АЛАМЗАДА… (12-қисм. Биринчи фасл)

0

 

 

* * *

 

Мелибой мироб тун бўйи деярли ухлай олмади. Тўлғониб чиқди. Руҳан азобланишлар, бўлар-бўлмас ўйлар, қўрқув, ҳадиклар уни адойи тамом қилаёзди. Ўтган умрини сарҳисоб қилди. Ўйлаб, мулоҳаза қилиб кўрса, қалбида армонлар бисёр экан. Шуларнинг энг аламлиси Толиб кабиларга йўлиққани-ю, ўзи сезмаган ҳолда катта ўйинга аралашиб қолгани бўлди. Ахир, бундай қисматга йўлиқиши етти ухлаб тушига кирмаган! Бир умр қишлоқ кўчасида, катта коллектор бўйида кун ўтказганди. Нима бўлди-ю, шайтон йўлдан уриб катта шаҳарга жўнади. Афсус, тақдирни ўзгартириб, ўз йўриғингга юргиза олмаскансан одам. Тақдир чархпалаги бир айланди-ю, ҳаммаси чалкашиб кетди. Мана энди бу кўргиликларга қандай чап беришни, қимордан-да қалтисроқ, шафқатсизроқ бу ўйин майдонидан қандай чиқиб кетишни билмаяпти. Уёғига ағдарилса ҳам, бу ёғига ўгирилса ҳам барибир ёвузлар, ёмонлар, зўравонлар чангалида қолиб кетяпти. Улар миробни ҳар тарафдан сиқишмоқда, азоблашмоқда, масхаралашмоқда, хўрлашмоқда…

«Майли, шу ишиниям битириб берай-чи, — хаёлидан кечирди мироб шифтга термилган кўйи. — Қишлоғимга жўнатса бас, қайтиб келиб бўпман! Жонимга тегиб кетди буларнинг қилиқлари. Устимдан кулгани, менсимасликларига тоқат қила олмайман. Бардошим етмайди… Шундай дейман-у, булар, барибир зўр-да! Ҳукуматга чап бериб билган қандини ейди-ю, мен ким бўпман? Бир урса ўладиган ҳолим бўлса. Ишқилиб, шуларниям инсофдан қисмасин. Кўнгилларига заррача бўлсаям илиқлик ато этсин-у, мен ғарибни тинч қўйишсин!..»

Эртаси куни мироб бобоқуёш сарвари оламга заррин нурларини улаша бошлаганда уйқусираганча катта кўчага чиқди. Толиб тайинлаганидек, дуч келган томонга юрди. Сезарди, Баҳром ҳам анойилардан эмас. Барибир ортидан одам қўяди. Улар миробни кузатишади, пойлашади. Қалтис қадам ташлаганини сезишса, калласини олиб кетишдан-да тойишмайди. Ёки икки қўлтиғидан тутиб қаёққадир судраклаб кетишади.

У ҳар бир қадамида каттакон хавфни ҳис этган ҳолда шаҳар томон ичкарилаб бораверди. Ҳеч ким тўхтатмади, ҳеч кимга йўлиқмади. Ҳайрон бўлиб марказий бозорни кезди. Яна тинчлик ҳукмрон бўлди.

Ҳафсаласи пир бўлган каби олис юртларга олиб борувчи кенг, текис серқатнов йўлга чиқди-да, олдинга босди. Йўл-йўлакай руҳан тетик бўлишга, сиқилмаслик, асабийлашмасликка уринди. Барибир яқин ўтмиш, зўравонлар тутган ва тутаётган ишлар миясида айланиб, ғижини келаверди.

«Ўзимни ҳув анави каттакон машина тагига ташласам-чи? — ўйлади у юришдан тўхтаб. — Менга нима зарил елкамда шунча оғир юкни ортмоқлаб юриб. «Бир кун туғилмоқ, бир кун ўлмоқ» деган гаплар бор. Касалга чалиниб, ё уйқу орасида ўлдим нима-ю, машина ғилдираклари остида жон бердим нима?!. Жоним жиндай оғрийди, тамом, ҳаммасидан қутулардим. Манави шимилдириқларга вассал бўлиб юрмасдим. Бировдан қўрқмасдим, ўйланиб ич-этимни емасдим, уйқуларим безовта бўлмасди… Афсус, Севинч қизимни кўзим қиймайди-да! Онасининг ўлиб бергани етмай, энди менам кетворсам, у шўрлик қай кўчада қолади? Кимларнинг кўзига қараб мўлтирайди? Қолаверса, жонига қасд қилганларга жанозаям ўқишмайди деб эшитгандим. Жанозасиз арвоҳим на уёқли, на буёқли бўлиб азоблансинми? Йў-ўқ, аҳмоғи йўқ, худойим биз бандаларини синов учун яратибдими, чидаймиз, курашамиз. Бе, азроилмас-ку ўша Баҳромиям, Толибиям! Менга ўхшаган одам-да! Пули кўп холос. Локигин ўша ҳаром пулини у дунёга орқалаб кетолмайди. Буниям биламан. Худди биз ғариблар каби бўш қўл билан лаҳадга киради. Қани, келмайсанми, қизиталоқлар? Курашмаган номард!..»

