ЎҒРИБОШИЛАР КУШАНДАСИ… (ёки бу генерал 130 нафар «қонундаги ўғри»ни синдира олган) (Давоми)

0

 

 

 

«СЕН СНЫЦЕРЕВНИНГ ЁНИДА БЎЛДИНГМИ? ДЕМАК СЕН ЭНДИ ЎҒРИБОШИ ЭМАССАН!..»

 

Охирги воқеалардан кейин Сныцеревнинг обрўси кўтарилиб кетди. 1967 йили Димитровградда №5- колония ташкил этилиб, етакчи сифатида айнан Сныцерев танланди. Орадан етти йил ўтиб Ульянов вилояти бўйича аҳлоқ тузатиш колонияларига раҳбар этиб тайинланди. Ана шундан сўнг Сныцерев болаликдаги орзусини ҳақиқатга айлантириш ҳаракатига тушди. Унинг ташаббуси билан Соликамск турмасида махсус камера типидаги хона ташкил этилди. Бу камера 240 кишига мўлжалланганди. Кейинчалик Соликамск турмасига «Оққуш» номи берилди. Турма дарвозаларига оққушларнинг суратлари ёпиштириб чиқилди. Василий Сныцерев Соликамск турмасида ўта шафқатсиз режимни ўйлаб топди. Унинг асосий мақсади шу режим асосида қонундаги ўғриларни йўқ қилиш ёки титулидан воз кечишга мажбур этиш, қайта тарбиялаш эди.

Қарангки, бунга қадар Соликамск турмаси қартабозлик, пиёнисталик, ўғрибошилар ўртасида турли жанжаллар, қотилликлар кўп содир этилиши билан ном қозонганди. Худди шу нарса Сныцеревга асос вазифасини ўтади. У қонундаги ўғриларга қарши росмана уруш эълон қилди. Бундан буён «Оққуш» турмасига келтириладиган қонундаги ўғри биринчи навбатда титулидан воз кечиши лозим эди. Воз кечибгина қолмай, қўлида «Мен энди қонундаги ўғри эмасман» деган табличка билан суратга тушиши шарт эди. Бора-бора, турмадаги аристонлар ўртасида бир гап кенг тарқалди. Қайси ўғрибоши Сныцеревнинг қабулига кириб чиққан бўлса, «Сен Сныцеревнинг қабулида бўлдингми, демак, энди ўғрибоши эмассан» дейишарди. Сныцеревга эса «Архитектор» деган лақаб қўйиб олишди. Аристонлар кези келса бир-бирларини Сныцеревнинг қабулига киритиш билан қўрқитадиган бўлишди. Сныцерев ўғрилар «обшак»ини йўқ қилди. Ўғрибошиларни жисмоний меҳнат қилишга мажбур этди. Чунки биларди, ўғрибоши жисмоний меҳнат қилдими, демак, энди у ўғрибоши эмас. Турмадаги ўғрибоши ва бошқа аристонларга бир-бири билан «малява» орқали гаплашиш ҳам тақиқлаб қўйилди. Бу ишда, шубҳасиз, Сныцеревга алоҳида танлаб олинган ходимлар ёрдам беришарди. Энди собиқ ўғрибошига айланган аристонлар хўжалик ишларига жалб этилди.

Қонундаги ўғрини титулидан воз кечишига эришишда яна бир айёрона усул ўйлаб топилганди. Уни тиббий кўрикдан ўтказишарди-да, саратон хасталигига йўлиққанини айтишарди. Даволанишни хоҳласа, титулидан воз кечиши зарурлигини қистириб ўтишарди.

Сныцерев турмада яна бир усулни ўйлаб топди. Номусга тегиб қамалганларни қонундаги ўғрилар билан бир хил ҳуқуққа эга бўлишига эришди. Агар илгари номусга тегиб қамалган одам ҳисобланмаган, унинг иши фақат ҳожатхона тозалаш, бошқа аристонларнинг оёқларини ювиш кабилардан иборат бўлса, Сныцеревнинг буйруғига кўра улар ошхонада ишлайдиган бўлди. Қонундаги ўғри титулидан воз кечганига қарамай, унинг қўлидан овқат олишга, тиллашишга мажбур бўлди. Шу нарса турмада «опущенный» деган атама йўқ қилинишини таъминлади.

Генерал «Оққуш» турмасида ўн йилдан кўпроқ вақт етакчилик қилган бўлса, бирор марта жиноят содир этилмади. Ҳисоб-китобларга қараганда, у жами 130 га яқин қонундаги ўғрини титулидан воз кечишга мажбур этибди. Лекин барибир айрим ўғрибошилар принципига содиқ қолган бўлиб титулдан воз кечмади. Масалан, ўз даврининг афсонавий ўғрибошиси Владимир Бабушкин («лақаби «Вася Бриллиант») генералдан тортиб турманинг бошқа ходимлари билан фақат ҳақоратли сўкинишлар орқали муносабат юритган. Уни ҳеч ким, ҳеч бир қийноқ ишлашга, титулидан воз кечишга мажбур эта олмаган. Охири нима бўлди? 1985 йили Вася Бриллиант кутилмаганда бахтсиз ҳодиса туфайли оламдан ўтди. Шубҳасиз, бу бахтсиз ҳодиса генералнинг кўрсатмасига биноан ўйлаб топилганди.

Олимжон ҲАЙИТ тайёрлади

 

ФИКР БИЛДИРИШ

Please enter your comment!
Please enter your name here