АЛАМЗАДА… (10-қисм)

0

 

 

* * *

 

… Ҳаш-паш дегунча орадан икки ой ўтиб кетди. Сибир ўрмонларини қоплаган қор бир-бир эриб, этакдаги дарё суви шарқираб оқа бошлади. Мелибой миробнинг елкасига офтоб тегди. Қиш бўйи диққинафас уйчада ўтириш, шаман аёлнинг илтимосларини бажариш, қоронғи тунларда яланғочланиб танасига қандайдир бадбўй мой суришига гувоҳ бўлиш, уятдан бошини кўрпага ўраганча нафаси қайтганига қарамай аёлнинг кийинишини кутиш, ҳар лаҳзада қизи Севинчни ўйлаш, қишлоқни соғинавериш жуда жонига текканди. Азобланишлардан тўйганди. Мана, кунлар исий бошлади. Энди йўл топиш, аёлнинг кўзини шамғалат қилиб бўлса-да, қочиб қолиш тадоригини кўриши лозим. Аксига олиб ҳеч ким уни қидириб ҳам келмади. Ўликми-тирикми демади. На илож? Бир амаллаб юртига йўл топа билса марра уники. Ҳаммасини унутади. Қизини олади-ю, жон қишлоғига бориб буғдойини экиб юраверади…

— Синглим, энди мен кетсам, — деди шундай кунларнинг бирида мироб шаман аёлга қўли билан олисларни кўрсатиб. — Менга нон, туз, бошпана бердинг. Рози бўласан-да энди! Менам юртимга етволай. Қизим шўрлик қон йиғлаб ўтиргандир. Қишлоқдагилар аза очворган бўлишсаям ажабмас. Ахир, қанча вақт ўтиб кетди! Аза очишади-да!..

Шаман аёл миробнинг қўл ишораларидан мақсадини дарров илғади. Илғади-ю, оғир хўрсинди. Қовоқлари уйилиб, ингичка қошлари чимирилди ва юзини терс бурди.

— Тўғри, сениям тушунаман, — деди мироб аёлнинг ҳаракатларини кузатаркан. — Нима қилай? Ота-буваларимиз шунақа ўргатган. Бизда бегона аёлни номаҳрам дейишади. Номаҳрамга ола қарай олмаймиз. Локигин, ишонаман, сен албатта ўзингга муносибини топасан. Мендақанги ёши бир жойга борган одамни бошингга урасанми? Ундан кўра, рухсат бер, мен кетай, қоқиндиқ!..

— Нет, дорогой, — деди ниҳоят аёл миробга юзланиб. — Тебя просто так не отпущу-у! Вот, глянь, во-он там очень красивая река течёт! Это река Обь. Слыхал?

Мироб аслида аёлнинг нима деганини умуман тушунмай елка қисди. Шаман эса буни бошқача англаб бош чайқади.

— Сейчась мы туда же пойдём, — давом этди аёл. — Одну вешь покажу. Удивишся! Очень сильно удивишся! Потом, ладно, тебя отпущу и дорогу покажу.

— Эҳ, тушунмадим барибир, — аёлга умидвор термилди мироб. — Дарёга борайлик демоқчимисан?

— Да, да-а! — бирдан ўрнидан туриб кетди шаман. — Идём, очень интересная картинка есть!

— Оббо, қўймасакансан-да, — дея мироб ҳам қаддини кўтарди. — Бўпти, юр-чи, нимани кўрсатаркансан! Фақат кейин мени қўйворасан!

— Обязательно! Пошли, надо торопиться!..

Мелибой мироб уф тортган кўйи аёлга эргашиб дарё томон йўл олди.

 

* * *

 

Дарё бўйига етгач, мироб бир гала қушларни кўрди. Улар соҳилда нималарнидир териб ер, бири учиб кетса, иккинчиси пастларди. Булар карқушлар эди. Мироб бу манзарага кўзи тушиб сира ҳайрон бўлмади. Нима қилибди? Қуш-да! Буларнинг нимаси қизиқ?..

— Видиш, птички чего-то глотают? — деди аёл соҳилга қўл чўзиб. — Видиш?..

— Видиш, видиш! — деб қўйди мироб норозиланиб. — Нима бўпти видиш? Нима бўпти?

— Они вообще-то очень ценные птички. Золото глотают. Ты должен их поймать, и зарезать. Вместе золото будем собирать. Они в желудке настоящое золото держать. Прям из желудка достанем золото! Можеш голыми руками поймать?

Аёл шундай деб айёрона кулиб қўйди.

Мелибой мироб эса қийналиб бўлса-да, шаманнинг ниятини англаганди.