Шундай қарама-қарши хаёллар сабаб бўлиб, мироб руҳини анча кўтариб олди. Ҳар қандай зуғумга жисман тайёр бўлди. Чамаси икки чақиримча йўл босгач, қарши томондан келаётган қора хориж машинаси негадир секинлай бошлади. Мелибой мироб сергакланиб, юришдан тўхтади ва машина тарафга жим қараб тураверди. Юраги сезган эканми, машина секинлаб келиб миробнинг ёнгинасида тўхтади. Салонда ҳайдовчи билан қўшиб ҳисоблаганда уч киши ўтирарди. Шуларнинг икки нафари машинадан тушиб Мелибой миробга яқинлашди. Бири гавдали, сочларини ўстириб олибди. Иккинчиси паканароқ, сочи қиртишлаб олинган, қалин мўйлови ҳам бор. Уларга боқиб беихтиёр миробнинг ғаши келди. Ўзига ярашмаган мўйловини силаб-силаб қўйиши унга ёқинқирамади. Айниқса, сочи узунини кўрганданоқ бир кулгиси қистади, бир афсусланди. Шундай йигит худди жувон каби соч ўситириб олиши энсасини қотирди.

Узун сочлиси миробга бир муддат қараб қолди-да, ёнидагига бир кўз ташлаб олгач, шошилмай гап бошлади:

— Хў-ўш, адашмасам, сиз Толибга қарашлисиз, топдимми?

Мелибой мироб бу саволга жавоб беришдан олдин елкаларини бир парда юқорилатиб, ясама қовоқ уйди.

— Хўш, нимайди? — сўради у икки йигитга менсимайроқ тикилиб. — Толиббойдан қарзларинг бормиди? Шуни ҳозир узиб кетмоқчимисанлар?

Миробнинг ўзини тутиши, устига устак, «сен»лаши йигитларга ёқмади. Улар бараварига хезланиб бир қадам олдинга юрди.

— Вей, қария, — деди узун сочлиси муштларини тугиб. — Биз Баҳром аканинг укахонлари бўламиз. Гапингизни ўйлаб гапиринг! Ё қаерда турганингизни унутиб қўйдингизми?

— Унутганим йўқ, — жавоб қилди мироб тап тортмай. — Катта йўл бўйида турибман. Ё… Шу йўлниям ўзингники қилиб олганмисанлар? Фикримча, йўл давлатники шекилли?..

Узун сочли миробнинг паст тушмаётганидан жаҳли чиқиб уриш учун қўл кўтарди. Аммо паканароғи шу заҳоти уни тўхтатиб, биқинига туртди-да, гапни илиб кетди.

— Қария, юринг, машинада гаплашайлик! Ҳар ҳолда катта йўл бўйида яхшимас тортишиш. Машинада бафуржа гаплашволардик.

— Юр, қани, ўша машинанггаям ўтирай-чи! — баттар тутоқиб йигитларнинг олдига тушди мироб. — Юрларинг! Мен қаёқдаги шимилдириқлардан қўрқадиган одаммасман. Жонимга гаровга қўйиб чиққанман кўчага!

Йигитлар Мелибой миробни машинанинг орқа ўриндиғига ўтқазиб, ўзлари ҳам икки ёнидан жой олишди.

Узун сочли фурсатни бой бермаслик ниятидами, миробнинг елкасига чанг солиб дўқлай кетди.

— Вей, пандавақи, дори қани? — миробни силтаб сўроққа тута бошлади узун сочли. — Қани деяпман?

— Қанақа дори? Э, қўйвор елкамни, қизиталоқ! Қўйвор дедим! Мен дори-порингни билмайман!

Узун сочли энди миробнинг томоғига чанг солди.

— Ўлдираман! Агар ҳозироқ Баҳром акам берган заҳарни топмасанг, бўғиб ўлдираман!

— Ҳай-ҳай, Соли, — орага тушди бериги ёнда ўтирган пакана йигит. — Қўй, қари одамни бунча қийнайверма! Топиб беради! Ё бўлган ишларни айтади. Яхшиликчасига гаплашайлик!

Шундан кейингина узун сочли миробни қўйиб юборди-да, юзини терс буриб сўкинди. Пакана эса ётиғи билан гап бошлади.

— Отахон, — деди у мажбуран тиржайиб. — Биз Баҳром аканинг ёрдамчиларимиз. Нима десам экан, ул-бул ишларида ёрдам бериб юрамиз. Хуллас, сизга акахонимиз ўрмонда бир шишача дори берворганакан. Нимагалигини ўзингиз биласиз. Тўғрими, ота?

