ЎҒРИБОШИЛАР КУШАНДАСИ… (ёки бу генерал 130 нафар «қонундаги ўғри»ни синдира олган)

0

 

Шу йил 25 август куни ўз даврида ҳам турмаларда, ҳам жиноят оламида маълум ва машҳур бўлган истеъфодаги генерал Василий Сныцерев 91 ёшида оламдан ўтди. Фаолияти давомида Россияда «Оққуш» турмасини ташкил этган. Бу турма мамлакатдаги энг шафқатсиз масканга айланган. Василий Сныцерев 130 нафар «қонундаги ўғри»ни титулидан воз кечишга мажбурлай олди. Албатта, генералнинг жазо усуллари жуда шафқатсиз эди. «Оққуш» колонияси генералнинг ташаббусига кўра аристонлар учун дўзах азобини берувчи ягона турмага айланди. Аламидан ўлаёзган жиноятчилар эса генерални ўлдириш пайига тушишди.

 

ЎҒРИБОШИНИНГ ЯҚИН ДЎСТИ

 

Василий Сныцерев 1929 йил Томск вилоятида туғилган. Бўлғуси генерал уруш тугагач, ҳунармандлик билим юртига ўқишга кирди. Худди ўша ерда илк бор жиноят олами вакиллари билан рўбарў бўлди. Билим юртида «Пахан» лақабли ўзидан ёши катта ўсмир бор эди. У Василий каби кичикларни қўрқитиб, бозорда ўғирлик қилишга мажбурларди. Аммо Василийни бу ишга жалб эта олмади. Отаси уруш қатнашчиси эканини эшитгач, чўчиди чоғи.

Орадан бирмунча вақт ўтгач, Василий Сныцеревни онаси Томск ҳарбий билим юртига ўтказишга эришди. 1946 йили уни ички ишлар соҳасида хизмат қилиш учун жўнатишди. Кунларнинг бирида Василийга таътил беришди. Уйга келиб билдики, билим юртидаги «Пахан» лақабли ўғри ва унга қўшиб яна 41 кишини ўғирликда айблаб қамашибди. Унга ўша пайтда «қонундаги ўғри»га айланиб улгурган собиқ гуруҳдоши гапириб берди.

— Билим юртидаги собиқ гуруҳдош, ўшанда ўғрибошига айланган дўстим мени ресторанга «қонундаги ўғри»лар йиғини («сходка») га олиб кирди, — эслайди Сныцерев. — Уларнинг барчаси билим юртида ўқиган болалар эди. Қарадим, ҳаммаси «блатной»га айланибди. Мен эса формадаман. Дўстим таништирди. «Болалар, бу менинг дўстим…» Пиво ичиб ўтириб ҳунармандлар тайёрлаш билим юртидаги ҳаётни эсладик.

— Биз сен билан фахрланамиз, — дейишди ўғрибошилар. — Ҳеч бўлмаса сен орамизда ҳақиқий инсон бўлиб етишдинг. Қолганларни, кўриб турганингдек, Витя «Пахан» расво қилди. Ҳаммамиз жиноятчига айландик…

Сныцеревнинг айтишича, худди шу ерда ҳатто биргина ўғри ҳам жамият учун қанчалар хавфли эканини ҳис эта олди. Демак, бу «авторитет»ларга қарши кураш бошлаш лозим. Аммо генерал биларди, бу ўғрибошилар турмадан чўчишмайди. Аксинча, улар учун турма қадрдон уй. Турмада уларнинг обрўси аксинча мустаҳкамланади. Хўш, қандай курашиш мумкин унда? Нима қилса, ўғрибошилар синади?

Сныцерев англаб етди. Ҳа, шундай турма ташкил этиш лозимки, ўғрибошилар учун шу турма дўзахдан-да қўрқинчлироқ бўлсин. Улар турма номини эшитганда, этлари увишиб, тавба қила бошлашсин.

 

«МЕНИ ҚЎРҚИТИБ БЎПСАНЛАР!!!»

 

Фаолияти давомида Сныцерев Томск, Архангельск, Магадан, Чукоткада турли лавозимларда ишлади. 1953 йили эса ростакамига унинг омади чопди.

1953 йил мартида Сталин оламдан ўтгач, аристонлар қандайдир ўзлари учун ижобий танаффуслар юзага келишига умид боғлашганди. Амнистиядан умидвор эдилар. Лекин колонияларнинг бирида аристонлар оммавий қўзғолон уюштирди. Бу қўзғолонга «Хищник» лақабли қонундаги ўғри етакчилик қилди. Бу ўғрибоши озодликда етти кишининг ёстиғини қуритган. Ҳали узоқ вақт жазони ўташи лозим эди.

Ҳаммаси аристонлар ишга чиқишдан бош тортгач, бошланди. Аммо бу бошланиши эди. Қўзғолончилар зонадан жами турма ходимларини ҳайдаб солди. Фақат тиббиёт вакилларинигина қолдирди. Саккиз нафар қонундаги ўғри ўзаро келишиб, тиббиёт қисми раҳбари лавозимида ишлайдиган аёлнинг номусини булғади. Зона раҳбарлари эса сукут сақларди. Юқоридан буйруқ келишини кутарди. Ана шунда Сныцерев оёққа турди. Турмадаги барча йўриқнома, устав талабларини бузиб бўлса-да, зона ичкарисига кириб борди. Вазиятни баҳолади ва яна ортга қайтди. Сныцеревнинг асл ниятини пайқаб қолган ўғрибошилар унинг кўзини ўйиб олиш ҳаракатига тушди. Аммо ёш офицер қўрқмади. Раҳбарларга бир оғиз ҳам сўз демай, яна зона ичкарисига кирди.

У қўзғолончилар штабга айлантириб олган барак ёнига борди. Уни аристонлардан бири қарши олди. Ичкарида ўтирган ўғрибошилар уни жазолаш ҳақида аллақачон буйруқ ҳам чиқариб улгуришганди.

— Қўрқмайсанми? — сўради Сныцеревни қарши олган аристон.

Сныцерев эса сира иккиланмай, аристоннинг пешонасига тўппонча тиради. Аристон йўл бўшатди. Сныцерев баракка кирди-ю, энди тўппончани Хишник лақабли ўша ўғрибошининг пешонасига тиради

— Магазин тўла ўқ, — деди у ўғрибошига. — Ҳаммангга етиб ортади. Билиб қўйларинг, мени қўрқита олмайсанлар!..

Хищник унга тан берганди.

— Майли, сен ғолибсан, начальник, — деди бўшашиб Хищник. — Эртага разводга чиқамиз. Биз енгилдик!»..

Турма маъмурияти ёш офицернинг бу ҳаракатларидан ҳам ҳайратланган, ҳам ваҳимага тушиб қолганди.

— Сени ўлдириб юборишса нима бўларди? — дейишди унга раҳбарлар. — Нега сўроқсиз зонага кирдинг?..

Сныцерев бу саволларга қўл силташ билангина жавоб берди.

(давоми бор)

Олимжон ҲАЙИТ тайёрлади

 

ФИКР БИЛДИРИШ

Please enter your comment!
Please enter your name here