— Шу холосми? — деди бирдан енг шимариб. — Қуш овлаш бўлса, қотираман! Қани, хўжайка, ҳув нарига бориб тур! Мен ҳозир бир йўлини топаман!..

— Не кипятись, — хандон отиб кулди аёл. — Всё равно не поймаеш. Чтобы их поймать нужна винтовка, дурачок! Понял что я сказала?..

— Винтавкаймиш, — қўл силтаб нари кетди мироб. — Унда мени қанд еб бу ерга бошлаб келдингми?

Шу тобда кутилмаган воқеа содир бўлди. Ўрмон ичкарисидан қўлларида милтиқ кўтарган уч чоғли барваста эркак чиқди. Эркаклар мироб ва шаманни кўришди-ю, милтиқларини ўқталганча улар томон югуришди.

— Всё, нам хана! — деди аёл ранги бўзарган кўйи ортга тисланиб. — Твои враги идут!

— Қараларинг, — қичқирди эркаклардан бири шерикларига. — Шаманникидайкан поезддаги қария! Худди ўзи, ўзи!..

Мелибой мироб ҳайқириқни эшитгандан сўнг булар Толиб юборган вакиллар деб хаёл қилди ва азбаройи руҳланганидан бор овозда қичқириб олдинга талпинди.

— Бормисизлар, иниларим? Сизларни кўрадиган кун бор экан-ку!.. Ҳа, мен ўшаман, менман! Толиббойнинг одамиман!..

Эркаклар етиб келгач, миробнинг қичқириғи, қувончига заррача эътибор қилмай, уни ўраб олишди. Бири миробнинг қўлларини қайириб, арқон билан маҳкам бойлаб қўйди.

— Бобой, Баҳромбойнинг қароргоҳига хуш кепсиз! — деди шоп мўйловли эркак совуқ тиржайиб. — Шаманка, испасиба тебе, испасиба! Иди теперь к себе! Бабай с нами пайдўт!..

Шаман аёл қўрқа-писа барчаларига бир-бир қараб олди-да, уйига жўнади.

Эркакларнинг икки нафари миробни қўлтиғидан олиб бошқа томонга судраклади.

 

* * *

 

Бандаси учун кимсасиз масканда, йиртқичлар чангалида азобланиб ўлишдан-да даҳшатлиси йўқ. Мелибой мироб милтиқли, умрида кўрмаган, танимаган, кўринишидан қандайдир бетайин кимсалар қуршовида кетиб борарди-ю, барибир шукр қилар, яратганга иймон келтирарди. «Нима бўлмасин, бу нусхалар кимлигидан қатъи назар пешонам ярқираган экан, — ўйларди йўл-йўлакай мироб. — Йўқса, бир кунмас бир кун мана шу ўрмонларида ўлигим қолиши тайин эди. Анави шаман аёл ҳам жонимга тега бошлаганди. Ўлгудай беҳаё экан-да ўзиям! Номаҳрам эркакнинг тепасига келволиб ечинавериши нимаси? Этиям сесканмайди-я вей!.. Ҳе эрсирамай ўл мегажин! Бизнинг қишлоқда бировга шундай қилсанг-у, мачитга олиб кириб адабингни беришарди. Нақ имомнинг қарғишига қолардинг, баччағар!.. Майли, асосийси, маҳлуқларга ем бўлмадим. Марра меники. Қолаверса, манави бетайинлар Толибни таниркан. Боргандан кейин бирор янгилик айтишар, ахир! Бўғизлаб ташламас. Одам-ку ҳарқалай!..»

Милтиқлилар миробни айлантира-айлантира, ўрмоннинг янада қуюқроқ қисмига олиб боришди. Бу ерда ҳам худди ўзи бир кеча тунаган, очлик азобидан сақланган каби кичик уйча бор экан. Фақат бу уйчанинг олдингисидан фарқи шунда эдики, эшик қаршисига нақ эшакдек келадиган олапар ит бойланибди. Ит уларни кўргани ҳамоно бир неча марта ириллади-ю, милтиқлиларни таниб, қайтадан бошини ерга қўйганча жим бўлди.

— Сенлар шу ерда бобойни қўриқлаб турларинг, — буюрди шерикларига олдиндаги эркак. — Мен бой акамга хабар берай!

У кириб кетди. Мелибой мироб бош қашиган кўйи гоҳ ўзи томон ола қарай бошлаган итга, гоҳ ёнидаги милтиқлиларга ер остидан боқар, хаёлан яратгандан фақат яхшилик, омонлик сўрарди. Зум ўтмай ичкарига кириб кетган эркак қайтиб чиқди ва миробга қўл силтади.

— Қани, бобой, кирсинлар! Сизни бой акам кутяпти!..