Соддалик-да, йигитнинг мулойим сўзлаши миробга дарров таъсир қилиб сал шаштидан тушди.

— Биламан, — деди у бош эгиб. — Баҳромбой Толибни ўлдиришим учун ўша заҳарни бериб эди. Локигин манави қизиталоқ шуни одамга ўхшаб тушунтирсин эди-да! Бўридай томоққа ёпишади! Э, бизам эркакмиз, ҳа! Унча-мунчасига тилимизни бериб қўймаймиз!..

— Бўпти, бўпти, ёшлик қилди-да жўрам! — миробни юпатган бўлди пакана. — Энди мақсадга ўтсак, ота, ўша дори қани ростданам? Баҳром акам жуда безовта. Нима бўлдийкин мен буюрган иш деб ўзини қўярга жой тополмаяпти.

— Дорими? — бошини сарак-сарак қилди мироб. — Дори Толибнинг ошқозонида. Ишқилиб, худо раҳмат қилган бўлсин!

Пакана бу гапни эшитди-ю, иршайиб қўйди. Узун сочлига кўз қисиб оғир хўрсинди.

— Нега ўлмаган одамга худодан раҳмат тилаяпсиз? — сўради ниҳоят. — Ахир у тирик-ку, ота!

— Т-тирикмас, — тутилиб жавоб қилди мироб. Шу аснода ранги оқариб, лаблари титрай бошлади. — У… Ўлган, ҳа, ўлган! Агар ишонмасангизлар…

Узун сочлининг тоқати тоқ бўлганди. Миробга ҳеч нарса демади-ю, ҳайдовчининг елкасига қоқди.

— Қани, Эшқул, ҳайда машинани! Дачага ҳайда! Қани, қўнғироқ қилиб кўрайлик-чи Толибга ўша ердан, ростданам ўлганмикан?

Узун сочли шундай деб паканага бир неча марта боши ёрдамида нимадир деган каби имо қилди.

Машина жойидан қўзғалди.

 

* * *

 

Миробнинг кўнгли ғаш эди. Ичини ит тирмалар, айтган ёлғони бошига не кунларни солиши мумкинлигини ўзича тусмоллаб, қур-қур ёқа тишларди. Аммо ажални бўйнига олиб бўлганди. Фақат узоқ қийнамасликларидан, азоблар чангалида қолмай осонроқ жон беришдан умид қиларди.

Шу кўйи ёвқурлар қуршовида шаҳардан анча олисда жойлашган кўримсизроқ бир ҳовлига етиб елди.

Уни бир оғиз сўзсиз ичкарига олиб киришди. Мелибой мироб улардан ҳар бирининг юзига зимдан назар солишни канда қилмади. «Қачон тиғ ёки заҳар чиқариб, менга тўғрилашаркин?» деган ўй миясида айланаверди.

Улар эса шошилишмасди. Узун сочли беўхшов тиржайганча ҳануз қаршисида тик турган миробга сирли қараш қилди-да, телефон гўшагини кўтариб керакли рақамларни терди. Зум ўтмай, гўшакдан таниш овозни эшитди.

— Ие, тирик экансан-ку, оғамнинг душмани! — деди у бирдан жиддийлашиб. — Ё арвоҳинг олдими гўшакни? Гапир!

— Сен ўзи кимсан? — сўради таҳдид аралаш Толиб. — Нима ҳақинг бор менга ўдағайлашга?

— Ие, бу нима деганинг? Оғамни қаматиб қўйиб яна сўраяпсанми? Аслида сени мен ўлдиришим керак эди. Афсуски, оғам бу ишни манави олдимдаги югурдак чолингга топшириб қўйибди. Хато қилибди, хато!

— Ким олдингда? Ким? Кимни назарда тутяпсан?

Узун сочли гўшакни кафти билан ёпди-да, миробга юзланди.

— Вей, чол, отингиз нима? Тезроқ айтинг!

— М-мироб… Мелибой…

— Ҳа, Мели экан оти. Танийсанми?

— У нима қиляпти сенларнинг олдингда? Гўшакни бер унга!

— Э йў-ўқ, гўшак берадиган аҳмоқ йўқ. Олдин қилмишларингнинг бадалини тўлаб қўй, ана ундан кейин гаплашасан югурдагинг билан. Тушунтиролдимми?

— Қанақа бадал, шимилдириқ? — қичқирди Толиб алам аралаш. — Тез қўйвор уни! Жонингдан умидинг бўлса қўйвор!

