Самарқанд вилоятида қишлоқ туғруқхонаси ёпилган. Энди аёллар қаерда туғади?..

0

 

Самарқанд вилояти Каттақўрғон туманидаги икки қишлоққа хизмат кўрсатиб келган туғруқхона олти ой бурун ёпиб қўйилган. Бу иккала қишлоқда яшовчи ҳомиладор аёллар учун жиддий хавф туғдиради. Чунки икки қишлоқда туғиш ёшида бўлган жами 9 минг аёл истиқомат қилади. Хўш, энди улар фарзандини қаерда ва қай шароитда дунёга келтиради? Албатта уйда туғади. Негаки, туман марказидаги туғруқхона бу қишлоқлардан 30-40 километр олисда жойлашган.

Самарқанд вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси вакили айтдики, бу туғруқхона юқори малакали мутахассислар ва тиббий асбоб-ускуналар камчиллиги сабабли ёпилган.

Мойлисой қишлоғида яшовчи аёллардан бирининг гапига кўра, туғруқхона ёпилгандан бери ҳомиладор аёллар жиддий муаммоларга дуч келишмоқда.

— Кўпчилик аёллар уйда туғишга мажбур бўляпти, — деди аёл. — Сабаби, улар туман марказигача етиб бора олишмайди. Кўчалар ўнқир-чўнқир. Машина катта тезликда ҳаракатлана олмайди. Аёл тўлғоқ бошландими, тамом, ҳаёт ва ўлим билан курашади. Шахсан ўзим ўз уйимда қайнсинглимнинг келинига доялик қилдим. Бечора жудаям қийналди…

Расмий ҳисоб-китобларга назар ташланадиган бўлса, Мойлисой ҳамда Кўксой қишлоқларида жами 35 минг нафар одам истиқомат қилади. Икки қишлоқ вакиллари Самарқанд вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси вакиллари билан учрашиб муаммони кўндаланг қўйишган. Бироқ вакиллар аниқ бир жавоб айтишмаган. Бошқармадаги оналик ва болаликни ҳимоя қилиш бўлими бошлиғи ўринбосарининг айтишича, вазият жуда чигал ва оғир.

— Бизнинг асосий вазифамиз она ва бола ҳаётини сақлаб қолишдан иборат, — дейди бошқарма вакили Сайфиддин Мўминов. — Шундай вазиятлар бўладики, ҳомиладор аёлни жарроҳлик амалиёти ёрдамида туғдириш зарурати пайдо бўлади. Амалиёт эса қанча давом этишини ҳеч ким билмайди. Худо кўрсатмасин, узоқ вақт давом этса, ўша туғруқхонада малакали кадр йўқ. Демак, у она-болани сақлаб қолиш имконига ва билимга эга эмас. Токи икки қишлоқда малакали кадрлар етишиб чиқмас экан, биз таваккал қилишга қўрқамиз. Шу сабабли ҳам туғруқхонани ёпиб қўйганмиз. Башарти ҳам доялик, ҳам жарроҳлик, ҳам ҳамширалик қила олувчи уста мутахассис топилса, биз албатта туғруқхонани очиб қўямиз. Керакли анжомларни ҳам етказиб берамиз. Афсуски, ҳозирча ундай кенг профилли врач йўқ. Биз эса ҳар бир она ва боланинг ҳаёти учун жавобгармиз. Дарвоқе, ҳомиладор аёлни туман марказига етказиш учун алоҳида УАЗ автомобилини ажратганмиз.

ca-news. org

 

ФИКР БИЛДИРИШ

Please enter your comment!
Please enter your name here