Миробга эркакнинг «бой ака» дегани сира ёқмади. Дарров хаёлига ҳукумат катталарининг телевизор орқали айтган гаплари тушиб, ижирғанди.

«Сен ичингдагини мой деб юрибсан-да, ит эмган, — кўнглидан ўтказди у. — Баланддагилар билиб қолишса-ю, терингга сомон тиқишарди шу гапинг учун. Бой акаймиш!.. Қанақа бой ака, ит? Биз ҳаммамиз баравармиз, тенгмиз! Ҳукуматдагиларнинг гапини эшитмаганми бу нусхалар нима бало? Эшитганда шу гапни тилига чиқармасди. Сал бўлсаям қўрққан чиқарди. Ўлигингни ит есин сенларнинг!..»

Ичкарида ўша «бой ака»си ёлғиз бўлса керак деб ўйлаганди. Аммо кирибоқ тўрда ўтирган юмалоқ юз, сочи қиртишланган, қиррабурун, ёши тахминан ўттиз бешлар атрофидаги эркакдан бўлак яна тўрт чоғли шотир борлигини кўриб, миробнинг ичидан ич қиринди ўтгандек сесканиб қўйди. Бунинг устига ичкарини ичкилик ҳиди тутган, сигарет тутуни бурала-бурала шифтгача бориб қайтарди.

Баҳром деганлари Мелибой мироб хонага киргандан кейин ҳам ўрнидан жилмади. Ҳатто, қимирлаб қўймади. Аксинча, миробга ер остидан жирканганнамо тикилди, унга бошдан оёқ разм солди. Шу орада шотирларга бир-бир қараб ияк қоқди.

— Душманимнинг элчиси, тутинган отаси, балки югурдаги! — деди Баҳром лаби учган стакандаги ичкиликдан бир ҳўплаб қўйиб. — Қаранглар, оғайнилар, ким келди бизнинг кулбага! Бобой бўлсаям абжир экан. Толиб шимилдириққа хизмат қилиб юрган. Адашмасам, гўрковликниям қотирган! Хўш, нима дейсиз? Толиб инингиз ишлатиб-ишлатиб ўрмонда адаштириб кетдими?

— Бировга туҳмат қилиш гуноҳ, иним, — деди мироб қаршисидагиларга қўрқа-писа қараб қўйиб. — Толиббой…

— Э, бой деманг! — уни қайириб ташлади Баҳром. — Нимаси бой? Кеча тухумдан чиқиб бой бўлибдими? Олдин бурнини артишни ўргансин ўша мараз!..

— Кечиринг, иним, — деди мироб ер чизиб. — Оғзимдан чиқиб кетди.

— Оғзингизам алламбалоларга ўхшаб жа бўшакан-да ҳамма нарса чиқиб кетаверса! Қайда, кимларнинг қўлида эканингизни биласизми ўзи? Вей, мени Баҳром деб қўйибди. Ўша ифлос Толибнинг дастидан шуёқларда юрибман. Аммо бу вақтинча, ҳа, билиб қўйинг! Умуман, менга бу ер ҳам бўлаверади. Шу ернинг ўзидан туриб ҳам думини туга оламан Толибингизнинг! Ие, мен ўзимизнинг ўзбек экан, адашгандир, хато қилгандир, деб ҳузуримга опкелтирсам-у, бу кишим душманимнинг ёнини олиб ўтирса-я! Ё жонингиз кооперативми, бобой?

— Йўғ-э, — мироб бошини сарак-сарак қилиб қаттиқроқ қисинди. — Худо асрасин!..

— Унда қанд еб душманга хизмат қиб юрибсизми? Ё иш қуриб кетганмиди сизга? Қариган чоғда ўтирмайсизми қиси-иб уйингизда?

— П-пешона экан-да, — жавоб қилди мироб тутилиб. — Қайдан билибман?..

— Сиз буёқда бўриларга ем бўлгудай қисиниб кун кўряпсиз, — давом этди Баҳром энди ўрнидан туриб. — Уёқда эса Толиб нима иш қилиб юрганини биласизми?

— Йў-ўқ, — деди мироб Баҳромга жавдираб тикиларкан. — К-кўрмадим-ку анча кундан берисига!..

— Қизингизни даволатаман деб қишлоқдан опкелганмиди?

— Ҳ-ҳа, шундай, — қизи ҳақида эшитиб, юраги така-пука бўлган мироб ялт этиб Баҳромга боқди. — О-опкелганди… Нима бўпти қизимга? Нима қипти?

Баҳром жавоб қайтаришга шошилмади. Турган ерида чуқур-чуқур хўрсинди, обдон керишди. Афтини бужмайтирганча шотирларга совуқ тикилди. Шифтни, уйча ичкарисини эринмай кўздан кечирди. Бурчакдаги бир нечта милтиққа назар ташлаб олди. Шундан кейингина қайтадан Мелибой миробга юзланди.