— Шунақами? Майли, қўйвораман. Аммо бадални тўла олдин! Бусиз сира иложи йўқ. Оғам шундай тайинлаганлар. Билиб қўй, агар тўламасанг, мана шу югурдагингнинг ўзи мелисага боради. Қилмишларингни айтади. Эсингдами, Шоҳида деган қизни ўлдирворгандинг? Ундан ташқари, йигитларинг сенинг буйруғинг билан қўшни давлатдан наркотик ташигани-чи? Бе, бунақа айбларинг тиқилиб ётибди. Агар югурдагинг бориб шуларни мелисага айтса, кўрибсанки, сенам тўппа-тўғри оғам ўтириб қочган турмага тушасан. Эҳ, сени у ерда шунақанги сюрпризлар кутиб турибдики, тасаввур ҳам қила олмайсан.

Толиб ҳеч нарса демади. Зарда билан гўшакни жойига қўйди. Узун сочли эса бунга сира ажабланмади. Керишганча ортга ўгирилди-да, Мелибой миробга яқин келди.

— Хўш, бобой, буёғи қанчадан тушди? — сўради у миробнинг елкасини сиқимлаб. — Гапиринг! Нега қалтираяпсиз? Қўрқяпсизми? Қўрқманг, гапираверинг!

Мелибой мироб ёлғони ошкор бўлгандан бери баттарроқ жазавага туша бошлаган, гарчи ўлим ҳақ эканини қалбан ҳис этиб турса-да, барибир жон ширинлиги шу лаҳзаларда устун келаётганди. У айни дамда зудлик билан янги ёлғон тўқиши, шу йўл билан ёвни чалғитиши шартлигини англади.

— У… Арвоҳ эди, арвоҳ! — ҳайқирди у узун сочлининг кўзларига жавдираб боқаркан. — Ишонинг, иним, арвоҳ, арвоҳ!..

Бу гапни эшитиб узун сочли кулиб юборди. Бироқ кулгиси узоққа бормай, дарҳол жиддийлашди ва энди миробнинг иягига чанг солди.

— Келиб-келиб бизга ёлғон гапирдингми, сассиқ чол? — дағдаға қила бошлади узун сочли. — Шу чўпчагингга бизни ишонди деб ўйлаяпсанми? Қанақа арвоҳ?

— Ишонинг, арвоҳ бор. Бўлади арвоҳ! Улар-чи, бандаларни гоҳи-гоҳида ҳозиргидай чалғитишади. Ишонмасангиз, мени ўша ерга олиб боринг! Толиб ўлган! Мана шу қўлларим билан берганман заҳарни!..

— Майли, бунгаям ишонди деб ҳисобланг-чи! Хўш, унда шишачанинг ўзи қани?

— Отворганман, — деди мироб елка қисиб. — Аҳмоқ бўлибманми орқамдан из қолдириб?

— Отворганман денг? Хўп, қаерга отгансиз? Олиб борсак, кўрсата оласизми? Отган ерингиздан топа биласизми?

— Қандай топай? Шишачани анҳорга отганман. Оқизиб кетгандир сув…

— Шунақами?.. Бўпти, ҳозирча шу ерда тура туринг, мен ҳозир!

Узун сочли асабий лаб тишлаган кўйи ташқарига чиқиб кетди.

Бу ҳаракатидан сўнг бирдан миробнинг юраги увишди. Ҳозир чиқиб ҳамтовоқларини етаклаб кириши ва азоблар бошланишини жисман ҳис этди.

 

* * *

 

Орадан ўн дақиқача вақт ўтди. Узун сочли негадир оғзи қулоғида кириб келди.

Шу қисқа вақт оралиғида мироб қора терга тушиб улгурганди. Тиззалари дағ-дағ титрар, хўрсиниқлардан сира тийила олмасди. Узун сочлини кўрди-ю, юрагидаги ваҳм ўн чандон ортиб, худди гўдак каби унга жавдираб боқди.

— Ҳа-а, бобой, намунча изтиробга тушиб қолибсиз? — сўради узун сочли кулиб. — Хурсанд бўлмайсизми? Баҳром ўлибди!

— Н-нима? Ўлибди? Н-нега ўлади? — устма-уст савол ташлади мироб тишлари такиллаб.

— Нега бўларди? Турмадан қочиб ўрмонда беркиниб юрганда, отиб ташлашибди ҳукумат аскарлари.

Шундан кейингина Мелибой миробнинг юзига пича қон югуриб, ҳийла дадиллашди.

— Худо раҳматига олган бўлсин! — билганича дуо ўқиди у икки қўлини баланд кўтариб. — П-пешана-да, иним, пешана!

— Э, қўйинг шу дуони, — дея қўл силтади узун сочли. — Унақалар-чи, дуога арзимайди. Ўзи жа жонга текканди. Нуқул тергайверарди. Масхаралармиди-ей! Ким бўпти умуман? Бизга ўхшаган бир одам-да! Мана, бегона юртларда хор бўлиб ўлди. Баттар бўлсин!..

— Ундай… Деманг, иним, — қўрқса-да, беихтиёр узун сочлини койиган бўлди мироб. — Ҳарқалай, марҳум-да! Ўлганларнинг ортидан фақат яхши гапларни гапириш керак дейишарди.

