадбекка совға», деб бир қути бериб юборган эди. Жамшид унда нима борлигини тахминан билганлиги учун кўрсатгиси келмади. Лекин совға олиб келганини билдирди.

— Кўрсат, — деб талаб қилди Асадбек.

Жамшид уни уйга олиб киришни истамади. Асадбек кўчага чиққач, машина юкхонасини очиб, қути боғланган шойи тасмани ечди.

Жамшиднинг тахмини тўғри эди — қутида Кесакполвоннинг калласи ётарди. Асадбек унга узоқ тикилмади. Бир пайтлар унинг юзига тупурган лаблар гўё алам билан қимтилган эди.

Чақчайиб қолган кўзлар эса гўё «Мен ўлмаганман, тирикман, мен ўлмайман» дея-ётгандай эди. Асадбек бу ўлик башарага тупургиси, тупуриб хумордан чиққиси келди. Бироқ ўзини тутди. Қутининг қопқоғини ёпди-да:

— Кўмдириб қўй, — деди.

— Қаерга? — деб сўради Жамшид.

— Малла гўрковга айт, Ҳосилнинг гўрига қўйсин.

Жамшид машинага ўтираётганида Асадбек уни тўх-татди:

— Маллага тайинла, кўзларини юмдириб, кейин қўйсин.

Гўрков харчанд уринмасин, қотиб қолган мижжалар юмилмади. Шундан сўнг у очиқ кўзлар устига бир ҳовуч тупроқ тўкди-да, лаҳад устидан тупроқ тортди.

Бу дунёга сиғишмай, талашган икки одам бир лаҳадда жам бўлишди…

Бир ҳафтадан сўнг почтачи Асадбекникига қалин хатжилд ташлаб кетди. Асадбек бировга хат ҳам ёзмасди, мактуб ҳам олмасди. Шунинг учун ажабланиб, жилд-ни очди. Ундан газета чиқди. Ярим бетга яқин жойни эгаллаган мақола ўртасида Хонгирейнинг расми бор эди. Йўғон ҳарфлар билан «ХХ аср: Гирей хоннинг ҳожатхонада ўлдирилиши» деб сарлавҳа қўйилган мақола «Ўтган куни Москвада «Хонгирей» номи билан машҳур қонундаги ўғри ҳожатхонада чавақлаб ташланди…» деган сатрлар билан бошланарди.

Асадбек мақолани охиригача ўқимади.

Илико уни доғда қолдиргани учун армон билан хўрсинди.

Хонгирейнинг ўлимини эшитган Илико ҳам шундай армон билан хўрсинганда, Хонгирейни томсклик Балабуханинг йигитлари ўлдириб кетишганидан у бехабар эди.

Асадбек уйга сиғмай, кўчага чиқди.

Нима учундир кўча гавжум эди.

Асадбек нима учундир одамлар оқимига қарши юриб борарди…

Бу воқеадан бир йил ўтиб, Ўзбекистоннинг покиза осмонида озодлик байроғи ҳилпиради…

 

АЙТАР СЎЗИМИЗНИНГ ИНТИҲОСИ

 

Васл тугаб, фироққа етишилди.

Узоқ йиллар мобайнида беҳисоб сатрлар орқали танишганимиз яхши-ёмон одамлар билан хайрлашиш фурсати етди.

Ҳазрат Навоий «Муншаот»ларида «Машаққат эса ибтидоси анинг, мурод ўлғуси интиҳоси анинг», деб ёзмиш эканлар.

Оллоҳ барчаларимизни машаққат саҳросидан кечиб ўтиб, муродга етишганлардан қилсин.

Дастлабки сатрларни битишдан олдин Яратганга муножот этиб, баёнларимда Ҳақ йўлдан тойдирмаслигини тилаган эдим, яна илтижо этаман: Ё, Раб, бизларни, то қиёматга қадар зурриёдларимизни ҳам адашганлардан қилмагин.

Тангри таолога беҳисоб-беҳисоб ва яна беҳисоб шукроналаримиз бўлсинким, ўзининг мадади ила шунингдек, Сиз азиз китобхонларнинг дуолари туфайли мўлжалимиздаги яна бир баён ниҳоясига етди. Тангри тилагимизни раво айлаб, ажойиб бир бахт бағишлади.

Бундайин бахт сиз азизларга, хусусан, ҳамасрларимизга ҳам насиб этсин! Эндиги тилагимиз:

бажарган ишимиз хайрли бўлғай. Омийн я Раббил-оламийн. Шубҳасизки, бу баёнларда қаламнинг ожизлиги сабабли йўл қўйилган хатолар ҳам учрар. Бунинг учун тавбалар қилганимиз баробаринда Сиз, азизлардан узр сўраймиз.

Яна ҳазрат Навоий дебдиларким:

Интиҳоси ишқнинг ҳижрон эмиш, эй аҳли ишқ,

Васл даврони аро мағрур бўлманг асру ҳам.

Бизнинг баёнимиздаги кўп одамлар дунё васлига мағрур бўлиб, оқибатда аламга банди бўлдилар. Улар Яратганнинг огоҳлантиришини эшитмаслик учун қулоқларига гўё қўрғошин қуйдилар. Раҳмоннинг эслатмаларини ўқимаслик учун гўё кўзларига нил тортиб, кўр бўлиб олдилар. Бу дунёда қул бўлишга арзийдиган матоҳнинг ўзи йўқлигини фаҳмламадилар. Оқибат, Оллоҳ ўзининг ваъдасига кўра, уларга шайтонларни ҳамроҳ қилиб қўйди. Шайтон уларни тўғри йўлдан тўсди. Қачонки қиёмат чинқириғи янграб, бундайлар Оллоҳнинг ҳузурига боришгач, афсус чекадилар ва умрлари бўйи жонажон ҳамроҳ бўлган шайтон алайҳилаънага қараб «Қани эди, мен билан сенинг орамиздаги масофа мағриб ва машриқчалик узоқ бўлса. Сен энг ёмон ҳамроҳсан»*, дер эканлар.

Оллоҳ ҳеч қайсимизни — ўзимизни, зурриёдларимизни, қавму қариндошларимизни, биродарларимизни, таниш-билишларимизни бундайлардан қилмасин, иншаоллоҳ!

Барча, барчага, ҳатто ўзимизга душман деб билган кимсаларга ҳам ҳидоят берсин.

(Тамом)

Тоҳир МАЛИК

 

ФИКР БИЛДИРИШ

Please enter your comment!
Please enter your name here