— Кечирасиз-у, аммо айтишга мажбурман, бобой, — деди у қўлларини мушт қилиб. — Чунки менам отаман. Бунақанги ишларга…

— Илтимос, айта қолинг, жон иним, — Баҳромнинг гапини кесиб олдинга талпинди мироб. — Мени пичоқсиз сўйманг, ёлвораман! Нима бўпти қизимга, нима?

— Ҳовлиқмасангиз-чи! — миробни жеркиб берди Баҳром. — Намунча типирчилайсиз? Кап-катта одам сал ўзини босволмайдими?

Афсуски, Мелибой мироб шу онда сира ўзини босадиган аҳволда эмасди. Ичини ит тирмалаган каби безовталанар, шайтоний хаёлларнинг минг бир кўчасига кириб чиқарди.

«Булар бир балони билмаса гапирмасди, — ўйларди титроқларни аранг енгиб. — Локигин негадир айтишга шошилмаяпти. Ё мени ўлар ҳолатга етказиб қўйиб кейин айтмоқчими? Шу йўл билан Толибга қилган хизматларимнинг ўчини олмоқчими? Душман экан, ўзига қилмайдими душманлигини? Менда — ёши бир ерга борган қишлоқи одамда не гуноҳ? Шундоғам бўларим бўлганди, бегона юртларда, етти ухлаб тушимга кирмаган ўрмонларда санғиб толиққандим. Айта қолмайсанми, қизиғар! Айт! Гапирмайсанми?.. Йўқ, башарти қизимга бир бало қилган бўлса, мана шу қўлларим билан ўлдираман ўша итфеъл, ҳаромини, ҳа! Ўлдираман!..»

Шуларни ўйларкан, миробнинг муштлари тугилди, лаблари гезариб, худди кимнидир дўппослар, бўғар даражага етди. Шубҳасиз, уни Баҳром зимдан кузатиб турарди. Миробнинг қасос олиш ҳолатига тушишини, руҳан интиқомга тайёр бўлишини кутаётганди. Муштлари тугилганини кўрди-ю, қаршисига келиб икки елкасига қўлларини ташлади.

— Бардам бўлинг, отагинам! — деди у ҳийла бош эгиб. — Менинг душманим, сувюқмас, нонкўр, ўша сиз худога сиғингандай сиғиниб юрган Толиб қизингизни ҳалигидай… Хуллас, у аблаҳ қизингизнинг номусига тегиб қўйибди…

Бу хабарни эшитган мироб сал бўлмаса ағанаб тушаёзди. Ранги оқариб, гўё соқов банда каби нималардир дея каловланди. Сал ўтиб танасидаги титроқ зўрайди. Хиёл гандираклаганча ортга тисланиб бетиним бош чайқай бошлади.

— Ишонмайман, ишонмайман, — шивирлади ниҳоят Баҳромга нафрат назари билан боқиб. — Сиз… Алдаяпсиз! Мени ажалимдан беш кун бурун ўлдиришни ният қилгансиз. Ўч олмоқчи бўлгансиз!..

— Э, бобой, — қайтадан ўзининг эски атамасини тилга олиб миробга яқинлашди Баҳром. — Ўлдираман десам, сиз билан лақиллашиб ўтирмасдим. Ана, мана шу йигитларнинг ҳаммаси манаман деган каллакесарга дарс ўқийдиганлар хилидан. Жон томирингизга бир урса тамомсиз! Ўлигингизни ит ҳам тополмайди! Гапирган гапингизни қаранг-а! Сизни ҳаёт кўрган, оқ-қорани таниган, ҳамшаҳарим десам, ғирт овсарнинг гапини гапирасиз-а!..

— Ўлдираман, сўяман, бўғизлайман! — беихтиёр сал энгашган кўйи полдан ниманидир қидира бошлади мироб. — Қийма-қийма қиламан у худо қарғаганни! Тирик қўймайман, қўймайма-ан!..

— Ҳай-ҳай-ҳай, отам, ўзингизни босинг мундай! Қани, манави ерга ўтиринг-чи! Жуда соз! Ҳой, «Каламуш», ароқдан қуй бобойга! Тезроқ бўл! Бу туришда ҳозир уйчага ўт қўйворишданам тоймайди. Қани, бобой, ароқни кўтаринг! Тез бўлинг!..

Мелибой мироб жазава ичида ароқни қандай симирганини-да сезмай қолди.

Ичкилик жойига етиб боргачгина ичи қизиб, кўзлари мошдек очилди ва тепасидаги Баҳромга бир қараб қўйди.