— Э, тупурдим унақаларга! Қандай кунларни кўрсатмади ўша Баҳром! Бошида топганимиз ўртада деган одам бориб-бориб маошга қаратди ҳаммамизни. Бобой, барибир Толиб оға яхшийкан, ҳа! Энди тушуниб етдим. Келинг, сизнинг етагингизда оғанинг олдига борайлик! Тиз чўкиб тавба қилайлик!

— Ахир, у ўлган-ку! — деди Мелибой мироб бу гал анча сергакланиб. — боя…

— Қўйсангиз-чи! Мушук-сичқон ўйнамайлик-да энди! Менам ҳар ҳолда кўча кўрган боламан! Хўш, нима қиламиз? Борамизми?

Мелибой мироб ер остидан узун сочлига сирли тикилди. Унинг кўз қарашларини синчиклаб кузатди. Афсуски, бу йигитнинг боқишида, ўзини тутишида ҳозиргина айтган сўзлар исботи, иқрори сезилмасди. Бу нигоҳлардан фақат айёрлик уфурарди.

«Қанчалар хавфли ва бўлмағурлар чангалига тушиб қолдим-а, — ўйлади мироб оғир хўрсиниб. — Ҳеч бирига ишониб бўлмайди. Иккиюзламачилик буларга сут билан кирганга ўхшайди. Боягина «оғам»лаб турган манави нусха дарров терисини ўзгартириб олганига қандай чидайин? Нима дейин? Хўп, буни етаклаб Толиббойникига бордим ҳам дейлик. Кейин-чи? Толиббой нима деб ўйлайди? Уям аҳмоқмас-ку! Буларга қўшиб мениям бадном қилса қай кўйга тушаман? Сочингни хотинларникига ўхшаб узайтирмай ҳар бало бўлгур эса ишини, гапини тўғрилаб кетаверади. Икки ўртада ўзимга қийин бўлади. Йўқ, бормайман! Калламни олиб ташласаям, тириклай гўрга тиқсаям бунга қўшилиб бормайман!..»

Ҳали ўйлаб ўйига етмай, узун сочли жимликни бузди.

— Қани, бобой, диванга ўтиринг, дам олинг! — деди у ўзгача илтифот билан. — Биламан, чарчагансиз. Бироз дам олсангиз, ҳаммаси яхши бўлади. Обдон ўйлаб ҳам оласиз!

Мелибой мироб ортиқча қаршилик кўрсатмай, сал наридаги диванга бориб ўтирди ва узун сочлига савол назари билан боқди.

Шу тобда кутилмаган ҳодиса юз берди. Хонага аввал пакана, кейин ҳайдовчи жонҳолатда чопиб кирди. Кетидан эса икки барзанги кириб ҳе йўқ, бе йўқ уччовини таппа полга босди.

Кўз очиб юмгунчалик вақт ўтмасдан, Сотимни эргаштирганча Толиб кириб келди. Унинг боқишлари ғазабнок эди. Мироб уни кўрди дегунча на ўтираверишни, на ўрнидан қўзғалишни билди. Жуда қисқа фурсат ичида ўйлаб, ўтираверишни маъқул кўрди.

— Ў, жа зўр жойлашибсиз-ку, бобой душманимникида! — деди Толиб унинг тепасига келиб. — Меҳмонам қилишдими янги хожаларингиз? Нималар билан сийлашди?

— Йўғ-э, иним, — деди бу гал аста ўрнидан туриб мироб. — Меҳмон қилишга йўл бўлсин буларга? Ҳалигидай… Нимайди-я… Ҳа-а, иним, зап вақтида келдингиз. Мени… Манави нусхалар сал қурса ўлдириб қўйишаёзди.

— Шулар-а? — Толиб полда юзтубан ётган уч ёвқурга нафрат аралаш қараб қўйди. — Сиздай хокисор одамни-я? Вой иблислар-эй!.. Қўяверинг, бобой, ҳаммаси яхши бўлади. Жонингиз тинчийдиган бўлди. Эртагаёқ қишлоғингизга олиб бориб қўйишади сизни. Ўша ёқда тинчгина қовунингизни экиб юраверасиз…

— Илойим умрингиз бунданам узун бўлсин! — дуо қила кетди мироб кутилмаган хабарни эшитиб, азбаройи кўнгли кўтарилганидан. — Давлатингизга давлат, обрўйингизга обрўй қўшилсин!..

— Бўпти, қани, йигитлар, олларинг буларни! Тўғри ертўлага оборларинг! Ўша ерда гаплашамиз. Сиз, бобой, машинага чиқаверинг! Кетамиз!

— Толиббой, — мироб нимадир ёдига тушгандек янада сергакланиб зўравонга боқди. — Сиздан бир илтимосим бориди-да, иним!

— Қанақа илтимос? Айтинг!

