Ўзбекистонда 9 сентябрь куни камида тўртта машина ёниб кетди

0

Навоий вилоятининг Навбаҳор тумани «Қалқон-ота» маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудидан ўтган йўлда 9 сентябрь куни соат 9:20 атрофида HOWO русумли юк машинаси ёниб кетган.

Ёнғин оқибатида ‘Мадина автосервис’ компаниясига тегишли тайёр бетон ташувчи HOWO юк автомобилининг тўрт дона олд шинаси, мотор ҳамда салон қисми ёниб зарарланган.

«Жароҳатланган ва ҳалок бўлганлар йўқ. Ёнғиннинг тахминий сабаби — мотор қисмидаги электр симларида қисқа туташув», — дея хабар бермоқда Давлат ёнғин хавфсизлиги хизмати (ДЁХХ).

Шу куни соат 12:45 атрофида Бухоро вилояти Бухоро тумани «Янги турмуш» маҳалла фуқаролар йиғини Қоражери қишлоғида йўл ёқасида турган «ВАЗ-2101» русумли енгил машина ёнаётгани ҳақида хабар тушган.

ДЁХХдан хабар беришларича, автомобиль газ қувуридан сизиб чиққан газ салонда йиғилиб қолиши ва автомобилни ўт олдириш вақтида газ ва ҳаво аралашмасининг чақнаши ёнғинга сабаб бўлган бўлиши мумкин.

Ҳодиса оқибатида автомобилнинг салони қисман ёниб зарарланган. Чақнаш вақтида автомобиль эгаси — фуқаро Ж.Б. куйиш тан жароҳати олиб, шифохонага ётқизилган.

Бундан ташқари, 9 сентябрга ўтар кечаси ва 9 сентябрь оқшомида ҳам ижтимоий тармоқларда машиналар ёниб кетгани ҳақида видеохабарлар қолдирилди.

Хусусан, Тошкентнинг Феруза даҳасида кўп қаватли уйларнинг ҳовлисида турган енгил машина ёниб кетгани хабар қилинган. Видеохабарда ўт ўчирувчилар буткул олов ичида қолган машина устига кўпик пуркаётганини кўриш мумкин.

Оқшомда эса Тошкентнинг Нукус кўчасида, 1-нотариал идора олдида Damas машинаси ёниб кетгани ҳақида кўплаб видеохабарлар тарқалди. Қайд этиш жоиз, Феруза даҳаси ва Нукус кўчасидаги ҳолатлар бўйича расмий ахборот берилганича йўқ.

 

daryo.uz

ФИКР БИЛДИРИШ

Please enter your comment!
Please enter your name here