— Хўш, босилдингизми? — сўради Баҳром боя ўзи «Каламуш» деб чақирган йигитга кўз қисиб олиб. — Унақамас-да! Қўрқитвордингиз-а одамни! Шундоғам ҳаммамиз игнанинг устида ўтиргандай саросималаниб яшаяпмиз. Одам деган сал оғирроқ бўлади-да! Ундан кўра, душманингиздан қандай ўч олиш йўлларини ўйланг!

— Барибир уни соғ қўймайман, — хириллаб сўз қотди мироб. — Энадан туғилганига пушаймонлар едираман.

— Э, йў-ўқ, — деди Баҳром курсилардан бирига чўкиб. — Бу қалтис иш, отам! Замон кўтармайди. Бирдан бориб кимнидир пичоқлаш ё отиб ўлдириш аҳмоқнинг иши. Каллани ишлатиш керак, каллани!..

— Қ-қандай қилиб? — қаршисидаги Баҳромга бақрайди мироб. — Н-нима қилиб?

— Ўч олиш, ўлдиришнинг бошқачароқ йўллариям бор, бобой, — деди беўхшов тиржайиб Баҳром. — Албатта тиғ кўтариш, ё муштлашиш шарт эмас. Агар биз айтган ишни қилсангиз, сих ҳам, кабоб ҳам куймайди. Баҳонада аламдан чиқасиз, бир номард, лаънати, ҳезалакни йўқ қиласиз. Ўзингизгаям жин урмайди. Индамай яшайверасиз.

— Нима қиламан? — Баҳромнинг оқилона маслаҳат беришидан умидвор бўла бошлаган мироб бошини кўтарди. — Қанақа йўл ўзи, иним?

— Қанақа бўларди, — кўзларини лўқ қилди Баҳром. — Маданий йўл, бобой, маданий!

— Т-тушунмадим, — деди мироб елка қисиб. — Ўлай агар, тушунмадим.

— Тушунмайсизам. Чунки бунақа усулларни фақат биз биламиз. Сизга йўл бўлсин!?.

Шундай деди-ю, Баҳром яна сўзлашдан тўхтади. Стаканни қўлига олиб ароқдан бир ҳўплади-да, шалоғи чиқаёзган курсилардан бирига чўкиб, теваракдагиларга сирли қараш қилди. Улар, афтидан, Баҳромнинг сўнгги қарорини кутишар, турган жойларида нуқул безовталанишарди.

— Хўш, «Каламуш», — дея қайтадан орқароқдаги барзангига юзланди у. — Нима қилсак бўлади? Бу бобойнинг муаммосини ҳал қилиш керак. Қизининг шаънини нима билан ювсак маъқул бўларкин-а?

— Нима бўларди? — иягини кўтариб-кўтариб гап бошлади «Каламуш» лақабли барзанги. — Қон билан-да, бой ака, қон билан!

— Умуман… Сен ҳақсан, — кўзларини айёрона қисиб кулди Баҳром. — Бу ишга қон аралашган, тўғрими?

— Албатта, бой ака, бусиз…

— Лекин биз қон тўкмаймиз, — Баҳром энди даст ўрнидан турди-да, Мелибой миробга яқин келиб елкасига қўл ташлади. — Замон кўтармайди, бобой, замон! Шундай қилиш керакки, нафаси ичида қолиб кетсин! Дардини бировга айтолмай қолсин! Нима дейсиз?

— Т-тўғри, иним, — деди янада жонланиб мироб. — Х-худди шундай қилиш керак. Локигин…

— Локигинни-чи, чўнтакка солиб туринг! Бир кун қишлоғингизда керак бўп қолади. Ҳозир фақат менинг гапларимни эшитинг! Эшитиб ҳам қолмай, манави иккала шалпангқулоғингизга қуйиб олинг!..

Ҳозир қишлоқда яшаса-ю, кимдир миробга шунақанги масхараомуз сўзни айтса, ўша заҳоти қулоқ чаккасининг ўтини олган бўларди. Афсуски, айни лаҳзаларда занжирбанд қулдан фарқи йўқ. Ортиқча ҳаракат содир этишга жазм қила олмайди. Ҳайиқади, қўрқади, юраги така-пука. Шундай экан, чидашдан, бу масхарабозликларнинг охирини кутишдан бўлак иложи йўқ.

Мироб шуларни кўнглидан ўтказганча, ер остидан Баҳромга билинар-билинмас ўқрайиб қўйди.

— Хуллас, сиз эртагаёқ ватанга жўнайсиз, — сўз бошлади Баҳром. — Биз буюрган ишни қойиллатасиз. Қойиллатсангиз, виждонингиз тинчланади, бизгаям мурувват кўрсатган бўласиз. Ё арзимаймизми мурувватга?