— Агар малол келмаса… Шу сафар сизни бирор ошхонага таклиф қилсам девдим… Бир чой берсам девдим-да, иним!..

— Нима-а? — Толиб бу саволни шу қадар беўхшов оҳангда бердики, миробнинг хижолат ва қўрқувдан ичи узилаёзди. Саволдан сўнг ортиқча изоҳга ҳожат қолмаганди. Чунки саволнинг оҳанги ёш болага ҳам аниқ-тиниқ тушунарли. Толиб ўз саволи билан «Сен ким бўлибсанки, қўлингдан бир пиёла чойингни ичсам, овсар Кўрпангга қараб оёқ узатсанг бўлармиди?!.» демоқчи эди.

Мелибой мироб Толибнинг ортидан оёқларини аранг судраган кўйи ташқарига юраркан, афсусдан, алам ва хўрликдан нақ ўлаёзди. Зўрлар нима бўлмасин, барибир ўзидайларга паст назар билан боқиши муқаррарлигини чуқур англаб, тақдирга, қисматга хаёлан лаънатлар ўқиди.

Фақат миробни бир нарса тинчлантирди. Ҳадемай қишлоғига жўнайди. Суюкли қизининг ҳолидан хабар олади, уни бағрига босади. Хотиржам мироблигини қилади. Энди уларни ҳеч ким ҳеч қачон безовта қилмайди.

 

* * *

 

Мелибой мироб худди шу тахлит руҳан эзилган ҳолда Толибга эргашганча унинг ҳовлисига етиб келди.

Ичкарига киргандан сўнг чеҳраси баттар тундлашди. Толибнинг совуқ қарашлари, лом-мим демай залга ўтиб кетиши, Сотимнинг ёввойи боқиши миробни гўёки ўлар ҳолатга етказди. Шунга қарамай, у тезроқ кутилган онлар яқинлашиши, зўравондан олисда бўлиш умидини кўнглига қаттиқроқ тугиб иложи борича бардам бўлишга, сиқилмаслик, ўксинмасликка уринди. Шу ниятда ҳатто аллақачон диванга ястаниб олган Сотимга турган ерида кулимсираб ҳам қўйди. «Шундай қилсам, бу зўравонларни пича юмшатарман, кўнглига йўл топарман» деб ўйлади.

Хайрият, орадан ўн-ўн беш дақиқа ўтиб-ўтмай, Толиб чиқиб келди. Рангига қизил югурганидан ичкилик ичгани яққол сезилиб турарди. У ҳануз миробнинг тик оёқда турганини кўрди-ю, Сотимга ўшқирди.

— Вей, пандавақи, нима ўтириш бу? Нимага бобой тик турибди ҳалиям? Ўтқазмайсанми ҳурматини жойига қўйиб?

— Ие, ака, узр, хаёл опқочибди! — Сотим хижолатини яшира олмай сакраб ўрнидан турди-да, Мелибой миробга дивандан жой кўрсатди. — Қани, бобой, ўтирсинлар! Фақат кечириб қўясиз-да энди, эътибор қилмабман!

Мироб кўрсатилган ерга чўкди. Сотим ҳам Толибга бир қараб қўйди-да, ёнига ўтиришга чоғланди. Бироқ шу заҳоти хожасининг қаҳрига учради.

— Ҳаддингдан ошиб кетибсанми, Сотим? — бақирди Толиб ўзгача важоҳат билан. — Менинг ҳузуримда беодоблик қиладиган бўлибсанми? Бор чиқ бу ердан!

Сотим қизариб-бўзариб ташқарига ошиқди. Лекин уни янаТолиб тўхтатиб қолди.

— Бор, анави ойимчани опкел буёққа! — буюрди Толиб. — Ярим соатда шу ерда бўлсин! Ундан кейин ишларинг билан шуғуллан! Уқдингми ё яна такрорлайми?

— Уқдим, ака, уқдим, — жавоб қиллди Сотим ер чизиб. — Ҳозироқ зипиллайман-да!

— Зипилламайсан, учасан, — кўрсаткич бармоғини олдинга чўзиб қаттиқроқ бақирди Толиб. — Жа қуюшқондан чиқиб кетдиларинг ҳамманг! Кунингни кўрсатиб қўяман! Менинг орқамдан кун кўраётганингни унутмаларинг!

— Унутмаймиз, ака, ҳеч қачон унутмаймиз!

Сотим қайта-қайта қуллуқ қила-қила ташқарига чиқиб кетди. Толиб эса оғир уф тортиб аста миробнинг ёнидан жой олди.

— Хўш, бобой, кайфиятлар қалай? — сўради Толиб масхараомуз тиржайиб. — Чарчамадингизми ишқилиб?

— Йўғ-э, — деди мироб бош эгиб. — Чарчамадим, иним. Чарчоқминан уришиб қолганимга анча бўлди.

— Ў, жа шустрий бўп кетибсизми? Қаердан ўргана қолдингиз бунақа қочиримларни?

