Ҳарбийлар психологияси ва ижтимоий ҳимояси кучайтирилади

0

Ҳарбий психологлар ва социологлар фаолиятининг йўлга қўйилганини Қуролли Кучларимизни янада такомиллаштириш мақсадида олиб борилаётган ислоҳотларнинг самараси сифатида қайд этиш ўринлидир. Ўз навбатида Мудофаа вазирлиги янги ташкиллаштирилган бу соҳада ҳарбий қисмлар масъул офицерларининг кўникма ҳамда профессионал тажрибасини ошириш мақсадида қатор амалий изланишларни олиб бормоқда.


Шу муносабат билан Тошкент ҳарбий округи тасарруфидаги ҳарбий қисмда ўтказилган психолог ва социологларнинг ўқув-амалий йиғилиши фикримизнинг исботидир. Уч кун давом этган мазкур ўқув-амалий йиғилиш давомида республикамизнинг барча ҳарбий қисмларидан ташриф буюрган масъул офицерлар, шу соҳада фаолият юритаётган мутахассислар иштирок этишди.
Ўқув машғулотлари Мудофаа вазирлиги тарбиявий ва мафкуравий ишлар бош бошқармаси ҳамда ижтимоий-психологик бўлимининг етакчи офицерлари, олий ўқув юртлари ўқитувчилари томонидан олиб борилди. Мудофаа вазирлиги тарбиявий-мафкуравий ишлар бошқармаси бошлиғи полковник Ҳасан Ҳалилов ҳамда ижтимоий-психологик тадқиқотлар бўлими раҳбари подполковник Шерзод Равшанов мазкур соҳада эришилаётган ютуқлар билан бир қаторда мавжуд муаммоларни бартараф этиш дастурлари бўйича йиғилганларга назарий маърузалар қилишди.
Ҳарбий психология ва социология соҳасида фаолият бошлаган ёш кадрлар йиғин давомида жисмоний тайёргарлик борасида синов машғулотларида қатнашишди. Шунингдек, уларга ҳарбий қисмда қоровулликка тайинланган аскарлар билан психологик йўриқномалар бериш бўйича кўргазмали машқ намойиш этилди.
Ўқув-йиғин машғулотларининг охирги куни ҳарбий психологлар ва социологлар учун Қуролли Кучлар академияси инновацион фаолият ва илмий ишларни ташкиллаштириш бўлими бошлиғи полковник Марат Артиков уруш жараёнида армия психологиясининг тутган ўрни қанчалик муҳимлиги тўғрисида чиқиш қилди. Полковник М.Артиков ўз дастурида бўлиб ўтган урушлар давомида армия психологияси ҳақидаги видеолавҳалардан фойдаланди ва бу нарса мазкур жараённи ўрганаётган ҳарбий хизматчилар қимматли маълумотларга эга бўлишди.
Шундан кейин подполковник Шерзод Равшанов инсоннинг хулқи, хатти-ҳаракати ҳамда суҳбати орқали одамларнинг психологияси, яъни мақсадини аниқлаш бўйича тренинг машғулотларини олиб борди.
– Биз ушбу уч кунлик ўқув-амалий йиғин давомида ўзимизга керакли бўлган муҳим билим ва кўникмаларга эга бўлдик, – дейди капитан Шаходат Юлдашева. – Тажрибали мутахассислардан олинган бу билимларимизни ўз ҳарбий қисмларимизда профессионал фаолиятимиз давомида қўллаб, Қуролли Кучларимиз салоҳиятини ошириш, такомиллаштириш йўлида олиб борилаётган муҳим ишда муносиб ҳисса қўшамиз.
Мудофаа вазирлиги Ахборот ва оммавий коммуникациялар департаменти

ФИКР БИЛДИРИШ

Please enter your comment!
Please enter your name here