— Йўғ-э, — дея ясама тиржайди мироб. — С-сиздай одам-а!?. Тиз чўкиб хизматингизни қилганим бўлсин, иним!

Бу гап Баҳромга ёғдек ёқиб тушдими, беихтиёр талтайиб керилди. Шу аснода «Кўрдиларингми? Биз мана шунақа кучли, ҳурматли одаммиз! Керак бўлса, ҳар қанақасини тиз чўктира оламиз!» дегандек ёнидагиларга мағрур кўз ташлаб қўйди.

— Ақлингизга балли, бобой-й! — деди чўзиб Баҳром. — Бизга хизмат қилсангиз, кам бўлмайсиз! Аммо ҳозир гап ўша мараз Толиб устида кетяпти… Ҳа-а, унинг пули кўп, кўп! Пули кўпайиб қолган!.. Беш-олти вагон ёғочи куйиб кул бўлгани билан камайиб қолмаслиги тайин. Демак, биз уни илдизи билан қуритишимиз лозим! Топдим, топдим!.. — Баҳром нимадир ёдига тушган каби илкис «Каламуш» томон ўгирилди ва иккинчи барзангининг елкасини сиқимлади.

— «Бўри» — деди барзангига тик боқиб. — Бўрилигингни кўрсатадиган пайт етди!

— Биз тайёр, бой ака, — деди барзанги кемшик, беўхшов тишларини кўз-кўз қилиб. — Буюрсангиз бас!

— Эсингдами, турмадалигимизда ҳалиги… нимайди… Ҳа, «Чўртан» деганининг дабдаласини чиқаргандим.

— Эсимда, кейин уни боягидай… тинчитганмиз. Ўзим топиб бергандим ўша дорини.

— Баракалла, яна керак бўлади шекилли-да шу дорингдан!

— Топамиз, ғиз этамиз-у, бориб келамиз. Муаммо йўқ!

— Қачонга топиб бера оласан?

— Кечгача ест қиламиз, бой ака.

— Маъқул! — Баҳром ортга тисланиб яна Мелибой миробга юзланди. — Бобой, сизга битта зўр дори бераман. Ўшани Толибингизнинг чойигами, ароғигами қўшиб қўясиз, тамом, уёғи билан ишингиз бўлмайди.

— Б-билиб қолмасмикан? — ҳадик аралаш сўради мироб. — Башарти…

— Билмайди. Дорининг умуман ранги чиқмайди. Таъмиям йўқ. Вей, нега рангингиз бўзариб қолди? Ҳалигина сўз бермаганмидингиз? Ҳалитдан шундай бўлсангиз, боргандан кейин ирғитвораркансиз-да-а дорини?

— Йўқ, ирғитмайман, — деди мироб ўзини қўлга олиб. — Буни интиқом деб қўйибди, иним. Қизимнинг номуси учун керак бўлса ундақаларнинг мингтасини ер тишлатаман. Ҳа, мен…

— Тишлатмай қаергаям борардингиз? Уёқдаям бизнинг одамлар бор, орқангиздан кузатиб юришларини унутиб қўйманг! Худо кўрсатмасин, гуллаб ё қовун тушириб қўйсангиз борми, сизга ўхшаганлар биз учун чикора. Ўлигингиз итларга ем бўлади.

— Ундай деманг, иним, — ичига туфлаб қўйди мироб. — Худо асрасин у кунлардан! Айтдим-ку, тиз чўкиб хизматингизни қилай!..

— Балли, зўр гап бўлди бунисиям! — Баҳром шундай деб «Каламуш» томон ўгирилди. — Менга қара, бобойнинг томоғи қуруқшади чоғи! Бир қайин шарбатига тўйдиргин! Унақа шарбатни бобойимиз энасидан туғилибам ичмаган!

Мелибой мироб бу қанақа шарбатлигига ақли етмаса-да, Баҳромга мамнун қараб қўйиб, даст ўрнидан турди-да, «Каламуш»нинг ортидан эргашди.

 

* * *

 

Ташқарига чиққач, бу нусхалар ҳақиқатан турмадан қочганига яна бир карра амин бўлди. Чунки барзангилар ҳадеганда атрофга аланглар, ҳар бир бегона товушдан сергак тортиб қўлларидаги қуролни олдинга тўғриларди.

«Демак, Баҳром ҳам шу ёқлардаги турмага қамалган экан-да, — хаёлидан кечирди мироб «Каламуш» ва яна икки барзанги етагида ўрмоннинг ичкарироғига юриб бораркан. — Вой, ит эмган-эй, қандай қочдийкин турмадан? Шу-унча соқчилар бўлса, итлариям йўқмасдир. Ўшаларгаям чап берган бўлса, жа ишбилги экан-да булар!..»