— Биз тарафларда шунақа ҳазиллар кўп, Толиббой, — деди мироб ҳамон бош кўтармай. — Ўрганиб қолганаканмиз шекилли-да!

— Майли, буни қўйиб турайлик, — Толиб кафтларини бир-бирига ишқалаганча миробга қаттиқроқ тикилди. — Бобой, бу дунё ўткинчи экан. Ҳамма нарса ўтаркан, ўтавераркан. Яхшилигам, ёмонлигам сувдай оқиб кетавераркан! Нима дейсиз?

Мироб Толибга илакишгандан бери ундан бу каби мулоҳазаларни эшитмаганди. Ҳамиша ё дўқлаш, ёки қаҳрли муносабатларига гувоҳ бўлганди. Шунинг учунми, ҳайратдан ёқа ушлай деди. «Бу мишиқигаям ақл ато этибдими? — кўнглидан кечирди у қаншарини қашиб. — Қаёқдан кун чиқдийкин? Нимага бунақа деяпти? Ё кимдир ўргатдимикан? Ҳезалаг-эй, ўзини ақлли қилиб кўрсата бошлабди-да энди! Қилар ишни қилиб қўйиб, бировларни зор қақшатиб, энди тавбага ўтмоқчими бу?..

Лекин кўнглидан ўтказган ўйларни Толибга сездирмади. Жилмайганча бошини чайқаб-чайқаб елка қисди.

— Ҳа, иним, шунақа экан-да дунё! — деди мироб ҳийла жиддийлашиб. — Бандалари меҳмон бу дунёда, меҳмон.

— Ундай бўлса, меҳмондорчиликни арзийдиган қилиб ўтказайлик-да, бобой! — кутилмаганда ўрнидан туриб кетди Толиб. — Қачонгача бекиниб, пусиб кун кўрамиз. Мундай очилайлик, ўзимизни бўш қўяйлик-да энди! Ё арзимаймизми шунга?

— Арзийсиз, арзийсиз, — деди мироб шошиб. — Жуда ҳақ гапни айтдингиз, иним!

— Э, мен иккаламизни назарда тутдим, ўзимнимас!

— Ахир… Мен…

— Ҳозир-чи, бобой, Сотим кетворган қизлардан биттасини опкелади шу ерга! Хўш, нима дейсиз? Маишат қиламизми-йўқми? Вей, бунақасини етти ухлаб тушингизда кўрмагансиз! Хўш, қизларга тобингиз қалай? Гапирсангиз-чи мундай дадил-дадил!

— Й-йўғ-э, — дув қизариб юзини терс бурди мироб. — Мен… Ҳалигидай… Ёши бир жойга етаёзган одам бўлсам… Қ-қизлар… Йў-ўқ, уят бўлади бизга, иним, узр! Нима дейди… Ўзларингиз… Бемалол…

— Жа қайсарсиз-да, бобой, — иршайди Толиб. — Маза қип қолмайсизми менинг давримда?!.

— Ҳа энди… Узр, иним, узр, кечириб қўясиз-да!

— Бўпти, унда сиз мана шу хонада дамингизни олаверинг! Жа зериксангиз, ҳовлига чиқарсиз. Бассейнда чўмилишимизни томоша қиласиз. Ажабмас итлигингиз келиб қолса, хи-хи-хи-хи!..

Мелибой мироб Толибнинг сўнгги масхарали гапидан, ҳиринглашидан бироз ранжиди. Аммо на илож? «Қачон қишлоққа жўна!» дейишини интиқ кутишдан бўлак имкони йўқ.

У Толиб чиқиб кетгач, кўнгли баттар хира тортиб, хўрсиниқлар исканжасида диванга чўзилди.

 

* * *

 

Шу кўйи ярим соатга яқин тек ётди. Қалб безовталиги, кўнгил хиралиги барибир тарқала қолмади. Мироб беихтиёр даст ўрнидан турди-ю, хоналарни айланишга, шу баҳона чалғишга қарор қилди.

Хоналар ўзига хос безатилибди. Ҳар ер ҳар ерга қимматбаҳо жиҳозлар қўйилибди. Миробни айниқса тўрдаги жавон устида турган магнитофон ўзига тортди. Шунақа магнитофонни у бир умр орзу қилганди. Афсуски, етиша олмади. Қўли калталиги панд бераверди.