«Каламуш» ёнидаги озғин, қирра иякли барзангига бир қараб қўйди-да, қайинлардан бири танасини қўлидаги дасткаллак билан ёрди. Шу ондаёқ дарахт танасидан аста-секинлик билан худди кирланган сувга ўхшаш суюқлик сизиб чиқа бошлади. «Каламуш» дарров қўйин киссасини ковлаб, қамишдан ясалган трубкачани чиқарди ва бошқа бир киссасидан темир кружка олди-да, трубкани дарахтнинг ёрилган жойига эҳтиёткорлик билан тиқди. Сўнгра бир учини кружка ичига солиб қўйди.

Бу манзарага кўзи тушгандаёқ, миробнинг ҳайрати ортиб, чақчайганча ёнидаги барзангиларга савол назари билан тикиларди.

— Ҳайрон бўляпсизми, бобой? — сўради кулиб «Каламуш». — Ҳайрон бўлманг, бу ўрмон етти хазинанинг бири, ҳа! Ҳозир мана шу шарбатни бир татиб кўринг, биласиз! Асал, ҳа, асал-л! Кейин… Ҳадеб сиқилаверманг! Эркак деган сал оғирроқ бўлади. Осмон узилиб ерга тушмади-ку! Ҳали кўрасиз, бой акам қизингизнинг ўчини боплаб олади. Сиз у киши тайинлаган ишни дўнтирсангиз бас. Кейинчалик сизни ёнларига маслаҳатчи қилиб ишга олишиям ҳеч гапмас. Ҳа, бой акам мард одам. Айтган ерини кесади…

Мелибой мироб бу барзангининг насиҳатларини эшитадиган аҳволда эмасди. Юзини терс бурганча асабий лаб тишлаб қўя қолди. Бироқ унинг бир гапини тўғри деб топиб, сиқилмасликка, вақтинча бўлса-да, ташвиш, ғам, кўргиликларни унутишга уринди…

Орадан ярим соатча ўтиб, барзангилардан бири кружкани илинган ердан чиқариб олди-да, миробга узатди. У пича иккиланган бўлиб, таваккал кружкадагини бир ҳўплаб кўрди. Ҳақиқатан, бу ичимлик жуда ширин ва мазали эди. Мироб шарбатни охиригача кўтарди-да, ҳайратини бош силкиш билан намойиш қилди.

— Хўш, қандай экан? — сўради «Каламуш» миробга сирли боқиб. — Ёқдими?

— Бай-бай-бай-й! — деди Мелибой мироб қайинга ўзгача ҳавас билан қараб. — Бунақасини умримда кўрмагандим-а, иниларим! Қудратингдан! Дарахт танасида шунақа шарбати бўлса-я!..

— Бўлди, кетдик энди ичкарига, — миробнинг гапини кесиб билагидан тортқилади «Каламуш». — Йўлга бир шишасини берворамиз. Маза қилиб ичиб кетасиз. Бой ака кутиб қолмасин! Қани, юринг!

Мироб қайинга бош бура-бура итоат билан барзангиларнинг олдига тушди.

 

* * *

 

Баҳром қисқа муддатда аллақачон «пишиб» қолганди. Аммо шу аҳволда ҳам миробни таниди, ҳатто ўтиришга жой кўрсатди. Жойлашиб ўтириб олгандан сўнг ароқ қуйиб узатишни-да унутмади. Фақат… Мелибой миробнинг юрагига шу тобда ароқ сиғмасди. У ватанга қайтиши мумкинлигига ишона бошлагандан бери қалби янгитдан интиқом оловида куйганча нуқул безовталанар, тезроқ ўша фурсат етишини, ёлғиз қизини бағрига олишни ва ана шундан сўнг Толибдан албатта ўч олишни хоҳларди.

Хайрият, Баҳром узоқ кутдирмади. Бир неча дақиқа чайқала-чайқала юриб шотирларнинг елкасига бир-бир қўл қўйган бўлди-ю, мақсадга ўтди.

— Бизам жойни ўзгартирмасак бўлмайди, — деди у норози бош чайқаб. — Анави итлар орқамиздан тушгани аниқ. Топиб олмасликлари учун бошқа ердан паноҳ излаганимиз маъқул. «Каламуш», сен бобой билан шуғулланасан. Мен айтган дорини топиб қўлига тутқазасан-у, Гриша орқали отамизни ватанга юборасан. Тушундингми?

— Тушундим, — икки қўлини кўксига қўйган ҳолда жавоб қилди «Каламуш». — Ҳаммаси сиз айтгандай бўлади, бой ака!..

— Унда қоронғида йўлга тушасанлар иккаланг. Бизни анави шаман орқали топасан кейин. Фақат эҳтиёт бўл, ҳеч ким хитланмасин.

Шу гаплардан кейингина мироб бироз тинчланган бўлди ва таваккал Баҳром қўлига тутқазган ичкиликни симириб ташлади. Чунки биларди. Бу нусхалар ўз нияти йўлида ҳеч нарсадан қайтмайди. Миробни албатта ими-жимида йўлга кузатиб қўйишади…

 

* * *

 

Туйғулар кутилган лаҳзалар тобора яқинлаша бошлаганда уйғонаркан. Мироб қандайдир темир-терсаклар юкланган вагоннинг бир бурчагида пусганча ётарди-ю, кўнгил ғашлигидан азобланар, Севинчнинг босқинчи чангалида чекаётган оҳлари, фарёдини қалбан ҳис этиб беихтиёр жуссуси кўтарилиб-кўтарилиб тушар, агар поездга беркиниб чиқмаса, наъра тортишга, тўйгунча сўкинишга, қарғанишга тайёр эди.

Барибир вужуди, қалби унсиз йиғларди. Тишни тишга босган кўйи тезроқ манзилга етишдан, интиқом онлари яқинлашувидан умид қиларди.

— Биз ғофил бандалар камбағаллигимиз, ожизлигимиз, омилигимизни тан оламиз, — ўзича шивирларди у. — Аллакимларнинг кўнгли учун қўлимизни кўксимизга қўйиб қуллуқ ҳам қилиб қўяверамиз. Чунки шу биргина қуллуқ билан камайиб қолмаслигимизни биламиз. Аммо бизни беҳуда хўрлашларига, масхаралашларига, менсимасликларига, адолатсизларча бошимизда тегирмон тоши юргизишларига бардош қила олмаймиз… Номард Толи-иб! Нега ундай қилдинг, нега? Мен Севинчимни худодан тилаб-тилаб олгандим-ку! Уни яхши жойларга узатиб, орзу-ҳавас кўрмоқчийдим-ку, ит эмган! Шундан кўра, мени чавақлаб ташласанг яхши эмасмиди?.. Эй ер, нега шундай баттолларни, босқинчи, каллакесар, жаллоддан баттар маҳлуқларни индамай кўтариб тураверасан? Уларни қаърингга тортсанг бўлмайдими? Нимага биздай ғарибу ғураболарга кун бермайсан? Гуноҳимиз нима? Соддалигимизми? Даволатаман, қарайман деди. Ишондим. Суяндим. Ихлос қилдим ўша ифлосга. Худойим, нега ўша тобда кўнглимга солмадинг? Ундан кўра, қарзга ботир, кўчаларда дайдитиб, хору зор қилиб қўй эди. Нимага ёлғиз дилбандимнинг бахтига чанг солишади-ю, сен жим қараб туравердинг? Энди нима қиламан? Маҳалла-кўй, қариндош-уруғ олдида ким деган одам бўлдим? Одамларнинг кўзига қандай қарайман? Илгариги гердайиб юришларим қайда қолади энди?.. Йўқ, мен унга кўрсатиб қўяман! Мени ҳеч ким тўхтата олмайди. Ўлдираман! Ўлдирсамгина аламдан чиқаман!..

Мелибой мироб шундай хаёллар, ғазаб, таҳлика, саросима, ҳадик, айқаш-уйқаш режалар гирдобида ўн кун йўл босди. Ниҳоят ўнинчи куни эрта тонгда қадрдон шаҳарга етиб келди.

Ташқарига чиққандан кейин ҳам кўзига ҳеч нарса кўринмади. Ўч жазаваси бор бўйини кемириб борди. Тез-тез маҳсиси ичига беркитилган қоғозга ўроқлик кичик шишачани ушлаб-ушлаб кўрди. Шу аснода тезроқ Толибнинг уйига етиб олишни, ёв кўзларига тик боқишни, режаларини амалга оширишни, душмани кўзлари олазарак жон таслим қилаётганига гувоҳ бўлишни хоҳлади. Бу ишда Баҳромдан олган дори албатта ёрдам беришига ишонди.

Бир соат деганда, Мелибой мироб таниш уй рўпарасига етди. Бахтига бу атрофда Толибнинг шатаклари йўқ экан…

Подъездга берироқдан кўз ташлаганда, негадир тиззалари дағ-дағ титраб кетганини ҳис этди. Бироқ қўрқувга, ҳаяжонга йўл бермади. Бир неча марта чуқур-чуқур нафас олди-да, шаҳд билан подъезд ичкарисига ўзини урди.

(давоми бор)

Олимжон ҲАЙИТ

 

ФИКР БИЛДИРИШ

Please enter your comment!
Please enter your name here