Шундай хаёллар билан сервантга яқин борди. Ичкаридаги чинни идишларга завқ билан боқди. Бир маҳал чинни косалардан бири ичидаги шишачага кўзи тушиб, сапчиб тушаёзди. Чунки бу ўша, Баҳром ичига заҳар қуйиб берган шишача эди. Мелибой мироб жонҳолатда шишачани қўлига олди ва қўйнига яширди. Сўнгра ортга қайтиб, деразадан ташқарига безовта назар ташлади. Ҳовли ўртасига қурилган бассейнда Толиб ва озғин, малласоч бир ажнабий қиз қийқирганча чўмиларди. Аввалига мироб уларга қараб туришни ҳам, ортга қайтишни ҳам билмай гарангсиди. Улар эса бир-бирларига сув сепишар, қур-қур Толиб қизни маҳкам қучарди-да, орқамачоққа суза кетарди. Мана шу иши миробнинг нафсониятига тегди. Дарров кўз олдида Севинч гавдаланди. Билибми, билмайми, ажнабий қиз ўрнида Севинчни тасаввур этди. Тасаввури даъфатан миясига босқон каби урилиб, қалқиб кетди. Вужудини шайтон макон тутди.

— Бу уйинг куйгур мени алдабди, — деди шивирлаб мироб. — Аслида қизимни бир бало қилган, ҳа! Ана, ўзим кўрдим қанақа бузуқилигини. Ажнабий қизни еб қўяй деяпти. Ҳатто ҳув наридаги тансоқчилариданам уялмаяпти. Демак, Севинчимгаям шундай тегинган-да бу ҳезалак! Йў-ўқ, бунинг бир балоси бор. Бекорга мени кўрса мулойим тортиб қолмаяпти. Илгариги дўқлари камайган. Бундан чиқди, тили қисиқлигидан паст тушибди-да! Чидолмайман! Сираям чидолмайман!.. Фарзандимниям анавинга ўхшаб қучоқладими бу ифлос? Ҳойнаҳой, Севинчим бақиргандир, бировларни ёрдамга чақиргандир? Шунда бу итдан тарқаган хонасалот чакагини ўчирган. Ё боплаб қулоқ-чаккасига туширган, ё қўрқитган. Шундай қилгандан кейин қиз бола қўрқади-да! Қўрқмай қаергаям борарди? Э, йў-ўқ, ўлдираман мен буни, ўлдираман! Шундай қиламанки, тили танглайига ёпишганча кетади нариги дунёга…

Шуларни ўйлаб туриб мироб қўйин киссасидаги шишачани чиқариб олди. Шишачани қўлида бир неча марта айлантириб кўраркан, хаёлан ўзича режа туза бошлади.

«Ҳа, буни Толибга ичириш, интиқом пайти етди, — ўйлади у деразадан ҳовлига нафрат аралаш боқиб. — Баҳром бекорга душман чиқмаган бунга. Бир қандни еб қўйганки, ёвлашиб қолишган. Йўқса, «Қарға қарғанинг кўзини чўқимайди» деб бекорга айтишмасди. Энди ўласан, Толиб. қийналиблар ўласан! Минг азобда жон беришингни кўрсам, Севинчимнинг аламини олган бўлардим. Ишқилиб, ишимни худо ўнгласин. Нима қилай? Пешонамга ўч олиш ёзилган экан. Бундан қочиб қутулиб бўлмайди. Энди буёғига ёзуғимдагини кўраман. Ўзи кечирсин!..»

Шу аснода мироб Толибни бошқалар билан солиштириб кўрди. Гарчи у зўравонлиги, давлати кўплиги билан ўзгалардан ажралиб турса-да, Мелибой мироб бундай одамнинг жонига қасд қилиш масаласида қалбан ортиқча ваҳима, саросима, ҳадикни ҳис этмади.

«Қизиқ, — ўйлади ўзича. — Қадимда подшоҳларга суиқасд қилганларам мен каби одамлар экан-да! Бўлмаса… Толибнинг кимлигини биламан. Нималарга қодирлигиданам хабарим бор. Ундан ўлгудек қўрқаман. Аммо шу тобда уни ўлдиришга чоғландим-у, гўё оддий, ўзимга ўхшаган бир ожиз бандага қўл кўтараётгандек бўляпман. Наҳотки, ўч ўти шунчалар қудратли бўлса? У шоҳ-гадони танлаб ўтирмайдими? Интиқом даҳшатли даражадаги кучли ва навқирон қўрқувнинг ҳам кўзини кўр қилиб қўядими?..»

Ана шундай шайтоний мулоҳазалар қуршовида мироб ташқарига йўл олди. Толиб айни лаҳзаларда сувдан чиққан, сочиққа ўралиб олган кўйи кимнидир қидираётган экан. Мелибой миробни кўриб турган еридан қичқирди:

— Бобой, чопқиллаб ҳув анави хонадан коньягимни олиб чиқинг! Ўзингизгаям битта қадаҳ қўшволинг! Бўлинг тез имилламай!

Бу айни муддао эди. Мироб бассейн қирғоғида жилмайибгина ўтирган қизга бир ола қаради-ю, оёғини қўлига олганча Толиб кўрсатган хона томон зипиллади.

(давоми бор)

Олимжон ҲАЙИТ

 

 

ФИКР БИЛДИРИШ

Please enter your comment!
Please enter your name here